close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Жаноб Расули мақбул соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толиб ва рафиқаи муҳтарамалари ҳазрати Хадийжа розияллоҳу анҳо иккилари вафот қилғонларидин кейин яна даъвату таблиғ ишлариға зиёда масруф (машғул) бўла бошладилар.
Ҳатто шул йўлда Маккадин хорижға чиқуб, Макка била Тоиф ўрталариндаги тамом қишлоқлар ва қабилалар ичларида ваъзу насиҳатлар қилдилар. Арабларни ширкдин қайтмак ва тавҳид (яккахудолик) ақидасиға ўтмакға тарғибларда бўлдилар.
Охир юра-юра Тоиф шаҳриға етдилар. Жаноб Зайд ибн Ҳориса бу сафарда Жанобға йўлдош эрдилар. Тоифға етганларида, ул шаҳарнинг сардорлари бўлғон Абдуёлил, Масъуд ва Ҳабиб номлик уч ака-укалар уйлариға боруб, аларни Ислом диниға дохил бўлушға даъват қилдилар.
Аларнинг бирлари деди: “Эй Муҳаммад, Худо агар сени пайғамбар қилуб юборган бўлса, мен Каъба қошида соқолимни тарошлаб ташларман”.
Иккинчиси деди: “Худоға сендин бошқа одам топилмабдурмики, сени пайғамбар қилуб юборубдурки, Тоифға пиёда келубдурсан. Пайғамбар юбормак зарур бўлса, Маккадин ё Тоифдин бирор давлатманд, буюк одамни юборса, бўлур эрди”.
Учунчилари дедики: “Мен сен била ҳаргиз сўзлашмасман, чунки сен фил-ҳақиқа (ҳақиқатда) рост пайғамбар бўлсанг, сенга мухолафат (қаршилик) қилмак оғир бир масъулиятлик ишдур ва агар ёлғончи бўлсанг, сен била сўзлашмак менингдек улуғ бир одамға муносиб эмасдур”.
Аларнинг бу хил сўзларин эшитгач, жаноб Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам маъюс бўлуб дедиларки: “Энди, сизлардин умидим шулки, бу менга деган сўзларингизни ҳеч кимға сўзламанглар. Токи бу хил сўзлар сабаб бўлуб, бир қанча Исломға дохил бўлмакчи бўлғонлар кофирлик ҳолларида қолмасунлар”.
Шундоғ деб, алар қошларидин чиқуб, ҳар бир ерда ваъзу иршод қила бошладилар. Юқоридагилар бир мунча шаҳар болаларин ва ғуломларин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға мусаллат қилуб (юбориб, йўллаб), киш-киш (гиж-гиж)лаб қўйдилар. Алар келуб, жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламға тошлар отуб, кўб паришон қилдилар. Бутун муборак вужудлари қонларға бўялди. Қонлар баданларидин оқа-оқа кафш (оёқ кийим)лари тамом қонға тўлдики, таҳоратда муборак оёғларин кафшдин чиқормак мушкил бўлди.
Тоиф кофирлари, ҳароми болалар ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға шул қадар дашномлару ҳақоратлар бердиларки, ночорликдин бир қўрғон ичиға ўзларин олдилар ва бир гўша (чет)да Худоға йиғлаб ўлтурдилар. Ўлтурган жойлари Рабиъа авлоди (ўғиллари) Уқба ва Шайбанинг жойи эрди. Алар узоқдин Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳолатларин кўруб, диллари бузулди, раҳмлари келуб, Аддос ном ғуломларин қўлидин бир табақ узум беруб юбордилар.
Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ғулом қўлидин узумни олуб: “Бисмиллаҳ” ўқуғон ҳолда, тановул қила бошладилар. Бу ҳолатни кўруб, Аддос ҳайратда қолуб, Жанобға тикилган ҳолда туруб қолди. Чунки бу мамлакат халқи бу калимани истеъмол қилмас эрдилар. Анинг таажжубланғонин кўруб, Ҳазрат савол қилдилар: “Эй ғулом, сен қайси мамлакатдиндурсан?” Аддос жавоб беруб дедики: “Мен ийсавий (насроний)дурман, ватаним (Ироқдаги) Нийнаводур”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ундоғ бўлса, сен ҳазрати Юнус мамлакатларидиндурсанми?” Аддос деди: “Сиз ҳазрати Юнусни нечук танурсиз?” Ҳазрат дедилар: “Ул жаноб менинг биродарим бўлурлар, ул зот ҳам набийдурлар, мен ҳам набийдурман”. Бу сўзни Аддос эшитган замон Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошу кўзларин ўпа бошлади.
Бу ҳолни узоқдин кўруб турган Уқба ва Шайба ўз ўрталарида: “Ғулом кетди”, деб қўйдилар. Вақтики, ғулом хожаларин қошлариға келуб эрди, алар анга дедилар: “Эй бенасиб инсон, на учун ул одамнинг қўлу оёғин ўпдунг?” Аддос деди: “Бу биз турган асрда бу одамдин улуғ ва яхши одам ер юзида йўқдур, чунки бу одам менга шундоғ сўзларни қилдики, набийдин бошқалар мундоғ сўзларни қила олмаслар”. Алар Аддосға танбеҳ бердиларки, мабодо мусулмон бўлуб қолмасун.
(Ғариб ривоятга кўра,) бир кун жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифда халқға ваъзу насиҳат қилуб туруб эрдилар, бир мунча беадаблар шул қадар бераҳмона урдиларки, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бардошт қила олмай, беҳуш бўлуб йиқилдилар. Жаноб Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу орқалариға кўтаруб олуб, шаҳардин ташқари чиқуб, бир ерға ётқузуб, муборак юзлариға сув сочганларидин кейин ҳушлариға келдилар.
Бу сафарларида тоифликлардин жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам кўб озорлару кулфатлар чекдилар.
Муборак диллари Аллоҳ таоло муҳаббати ила тўлган ва Яккаю ягонани ўзиғагина эътимод этган (суянган) ҳолда эрдилар.
Мана шул мақомда ва шул ҳолатда Аллоҳ таолога йиғлаб қилган муножоту дуолари будур:
اللَّهُمَّ إِلَيْكَ أَشْكُو ضُعْفَ قُوَّتِى وَقِلَّةَ حِيلَتِى وهَوَانى عَلَى النَّاس، يَا أَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ! أَنْتَ رَبُّ المُسْتَضْعَفِينَ، وأَنْتَ رَبَّى، إلَى مَنْ تَكِلَنِى، إِلَى بَعِيدٍ يَتَجَهَّمُنِى أمْ إلى عَدوٍّ مَلَّكْتَهُ أَمْرِى؟ إنْ لَمْ يَكُنْ بِكَ عَلَىَّ غَضَبٌ فَلاَ أُبَالِى، ولكنَّ عَافِيتَكَ هِى أَوْسَعُ لى. أَعُوذُ بِنُورِ وَجْهِكَ الَّذِى أَشْرَقَتْ لَهُ الظُّلُمَاتُ وَصَلُحَ عَلَيْهِ أَمْرُ الدُّنيا وَالآخِرَةِ، من أَنْ يَنْزِلَ بى غَضَبُكَ أوْ يَحِلَّ عَلَىَّ سَخَطُك. لك العُتبى حَتَّى تَرْضَى، وَلاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلا بِكَ.
“Эй Аллоҳ, ўзунга фарёд қилурман, қувватимнинг заифлигидин, тадбиримнинг озлигидин ва одамларға хор бўлғонлигимдин. Эй ҳаммадин зиёда меҳрибон Зот! Сендурсан нотавонлар меҳрибони ва Сендурсан менинг Роббим. Мени кимға тобшурурсан? Менга юзин тириштуродурган бегонағами, ёки ул душманғамики, ани менинг ишимға молик қилубдурсан. Агар Сен менга ғазабнок бўлмасанг, мен ҳеч парво қилмасман. Лекин Сенинг офиятинг менинг учун ниҳоятда кенгдур. Мен паноҳ олурман Сенинг каримлик юзунгғаки, андин ёр(уш)убдур тамом зулматлар ва дуруст бўлубдур анинг ила дунёю охират ишлари, шундинки, нозил бўлсун менга Сенинг ғазабинг ва шундинки, пайдо бўлсун менга Сенинг хафа (норози)лигинг. Ҳаққингдур итоб қилмак, то рози бўлгунунгча. Ва йўқдур гуноҳдин қайтмак ва тоатға юзланмак тоқати, магар Сенинг мададинг ила”.
Кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдин Маккаға қайтуб келдилар. Маккада туруб, ҳар тарафдин келган одамларға турган ерлариға боруб, ваъзу даъват қилуб турдилар. Баъзан Маккадин хорижға чиқуб, қабилаларға боруб, аларни Аллоҳ таолонинг тавҳидиға даъват этуб турдилар. Алардин баъзи саодатманд бандалар мусулмон бўлуб ҳам турдилар ва баъзилари Жанобға ҳеч ким қилмағон беадабликларни ҳам қилуб турдилар.
Шул кунларда Мадина тарафидин Хазраж қавмин (қабиласининг) вакиллари Маккаға Қурайш қавми (қабиласи) ила муоҳада (аҳдлашув, битим) тузмак учун келган эрдилар. Ҳазрат Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам алар қошлариға таблиғ (даъват) учун боруб, дедиларки: “Эй муҳтарам меҳмонлар, менинг қошимда шундоғ бир давлат бордурки, ҳаммаларингиз учун ниҳоятда хайрлик бир нарсадур. Агар рағбатларингиз бўлса, баён қилай”. Алар дедилар: “Ул нима нарсадурки, бу қадар таъриф этурсиз?” Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мен Аллоҳ таолонинг юборган пайғамбаридурман. Анинг бандаларин Ўзиға танҳо ибодат қилмакға ва ширкдин тавба қилмакға чақирурман. Аллоҳ таоло менга Китоб нозил қилғондур. Менинг йўлумнинг номи Исломдур. Келинглар, сизлар шул динға кириб, икки дунё саодатин ҳосил қилинглар”, деб Қуръони каримдин бир неча оят тиловат қилуб бердилар ва Ислом динин усул (аркон)ларин баён этдилар.
Алар ичларида Иёс ибн Муъоз ном бир навжувон йигит бор эрди. Ҳазрат Расули мақбул соллаллоҳу алайҳи васаллам таблиғларидин ғоятда асарлануб (таъсирланиб), жамоасиға деди: “Эй менинг қавмим, мен Худо номиға қасамёд этуб дерман, бу баён қилунғон нарса сизларнинг келишларингизға сабаб бўлғон нарсадин неча даража яхшидур”. Иёснинг бу сўзин жамоа сардори Анас ибн Рофеъ эшитуб, қўлиға бир каф (сиқим) туфроғ олуб, Иёснинг оғзиға уруб: “Хомуш (жим) бўл!” деди.
Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрунларидин туруб чиқуб кетдилар. Кейин Иёс Мадинаға қайтуб кетуб, неча кундин кейин вафот қилди. Ўлар вақтида тили Худонинг зикриға – тасбиҳ (субҳаналлоҳ), таҳмид (алҳамду лиллаҳ), таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) ва такбир (Аллоҳу акбар)ға машғул турди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (муҳаббати) ва иймон уруғи (қалбига) сочилган экан, алҳамду лиллоҳ, ўлар вақтида оғзидин гулу мева бўлуб кўрулди.
Ўшал кунларда Арабистоннинг биринчи дуохони бўлган яманлик Зимод Аздий ном бир киши Маккаи Мукаррамаға келган эрди. Анга душманлар Муҳаммад алайҳиссаломға жинлар асар (таъсир) қилубдур, дебдурлар. Бу сўзни эшитуб, Зимод ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам қошлариға келуб: “Ё Муҳаммад, кел, мен сенга дам солуб қўяй”, деди. Жаноб дедилар: “Тўхта, сен аввал менга қулоғ солки, андин яхши нарсани ўқуб эшитдурурман”. Кейин бу калималарни ўқудилар:
الحمد لله نحمده ونستعينه، من يهده الله فلا مضل له، ومن يضلله فلا هادي له، وأشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له، وأشهد أن محمدا عبده ورسوله، أما بعد.
“Ҳамма сано Аллоҳ таоло учундур. Бизлар Анга ҳамд айтурмиз ва Андин ёрдам талаб этурмиз. Кимни Худо йўлға солубдур, анинг учун оздургувчи йўқдур ва кимни Худо оздурубдур, анинг учун йўл кўрсатгувчи йўқдур. Мен шаҳодат берурманки, Аллоҳ таолодин бошқа ҳақ маъбуд йўқдур, ул Ўзи ёлғуздур, шериги йўқдур. Ва шаҳодат берурманки, ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Анинг маҳбуб бандаси ва пайғамбаридурлар”.
Шунчалик бир неча калима эшитган Зимод арз (илтимос) қилдики, Жаноб калималарни қайтаруб ўқусунлар. Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу калималарни икки-уч бор ўқуб бердилар. Бечора Зимод дедики: “Мен кўп коҳинлар, соҳир (сеҳргар)лар, шоирлар сўзларин эшитдим, лекин бу қадар лазиз жумлаларни ҳеч кимдин эшитмадим. Бу калималар дарёи бепоён каби маълум бўлур. Эй ҳабиб, Худо учун муборак қўлларин менга узатсунларки, мен ночиз (нотавон) мусулмон бўлай”, деб мусулмон бўлди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase