- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайнда Ҳавозин қабиласин мағлуб этганларидин кейин аларға мадад берган тоифлик Сақиф қабиласи жазм этдиларки, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам албатта, интиқом олмак учун бизнинг устумизға келурлар. Анинг учун ниҳоятда зўр мудофаа тайёрлигин кўруб, мунтазир турдилар. Қўрғонлариға таомдин, силоҳдин, бошқа зарурий ашёлардин кофий (кифоя қилгулик) миқдорда захира жам қилдилар.
Вақтики, мусулмонлар Тоифға етдилар, аскарлар қўрғондин бироз узоқроғ ерға тушдилар. Баъзилари қўрғонға яқин тушуб қолғон эканлар, аларни тефадин ўқға тутуб шаҳид қилдилар. Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрдиларки, душман ниҳоятда мустаҳкам қалъаға ўрнашган ва ҳар жиҳатдин эҳтиётларин яхши кўрган эканлар. Шундоғ бўлса ҳам, мусулмонлар неча бор ҳар қисм асбоблар ила ҳамлалар қилуб кўрдилар. Натижа бермагач, ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоиф хорижида (ташқарисида) бор узумларни кесуб ташламакға амр бердилар. Мусулмонлар узумларни кеса бошладилар, буни кўруб, ичкаридин баъзилари Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламдин умид этдиларки, узумларни ё ўзлари олсунлар, ё Худо ва қаробат (қариндошлик) учун қўюб қўйсунлар. Кейин жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳмлари келуб, ман қилдилар.
Кейин бу шаҳар муҳосараси (қамали бир ривоятга кўра,) ўн етти кун давом этди. Лашкари Ислом сипаҳсолор (саркарда)лари ҳазрати Холид ҳар кун аларни шаҳардин тушмакға чақирур эрдилар. Алар қулоғ солмас эрдилар.
Охир жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аларға ташдид (ҳамла) қилмай, қайтишға қарор бердилар. Саҳобалардин баъзилари арз қилдилар: “Ё Расулаллоҳ, аҳли Тоиф ҳалоклариға дуо қилсунлар”. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар, лекин дедиларки: “Ё Аллоҳ, Тоиф аҳлини ўзунг ҳидоят қил ва алар менинг ҳузуримға мусулмон бўлуб келсунлар”. Кейин Тоифдин қайтуб боруб, Жиъронада ғаниматларни тақсим қилдурдилар.
Кейин ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Жиъронадин умра учун эҳромға кирдилар. Маккаи Мукаррамаға кечқурун кирдилар. Тавоф ва саъйдин фориғ бўлуб, яна Жиъронаға қайтуб чиқдилар, (сўнг) ... Мадинаи Мунаввараға равона бўлдилар. Тамом лашкарлар ила музаффарона суратда (бир ривоятга кўра,) йигирма еттинчи зулқаъдада дохил бўлдилар.
Ҳақиқат шулдурки, Ҳунайн уруши (жанги) асри набавийда араблар ила бўлғон уруш (жанг)ларнинг охири бўлди. Аллоҳ таоло бу уруш ила ширк жамиятларин шавкатларини пора-пора қилуб ташлади. Чунки Ҳавозин тамом араб ўрталарида машҳур урушқоғ, баҳодир жамоа эрдилар. Буларнинг мағлубиятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдин кўрган илтифотлари булар дилларидин, балки, тамом араб дилларидин Ислом ва Расули Ислом адоватларин кўтаруб ташлади.
Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаға қайтганларидин кейин баъзи-баъзи мақомларға аскар (яъни, сарийя)лар юборуб турдилар.
Жумладин, ҳазрати Бишр ибн Суфён Адавий розияллоҳу анҳуни Хузоъа қабиласидин бўлғон Бани Каъб жамоасиға юбордилар, токи алардин молларин(инг) садақа (закот)ларин олуб келсунлар. Лекин аларнинг ҳамсоя (қўшни)лари Бани Тамим қабиласи (ўз) зиммалариға лозим бўлғон садақа (закот)ларни адо қилишдин ман қилдилар. Бу хабар жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламға етгач, ҳазрати Уяйна ибн Ҳисн розияллоҳу анҳуни эллик адад саҳроий отлиғ аскар ила тефалариға юбордилар. Бу жаноб боруб, алар ила муҳораба қилдилар ва алардин ўн бир адад эр, йигирма бир адад хотун кишини асир олуб қайтдилар ва булар ила ўттуз адад ёш болалар ҳам бор эрди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буларни Рамла бинти Муҳориб уйида сақлансун, деб амр бердилар.