- Бўлим: Нурул басар
- Жума, Июл 29 2022
Юқорида баён қилунғон жамият бир кун тамоми аъзоларин чақируб, мажлис қилдилар. Раиси мажлис арз қилдики: “Оз кунда ҳаж мавсими келур, атроф оламдин ҳар қабиланинг сардорлари, аъёнлари ҳаж учун келурлар, бир неча кун Маккада турурлар. Шул аснода Муҳаммад алар ила кўрушур, аларни ўз диниға тарғиб қилур ва худодод (Худо берган) ширин баёни ила аларни ўзиға асир этур. Кўрган инсон анга девона (ошиқ) бўлур. Ул ҳолда Муҳаммадға янги тарафдор(лар) пайдо бўлур, жамоасиға жамоа кўшулур. Бора-бора шуҳрати оламгир (оламни олувчи) бўлуб, яна бизлар учун мусибат устиға мусибат ортур. Анинг учун бизлар тездин чора ва тадбир кўрайлук. Ушбу мажлисимизда Муҳаммадға бир ном қўяйлук, ул номни бутун халқ орасиға тарқатайлик, мавсимда келгувчиларға ани шул ном ила танутайлук ва анинг ҳақида ҳар қисм бўҳтонларни тарқатайлук, токи бошқалар анинг доми (тузоғи)ға гирифтор бўлмасунлар”.
Бу сўзни эшитган аъзолар раиснинг талабини ҳақ билуб, Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламға янги бир ном қўюшға қарор бердилар. Ичларида бирлари деди: “Муҳаммадни коҳин [фолчи] деб тарқатайлук”. Жамоа бошлуғи Валид ибн Муғийра деди: “Муҳаммадни нечук коҳин дермиз?! Муҳаммадни баёни ҳаргиз коҳин баёниға ўхшамас”. Яна бирлари деди: “Мажнун, яъни девона, деб тарқатайлук”. Валид деди: “Мажнунни ҳар ким кўрса, қўрқур ва андин нафрат қилур. Муҳаммадни кўрган киши асири бўлур, андин ажралгуси келмас, нечук девона деб бўлур”. Кейин бирлари деди: “Биз ани шоир, деб шоиъ қилайлук (тарқатайлик)”. Валид жавоб бердики: “Шоир деб кимни айтилур, шеър деб нимани айтилур ва анинг ақсоми неча қисм бўлур, биз яхши билурмиз. Муҳаммаднинг китоби ва анинг ўз баёни шеърдин тамом бошқа бир нарсадур”. Охирда бирлари дедики: “Ҳаммасини кўяйлук, жодугар ном берайлук”. Валид деди: “Жодугар бир нопок инсон бўлур, чеҳраси манҳус (наҳс босган) бўлур, вужудидин касофат томиб турур. Муҳаммаддаги сафолик, рухсори (юзи, чеҳраси)даги нур ва ахлоқидаги жозиблик камоли беназир (тенги йўқ комиллик), жамоли бемисол (ўхшаши йўқ гўзаллик)ни кўруб туруб, нечук ани жодугар дерсан”. Валиддин бу сўзни эшитган жамоа ҳаммалари бир оғиздин дедилар: “Амакижон , энди, сиз ўзунгиз денгки, Муҳаммадға нима от қўяйлук”. Валид дедики: “Инсоф ила сўзласак, ҳақиқат шулдурки, Муҳаммаддек сўзи ширин, ахлоқи дилнишин (ёқимли) бир инсон йўқдур. Анинг баёнида ул қадар буюк таъсир бордурки, отани боладин, болани отадин, акани укадин, укани акадин, эрни хотундин, хотунни эрдин бир лаҳзада жудо қилур. Анинг учун, ани соҳир, яъни жодугар (сеҳргар) дейилса, муносиб келур”.
Мана бу сўзни Валиддин эшитган жамоат шул раъй (фикр)ға қарор беришиб тарқашдилар. Мавсими ҳаж келиши била ҳаммалари одамларнинг йўлларин тўсуб, учраган кишиға ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ёмон ташвиқлар, ёлғон ишоъа (миш-миш)лар қила бошладилар. Шул кунғача жанобни Макка ва атрофидаги араблар билур эрдилар. Бу хил ташвиқоти омма юргандин кейин жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламни танумаган бир қабила ва шаҳар халқи қолмади. Бутун Арабистонға тамом маълум бўлдилар. Тобора шуҳратлари зиёда бўлуб, асҳоблари кўпая бошлади.