- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламдин марвий (ривоят қилиниб)дурки, дебдурлар: “Бир кеча мен Ҳарами Маккийда Ҳатим ичинда уйқуға машғул эрдим. Ногаҳон Жибрил алайҳиссалом келуб, қадамлари ила ишора қилдилар. Мен туруб ўлтурдим, лекин ҳеч бир нарса кўрмадим. Кейин жойимға қайтуб ётдим. Жибрил алайҳиссалом яна келуб, қадамлари ила ишора қилдилар. Мен туруб ўлтурдим, яна ҳеч нарса кўрулмади. Кейин яна ётдим. Жибрил алайҳиссалом учунчи дафъа келуб, қадамлари ила ишора қилдилар. Мен яна туруб ўлтуруб эрдим, Жибрил алайҳиссалом қўлумдин тутуб турғуздилар ва Ҳарам дарвозасиға олуб чиқдилар. Ул ерда бир жонивор турубдур, хачирдин кичик, эшакдин катта, икки сонида қанотлари бордур , кўзини қирраси етган ерға қадам қўюр. Мени анга миндурдилар. Кейин мен била баробар юрдилар. Юра-юра (Қуддусдаги) Байтул Мақдис (Масжиди Ақсо)ға етдилар. Ул ерда ҳазрати Иброҳим, ҳазрати Мусо ва ҳазрати Ийсо ила бир неча пайғамбарларни ҳозир топдук ва кейин аларға мен имом бўлуб намоз ўқудим. Кейин икки коса келтурулди, бирида хамр (маст қилувчи ичимлик) ва бирида сут бор эрди. Жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам сутни косасини олдилар ва андин ичдилар, хамр косасини олмадилар. Ҳазрати Жибрил алайҳиссалом дедилар: “Ё Расулаллоҳ, сиз ва умматингиз фитрати аслияни ихтиёр этдиларингиз. Агар хамрни олур эрдилар, умматлари озуб (адашиб) кетур эрдилар.
Кейин Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаға ёнуб (қайтиб) келдилар. Тонг отгандин кейин Қурайш мажмаъи (жамланадиган жойи)ға боруб, воқеадин хабар бердилар. Одамларнинг кўплари ишонмадилар ва дедиларки: “Қофила (карвон) Маккадин Шом (ўлкаси)ға бутун бир ойда (борур ва бир ойда) қайтур. Бу қадар узоқ бир масофаға Муҳаммад бир кечада нечук боруб кела олур, ҳаргиз мумкин эмасдур. Кейин бир қанча мусулмонлар диндин ёнуб кетдилар .
Бу воқеани эшитганлардин бир жамоат ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу қошлариға боруб дедилар: “Эй Абу Бакр, кўргил биродарингники, бу кеча Байтул Мақдисға боруб, анда намоз ўқуб, қайтуб, Маккаға келубдур. Бу сўзға сен ишонурсанми?” Ҳазрати Абу Бакр дедилар: “Мен мундин зиёдасиға ҳам ишонурман. Аллоҳ таолонинг қудратиға бул ҳеч нарса эмасдур, на учун таажжуб қилурсизлар?”
Ўшал кундин тортуб жаноб Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг муборак лақаблари “Сиддиқ” (“доимо тасдиқлагувчи” бўлиб) қарор топди.