close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аббос ибн Абдумуталлиб розияллоҳу анҳу

Бу улуғ зот икки олам сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васалламнинг севикли амакиларидир. Кунялари – Абулфазл. Оталари Абдумуталлиб, оналарининг исми Нутайла эди. Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламдан бир-икки ёшгина катта эдилар. Шу боис у зотнинг болалик чоғлари Оламлар сарвари билан бирга кечди. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ёшлик чоғларидаёқ ота-онасидан етим қолгач, бобоси Абдумуталлиб у зотни ўз тарбияларига олган эдилар.
Айтишларича, бир куни Аббос розияллоҳу анҳу ўз-ўзидан йўқолиб қоладилар. Бундан унинг ота-онаси қаттиқ изтиробга тушади. Бироқ кўп ўтмай ёшгина Аббос топилади. Шунда унинг онаси Нутайла ўғли топилгани шукронаси учун Каъба деворларини ипак мато билан янгидан ўраб чиқади.
Аббос розияллоҳу анҳу вояга етгач, тижорат билан шуғулландилар ва бунинг ортидан мол-дунёга эга бўлди.
Маълумки, ҳозирги вақтда Каъбада хизмат қилиш жуда катта савоб ва улуғ шараф ҳисобланади. Буни қарангки, ўша вақтларда ҳам араблар орасида  бу каби ишлар ғоят шарафли ҳисобланган. Шунинг учун ҳам Каъба ишлари Қурайш катталари томонидан тақсимланган. Шунга кўра, Аббос розияллоҳу анҳу сувчи лавозимида эдилар. Улар Ҳаж мавсумида ака-укалари билан бирга Замзам қудуғидан зиёратчилар учун сув тарқатар эдилар. Бу ишни Аббос розияллоҳу анҳу Ислом келгач ҳам давом эттирганликлари маълум. Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ҳаж зиёратига келганларида Замзам суви олдига келиб, Аббос розияллоҳу анҳудан сув сўраганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга ваҳий келиб, Ислом дини омма орасида тарқала бошлаган дастлабки пайтларда Аббос розияллоҳу анҳу бетараф эдилар. Иймон ҳам келтирмадилар, қаршилик ҳам кўрсатмадилар. Исломни ўзи қабул қилмаган бўлса-да, динга даъват қилишда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассалламга ёрдамчи бўлдилар. Мадиналиклар Ақобада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга байъат қилган пайтларида Аббос розияллоҳу анҳу ҳам ўша ерда эдилар. Байъат пайти Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини тутган ҳолда ёнларида бўлдилар.
Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламга моддий томондан кўп ёрдам берардилар. Аёли Умму Фазл розияллоҳу анҳо эса илк иймон келтирган муслима аёллардан эди.
Аббос розияллоҳу анҳу Бадр урушида қатнашди. Лекин у зотни мушриклар қўярда-қўймай олиб келишган эди. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай дедилар:
– Кимки жанг пайти амаким Аббос билан тўқнашса асло ўлдирмасин, чунки у ўз хоҳиши билан эмас, мушрикларнинг тазйиқи остида жангга келмоқда.
Аббос розияллоҳу анҳу Бадрда мўминлар томонидан асирга олинди. Шунда у зотни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳузурларига олиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам унга ўзи, укалари ва Утба ибн Амр учун фидя бериши лозимлигини айтдилар. Бироқ Аббос розияллоҳу анҳу ўзи учун юз, Оқил учун саксон уқия (тахминан етти минг дирҳам) олтин бериш билан чекландилар. Бошқалар эса ўз молларидан фидя бериб қутилдилар. Аббос розияллоҳу анҳу фидяларини бериб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга шундай дедилар:
– Мени Қурайшнинг фақирларидан бирига айлантирдинг, энди умр бўйи одамларга тиланиб ўтадиган бўлдим.
Шунда Расули Акрам салаллоҳу алайҳи васаллам эса унга жавобан:
– Хўш, ундай бўлса, Умму Фазлга омонат қолдирган молларинг қаерда қолди? Урушга жўнашдан олдин: “Агар жангда ҳалок бўлсам, буларни ўғилларим Фазл, Абдуллоҳ ва Қусам учун асраб қўй, мендан кейин бой бадавлат ҳаёт кечирсинлар”, деб кўмиб келган олтинларинг-чи? – дедилар.
Бу гаплардан ҳайратда қолган Аббос розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳ номи билан шаҳодат қиламанки, сен Аллоҳнинг Расулисан. Чунки болаларим учун қолдирган бойлик ҳақидаги сирни мен билан Умму Фазлдан бошқа ҳеч ким билмасди, – дедилар ва шу заҳотиёқ иймон келтирдилар. Сўнгра Маккага қайтдилар.
Аббос розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганликларини яшириб, Маккадаги мусулмонларни ўз ҳимояларига олдилар. Макка ва мушриклар билан боғлиқ хабарларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга етказиб турдилар ва Макка мусулмонлар томонидан эгалланишидан олдинроқ Мадинага ҳижрат қилдилар.
Макканинг фатҳига отланган Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи вассаллам йўлда дуч келган Аббос розияллоҳу анҳуга:
– Мен Пайғамбарларнинг охиргисиман, сен эса муҳожирларнинг, – дея марҳамат қилган эдилар.
Аббос розияллоҳу анҳу Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримизнинг ёнларида бўлдилар. Ҳунайн жангида Ислом лашкарлари чекинган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам отларининг тизгинидан тутган ҳолда мусулмонларни душманга қарши курашишга даъват қилиб, чекинаётган қўшинни ортга қайтаришга муваффақ бўлдилар. Шу ишлари билан жангда Ислом лашкарининг ғолиб бўлишига катта ҳисса қўшдилар. Ўшанда у зотнинг таъсирчан нутқи ва баланд овози тарқалиб кетаётган қўшинни ортга қайтара олди.

* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам Видо хутбасида фоизнинг барча турлари гуноҳ экани ҳақида тўхталар эканлар, судхўрлик ҳақидаги оятдан сўнг биринчи бўлиб бу ишдан воз кечган саҳоба – амакилари Аббос розияллоҳу анҳу эканини таъкидладилар.
Аббос розияллоҳу анҳу жуда бой эдилар, одамларга қарз бериб фоизи билан қайтариб олардилар. Судхўрлик ҳақидаги оятлар нозил бўлгач, умрларининг охиригача бу ишни қайтиб қилмадилар.
 Аббос розияллоҳу анҳу уч халифа даврида яшадилар. Ҳижратнинг ўттиз иккинчи йилида Мадинада саксон саккиз ёшида вафот этдилар. Жаноза намозини Усмон розияллоҳу анҳу ўқидилар. Вафот этган пайти ортларидан ўнта ўғил ва битта қиз фарзанд қолди. Аббос розияллоҳу анҳунинг авлодлари кейинчалик Аббосийлар давлатини барпо қилишди.

* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам амакиси Аббос розияллоҳу анҳуга доим эҳтиромда бўлар ва уларни мақтаб:
– Аббос мендандир, мен ҳам ундандирман, у Қурайшнинг энг жўмарди ва қариндош-уруғлик ришталарини қадрловчи инсондир, – деган эдилар.

* * *
Аббос розияллоҳу анҳу қул озод қилишни севардилар. Давлат ишларида халифалар у зотдан маслаҳат сўрардилар. Умар розияллоҳу анҳу у зотни ёмғир дуоларига олиб борарди. Чунки у зот ростгўй, ақлли, сахий, муҳтожларга ёрдам беришни севувчи саҳоба эдилар.
Бухорий ва Муслим китобларида ундан ўттиз бешта ҳадис ривоят қилинган. Аббос розияллоҳу анҳу Мадинадаги Баъқий қабристонига дафн қилинган.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase