close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Утба (ибн Рабиъа) ўз жамоаси (Абдушамс уруғи)нинг сардори эрди. Бир кун Қурайш аъёнлари ила мажлис қилди. Шул кун ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда танҳо ўзлари ўлтуруб эрдилар. Бу ҳолни кўруб, Утба Қурайш катталариға дедики: “Агар ижозат бўлса, Муҳаммад қошиға борай ва сўзлашай. Агар қабул этса, хоҳлаган нарсасини берайлук, бизнинг илоҳларимизға таън қилмасун (ёмонламасин)”. Қурайш катталари боруб сўзлашгали рози бўлуб, анга ижозат бердилар.
Кейин Утба ўрнидин туруб, жаноб Расулуллоҳ қошлариға келди ва қошлариға ўлтуруб деди: “Эй биродарзодам (жияним) Муҳаммад! Сен бизнинг ўртамизда шарафи буюк ва насаби улуғ бир йигит эрдинг. Сенга нима бўлдики, бутун қавмингни бўлуб ташладинг, келтурган дининг сабаб бўлуб, алар фирқа-фирқа бўлуб кетишди. Аларни сўкурсан (ҳақорат қилурсан), беақл дерсан, илоҳларин айбларсан, динлариға таън берурсан ва ота-боболарин кофир қилурсан. Бу яхши эмасдур. Энди, мен сенга бир неча нарсани арз (таклиф) қилай, шояд баъзиси сенга марғуб бўлуб қолса, ани биз қилайлук ва ўртамизда улфат пайдо бўлсун, ихтилофлар кўтарилсун”.
Жаноб Саййиди олам соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сўзла, эй Абул Валид , мен эшитай”. Утба деди: “Эй биродарзодам, сенинг бу ҳаракатлардин ва халқни бўлушдин мақсадинг надур? Агар ғаразинг (мақсадинг) мол(у дунё) бўлса, биз сенга шул қадар мол тўплаб берайлукки, сендин давлатманд бир киши бўлмасун. Агар улуғликни талабида бўлсанг, биз сени ўзумизға соҳиби маслаҳат бир сардор қилуб олайлук ва сендин бемаслаҳат ҳеч бир иш қилмайлук. Агар мақсудинг подшоҳлик бўлса, биз бил-иттифоқ сени арабларға подшоҳ қилуб сайлайлук. Агар сенга бирор жин каби бир нарса теккан бўлуб, иложи (муолажаси)дин ожиз қолғон бўлсанг ва ул нарса сенга кўрунуб, бу ишларға буюруб турган бўлса, ижозат бер, биз нақадар мол лозим бўлса, харж қилуб, сенга илож (муолажа) қилдурайлук ва сени тузатуб олайлук”.
Утба сўзин тамом қилгач, ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Эй Абул Валид, сўзунг тамом бўлдими?” дедилар. “Оре (ҳа), сўзум тамом бўлди”. Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Энди, сен мендин эшит”. Утба деди: “Ўқуғил, мен эшитурман”. Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам сураи (“Фуссилат”ни бошидан ўқишни бошладилар):
حم، تنزيل من الرحمن الرحيم، كتاب فصلت آياته قرءانا عربيا لقوم يعلمون، بشيرا ونذيرا فاعرض اكثرهم فهم لا يسمعون، وقالوا قلوبنا في اكنة مما تدعونا اليه ...
“Бу тушурулгандур беҳад меҳрибон, ниҳоятда раҳмлик Зот тарафидин. Бу бир китобдурки, оятлари равшан баён қилунғондур, арабий Қуръон бўлғон ҳолда, ул қавм учунки, билурлар. Башорат бергувчидур, қўрқутғучидур. Бас, юз ўгурдилар аларнинг аксарлари ва алар эшитмаслар. Ва алар дерларки, бизнинг дилларимиз ғилофлар ичиндадур, ул нарсадинки, сиз бизни анинг тарафиға чақирурсиз...”.
Кейин жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сураи шарифадин бир неча оят ўқуб бордилар ва сажда (37-)оятиға етганларида, сажда қилдилар.
Утба Қуръони карим тиловати бошлануб, тамом бўлгунча, эшитуб ўлтурди ва ниҳоятда виқору тамкин (сабот) ила асарлануб (таъсирланиб) эшитди. Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Эй Абул Валид, эшитганингни эшитдинг, энди, ўзунг билгил”.
Утба ўрнидин туруб, равона бўлди. Қурайш аъёнларин мажлислариға яқин борганда, баъзилари баъзилариға дедилар: “Қасам Худо номиғаки, Абул Валид чеҳраси кетган ҳолидагидин бошқа кўрунур”.
Утба келуб ўлтурди. Мажлисдагилар: “Хабар нима?” дедилар. Утба деди: “Хабар шулдурки, мен Муҳаммад тилидин бир нарса эшитдимки, қасам базоти Худо (Худо зотига қасам), анинг мислин эшитмагандурман. Ул нарса шеър эмасдур, сеҳр ҳам эмасдур, фол ҳам эмасдур. Эй Қурайш, менинг сўзумни эшитинг, Муҳаммадни ўз ишиға қўюб қўюнг. Худо номиға қасам ичиб дерманки, анинг ўқуғон нарсаси оламға бир ажиб ҳолат келтирур, андин буюк ўзгаришлар пайдо бўлур. Сизлар Муҳаммадни ўз ҳолиға қўюб берсаларингиз, икки ҳолнинг бири бўлур: ё (бошқа) араблар ани ўлдурурлар, ул ҳолда сизлар ҳам андин қутулган бўлурсизлар, ё Муҳаммад ҳамма арабға ғолиб келуб, ҳамма олам анга итоат қилур. Ул ҳолда анинг подшоҳлиги сизларнинг подшоҳликларинг бўлур. Чунки анинг иззату шавкати сизларнинг иззату шавкатларингиз эрур. Дунёнинг саодатманд қавми сизлар бўлурсизлар”.
Утбадин бу сўзни эшитган Қурайш ҳаммалари бир оғиз ила: “Қасам Худо номиғаки, сени Муҳаммад жоду қилубдур”, дедилар. Утба алар жавоблариға: “Бу менинг ўз раъйим эрди, сизларға арз (баён) қилдим. Агар маъқул кўрулмаса, хоҳлаган нарсаларингизни қилинглар”, деди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase