Муқаддима
- Бўлим: Пайғамбарлар тарихи
- Чоршанба, Июл 27 2022
Оламлар Рабби Аллоҳ таолога ҳамду санолар, жанобимиз Расулуллоҳга ва у кишини яхши кўриб, суннатларига эргашганларга салавот ва саломлар ёғилсин! Қуръони каримни тадаббур қилиб кўрган киши ундаги сура ва оятлар орқали авваламбор, анбиё-пайғамбарлар, қолаверса, яхши ва ёмон тоифадаги кишиларнинг қиссаларида кўпгина ибрат ва ҳикмат намуналарини кўриши шубҳасиз. Аксарият қиссалар ҳижратдан олдин нозил бўлган маккий сураларда батафсил ёритилган. Чунки ўша даврда Аллоҳ таолонинг яккаю ягоналигига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз Раббиларидан етказаётган рисолат ва хабарларининг тўғри эканлигига далил келтириш ва Қуръон Аллоҳ таолонинг даргоҳидан нозил бўлганлиги ва одамларни савоб олиб жаннатга кирадиган ёки гуноҳга ботганлари сабаб, дўзахга ташланадиган кун – Қиёматнинг ҳақлигига ишонтириш лозим эди.
Ана ўша далиллар баъзан Пайғамбарларнинг ўз қавмлари билан бўлган қиссалари орқали, баъзан бошқа йўллар билан келтирилади. Жумладан, осмон ва ернинг яратилиши, ой, қуёш ва юлдузларнинг маълум бир мезонда ҳаракатланиши, инсон ва бошқа махлуқотларнинг яратилиши ва ҳоказо. Маданий сураларда асосан шаръий аҳкомлар (ибодатлар, муомала, ҳалол-ҳаром, ижтимоий алоқалар ва бошқалар) ёритилган. Чунки бу даврда мўминлар қалбида соф исломий ақида қарор топган ва мустаҳкамланган эди.
Масалан, қуйидаги маккий сураларда анбиёлар қиссаси келтирилади: Аъроф, Юнус, Ҳуд, Юсуф, Шуаро, Қасас, Соффот ва бошқалар.
Бу қиссалар ҳамма замонларда ҳам кишилар қалбида чуқур таассурот қолдирган. Ўзлари учун фойдали насиҳатлар олишган.
Ҳозирда ҳам қиссалар инсонларни ҳидоятга ва тўғри йўлга юришларига чақириш, юксак фазилатларга эга бўлиб, разил ва чиркин одатлардан узоқлашиш ва яккаю ёлғиз, барча махлуқотларни ўз ҳукмида ушлаб, уларни бўйсундириб турувчи Аллоҳ таолони тан олиб, унга таслим бўлишда ўзининг беқиёс ўрнига эга.
Қуръондаги қиссалар бошқа қиссалардан унда илгари сурилаётган эътиқод ва ғояларнинг юксаклиги, мақсаднинг олийлиги, сўз ва жумлаларнинг ҳар қандай хато-камчиликлардан холи эканлиги, унинг хаёлий ёки тўқима бир асар эмаслиги билан ажралиб туради.
Қуръондаги қиссалар турли йўллар орқали ифодаланган, баъзида тарғиб, қизиқтириш, башорат бериш билан, баъзида эса огоҳлантириш ва қўрқитиш йўли билан. Сўзимизга мисол сифатида Аллоҳ таолонинг ушбу каломини келтириб ўтамиз:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мана шу Биз сизга сўйлаб бераётган шаҳарларнинг хабарларидандир. Улардан (ҳали-ҳануз обод-соғ) турганлари ҳам бор, урилиб битганлари (ҳалок бўлиб битганлари) ҳам бордир. Уларга Биз зулм қилмадик, ўзларига ўзлари зулм қилдилар, бас, қачонки, Парвардигорингизнинг фармони (азоби) келганида, улар Аллоҳни қўйиб, илтижо қиладиган бутлари уларни ҳеч нарсадан беҳожат қилмади ва уларга зиёндан ўзга бирон нарса келтирмади. Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганда, мана шундай ушлар. Унинг ушланиш – азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд, 100-102).
Қуръони каримдаги қиссалар ўзида олий мақсад ва кўпгина ҳикматларни жамлаган. Улардан энг муҳимлари:
1) барча пайғамбарларни Аллоҳ таоло бир рисолат билан, ўзларига юклатилган вазифани бажариш ва одамларни Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишга чақириш учун юборганлигини баён қилиш;
Нуҳ (алайҳиссалом) ўз қавмларига шундай дейдилар: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқ» (Аъроф, 59).
Ҳуд (алайҳиссалом) қавмларига дейдилар: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқ» (Аъроф, 65).
Солиҳ (алайҳиссалом) ўз қавмларига айтадилар: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқ» (Аъроф, 73).
Шуайб (алайҳиссалом) ўз қавмларига айтадилар: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқ» (Аъроф, 85).
Ушбу жумлалар юқорида санаб ўтилган Пайғамбарларнинг ўз қавмларини ҳидоятга чақираётганда уларга айтган сўзларидир. Яъни, улар лутф ва одоб билан: “Яккаю ёлғиз, шериксиз бўлган Аллоҳга ибодат қилинг. Зеро, У ибодат қилиш учун энг мустаҳиқ (муносиб) Зотдир, Ундан бошқа (бут, санамлар) ўзларига бирон манфаат ва зарар келтиришга молик эмаслар”, дедилар.
Қуръони карим ушбу маънони ҳар бир пайғамбар тилидан ҳикоя қилади:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз Сиздан илгари юборилган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, ёлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборганмиз» (Анбиё, 25).
Яъни, эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан олдин бирон пайғамбарни юборсак, унга ўз ваҳийимиз орқали билдирдикки: ибодат ва тоат этишга Мендан ўзга муносиброқ илоҳ йўқ. Бас, қавмингизни шунга буюринг ва Мендан ўзгага ибодат қилишдан қайтаринг.
2) Қуръони каримдаги қиссаларни келтиришдан яна бир мақсад ушбу Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканлиги ва бу илмга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ ўз Китобини ваҳий қилгандан сўнг эга бўлганлари ва ўз Раббиларидан етказаётган нарсалар ҳақрост эканини баён қилишдир. Қуръонга қулоқ тут, у сенга ушбу маънони кўпгина ўринларда ҳикоя қилади:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), булар Биз сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. Илгари буларни на сиз ва на қавмингиз билар эдингиз. Бас, (ҳақ динга даъват қилишда кофирларнинг етказаётган озорларига) сабр қилинг! Албатта оқибат-натижа Аллоҳдан қўрқувчи кишиларникидир» (Ҳуд, 49).
Яъни, ушбу биз ҳикоя қилаётган қиссалар ўтган қавмларнинг ғайб хабарларидандир. Уни Биздан ўзга ҳеч ким тафсилот ва нозик ҳақиқатларигача билмас. Биз уни сизга рост ва ишончли бўлган ваҳий йўли орқали билдирамиз. Ушбу қисса ва шунга ўхшаш хабарларни на сиз билар эдингиз, эй Муҳаммад, на қавмингиз билар эди. Фақатгина Биз уни ваҳий қилгандан сўнггина билиб олдингиз. Шундай экан, Аллоҳнинг амрини инсонларга етказишда, худди аввалги пайғамбарлар каби чиройли «сабр қилинг». Зеро, билингки, чиройли оқибат ўз нафсларини Аллоҳ рози бўлмайдиган нарсалардан сақлаб юргувчи тақводор зотларникидир.
Ушбу ояти карима Аллоҳ берган неъматларни эътироф этиш, панд-насиҳат ва рағбатлантириш орқали ҳикоя қилинмоқда.
Аллоҳ таолонинг берган неъматлари ва қилган меҳрибонлиги «Илгари буларни на сиз ва на қавмингиз билар эди» оятида ифодаланмоқда. Сўнгра Ҳақ таоло «Сабр қилинг», дея суюкли Пайғамбарига насиҳат қилмоқда ва сўнгра «(Чиройли) оқибат тақводорларникидир», дея бандаларини Ўзига тақво қилишга ундамоқда.
Ушбу маъно Юсуф (алайҳиссалом)нинг ўз оға-инилари билан бўлиб ўтган қиссасидан сўнг ҳам зикр қилинади:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бу Биз сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидан. (Чунки сиз Юсуфнинг оға-инилари) макр-ҳийла билан ўзларининг режаларини тузиб иттифоқ қилишаётган пайтларида уларнинг ёнларида ҳозир эмасдингиз» (Юсуф, 102).
Яъни, биз биродарингиз Юсуф ҳақида ҳикоя қилаётган қисса, эй Муҳаммад, Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайдиган ғайб хабарларидандир. Зеро, Биз уни сизга ваҳий қиламиз ва ибрат, насиҳатларни ўз ичига олган ушбу ҳикоядан хабар берамиз.
Шунингдек, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканлигига исбот-далилни Мусо (алайҳиссалом) ва Марям қиссаларида ҳам кўриб ўтишимиз мумкин. Мусо (алайҳиссалом) қиссаларида Аллоҳ таоло шундай дейди:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз Мусога ишни ҳукм қилган пайтда сиз Ғарб томонда эмас эдингиз ва гувоҳлардан ҳам бўлган эмассиз. Лекин Биз (Мусо замонидан сўнг, кўп) асрларни пайдо қилдик, бас уларга умр-замон чўзилиб кетди. Сиз Мадян аҳли орасида тургувчи ҳам, уларга Бизнинг оятларимизни тиловат қилгувчи ҳам бўлган эмасдингиз. Лекин Биз (сизни) пайғамбар қилиб юборгувчи бўлдик. Биз нидо қилган пайтда сиз Турнинг ёнида бўлган эмасдингиз. Лекин (сиз) Парвардигорингиз томонидан раҳмат бўлиб сиздан илгари бирон огоҳлантирувчи келмаган бир қавмни огоҳлантириш учун (пайғамбар қилиндингиз). Шояд улар эслатма-ибрат олсалар» (Қасас, 44 – 46).
Яъни, эй Муҳаммад, Биз Мусога одамларни залолатдан чиқариб, уларга рисолатимизни етказишни топширган вақтимизда сиз у ерда (Тур тоғининг ғарбий томонида) ҳозир эмас эдингиз ва Биз Мусога ваҳий қилган нарсаларга ҳам гувоҳ эмассиз. Лекин Биз ушбу хабарларни Сиз билан Мусо орасида узоқ вақт ўтказгачгина ваҳий қилмоқдамиз. Шунингдек, Мусо ва унинг қавми ўртасида кескин баҳслашув бўлган пайтда ҳам Мадян аҳли орасида тургувчи бўлмагансиз. Биз Мусога қавми учун ҳидоят ва залолатдан чиқаргувчи нур бўлиши учун Тавротни нозил килдик. Сиз бунга ҳам шоҳид бўлмагансиз.
Ушбу ояти карималардан мақсад шуки, Қуръон Аллоҳ таолонинг даргоҳидан нозил қилинган ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу воқеа ва қиссаларни билмасдилар. Лекин Аллоҳ Қуръони каримни ваҳий қилиш орқали У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни улардан хабардор қилди. Марям қиссасининг сўнгида Аллоҳ таоло шундай дейди:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бу ғайб хабарларидандирки, бу хабарларни сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, сиз улардан қайсилари Марямга кафил бўлиши (ни билиш) учун қаламларини (қуръа қилиб) ташлаганларида уларнинг олдида эмасдингиз» (Оли Имрон, 44).
Яъни, Биз сизга ҳикоя қилаётган ушбу Имроннинг аёли, Закариё (алайҳиссалом) ва фаришталарнинг Марямга айтган жавоблари ҳақидаги қиссанинг ҳаммаси ғайб хабарларидандир. Марямга улар Закариё (алайҳиссалом)ни кафил қилиш борасида баҳслашаётганларида сиз уларнинг олдида ҳозир эмасдингиз.
Яна таъкидлаб айтамизки, ушбу ва шунга ўхшаш оятлар Қуръон ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканлигига очиқ-ойдин ҳужжатдир.
Қуръони каримдаги қиссалар инсонларга ибрат, панд-насиҳат бўлиши учун келтирилган. Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта, бу ҳақрост қиссадир. Ва ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Аллоҳнинг Ўзи бор. Ва албатта Аллоҳнинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат соҳибидир» (Оли Имрон, 62).
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)), Биз сизга уларнинг хабарларини рўйирост айтиб берурмиз. Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига имон келтирган ва Биз имонларини зиёда қилган йигитлардир» (Каҳф, 13).
«Энди албатта уларга, билган ҳолимизда (қилиб ўтган ишлари ҳақида) сўйлаб берурмиз. (Зотан), Биз ғойиб-йўқ эмас эдик, (балки, барча нарсага гувоҳ бўлиб турган эдик)» (Аъроф, 7).
Қуръони карим қиссаларини келтирилишидан яна бир мақсад шуки, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қалбларини мустаҳкамлаш ва у кишига руҳ бағишлаш, қавмларидан У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га етаётган мусибатларни енгиллатиш, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ўз биродарлари (пайғамбарлар)га эргашишга чақириш ва У зот ва мўминларга чиройли оқибат бўлиши ҳақида хушхабар беришдир. Аллоҳ таолонинг ўтган пайғамбарлар ҳақидаги қиссалари орқали Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қалбларини мустаҳкамлашини кўпгина оятларда кўришимиз мумкин. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизга Пайғамбарларнинг хабарларидан қалбингизни мустаҳкам қиладиган барча қиссаларни сўйлаб берурмиз ва бу қиссаларда сизга ҳақиқат ва барча мўминлар учун панд-насиҳат ҳамда эслатмалар келди» (Ҳуд, 120).
Ушбу ояти карима Ҳуд сурасининг охирларида келган бўлиб, унда Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб (алайҳиссаломлар)нинг ўз қавмлари билан бўлган қиссалари ҳикоя қилинади.
Юқоридаги оятнинг маъноси: “Ҳар бир хабар ўтган ҳурматли Пайғамбарларнинг хабарларидандир, Биз уни сизга сўйлаб берамиз ва ундан сизни хабардор қиламиз”. Ушбу оятдаги “қалбни мустаҳкамлаш”дан мурод Набий (алайҳиссалом)нинг Аллоҳга бўлган ишончларини янада кучайтириш, У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва асҳобларига Ҳақ Динни инсонларга етказиш чоғида етган турли машаққатларга сабр қилишга чақириш ва тасалли беришдир.
Аллоҳ таоло Қуръонда келган ўтган пайғамбарларнинг қиссалари орқали Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га тасалли берар экан, ўз қавмларига Раббиларининг амрини етказишда ўша пайғамбарларнинг йўлини тутишни буюради. Бу маънодаги оятларни кўпгина сураларда учратишимиз мумкин. Аллоҳ таоло айтади:
«Худди шунингдек, улардан аввалги кимсаларга бирон пайғамбар келганида, улар ҳам, албатта (у пайғамбар) сеҳргар ёки мажнун, дер эдилар. Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмидилар? Йўқ, улар туғёнга тушган қавмдирлар. Бас, (Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз улардан юз ўгиринг! Энди сиз маломат қилингувчи эмассиз. Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро, у панд-насиҳатлар мўминларга наф етказур» (Зориёт, 52–55).
Ушбу ояти карималар Иброҳим, Мусо, Ҳуд, Солиҳ ва Нуҳ (алайҳиссаломлар)нинг қиссаларидан сўнг келтирилган.
Маъноси: эй Муҳаммад, сизнинг қавмингиздан олдинги қавмларга бирон набий ва расул келиб, уларни Аллоҳга тоат-ибодат қилишга даъват этганида, улар ҳам худди қавмингиз сизни шаънингизга айтаётган “сеҳргар ёки мажнун” деган сўзларни уларга ҳам айтишган эди.
Ушбу оятлардан мурод, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Қурайш мушрикларидан етган мусибат, жабр-зулмни енгиллатиш ва бу мусибатлар У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан олдинги пайғамбарларнинг ҳам бошига тушганини баён қилишдир. Оятнинг давомида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмидилар?!»
Яъни, ҳар бир ўтган кофир қавм ўзларидан сўнг келувчи авлодларига Аллоҳ томонидан бирон расул ёки пайғамбар юборилганида, унга қарата: “сен сеҳргар ёки мажнунсан”, деб айтишни тайинлаб кетганмидилар?
Бу саволнинг жавоби оятнинг давомида келади: «Йўқ, улар туғёнга тушган қавмдирлар!», яъни, уларнинг қалбларидаги нарсанинг бирлиги ҳамда куфр, фисқу фужур ва исён, гуноҳ-маъсият ишларда бир эканликлари уларни ушбу сўзни айтишга ундарди. Улар бир-бирлари билан учрашмаган, бошқа-бошқа замонларда яшаган бўлсалар ҳам ушбу қабиҳ сўзни айтишга барчаларининг тили жамланди. Сўнгра Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (алайҳиcсалом)га шундай амр қилади: «Бас, (эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз улардан юз ўгиринг! Энди сиз маломат қилингувчи эмассиз».
Яъни, эй карим зот бўлмиш Пайғамбар, сиз улардан юз ўгиринг ва уларнинг макр-ҳийла ва нодонликларига эътибор бермай ўз йўлингизда бардавом бўлинг! Зеро, сиз улардан юз ўгирганингиз учун маломат қилинмайсиз ва улар билан баҳслашишни тарк этганингиз сабабли ҳам иқобга олинмайсиз.
«Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро, у панд-насиҳатлар мўминларга наф етказур».
Яъни, кофир ва мушрик қавм сизга туҳмат-бўҳтон тошларини отишига қарамай, сиз панд-насиҳат қилиш, башорат бериш ва огоҳлантиришда давом этинг. Зеро, Биз сизга ваҳий қилаётган энг юксак ҳидоятлардан ҳисобланмиш бу панд-насиҳатлар мўминларга манфаат келтиради.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бошларига тушган мусибатни енгиллатиш, У зотга тасалли бериш маъносидаги оятлар талайгинадир. Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар улар (яъни, Макка мушриклари) сизни ёлғончи қилсалар, (билингки,) улардан илгари Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ҳам (ўзларига юборилган пайғамбарларни) ёлғончи қилган эдилар. Иброҳимнинг қавми (Иброҳимни), Лут қавми (Лутни), Мадян (шаҳрининг) аҳолиси (Шуайбни ёлғончи қилгандирлар). Мусо ҳам ёлғончи қилинди. Мен эса кофир бўлган кимсаларга муҳлат бериб қўйдим, сўнгра уларни (ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган кофирларга қарши) инкорим қандай бўлди?!» (Ҳаж, 42 – 44).
Ўтган пайғамбарларга сабр-тоқатда эргашишга даъват қилишни қуйидаги оятларда кўришимиз мумкин: «Ана ўша (зотлар) Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, (эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг!» (Анъом, 90).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло аввал ўтган Пайғамбарларнинг ўн саккиз нафарининг исмини зикр қилиб, сўнгра Ўз Набийи (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни уларга эргашишга амр этмоқда.
Яъни, эй Муҳаммад, Биз сизга зикр қилаётган ушбу пайғамбарлар Биз уларни тўғри йўлга, ҳақ динга ҳидоят қилган зотлардир. Ва улар ушбу йўлни сабот ва матонат билан босиб ўтдилар. Бас, сиз ҳам уларга эргашувчи бўлинг!
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўтган пайғамбарларнинг қиссалари орқали башорат бериш у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у кишига эргашган саҳобаларига Аллоҳ таоло томонидан нусрат (ёрдам) бўлишини баён қилиш билан бўлади. Ушбу маънони кўпгина оятларда кўриб ўтишимиз мумкин:
“Маълумки, сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилинганлар. Сўнг, то уларга Бизнинг ёрдамимиз келгунча ёлғончи қилинганларига ва чеккан азиятларига сабр қилганлар. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартира олувчи бирон кимса йўқдир. Ахир сизга (эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўтган пайғамбарларнинг хабарларидан ҳам келган-ку!” (Анъом, 34).
Яъни, аввалги қавмлар уларни ҳидоятга чақириш учун келган кўпгина пайғамбарларни ёлғончи, дедилар, ўша вақтда ушбу пайғамбарлар улар етказган азият ва ёлғонга чиқаришларига сабр қилдилар, ва ҳатто Бизнинг ёрдамимиз келгунича ушбу йўлда бардавом бўлдилар. Бу нарсани Биз аввалдан белгилаб қўйган суннатимиз (тақдиримиз) тақозо қилди. Келаси оятларда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у кишига эргашганларга яхши оқибат бўлиши башорат этилади:
– «Аллоҳ (Лавҳул маҳфузга): Шак-шубҳасиз, Мен ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман, деб ёзиб қўйгандир. Албатта Аллоҳ кучли, қудратлидир» (Мужодала, 21).
– «Аниқки, Бизнинг пайғамбар бўлган бандаларимиз ҳақида шубҳасиз, улар қўллаб-қувватлангувчилардир ва Бизнинг қўшнимиз (яъни, пайғамбарлар ва уларга имон келтирган кишилар) ғолиб бўлгувчилардир”, деган сўзимиз собит бўлгандир» (Соффот, 171–173).
– «Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва имон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган кун (Қиёматда ҳам ёрдам берурмиз)» (Ғофир, 51).
Қуръони карим қиссаларининг келтирилишидан яна бир мақсад: ундан ибрат ва панд-насиҳат олишдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқарилган сўз эмас, балки у ўзидан аввалги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тасдиқ этувчи, (унга) имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китобдир)» (Юсуф, 111).
Ушбу ояти карима Юсуф сурасининг сўнгида келтирилган. Бу қисса Қуръондаги энг яхши, ҳикматли ва қалбга кучли таъсир қилувчи қиссалардан биридир.
Яъни, мазкур пайғамбар қиссалари ва уларнинг ўз қавмлари билан бўлиб ўтган воқеаларда ҳар бир солим ақл ва тўғри фикр эгаси бўлган кишилар учун ибрат ва насиҳат бордир. Биз сизга ҳикоя қилаётган ушбу қиссаларда бирон ихтилоф ёки ёлғон йўқдир. Зеро, улар ҳақиқий воқеликда содир бўлган. Биз сидқ ила сизга ваҳий қилаётган, уларга бирон тўқима ёки ёлғон аралашмаган Қуръон қиссаларидир.
Ушбу Китоб (Қуръон)нинг аввалги самовий Китоблардан фарқи шуки, уларга ҳар хил тоифалар ва фосиқ кишилар турли ўзгартиришлар киритишга ботиндилар. Лекин Қуръон бундай эмас, чунки Аллоҳ таоло уни сақлашга ваъда берган ва Қуръони карим унга имон келтириб, унинг амр ва наҳйиларига амал қилгувчи қавм учун ҳидоят ва раҳмат манбаидир.
Қуръони карим қиссаларидан оладиган ибратларимиз турли усулда баён қилинади, жумладан, Ҳақ йўлда собит турувчи, ботил эътиқод ва амаллардан узоқ юрувчи, Аллоҳ таолога чин қалбдан тавба қилувчи, У рози бўладиган амалларни қилиб, ғазаби келадиган ишларни тарк этувчи мўминларга чиройли оқибат бўлиши баён қилинган. Сулаймон (алайҳиссалом)нинг қиссаларида яхши намунани кўришимиз мумкин. Аллоҳ таоло У кишига ўзларидан сўнг ҳеч кимга насиб бўлмайдиган бойликни ато қилди ва бу бойлик ва мулкка ношукр бўлмадилар ва у Аллоҳни зикридан ҳам тўсиб қўймади. Аллоҳ таоло айтади:
«Энди қачонки (Сулаймон тахтни) ўз ҳузурида кўргач, деди: Бу Парвардигоримнинг мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, имтиҳон этиш учун берган фазлу марҳаматидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўз (фойдаси) учун шукр қилур. Ким куфрни неъмат қилса, бас, Парвардигорим (унинг шукр қилишидан) беҳожат ва фазлу карам эгасидир» (Намл, 40).
Зулқарнайн қиссасида ҳам ақл эгалари учун кўп ибратлар бор. Аллоҳ таоло унга ҳукмронлик ва ер юзида кўпгина имкониятлар берди. У эса куч-қуввати ва давлатини ёмонликка эмас, яхшиликка, фасод ишларга эмас, ислоҳ қилишга сарфлади.
Ғор эгалари (Асҳобул Каҳф) қиссаси ҳам жуда таъсирли ва ибратга тўла. Улар ўз Раббиларига имон келтирдилар. Аллоҳ уларнинг имонларини Ҳақ йўлда собит турганликлари сабабли янада зиёда қилди. Юнус (алайҳиссалом)нинг қавмлари тўғрисидаги қиссадаги ибратлар шундан иборатки, у кишининг қавмлари Ҳақ йўлга даъват қилинганларида яхшилик билан қабул қилдилар, ўз Пайғамбарлари келтирган хабарни тасдиқладилар, Аллоҳ таоло учун динни холис қилдилар (ихлос билан ибодатларни бажардилар). Аллоҳ таоло айтади:
«Қани энди (Биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ аҳли (ўз Пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида) имон келтирсалар эди, албатта, имонлари фойда қилган (яъни, ҳалок бўлмаган) бўлар эди. Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Имон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги расволик азобини кетказдик ва уларни маълум бир вақтгача, фойдалантирдик» (Юнус, 98).
Маъноси: кошки эди, кофир қавм рушду ҳидоятга қайтиб, пайғамбарлари келтирган Ҳақ динга имон келтирсалар ва нажот топсалар. Йўқ, илло Юнус (алайҳиссалом)нинг қавми шундай қилди. Улар қилган гуноҳ ишларига пушаймон бўлиб, чин дилдан Аллоҳ таолога тавба қилдилар ва ўз пайғамбарларига имон келтирдилар. Шу сабабли, улар Аллоҳнинг азобидан нажот топиб, дунё ҳаётида ўз ажаллари етгунча тинчлик-саломатлик билан яшаб ўтдилар. Ушбу оятда, шунингдек, ҳақиқатни ёлғонга чиқарувчи ва кофир қавмларнинг ёмон оқибатлари баён қилинмоқда. Улар ўз куфрларида қаттиқ туриб олиб, Пайғамбарлар келтирган насиҳатларга қулоқ осмадилар, ҳидоятдан кўра залолатни афзал билиб, Аллоҳ таолонинг неъматларини инкор қилдилар. Аксинча, у неъматларини тоатда эмас, балки гуноҳ-маъсият амалларда ишлатдилар.
Бандаларни берган неъматларига ношукр бўлишидан қайтариш мақсадида Аллоҳ таоло Қорун қиссасини келтиради. Унга Аллоҳ томонидан кўпгина неъматлар, мол-мулк ато этилган эди. Лекин у буни тан олмай ношукрлик қилди ва такаббурлик билан:
«Менга (бор молу давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас), деди» (Қасас, 78).
Шунингдек, Сабаъ аҳлининг қиссасида Аллоҳ таоло улар ҳақида бундай дейди:
«Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида бир аломат бор эди – ўнг томонда ҳам боғ-роғлар бўлиб, (Биз уларга): “Парвардигорингиз (берган) ризқ-рўзидан баҳраманд бўлинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират қилгувчи Парвардигордир”, (деган эдик). Бас, улар юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўфон билан селни юбордик ва уларнинг боғларини тахир-аччиқ мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор “боғлар”га айлантириб қўйдик. Кофир бўлганлари сабабли уларни мана шу йўл билан жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсаларгагина жазо берурмиз» (Сабаъ, 15–17).
Маъноси: Сабаъ қабиласининг масканларида Аллоҳнинг фазлу марҳаматига далолат қиладиган очиқ-ойдин аломатлар бор эди. Аллоҳ таоло уларга боғу бўстонлар ато этди, бириси масканларининг ўнг томонида, иккинчиси чап томонида. Сўнгра Аллоҳ солиҳ инсонлар тилидан уларга қарата айтдики: «Парвардигорингиз (берган) ризқу рўзидан баҳраманд бўлинглар ва У зотга шукр қилинглар!», чунки сизлар покиза шаҳарда яшамоқдасизлар, у ерда сизларга лозим бўлган барча нарсалар муҳайё, бунинг устига Аллоҳ сизларга меҳрибон Зот ва гуноҳларингизни кечиргувчидир.
Бас, буларга шукр қилинг! Лекин “Улар юз ўгиришди”, яъни насиҳат қилувчиларнинг панд-насиҳатларидан юз ўгириб, Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилишди. Натижада Аллоҳ уларнинг устига ҳалок қилгувчи селни юборди ва ғарқ пишиб етилган боғлар бирон-бир фойда бермайдиган дарахт ва меваларга айланди. Қуръони каримни тадаббур қилгувчи киши бундан ношукр қавмларнинг қиссалари ва улар тақдирларининг қандай якун топганини кўради.
Анкабут сурасида Нуҳ, Иброҳим, Лут, Шуайб, Ҳуд, Солиҳ ва Мусо (алайҳиссаломлар)нинг қавмлари билан бўлган қиссани зикр қилгач, Аллоҳ таоло бундай дейди:
«Биз улардан ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас, уларнинг орасида биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир. Улар орасида даҳшатли қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз ерга юттирган кимсалар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар» (Анкабут, 40).
Яъни, ушбу ҳақиқатни ёлғонга чиқарувчи кофир қавмни ўз гуноҳлари туфайли ушладик ва ҳалок этдик, чунки улар, гуноҳга муккасидан кетиб, ундан қайтмас эдилар. Шу сабабли Лут (алайҳиссалом) қавмларининг устига кучли шамол аралаш тош ёғдирилди. Солиҳ ва Шуайб (алайҳиссалом) қавмларини кучли ва ҳалок қилувчи қичқириқ тутди. Ношукр Қорунни эса ер ютди. Баъзиларини Нуҳ ва Фиръавн қавми каби ғарқ қилдик. Аллоҳ таоло уларга зулм қилишни хоҳламади, балки улар ўз нафсларига зулм қилдилар, куфр ва ношукрликда бўлганликлари сабабли ўзларини ўзлари ҳалок қилдилар.
Ушбу зикр қилиб ўтганларимиз, Қуръони карим қиссаларидан кўзда тутилган асосий мақсад ва ғоялари ҳамда улардан келиб чиқадиган ибратлар эди. Бу ерда келтирганларимиз дарёдан бир томчидир. Қуръони карим қиссаларида яна кўпгина ибрат ва мақсадлар борки, уни ҳар бир салим ақл эгаси ўзи фикр қилиб, чиқариб олади.
1416 ҳижрий йил, Сафар ойининг 12-куни Милодий 1995 йил,
10 июль Муҳаммад Саййид Тантовий
“Ал-Азҳар” университетининг шайхи