Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 282 марта кўрилди
Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳулари асҳоби киром орасида шаҳидлиги билан шуҳрат топган зотдир. Оталари ҳам асҳобдан бўлиб, “Ғосил-ул малоика” (фаришталар ювган саҳоба) номи билан танилган. Оналари Жамила бинти Абдуллоҳ. Оталари Ҳанзала Уҳуд жанги кечаси уйланганлар ва эртаси кун жангда шаҳид бўлганлар.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам вафот этган пайтларида етти ёшда эдилар. У зот ёш бўлишига қарамай, Набий соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг гўзал суҳбатларини тинглаш ва гўзал юзларини кўриш бахтига муяссар бўлганлар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳу олти юз саксон иккинчи йили Хара жангида Зулҳижжа ойи тугашидан уч кун аввал пайшанба куни шаҳид бўлдилар. Аввал саккизта ўғлини жанг майдонига чиқардилар, барчаси шаҳид бўлгач, қиличини қинидан чиқарганча жанг майдонига отилди ва шаҳид бўлгунига қадар душман билан олишдилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Абу Суфён шундай дейди:
– Мен отамнинг шундай деганини эшитдим: Абдуллоҳ ибн Ханзала шаҳид қилинганидан сўнг уни тушимда жуда чиройли қиёфада кўрдим ва ундан сўрадим:
– Эй Абу Абдураҳмон, сен ўлдирилмаганмидинг?
– Ҳа, бироқ ўлганимдан сўнг Роббим мени жаннатга қўйди. Мен бу
ерда айланиб, жаннат неъматларидан баҳра олаяпман.
Орамизда бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг уйғониб кетдим. Кўрган тушимдан маълум бўлдики, демак, Абдуллоҳ ибн Ҳанзаланинг охирати хайрли бўлган.
* * *
Суфён ибн Салимдан қилинган ривоятга кўра, Иблис Абдуллоҳ ибн Ханзала розияллоҳу анҳуга кўринди ва унга шундай деди:
– Эшит, сенга бир нарса ўргатаман.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу жавоб берди:
– Сендан бирор нарса ўрганишга эҳтиёжим йўқ. Бошқа нарса сўрама.
Шайтон яна шундай деди:
– Эшит, истасанг амал қил, истамасанг амал қилма.
Сўнг шайтон сўзида шундай давом этди:
– Эй Ҳанзаланинг ўғли! Аллоҳдан ўзгадан бирор нарса сўрама! Ҳар
эҳтиёжингни фақат Аллоҳга айт. Ғазабланган пайтинг қай ҳолга тушганингни бир кузатиб кўр. Сен ғазабланган пайтинг мен сенга ҳоким бўламан.
* * *
Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳу зиёрат учун дўстлари билан бирга Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг ўғлиникига борган эдилар. Намоз вақти бўлгач, уй эгасидан намозга имомлик қилишини сўрадилар. Уй эгаси мехмонлардан бирининг имомлик қилишини истади. Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳу шундай ҳадис келтирди:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг: “Бир инсоннинг ўз ётоғида ётиши, ҳайвонига миниши ва уйида имомлик қилиши хайрлироқдир”, – деганларини эшитганман.