- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Юқорида баён қилунғон асирлар орқаларидин Бани Тамим тарафидин элчилар келдилар. Булар ораларида Уторид ибн Ҳожиб, Зибриқон ибн Бадр ва Амр ибн Аҳтам деган зотлар бор эрдилар. Булар жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташрифлариға бироз интизор қилдилар. Тезроғ келмаганларидин кейин ҳужраи саодат орқа тарафларидин келуб, бадавийлар овозлари ила: “Ё Муҳаммад! Бизнинг қошимизға чиқғил. Биз сен била муфохара (фахрланиш борасида мусобақа) қилурмиз. Бизнинг мадҳимиз (мақташимиз) зийнатдур ва мазамматимиз (ёмонлашимиз эса) қабоҳатдур”, дедилар. Кейин жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг овозларидин диллари ранжиган ҳолда чиқдилар.
Мана шул жамоа ҳақларида нозил бўлғондур бу ояти карима:
إِنَّ الَّذِينَ يُنَادُونَكَ مِنْ وَرَاءِ الْحُجُرَاتِ أَكْثَرُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ، وَلَوْ أَنَّهُمْ صَبَرُوا حَتَّى تَخْرُجَ إِلَيْهِمْ لَكَانَ خَيْرًا لَهُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ
“Таҳқиқ, одамларики, овоз берурлар сизға ҳужралар орқасидин, аларнинг аксарлари албатта, беақлдурлар. Ва агар алар сабр қилсалар эрди, то сиз алар қошлариға чиқғунингизча, албатта, яхши бўлур эрди алар учун. Ва Худо мағфиратлик ва меҳрибондур” .
Ўшал вақт намози пешин вақти эрди. Ҳазрати Билол азон айтдилар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз учун масжидға кирдилар. Элчилар жанобға ёпушуб олдилар ва дедиларки: “Бизлар Бани Тамимдин келган бир жамоатдурмиз. Шоирларимиз ва хатибларимизни баробар олуб келдук. Сизлар ила мушоара ва муфохара (шеър айтиш ва фахрланиш борасида мусобақа) қилурмиз”. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биз... на шеър ила юборилибдурмиз ва на муфохараға маъмур (буюрилган)дурмиз”.
Кейин намози зуҳр (пешин) ўқулуб бўлғондин кейин меҳмонларнинг шоирлари-ю хатиблари бир-бирлари ила муколама (суҳбат) ва мубоҳаса (баҳс) қилдилар. Кейин ҳаммалари, алҳамду лиллоҳ, мусулмон бўлдилар. Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам аларнинг асирларин қўллариға тобшурдилар ва ўзлариға яхши мукофотлар бердилар. Кейин бир неча муддатғача Мадинада туруб, Қуръон таълим олдилар ва диний масоил (масала)лардин ўргандилар. Таълим ва нашри динға (динни ёйишга) қодир бўлуб, ватанлариға қайтдилар.