close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мушриклар тарафларидин ҳаммадин аввал Мутталиб ибн Абу Вадоъа Мадинаға боруб, отаси учун тўрт минг дирҳам  фидя беруб, бўшатуб олуб келди.
Кейин тамом Қурайш жамоаси (қабиласи) ўз аҳли-асирлари учун (кўпи билан) тўрт минг, (камида минг) дирҳамдин фидя беруб, бўшата бошладилар.
Ҳар ким фидя беришға қодир бўлмаса, ўзи ўқуш ва ёзишни яхши билса, Мадина болаларидин ўн ададни (унинг) қўлиға топшурдилар. Алар буларни таълим беруб бўлуб кетаберурлар.
Бу асирлардин бирлари ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам домод (куёв)лари – қизлари ҳазрати Зайнабнинг эрлари Абул Ос ибн Рабиъ эрди.
(Илгари) Қурайш ила мусулмонлар ўрталари ниҳоятда бузулган кунларда бу кишини ҳам хотунларин талоқ қилмак, оталаридин алоқа узмакға тарғиб бериш(ган)дилар, лекин бу зот қабул қилма(ган)дилар.
Вақтики, бул киши ҳам Бадрда асир тушган эрдилар, бу хабарни эшитуб, ҳазрати Зайнаб розияллоҳу анҳо эрлари тарафларидин фидя беруб бўшатуб олмак қасдида, никоҳ кечалари волидалари, уммул муъминин ҳазрати Хадийжа розияллоҳу таоло анҳо тақғон тилло бўюнтақунчоқларин Мадинаға юбордилар. Ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсани кўруб, кўнгиллари бузулди ва саҳобаларға қараб: “Агар мумкин бўлса, бу нарсани олмай, Зайнаб асирини бўшатуб юборсаларингиз”, дедилар. Саҳобалар ҳаммалари бу ҳукмға рози бўлдилар. Кейин Абул Осға хотуни Зайнабни Мадинаға ҳижрат учун ижозат бермакин шарт қилуб, туруб жавоб бердилар. Абул Ос бу шартни қабул этди. Маккаға боруб, ҳазрати Зайнабға қиблагоҳларин хизматлариға бормоқға амр берди. Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам одам юборуб, Мадинаға олдурдилар. Маккаи Мукаррама фатҳидин бироз муддат илгари Абул Ос мусулмон бўлди. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (унинг) хотунларин (Зайнабни) ўшал аввалғи никоҳи ила ўзиға қайтаруб бердилар.
Бу уруш асирларидин бирлари Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳтарам амакилари ҳазрати Аббос эрдилар. Бу жанобни ҳақиқатда Қурайш зўрлик ила урушға олуб чиқғон эрди. Амр бўлдики, бул киши ҳам ўз тарафларидин ва ҳам акалари Абу Толиб ўғли Ақийл тарафидин фидя беруб бўшасунлар. Арз қилдиларки: “Ё Расулаллоҳ, бизлар мажбурий ҳолда қўшулдук. На учун фидя берурмиз?” Жавоб бердиларки: “Сизлар зоҳирда душманлар ила баробар эрдингизлар”. Алар ночор фидяларин тўладилар.
Ҳазрати Аббос дедилар: “Ё Расулаллоҳ, мени Қурайш қавмида ҳаммадин муҳтож қилуб қўйдилар (қўйдингиз)”. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Нечук муҳтож бўлурсан, ҳолбуки хотунинг Уммул Фазл қўлиға кўб катта маблағ тобшурдинг ва дедингки, агар мен ўзум ўлуб кетсам ҳам, сени ҳаммадин зиёда давлатманд бир хотун қилуб қўюб кетдим”. Бу сўзни эшитуб, ҳазрати Аббос хижил (хижолат) бўлдилар ва дедиларки: “Қасам Худо номиғаки, бу воқеани Худодин бошқа ҳеч ким билмас эрди”.
Ғараз (мақсад), жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дунё халқиға равшан кўрсатдиларки, адлу мусовот (тенглик) ва бетарафлик қандоғ бўлур, соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase