close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қурайш жамоаси (қабиласи) ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъвату таблиғларин беасар (бетаъсир) қолдурмак учун инсоний тадбирларнинг ҳар бирин қилуб кўрдилар, туҳматларға гирифтор этдилар, ўзлариға ва асҳоблариға тарихи башар кўрмаган ва эшитмаган озорларни бердилар. Худонинг бу қадар кенг дунёсин алар кўзлариға игна кўзидин танг бир ҳолға келтурдилар. Ўз жигар ва ҳамватанлари бўлғон бир зотға раҳму шафқат қилмадилар, Худодин қўрқмадилар, халқдин уялмадилар.
Ҳатто бир кун амакилари Абу Толиб қошиға Қурайш катталари келуб, кўб беҳуда сўзларни қилуб, агар биродарзоданг (жиянинг) Муҳаммадни даъватдин ман этмасанг, ё ўзин бизға таслим қилмасанг, бутун араб (Қурайш қабиласи) сендин алоқамизни узурмиз, балки сени ҳам қўшуб ҳалок этурмиз, деб қўрқутдилар.
Бу ҳолни кўргач, Абу Толиб ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни чақируб, насиҳат қилди ва ул жанобни Қурайш таҳдидларидин огоҳ этуб, бироз мулойимат ила иш кўрушларин муносиб кўрди. Ҳазрат Расули мақбул соллаллоҳу алайҳи васаллам гумон қилдиларки, амакилари ҳам бу жанобни ўз паноҳларидин узоқ қилмакчидурлар. Дедилар: “Эй меҳрибон амаким, агар Қурайш менинг ўнг қўлумға кун (қуёш)ни ва чап қўлумға ойни қўюб қўйсалар ҳам, бу даъватни ҳаргиз қўймасман. Худойим буюрган бу хизматни, иншааллоҳ, охириға еткузурман ё шул йўлда ҳаётимни тамом қилурман”. Бу сўзни деб ҳазрат Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлаган ҳолда, ўрунларидин туруб кетмакчи бўлган чоғларида, меҳрибон амакилари: “Ўғлум, менга боқ”, дедилар. Жаноб (соллаллоҳу алайҳи васаллам) амакилариға боқуб эрдилар, дедиларки: “Бор, фарзандим, хоҳлаган сўзунгни қил, мен ҳаёт борман, сени ҳаргиз душманларға топшурмасман, алар бу хусусда бизларға нима муносиб кўрсалар, қилсунлар”.
Мана бу воқеадин сўнг Қурайш тарафидин ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлариға, саҳобалариға ва тарафдорлариға озору кулфатлари кўб бўла берди. Ночор жаноб рисолатпаноҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (нубувватнинг 5-йили ражаб ойида) ҳазарот асҳоби киром розияллоҳу анҳумға ижозат бердилар. Ҳар ким хоҳласа, ўзин, жону иймонин сақламак учун Ҳабашистонға ҳижрат қилсун, дедилар. Бу ижозатдин кейин бир кичик қофила (гуруҳ) ўн икки эр ва тўрт хотун қоронғу кечада дарё (Қизил денгиз) соҳилиға боруб, андин кемаға тушуб, Ҳабашистон мамлакатиға равона бўлдилар. Бу қофила ичида саййидуно Усмон ибн Аффон ва рафиқаи муҳтарамалари – Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам нури чашм (кўз нур)лари ҳазрати Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам бор эрдилар. Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки, ҳазрати Иброҳим ва ҳазрати Лут алайҳимассаломдин кейин Аллоҳ таоло йўлида ватанидин ҳижрат қилғон эру хотунларнинг биринчилари Усмон ва Руқайядур.
Булардин кейин (нубувватнинг 6-йили) яна саксон уч адад эрлардин ва ўн саккиз адад хотунлардин ҳижрат қилдилар. Булар ораларида ҳазрат Набий карим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакизода (амакивачча)лари ҳазрати Жаъфар ибн Абу Толиб ҳам бор эрдилар.
Бу иккинчи жамоани тўсмак учун Қурайш катталари дарё (Қизил денгиз) лабиғача қувуб бордилар. Лекин Худойи меҳрибон карами ила, алар жўнаб кетуб эрдилар.
Макка кофирлари аларни тутолмагандин кейин кўб ташвишда қолдилар. Охир машвара (маслаҳат) қилуб, ўз тарафларидин Ҳабаш подшоҳининг хизматиға бир мунча қийматбаҳо туҳфалар ила элчилар юбордилар. Алар Ҳабашистон марказиға етуб бордилар. Подшоҳға туҳфаларин тақдим этуб, Маккадин қочуб келганларни бизларға тобшурулса, дедилар.
Подшоҳ муҳожирларни ўз дарбори (саройи)ға чақиртурди, алардин аҳволларин ва ҳижратларин сабабларин сўради. Ҳазрати Жаъфар розияллоҳу анҳу марҳамат қилдилар: “Эй подшоҳи меҳмоннавоз! Биз араблар жаҳолатда қолғон бир тоифа эрдук. Нажосатда олуда (ботган), ҳаромхўрликда машҳур, сўзлари бемаъно, инсониятдин бехабар, шафқатдин маҳрум, қоида ва қонун билмаган ҳайвон каби ҳаёт кечируб юрган номи инсон бир халқ эрдук. Аллоҳ таоло бизларға бу ҳолатлардин нажот бермак учун бир зоти баланди сифот (сифатлари олий бир зот)ни бизларға пайғамбар қилуб юборди. Ул жанобни ҳасабу насаблари, садоқату омонатлари, диёнату тақволари, покдилу покдоманликлари ҳаммамизға маълум эрди. Ул Пайғамбари аъзам бизларға тавҳидни таълим бердилар. Яъни Худони яккаю ягона билинглар, Ул шерикдин муназзаҳ (пок)дур, Андин бошқаға ибодат қилманглар, ҳамиша рост сўзланглар, ёмон феъллардин тортилинглар, гуноҳлардин қочинглар, ваъдаға вафо қилинглар, намоз ўқунглар, закот (садақа, эҳсон) беринглар, рўза тутунглар, дедилар. Бизлардин бир мунчаларимиз ул жанобға иймон келтурдик, пайғамбари барҳақ деб танудик, ҳукмлариға итоат қилдук, мусулмон бўлдук. Иншааллоҳ, мусулмон яшармиз, мусулмон ўлурмиз. Бизнинг маккалик қавмларимиз бизға ва Пайғамбаримизға душман бўлуб, ҳар қисм озору кулфатлар бердилар. Дунё бизға танг бўлди, ночор сизнинг мамлакатингизға паноҳ олғоли келдук”.
Подшоҳ бу сўз(ни) эшитгач: “Менга Қуръонларингизни ўқуб беринглар”, деди. Филҳол (дарҳол), ҳазрати Жаъфар розияллоҳу анҳу сураи Марямни ўқуб бердилар. Подшоҳға ниҳоятда асар (таъсир) қилуб, мажлисда йиғлаб ўлтурди. Қуръон ўқулуб бўлғоч, деди: “Бу Муҳаммад алайҳиссалом ўшал Ийсо алайҳиссалом башорат берган пайғамбардурлар. Алҳамду лиллоҳ, мен бу зоти ақдас (муборак) замоналарин топдим”.
Кейин подшоҳ ҳукм беруб, Маккадин келган вакилларни дарбор (сарой)дин чиқортуруб юборди.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase