close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоти (одати) карималаридин бири бул эрдики, қачон бир тарафға сафар қилмакчи бўлсалар, волидаларимиз ўрталарида қуръа ташлатур эрдилар. Кимнинг номиға сафар қуръаси чиқса, ўшал зотни ҳамроҳ олуб кетур эрдилар.
Иттифоқо, бу Бани Мусталиқ ғазотида волидамиз ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо ҳамроҳ бўлуб қолдилар. Бу жаноб баданлари озғин, вазнлари енгил бир зот эрдилар.
Вақтики, мусулмонлар бу ғазотдин фориғ бўлуб, Мадинаға равона бўлдилар, йўл устида Мадинаға яқин бир ерға озроғ ором олмак учун тушдилар. Кечқурун кируб қолғон эрди, бироз роҳат олғондин кейин тездин юруб кетдилар. Булар ўшал ерға тушган вақтларида онамиз ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо ҳожатлари учун қофила (карвон аҳли)дин бироз узоғроғ кетуб эрдилар. Иттифоқо, қайтуб келуб турганларида, бўюнларидаги тақинчоқлари узулуб, доналари сочилиб кетди. Аларни тўплаб олуб, ўз жойлариға келсалар, ҳеч ким ул ерда қолмабдур. Қофила жўнаб кетубдурлар. Алар ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳони ўз кажаваларида  оромдалар, деб фаҳмлаб кажаваларини туяға юклаб кетаберубдурлар. Ҳазрати Оиша бу ҳолни кўргач, ўшал ердин қимирламай интизорда ўлтурдиларки, жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам кажавада йўқликларин билгач, албатта, одам юборуб, олдуруб кетурлар.
Шул фикрда турганларида, бир тарафдин Сафвон ибн Муъаттал Суламий ном саҳобий келуб қолдилар. Кўрдиларки, ҳазрати уммул муъминин Оиша ўзлари танҳо ўлтурубдирлар. Ул киши (Сафвон розияллоҳу анҳу) даҳшатландилар. Туядин тушуб, волидаи муҳтарамаға яқин келтуруб: “Минсунлар”, дедилар. Ўзлари қочуб турдилар. Ҳазрати волида минганларидин кейин туяни тизгинини ушлаб, пиёда Мадина тарафиға равона бўлдилар. Лашкарлардин бироз кейин булар ҳам Мадинаға дохил бўлдилар .
Бу ҳолни кўрганлар ичларида мунофиқлар фурсатни ғанимат топуб, волидамиз ҳақларида туҳматларға машғул бўлдилар. Баъзи содда мусулмонлар ҳам билмай, алар сўзлариға алдандилар.
Онамиз ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо бу сафардин қайтуб, яқин бир ой бемор ва ҳаста бўлдилар. Жойларидин тура олмадилар. Бу ўртада туҳмат воқеаси Мадинада бироз зўрайди ва бу воқеани ҳазрати волидадин махфий тутулган эрди. Ҳазрати Расулуллоҳ одати шарифалари ҳазрати Оиша бемор бўлсалар, кўб илтифотлар қилур эрдилар, ширин-ширин сўзлар ила аҳволларин тез-тез сўраб, дилдорлик қилур эрдилар. Бу дафъа аввалгидек илтифот қилмадилар. Олдилариға кирганларида: “Нечуксизлар?”, дебгина қўюр эрдилар. Бу ҳолни кўргач, ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо оталарин уйлариға боруб турмак учун изн сўрадилар. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн бердилар. Боруб, оталарин уйларида ётдилар.
Иттифоқо, бир кеча ҳазрати Оиша Умму Мистаҳ номлик хотун била баробар уйдан чиқдилар. Кетуб турганларида, Умму Мистаҳ қоқилдилар. Оғизларидин “Мистаҳ ҳалок бўлсун”, деган сўз чиқуб кетди. Бу сўзни эшитгач, ҳазрати Оиша кўб хафа бўлдилар. “На учун бир бадрий (Бадр ғазотида қатнашган) муҳожир саҳобий ҳақларида мундоғ дединг(из)?”, дедилар. Умму Мистаҳ деди: “Эй Оиша, Мистаҳ густохлигидин хабарингиз йўқдурми?” Ҳақиқатда, ҳазрати Оиша Мадинада бўлуб турган сўзлардин ҳеч бир хабарлари йўқ эрди. Кейин Умму Мистаҳ воқеани тамом сўзлаб берди. Бу хабарларни эшитгач, ҳазрати Оишанинг дардлари яна зиёда бўлди. Кечаю кундуз тўхтамай йиғладилар.
Кейин жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина халқин Ҳарам (Масжиди Набавий)ға жам қилдуруб, хутба ўқудилар. Худоға ҳамду санодин кейин дедилар: “Эй биродарлар, ораларингизда бир жамоа пайдо бўлуб, менга кўб озор бера бошладилар. Аҳлим ҳақинда бўҳтон сўзларин тарқатдилар. Ноҳақ нисбатлар бердилар. Мен Аллоҳ таоло номиға қасамёд этуб дерманки, мен ўз аҳлларимдин хайр (яхшилик)дин бошқа бир нарсани билмадим. Туҳматчилар бир одам (Сафвон ибн Муъаттал розияллоҳу анҳу) ҳақида туҳмат қилурларки, мен қасам била анинг покдомон бир инсон эканлигин исбот этурман. Ул бечора қачон менинг уйларимдин бириға кирса, мен била баробар кирур, танҳо ҳаргиз кирмас”.
Мадинада бу бўҳтон сўзни тарқатувчиларнинг бошлиғлари Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул, Мистаҳ ибн Усоса, Ҳассон ибн Собит ва Ҳамна бинти Жаҳш эрдилар. Ҳолбуки, бу зот (Ҳамна бинти Жаҳш)нинг ҳамшира (сингил)лари Зайнаб бинти Жаҳш (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотунлари эрдилар. Ҳазрати Зайнаб ўзлари ҳазрати Оиша ҳақларида ҳеч бир сўз қилмадилар.
Бу воқеа мусулмонлар ўрталариға ниҳоятда буюк бир фитна пайдо қилмакчи эрди. Лекин Аллоҳ таоло ўз фазлу карами ила, алҳамду лиллоҳ, аларни ёмон натижадин сақлаб қолди.
Кейин осмондин ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳонинг покликлари учун бу бир неча оёти қуръония нозил бўлди:
إِنَّ الَّذِينَ جَاءُوا بِالْإِفْكِ عُصْبَةٌ مِنْكُمْ لَا تَحْسَبُوهُ شَرًّا لَكُمْ بَلْ هُوَ خَيْرٌ لَكُمْ لِكُلِّ امْرِئٍ مِنْهُمْ مَا اكْتَسَبَ مِنَ الْإِثْمِ وَالَّذِي تَوَلَّى كِبْرَهُ مِنْهُمْ لَهُ عَذَابٌ عَظِيمٌ...
Яъни, “Таҳқиқ ул зотларики, бу бўҳтонни келтурдилар. Ўзларингиздин бир жамоадурлар. Сизлар ани ўзларингиз учун ёмон гумон қилманглар. Балки, ул сизлар учун яхшироғдур. Ҳар бир киши учун алардин бордур ул миқдор гуноҳки, касб қилубдур ва ул зотики, кўтарубдур анинг буюк ҳиссасин алардин, бордур алар учун буюк азоб” ...
Кейин ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳарам (Масжиди Набавий)ға чиқуб, халқға хутба ўқудилар ва бўҳтончилар ҳақларида нозил бўлғон оятларни аларға ўқуб эшитдурдилар. Кейин амр қилдилар, Мистаҳ, Ҳассон ва Ҳамнаға ҳад (дарра) урулсун, дедилар. Ҳад урулди, розияллоҳу таоло анҳум ажмаъин.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase