ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ДАЪВАТЛАРИНИНГ УМУМИЙЛИГИ ВА РИСОЛАТЛАРИНИНГ ЯКУНЛОВЧИ ЭКАНИ
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Расулуллоҳ алайҳиссалом инсон ва жинларга пайғамбар этиб юборилганларига ва аввалда ўтган жамики пайғамбарлар алайҳимуссалом рисолатини якунловчи, сўнгги пайғамбар эканликларига имон келтириш вожибдир. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.
У зот алайҳиссалом барча инсонларга пайғамбар эканликлари Қуръони каримнинг бир қанча ўринларида зикр қилинган. Жумладан, Аъроф сурасида Аллоҳ таоло шундай деган:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Эй инсонлар, албатта мен сизларнинг барчангизга (юборилган) Аллоҳнинг элчисиман. У шундай Зотки, осмонлар ва ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига – Аллоҳга ва Унинг Сўзларига ишонадиган уммий Пайғамбарга имон келтиринг ва унга эргашинг – шояд нажот топарсиз” (Аъроф сураси, 158-оят).
Яъни, эй Муҳаммад, араб ва ажамлардан иборат барча инсонларга:
– Албатта, мен Аллоҳ сизларга юборган Элчиман. Насроний ва яҳудий орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Мен барча инсонларга пайғамбар этиб юборилдим, – деб айтинг.
Қуръони карим ва суннати набавияда у зотнинг рисолатлари умумийлигини қувватловчи бир қанча далиллар келган.
Қуръони каримда мана бу оятлар бор:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) ҳақиқатан, Биз Сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107-оят).
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Биз Сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга – (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар берувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда, Пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмайдилар” (Сабаъ сураси, 28-оят).
Пайғамбар алайҳиссалом Макка аҳлини, қолаверса, қиёматга қадар келадиган барча инсонларни огоҳлантириш учун юборилганлар. Бундан келиб чиқадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам то қиёматгача инсонларга ҳам, жинларга ҳам Пайғамбардирлар. Ҳар икки тоифа Қуръон ҳукмларига амал қилишлари лозим.
Ҳадиси шарифларда ҳам бунга етарли мисоллар бор. Жумладан, имом Бухорий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Менга ўзимдан олдинги биронтасига берилмаган беш (хислат) ато этилди: бир ойлик масофадан (душманлар қалбига) қўрқув (солиш) билан нусрат берилди. Ер юзи мен учун ибодат қиладиган жой ва покловчи қилинди. Шундай экан, умматимдан қайси бир киши намоз вақти кирса, ўша (жойда) намоз ўқисин! Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Мендан аввалги пайғамбарларга бу ҳалол қилинмаганди. Менга шафоат қилиш изни берилди. (Аввалги) набийлар фақат ўз қавмига юборилган. Мен эса барча одамларга (элчи қилиб) юборилдим ”.
“Саҳиҳу муслим”да Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, бу умматдан бирон киши, у яҳудий ё насроний бўладими, эшитса ва менга имон келтирмаса, албатта дўзахга киради ”.
Ибн Касир айтади: “Бу ҳақида оятлар жуда кўп. Шунингдек, ҳадислар ҳам сон-саноқсиздир бу борада. Шу нарсадан маълум бўладики, Расулуллоҳ барча инсонларга Пайғамбардирлар ”.
(Юқорида келтирилган оятлар тафсирини давом эттирамиз) Шундан кейин Аллоҳ Ўз қудрати ва ваҳдонияти ҳақида хабар беради:
“У шундай Зотки, осмонлар ва ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир”.
Яъни, эй Муҳаммад, одамларга:
– Мен сизларга Аллоҳ тарафидан юборилган Элчиман. Осмонлар ва ердаги барча тасарруф унинг измидадир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Тирилтириш ҳам, ўлдириш ҳам У Зотнинг қўлидадир. Мана шундай сифатга эга бўлган Ягона Илоҳга итоат этиш, қайтарган ишларидан қайтиш, Расулини тасдиқлаш вожибдир, – деб айтинг.
Шундан кейин имон келтиришга чақирилади:
“Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига – Аллоҳга ва Унинг Сўзларига ишонадиган уммий Пайғамбарга имон келтиринг ва унга эргашинг – шояд нажот топарсиз”.
Яъни, эй одамлар! Барчангиз Яккаю Ягона Аллоҳга имон келтиринг. Шунингдек, У Зотнинг Элчиси, Аллоҳга ишонадиган, ўзидан илгари ўтган пайғамбарлар китобини тасдиқлайдиган ва улар йўлидан юрадиган Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам имон келтиринг, унинг изидан юринг. Агар Элчимиз буюрган ишларни бажариб, қайтарганларидан тийилсангиз, тўғри йўлда бардавом бўласиз.
Ушбу оятлар Пайғамбар алайҳиссалом жинларга ҳам Пайғамбар эканликларини тасдиқлайди: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) айтинг: “Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач:) “Ҳақиқатан, биз ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга имон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмаймиз”, дедилар” (Жин сураси, 1-2-оятлар).
Аҳқоф сурасида шундай дейилган: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) эсланг, Биз Сизнинг олдингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): “Жим туринглар”, дедилар. (Тиловат) тугатилгач, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар. Улар: “Эй қавмимиз, дарҳақиқат, бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (Илоҳий Китоб)ларни тасдиқ қилувчи, Ҳақ (Дин)га ва тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китоб – Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилувчи (Муҳаммад даъвати)ни қабул қилинглар ва унга имон келтиринглар. (Шунда Аллоҳ) гуноҳларингизни мағфират қилади ва сизларга аламли азобдан паноҳ беради. Ким Аллоҳга даъват қилувчини қабул қилмаса, бас, у ер юзида (бирон жойга) қочиб қутулувчи эмас ва унинг учун (Аллоҳдан) ўзга дўстлар ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ залолатдадирлар”, дедилар” (Аҳқоф сураси, 29-32-оятлар).
Уламолар ушбу ояти карималардан қуйидаги ҳукмни олишган: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатлари инсон ва жинларга тегишлидир. Чунки бу ўринда баъзи жинларнинг у зот алайҳиссаломга имон келтиргани, ўз қавмидагиларни ҳам имонга даъват қилганлари айтилмоқда.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг рисолатлари самовий рисолатнинг энг сўнггиси экани ҳақида бундай дейилган:
“(Эй мўминлар,) Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмас, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билувчи Зотдир” (Аҳзоб сураси, 40-оят).
Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам орангизда бирон кишининг ҳақиқий отаси бўлмаган. Бироқ у сизларни куфр зулматидан имон нурига олиб чиқиш учун Аллоҳ тарафидан юборилган Пайғамбардир. Шунингдек, Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарларнинг энг сўнггисидир. Ундан кейин энди қиёмат кунигача пайғамбар келмайди.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг инсонларга пайғамбар қилиб юбориши уларга нисбатан Аллоҳнинг раҳматидир. Кейин у зот билан набийлар ва пайғамбарлар силсиласини ниҳоялаш, ҳаниф динни комил қилиш билан Пайғамбар алайҳиссаломни шарафлади. Аллоҳ таоло Ўз Китобида ва Расули ҳадисларда хабар қилишича, Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин ҳеч қандай пайғамбар келмайди. Бундан сўнг бу улуғ мақомни даъво қилган ҳар қандай кимса, гарчи одатдан ташқари нарсаларни кўрсатса ҳам, сеҳрнинг анвойи турларини намойиш қилса ҳам, барибир у каззоб, бўҳтончи, дажжол, адашган ва адаштирувчидир ”.