- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Бу ғазот ҳижратнинг олтинчи санаси (йили) шаъбон ойида вуқуъға келди (воқеъ бўлди). Сабаби будурки, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға хабар етдики, Бани Мусталиқ жамоаси (қабиласи) мусулмонлар ила муҳораба (уруш қилиш)ға тайёргарлик қилуб турган эмишлар.
Бу хабарни эшитгач, жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардин бир катта жамоани баробар олуб, алар тарафлариға равона бўлдилар. Иттифоқо, Мурайсиъ номлик бир сув тефа (тепа)сида душманлар ила учрашуб қолдилар. Шул ерни ўзида ғазот бошлануб кетди. Ниҳоятда зўр уруш бўлуб, охири душманлар мағлуб келуб, шикаст топдилар ва мусулмонлар қўллариға асир тушдилар.
Мана шул ғазот асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ила баробар борган жамоадин икки нафарлари сув устида бир-бирлари ила сўкушуб (жанжаллашиб) қолдилар. Бирлари: “Ё маъшарал муҳожирин (эй муҳожирлар жамоаси)”, деб нидо қилдилар ва иккинчилари: “Ё маъшарал ансор”, деб овоз бердилар. Ҳар икки тарафдин халқ жам бўлдилар...
Мунофиқлар сардорлари Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ғазабнок бўлуб, қавмиға дедики: “Ташқаридин келганлар бизнинг мамлакатимизда туруб, бизлар ила урушмакчи ва бизларға ҳам ғолиб келмакчи бўлдиларми? Бизларнинг ҳолимизға арабларнинг “итингни семирт, ўзунгни есун”, деган масаллари тўғри келди. Энди, Худо отиға қасамёд этуб дерманки, Мадинаға қайтуб боргач, азиз ватанийлар залил (хор) мусофирларни шаҳардин чиқаруб ҳайдасунлар ва албатта шундоғ бўлур”, деди.
Кейин ўз жамоасини чақируб дедики: “Бу сизлар учун жазодурки, мусулмонларға жой бердингиз ва молларингизни тақсим қилуб бердингиз. Сизлардин бу илтифотлар бўлмаса эрди, булар Мадинани ташлаб, бошқа бир тарафға кетур эрди.
Мунофиқлар сардорларин бу сўзин жаноб Зайд ибн Арқам (розияллоҳу анҳу) эшитдилар. Боруб, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға еткуздилар. Ҳазрати Умар Форуқ ул ерда ҳозир эрдилар, дедилар: “Ё Расулаллоҳ, Убода ибн Бишрға амр берсунлар, бу мунофиқни калласин олуб келсун. Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ё Умар, агар биз мундоғ қилсак, дунё халқи “Муҳаммад энди, ўз саҳобаларин ўлдура бошлади”, деб сўз қилурлар”. Амр бердиларки, лашкари Ислом Мадинаға қайтсунлар. Ҳамма баробар Мадина тарафиға жўнадилар. Расули карим соллаллоҳу алайҳи васаллам бу соатда йўлға чиқмас эрдилар. Шул кун шундоғ амр бердилар.
Мусулмонлар Бани Мусталиқ урушида кўб асир олдилар. Булар ораларида Бани Мусталиқ сардорлари Ҳорис ибн Абу Зирорнинг қизи жаноб Жувайрийя ҳам бор эрдилар. Бу жаноб Собит ибн Қайс ибн Шаммос розияллоҳу анҳу ҳиссалариға тушуб эрдилар. Ҳазрати Жувайрийя розияллоҳу анҳо ўзларин фидо (фидя)ларин беруб, озодлик олмак учун ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматлариға бордилар. Жаноб Расулуллоҳ дедилар: “Мен сизнинг тарафингиздин фидо беруб, ажратуб олай. Сўнгра сизни озод этуб, ўз никоҳимға олай”, дедилар. Жаноб Жувайрийя бу маслаҳатни қабул этдилар. Бу никоҳ Бани Мусталиқдин юз уйлик бир катта жамоанинг озод этулишлариға сабаб бўлди.
Кейин Ҳорис ибн Абу Зирор ўз қизини озод қилуб олмак учун бир неча адад туя олуб, Мадинаға келди. Водийи Ақиқға етганда, бу туялардин икки адади кўзиға яхши кўрулди. Аларни ул ерға бекитиб қўюб кетди. Кейин ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматлариға ҳозир бўлди ва деди: “Эй Муҳаммад, менинг қизим Жувайрийя урушда сизларға асир тушубдур. Мана мен анинг ўрниға фидо (тўлов) келтурдум. Таслим олуб (қабул қилиб), қизимни озод этулсун”. Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилуб дедиларки: “Бу туялардин икки ададин водийи Ақиқда фалон мақомға қўюб келдинг, ўшал туялар қани?” Ҳорис бу сўзни эшитуб беихтиёр: “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳ, ва ашҳаду анна Муҳаммадар Расуулуллооҳ”, деди ва дедики: “Худо номиға қасамёд этуб дерманки, бу воқеа Худодин бошқа ҳеч бир кишиға маълум эмас эрди”. Бу сўзни деб туруб, ўзи, икки ўғли ва жамоасидин бир тоифа ҳаммалари мусулмон бўлдилар. Кейин ул яширган икки адад туяни келтурди. Ҳаммасини ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллариға тобшурди. Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам анинг қизи Жувайрийяни ўзиға тобшурдилар. Кейин бу зот ҳам мусулмон бўлдилар ва ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ул жанобни (Жувайрийя розияллоҳу анҳони) ўзлари учун талаб қилдилар (сўрадилар). Оталари қабул қилуб, Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламға никоҳ қилуб бердилар. Маҳрлари тўрт юз (кумуш) танга бўлди .
Вақтики, Бани Мусталиқ жамоаси Ислом диниға мушарраф бўлдилар, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аларға Ислом аҳкомин таълим қилмак (ва закотларини олиб келиш) учун Валид ибн Уқбани юбордилар. Алар бу зотни келишларин эшитгач, истиқболлариға салом учун чиқдилар. Лекин Валид ибн Уқба алардин хавф қилуб, Мадинаға ёнуб кетдилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламға алардин шикоят қилдилар ва дедиларки: “Бани Мусталиқ мени ўлдурмакчи бўлдилар ва берадурган садақа (закот)ларини бермадилар”. Бу сўздин жаноб Расулуллоҳ таажжубда эрдиларки, Бани Мусталиқ тарафларидин бир жамоа элчи бўлуб келуб қолдилар ва дедилар: “Ё Расулаллоҳ, бизлар сиздин бир киши биз тарафға юборилибдур, истиқбол қилуб олайлук, деб йўллариға чиқсак, мени булар ўлдургани чиқдилар, деб садақаларни ҳам олмай, бу тарафға келуб қолубдурлар”. Кейин Аллоҳ таоло сураи Ҳужуротдаги
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَإٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
(“Эй иймон келтирган зотлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!”) (6-)оятин нозил қилди.