Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу
- Бўлим: Саҳобалар энциклопедияси
- Пайшанба, Июл 28 2022
- 311 марта кўрилди
Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг аммалари Умайма ва Жаҳшнинг ўғли, мўминларнинг онаси бўлмиш Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳонинг укаларидир. Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳу воситасида шаҳодат калимасини айтиб, биринчилар қаторида мусулмонлардан бўлгандилар. Ҳабашистонга икки карра ҳижрат қилдилар. Бир неча марта қўшинга қўмондон бўлдилар.
* * *
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу билан ораларида бўлиб ўтган суҳбат ҳақида шундай дейдилар:
– Уҳудда жанг шиддат билан кетаётган палла эди. Абдуллоҳ ибн Жаҳш ёнимга келиб қўлимдан тутди ва мени бир қоянинг остига олиб борди. Менга шундай деди:
– Ҳозир сен дуо қиласан, мен “омин” дейман, сўнг мен дуо қиламан
сен ҳам “омин” деб тургин.
Мен рози бўлдим ва шундай дуо қилдим:
– Аллоҳим, менга жуда кучли ва метиндек қувватли кофирларни жўнат. Улар билан жанг қилай, барчасини ўлдириб, ғалаба билан ортга қайтай.
Абдуллоҳ ибн Жаҳш мен қилган дуога бутун қалби ила “омин” деди. Сўнг ўзи шундай дуо қила бошлади:
– Аллоҳим, менга енгиш мушкул бўлган кофирларни жўнат, улар
билан жанг қилиб, барини ўлдирай. Энг охирида биттаси мени шаҳид этсин.
Кўнглим бундай дуога “омин” дейишни истамади, бироқ у билан ваъдалашганим учун мажбуран “омин” дедим.
Унинг қиличи синиб қолганди. Кейин қиличларимизни янгилаб жангда давом этдик. Иккимиз ҳам қаршимиздан чиққанни ўлдирардик.
У бор кучи билан қаҳрамонона курашар, душман сафларини тору мор қиларди. Душманга ҳамла устига ҳамла қилар, шаҳидлик учун бор иштиёқини ишга соларди.
“Аллоҳ, Аллоҳ!” дея қилич сермар экан, бир пайт қўлидаги қиличи синиб кетди. Шу он севикли Пайғамбаримиз унга бир хурмо шохини узатдилар ва жангни давом эттиришини буюрдилар. Бу шох мўъжизавий бир қилич бўлди ва олдидан чиққанни ўлдира бошлади. Кўплаб душман аскари мана шу қиличдан ўтди.
Жанг сўнггида Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу Абул Ҳакам исмли бир мушрикнинг отган ўқи билан ўзи орзу қилган шаҳидликка етишди.
Шаҳид этилгач, кофирлар бу муборак шаҳиднинг жасадига ҳужум қилиб, бурни, лаби ва қулоқларини кесиб олдилар. Ҳар тарафи қонга бўялди.
Муҳораба битгач, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳунинг жасадини топган Саъд розияллоҳу анҳу бўлиб ўтган воқеани Пайғамбаримизга айтиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам унинг дуоси қабул бўлгани ва бу дунёда истаганига қовушганини ва охиратда ҳам истагани билан бирга бўлишини билдирдилар.
Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуни амакиси “Саййидул шаҳид” яъни “Шаҳидлар султони” Ҳамза розияллоҳу анҳу билан бир ерга дафн қилдилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу Исломга буюк хизмат қилган зотлардандир. Илк мусулмон бўлган йиллари кофирлар у зотга қаттиқ азоблар берарди. У зот барчасига иймон кучи ила сабр қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам унга шундай таъриф бергандилар:
– Очлик ва сувсизликка энг кўп сабр қилган ва чидаганлардан эди.
* * *
Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шаҳидлар учун берган хушхабарларини эшитгач, доимо шаҳид бўлишга интилар ва жангларда энг олд қисмда қўрқмасдан олишардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳижратнинг иккинчи йили Наҳлада Қурайш мушрикларини кузатиш учун аввал Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни юборишни истадилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан айрилишга чидолмай йиғлади. Сўнгра уни юбориш фикридан воз кечдилар.
Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу шундай дейди:
– Ўша куни Расулуллоҳ алайҳиссалом хуфтон намозини ўқигач, менга буюрдилар:
– Бомдод пайти ёнимга кел, қуролинг ёнингда бўлсин. Сени бир жойга
жўнатаман.
Бомдод пайти масжидга бордим. Қиличим, ёйим, ўқ ва ўқдоним ҳамда қалқонимни ўзим билан олдим. Расулуллоҳ бомдод намозидан сўнг муҳожирлардан мен билан бирга борадиган бир нечта одамни танладилар. Сўнг бир мактуб бердилар ва шундай буюрдилар:
– Сени бу аскарларга қўмондон этиб тайинладим. Бор, икки кеча йўл
юргач бу мактубни оч! У ерда ёзилганига кўра ҳаракат қил!
– Ё Расулуллоҳ, қайси тарафга борай?
– Наждия томон йўл ол, Рақияга етгач, қуйига йўнал!
Илк бор “Амир ал-Мўминин” сифати Наҳла сафарига юборилгани учун Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуга берилди. Шундай қилиб, Исломда илк тайинланган “амир” бўлдилар.
* * *
Ўн икки киши иккитадан бир туяга мингашиб икки кундан сўнг Малол деган жойга борганларида мактубни очдилар. Мактубда шундай деб ёзилган эди: “Бисмиллахир Роҳманир Роҳийм. Ушбу мактубни кўздан кечиргач, Макка билан Тоиф орасидаги Наҳлага боргунча Аллоҳ таоло исми ва барокоти ила юриб борасан. Шерикларингдан ҳеч бирини сен билан боришга мажбурлама. Наҳла водийсидаги қурайшликларнинг карвонини кузатасан. Уларнинг хабарини бизга етказасан”.
Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг хатларини ўқигач:
– Биз Аллоҳнинг қулларимиз ва унга қайтгувчилармиз. Эшитдим ва итоат этдим. Аллоҳ таолонинг ва Расулининг амрини бажо келтираман, – деб мактубни ўпиб бошига қўйди. Сўнг шерикларига юзланиб дедилар:
– Қай бирингиз шаҳид бўлишни истасангиз, мен билан боринг. Боришни хоҳламаган бемалол ортга қайтиши мумкин, ҳеч кимни мажбурлаш йўқ. Бормасангиз мен ёлғиз кетиб Расулуллоҳнинг амрини бажараман.
Шерикларининг бари бир овоздан:
– Биз ҳам эшитдик. Аллоҳ таолога, Пайғамбаримизга ва сенга итоат
қилувчилармиз. Қаерни истасанг, Аллоҳ таолонинг барокоти ила бизни бошла.
Улар Наҳлага келиб, бир жойга яшириндилар ва қурайшийларни кузатишни бошладилар. Шу орада бир Қурайш карвони ўтди. Туяларга юк ортилган эди. Улар Қурайш карвонига яқинлашиб, уларни Исломга даъват қилдилар. Қабул қилишмагач, душманлардан бирини ўлдириб, иккисини асир олдилар. Душманлардан бирининг оти бўлгани учун қочиб қутулди.
Кофирларнинг бор моли уларга қолди. Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу ўлжанинг бешдан бир қисмини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга ажратдилар. Бу ўлжа мусулмонлар томонидан қўлга киритилган илк ўлжа эди. Илк ўлдирилган мушрик ва олинган асирлар ҳам мана шу Наҳла юришида бўлди. Ҳали ўлжалар билан боғлиқ ояти карималар нозил бўлмаган эди. Шундан кейин Бадр жанги бўлиб ўтди. Олинган асирлар учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Бакр, Умар ва Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳумлар билан маслаҳат қилардилар.
* * *
Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу ҳижратнинг учинчи йилида бўлиб ўтган Уҳуд жангида буюк қаҳрамонликлар кўрсатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам уларни қўмондон қилиб тайинлаган пайтлари сўрадилар:
– Эй Абдуллоҳ! Дунёда энг кўп орзу қилган ва соғинган нарсанг нима?
– Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатидир.
* * *
Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу ўрта бўйли, келишган зот эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга муҳаббатлари зиёда эди. Ушбу муҳаббат туфайли жонини фидо қилишдан қўрқмадилар. Уҳуд жангида қаҳрамонларча жон бердилар ва Аллоҳ таолонинг розилиги ила шаҳидлик шарбатини ичдилар. Шаҳид бўлган пайти қирқ ёшда эдилар. Аллоҳ йўлида Ҳабашистонга қилган иккинчи ҳижратдан кейин оиласи билан Мадинага ҳижрат қилган эдилар. Мадинада Осим ибн Собит билан биродар бўлгандилар.