- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Вақтики, ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаға қайтуб келдилар, орқаларидин Абу Басир ном бир зот Макка жил (қамоқ)хонасидин қочуб, Мадинаға рисолатмаоб соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматлариға ҳозир бўлди. Бу жаноб орқасидин Азҳар ибн Абдуавф ва Ахнас ибн Шариқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматлариға Бани Омирдин бир (балки, икки) кишини хат ила юбордилар. Хатда Абу Басирни шул киши(лар) ила қайтаруб юборишларини илтимос этубдурлар.
Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Басирға дедилар: “Эй Абу Басир, хабаринг бор, бизлар мушрикларға аҳд бергандурмиз ва бизнинг динимизда беаҳдлик йўқдур. Аллоҳ таоло сенга ва бошқа сен каби биродарларингға оз кунда кушойиш (енгиллик, муваффақият) ато қилур. Энди, сен бу одам(лар) ила баробар қавминг ҳузуриға боргил”. Абу Басир деди: “Ё Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мени аларға қайтарсалар, динимға нуқсон берурлар”. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Боргил”, дедилар.
Абу Басир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрлариға итоат қилуб, келган одам(лар) ила баробар Мадинадин жўнадилар. Зул Ҳулайфаға етганда, бир деворға суянуб ўлтурдилар. Ҳамроҳлари Омирий ва анинг йўлдоши ҳам ўлтурдилар. Кейин Абу Басир Омирийға қараб дедилар: “Қўлунгдаги қиличинг ўткурдурми?” Омирий деди: “Оре (ҳа), тездур”. Абу Басир: “Кўрсам бўлурми?” дедилар. Омирий деди: “Қиличим ўткурдур, кўрсангиз кўрунг”, деди. Абу Басир оҳиста қилични қўлға олди. Ғилофидин чиқаруб, Омирийнинг ўзиға ҳамла қилуб, лаҳзада ани ўлдурдилар. Ёнидаги одам буни кўруб, қочуб кетди. Тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматлариға боруб, воқеани арз этди. Орқадин Абу Басир ҳам келди. Бўйнидаги қилични тақуб олубдур ва деди: “Эй Расулуллоҳ, сиз аҳдингизға вафо қилдингиз ва мени аларға тобшурдингиз. Худо сизни масъулиятдин қутқазди. Лекин мен динимни поймол бўлушини хоҳламадим ва ўзумни аларға масхара қилуб бермадим”, деб ҳузури набавийдин чиқуб, дарё (Қизил денгиз) бўйида Ийс ном мақомға етуб, ул ерда иқомат ихтиёр этди. Бу мақом Шом йўлида эрди.
Кейин Маккадаги мусулмонларға Абу Басир воқеаси эшитилди. Алар оҳиста-оҳиста анинг қошиға тўпландилар. Ададлари етмишға етди. Бир муназзам (интизомли, тартибли, уюшган) жамият бўлдилар. Ўтган ва кетган (Қурайшга тегишли) қофила (карвон)ларни талаб турдилар. Одамларин ўлдуруб турдилар. Қурайш жамоаси (қабиласи) учун ҳаётларин хатарға тушурдилар.
Охир Қурайш жамоаси (қабиласи) Расулуллоҳға мурожаат этуб, бу жамоани Мадинаға олишларин ўзлари ражо (илтимос) этдилар. Ҳазрат Расули мақбул соллаллоҳу алайҳи васаллам аларни Мадинаға чақируб олдилар.
Бу тадбир соясида муоҳада шартларидин бир муҳим шарт мансух бўлди (бекор қилинди). Кейин мусулмонлар билдиларки, Ҳудайбийядаги сулҳ ҳақиқатда мусулмонлар фойдалариға бўлғон сулҳ экан.