close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Маккаи Мукаррама фатҳ этулганларидин кейин Ҳавозин ва Сақиф қабилалари ўзаро дедиларки: “Агар бизлар бир яхши уруш қилуб, мусулмонларға шикаст берсак, ул ҳолда маккаликларнинг тамом Тоифдаги боғу бўстонлари бехилоф бизларға ўтуб қолур ва ҳам мусулмонлардин кофий (етарлича) интиқом олғон бўлурмиз”. Ва бу ғаразда Бани Музар ва Бани Ҳилол қабилаларин ўзлариға қўшуб олдилар. (Йигирма) тўрт минг баҳодирни баробар олуб, Макка тарафиға равона бўлдилар. Йўлда Ҳунайн водийсиға етуб, манзил қилдилар. Бу жамоа ўз сардорлари Молик ибн Авф маслаҳати ила хотун, бола, мол ва ҳайвонларин ҳамроҳ олуб жўнадилар. Молик бу маслаҳатни шунинг учун бердики, хотун, бола-чақасин ташлаб, ҳеч ким майдондин қоча олмас.
Мана бу хабарни эшитуб, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадин ташқариға чиқдилар, токи жангда Каъбаи шарифа ва Ҳарам сарзамини (ҳудуди) поймол бўлмасун. Ислом лашкариға янги мусулмонлардин икки минг аскар ҳам қўшулди. Мажмуълари ўн икки минг нафардин иборат жайши азим (катта қўшин) бўлдилар.
Душманлар эса, бир ниҳоятда ўтуши қийин дараға жойлануб, пистирма бўлдилар. Ўзларин ўткур мерганларин ҳар-ҳар жойға махфий қўюб қўйдилар.
Вақтики, Ислом лашкарининг аввалғи ҳиссаси (қисми) бехабарлик ҳолда ул мақомға етуб бордилар, душман нишониға тўғри боруб қолдилар. Душманлар шул қадар ўқ ота бошладиларки, мусулмонлар ҳеч илож қила олмай, охири қоча бошладилар. Майдонда (салкам) юзға қадар саҳоба қолуб, қолғонлари тарқалуб кетдилар.
Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрдиларки, душманлар тўрт тарафдин ҳамла қилуб, келуб турубдурлар ва Ислом лашкари қочмакдалар. Бу ҳолни кўргач, бу алфоз (лафзлар)ни ўқуғон ҳолда, душман тарафиға қараб юра бошлади(лар):
أَنَا النَّبِيُّ لَا كَذِبْ، أَنَا ابْنُ عَبْدِ الْمُطَّلِبْ
яъни, “Мен ҳақ пайғамбардурман, бу сўзда ёлғон йўқдур. Мен Абдулмутталибнинг ўғли (набираси)дурман. Менинг ростлиғим лашкар ила эмасдур, балки нубувватимдадур”.
Кейин ҳазрати Аббосға амр қилдилар, муҳожирлар ва ансорларни чақирсунлар. Ул зот баланд овоз ила ҳаммаларин чақирдилар. Бир бор овоз берган замонлари ҳаммалари майдонға ёнуб (қайтиб) келдилар.
Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкар тартибин бошқадин туздилар. Аввал лашкарнинг бош тарафида янги мусулмон бўлғон Макка ёшлари бор эрдилар, зиёда тажрибалари йўқ эрди. Бу дафъа тамом урушларда тажрибалари комил бўлғон катта ва кўҳна машқлик муҳожирлару ансорлар илгари турдилар.
Алҳамду лиллоҳ, буларнинг бир бор ҳамлалариға тоқат қила олмай, душман орқасин ўгуруб, майдондин қоча бошлади ва неча фирқаға бўлунуб кетдилар. Биринчи фирқалари бошлиғлари Молик ибн Авф ила баробар Тоиф қалъасиға боруб, паноҳ олдилар. Иккинчи фирқалари тамом хотун, болалар, моллар ва тиллоларин олуб, Автос водийсиға боруб бекиндилар ва баъзилари бошқа тарафға юзландилар.
Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Абу Омир Ашъарий розияллоҳу анҳуни Автосдагилар тефалариға юбордилар. Бу зот боруб, ул мақомда алар ила урушуб, шаҳид бўлдилар. Ўрунлариға (жиянлари) ҳазрати Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу сардор бўлуб, урушини давом этдурдилар. Охир душманға би-изниллоҳ (Аллоҳнинг изни ила), мусулмонлар ғолиб келдилар.
Бу урушда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрлари ила тамом асирлару ғаниматларни жам қилдилар ва Жиъронаға келтуруб қўйдилар. Ғанимат бу нарсалардин иборатдур: йигирма тўрт минг адад туя, қирқ минг ададдин зиёда қўю эчки ва тўрт минг уқия  кумуш. Асирлар, хотунлар ва болалар мажмуълари олти минг нафар эрдилар.
Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғазотда майдондин кетмай туруб, Ҳавозин қабиласин буюк сардорларидин олти киши хизматлариға келдилар ва ҳазратларидин марҳаматларин умид этдилар. Булар ораларида жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға Тоифда болаларға буюруб, тошбўрон қилдурган ва охирғи кунларида урдуруб, беҳуш қилуб ташлаган зотлар ҳам бор эрдилар. Марҳамат қилдиларки: “Мен ўзум ҳам сизларға мунтазир эрдим, икки ҳафта яқин бўлди, ғаниматларни тақсим қилмай турубдурман. Энди, сизлар келдингизлар, яхши бўлди”. Кейин аларға жавоб ўрнида дедилар: “Мен ўз ҳиссамға тушган асирларни осонлик ила озод этурман ва агар мен била бу урушда муҳожирлару ансорлар ўзлари бўлсалар ҳам, ҳамма асирни бўшатмак мушкил эмас эрди. Лекин сизларға маълумдурки, бу ғазотда шундоғ жамоа ҳам борки, алар ҳозир(гача) мусулмон бўлғонлари ҳам йўқ. Анинг учун тадбир шулдурки, сизлар эрта намози бомдоддин кейин келинглар ва ом жамиятда (умумий жамоатда) ўз арзларингизни тақдим этинглар. Ул ҳолда, иншааллоҳ, бир яхши сурат пайдо бўлур”.
Иккинчи куни ўшал сардорлар келдилар, ом мажмаъ (умумий жамоат)да ўз асирларин озод этулишларин ҳақинда ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматлариға арз қилдилар. Жаноб рисолатмаоб соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Мен ўзумға ва Абдулмутталиб авлодлариға берилган асирларни бир нарса муоваза (эваз) олмай, озод этурман”. Буни эшитуб, ансор ва муҳожирини киром розияллоҳу анҳум ҳаммалари дедилар: “Бизлар ҳам ўз асирларимизни бир нарса олмай, озод этурмиз”.
Энди, Бани Сулайм ва Бани Фазора қолдилар. Булар таажжуб қилдиларки, бир жамоа ҳамла қилуб, кейин мағлуб бўлса, буларнинг ҳақларинда нечук раҳму карам қилунур. Анинг учун бу икки тоифа асирларин бемуоваза озод қилишға унамадилар. Кейин жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буларни чақирдилар ва ҳар бир асир муқобилида олти туя муоваза берилуб, озод қилунди. Бу маблағни Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бердилар. Кейин тамом асирларни бир ерға жам қилуб, ҳаммалариға либос кийдуруб, жойлариға равона қилдилар.
Баъзи аҳли сийрат дебдурларки, юқорида озод қилунғон асирлар ичларинда жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг разоъий ҳамшира (эмикдош опа)лари – онамиз ҳазрати Ҳалимани қизлари Шаймо ҳам бор эрди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ул зотни танудилар. Филҳол, муборак чодир (ридо)ларин остлариға солуб бердилар, дедилар: “Агар сен биз била турсанг, иншааллоҳ, яхши бўлур ва агар юртинға бормакни хоҳласанг, ихтиёринг”. Ул зот кетишни хоҳладилар. Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда иззату шавкат ила ватанлариға ёндурди (қайтариб юборди)лар.
Жаноб ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғазотда тамом ғанимат молларин тақсим қилдилар. Бахшиш (инъом)ларни кўпини Исломға янги дохил бўлғон жамоаға бердилар. Ҳаммадин зиёда ихлослик жамоа ансори киромға бу тақсимдин ҳисса бермадилар, дедилар: “Бошқа ҳамма молларни олуб кетурлар, аҳли Мадина Расулуллоҳни олуб кетурлар”. Бу сўзни эшитуб, ансори киром розияллоҳу анҳум ғанимат олғонлардин зиёда хурсанд бўлдилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase