close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам азиятларин ўзлари учун ибодат билган Қурайш жамоаси (қабиласи) ҳар қисм кулфату азиятни ул жанобға бера бошладилар, маккалик беадаб аҳмоқларни буюруб қўйдилар. Алар Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламға озор берур эрдилар. Ёлғончи, фолчи, жодугар, жинни, шоир, деб чақирур, йўллариға тиканларни ва дарвозалариға ифлос нарсаларни ташлар эрдилар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қисм азиятларға сабр қилур эрдилар ва Аллоҳ таолонинг ҳукмин ҳар ҳолда ижро қилур эрдилар.
Бир кун ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам хонаи Каъбада намозға машғул эрдилар, Уқба ибн Абу Муъайт келуб, қўлидаги чодири (ридоси)ни бураб-бураб, иф (арқон)ға ўхшатди ва ани Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам саждаға борганларида, бўюнлариға солуб, хўб буради. Муборак гарданлари кўб азият чекди, лекин саждаларин бузмадилар. Шул ҳолатда ҳазрати (Абу Бакр) Сиддиқ розияллоҳу анҳу етуб келуб, Уқбани итаруб юбордилар ва бу оятни ўқудилар:
اتقتلون رجلا ان يقول ربي الله
“Оё, сизлар Роббим Аллоҳ таоло, деган кишини ўлдурурсизларми”.
Бу сўзни эшитуб, бошқа бир неча шарир (ёмон, ярамас кимса)лар ҳазрати Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ўзларин урдилар.
Яна бир дафъада ҳазрат Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжиди Ҳаромда намозда эрдилар. Абу Жаҳл алайҳиллаъна жамоатға боқуб дедики: “Бугун фалонийлар бир туя сўюб қорнини тозаламай кўчаға ташлаб қўюбдур. Бирор баҳодир инсон бордурмики, ўшал нопок қоринни олуб келуб, Муҳаммад саждаға борганда, устиға ташласа”. Ул малъуннинг бу сўзин эшитган замон (эсипаст) Уқба мазкур ўшал қоринни келтуруб, Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам устлариға саждада турган ҳолларида ташлади. Саҳобалардин бор кишилар ани олуб ташламакға журъат қила олмадилар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саждада Парвардигор муножотиға машғул эрдилар, парво ҳам қилмадилар. Кофирлар бу ҳолни кўруб, хурсандликларидин кула-кула бир-бирларин устлариға йиқилушур эрдилар. Вақтики, Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам саждадин бош кўтардилар, кўрдиларки, қизлари ҳазрати Фотимаи заҳро розияллоҳу анҳо устларидаги нажосатни олуб ташлабдурлар. Кофирлардин бу густохликни қилғон, буюрган ва тамошо қилуб кулушганлар ҳақлариға дуоибад қилдилар.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дебдурларки: “Ўшал мажлисда ҳозир бўлғон кофирларни ҳаммаларин Бадр майдонидин жаҳаннамға равона бўлғонликларин ўз кўзум ила кўрдум”.
Бир кун Абу Жаҳли мардуд (малъун) деди: “Эй Қурайш жамоаси, сизлар кўруб турубдурсизларки, Муҳаммад динларингизни сўкур (ҳақорат қилур), ўзларингизни аҳмоқ дер ва боболарингизға дашном берур. Шуни кўруб туруб, нечук тоқат қилурсизлар? Мен шул соатда Худоға аҳд берурманки, эрта куни Масжид(и Ҳаром)да анинг йўлида ўлтурурман. Қачон Муҳаммад Масжидға келуб, намозға машғул бўлса, ўзум кўтара олмайдурган (зўрға кўтарадиган) бир катта тошни олуб келуб, намозға машғул бўлса, бошиға ташлайман”.
Эртаси ваъдасиға мутобиқ (мувофиқ) бир ерда интизор қилуб (кутиб) турди. Жаноб Расули аъзам соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжидға келуб, намозға машғул бўлдилар. Абу Жаҳл ҳам бир катта тошни кўтаруб, Расули карим соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафлариға равона бўлди. Қурайш катталари буларнинг ҳолатларини тамошо қилушуб туруб эрдилар. Абу Жаҳл Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламға яқин етганда, бирдин ранги ўзгарди, қўллари қалтиради, ҳолати бошқа бўлди, саросима бўлуб, қўлидаги тошни бир тарафға ирғитиб, жамоат (гумашталари) қошлариға қочиб келди. Алар ҳол сўраб: “Ё Абал Ҳакам , сизға нима бўлди, нима сир кўрдунгиз?” дедилар. Абу Жаҳл деди: “Мен сизларға деган нарсани Муҳаммадға қилмак учун ўрнумдин турдум, яқин борган вақтимда, бир забардаст эркак туя пайдо бўлуб, менга ҳамла қилмакчи бўлди. Агар мен ўзумни олуб қочмасам, ул туя мени ер эрди”.
Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилубдурларки: “Ул туя бўлуб кўрулган нарса ҳазрати Жибрил алайҳиссалом эрдилар. Агар ул (Абу Жаҳл) яқин келур эрди, ҳалок бўлур эрди”.
Мана бу неча сатр Қурайш жамоаси (қабиласи) тарафларидин ҳазрат Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам зоти ақдас (муборак)лариға етган азиятларнинг юздин биридур, чунки ҳаммасини иҳота этмак (қамраб олмоқ) мумкин эмасдур.
Энди, ҳазарот асҳоби киром розияллоҳу таоло анҳум ҳақлариға бўлган зулму ситамлардин баъзи машҳурларин ибрат учун нақл этурмиз, токи Ислом динин нақадар буюк меҳнатлар ва улуғ машаққатлар ила ҳафозат (муҳофаза) қилинғондур, ўқуғувчилар билсунлар.
Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу асллари ҳабаший эрдилар. Умайя ибн Халаф номлик кофирнинг ғуломи эрдилар. Аллоҳ таоло инояти ила мусулмон бўлдилар. Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ғулом (саҳоба)ларин зумра (жамоа)лариға дохил бўлдилар. Ислом тарихида “Собиқийни аввалин” (аввалги пешқадам)лардин бўлдилар. Бу хабар хожалари Умайяға маълум бўлди. Ул золим ниҳоятда хафа бўлуб, бу жаноб ҳақларида ҳар қисм кулфату азиятларни бера бошлади:
1)    гарданлариға иф (арқон) боғлаб, болалар қўллариға берур эрди. Алар эртадин кечғача ул жанобни судраб юрур эрдилар;
2)    Макканинг иссиғ қумлариға юмалатиб, ўйнашур эрдилар;
3)    офтобда қизиган тошларни келтуруб, сийналариға қўюшур эрдилар;
4)    сояға ўлтургали қўймай, офтобда сақлашар эрдилар;
5)    таом ва сув беришмас эрдилар.
Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу бу ҳолатларнинг ҳаммасида “Аҳад”, “Аҳад” (Аллоҳ ягона, ягона) деб сайҳа урар (ҳайқирар) эрдилар.
Бир кун жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ул жанобни азобда кўруб, кўб бетоқат бўлдилар. Сўнгра жаноб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Умайя қошиға боруб, ҳазрати Билолни андин сотуб олуб, Аллоҳ таоло йўлида озод қилдилар, Худо ва Расулни ўзларидин хушнуд этдилар.
Ҳазрати Аммор ибн Ёсир ўзлари, оталари Ёсир ва оналари Сумайя розияллоҳу анҳум ҳаммалари баробар мусулмон бўлуб эрдилар. Абу Жаҳл эшитиб, буларға ҳар қисм озор бера бошлади. Кофирлар бу уч некбахт (бахтли кишилар)ни ҳар кун чошт вақтида олуб чиқуб, офтобда қизиган тошларға ёткузур эрдилар. Шундай азоб бера(ркан), Сумайя розияллоҳу анҳо алар қўлларида ҳалок бўлдилар. Абу Жаҳли малъун ул жанобни андом (нозик жой)лариға найза санчиб ўлдурди.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳо-гоҳо булар азоб чекуб турган соатларида олдиларидин ўтуб:
صبرا آل ياسر، ان موعدكم الجنة
дер эрдилар, яъни “Эй Оли Ёсир (Ёсир оиласи), сабр қилинглар, мақомларингиз жаннатдур”.
Ҳазрати Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳунинг сочларин юлушур эрдилар, бўюнларин бурашуб, азоб берушур эрдилар, қайноғ тошларға ёткузуб, қийнашур эрдилар.
Ҳазрати Усмон ибн Аффонни амакилари мусулмон бўлганликларин эшитуб, ҳар турлук азоблар берди, хурмо дарахтлариға боғлаб, остларидин ўтунларни тутатуб, азоб берур эрди.
Ҳазрати Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг Исломға мушарраф бўлғонликларин эшитуб, волидалари уйларидин чиқаруб, ҳайдаб юбордилар.
Баъзи саҳобаларни кофирлар сигирлару туяларнинг ошланмаган терилариға ўраб, офтобға ташлар эрдилар ва баъзилариға темирдин тўқулган зирҳ (совут)ларни кийгузуб, қизиқ (қизиган) тошларға ёткузур эрдилар.
Мана шундоғ оғир азобларни чекуб туруб ҳам саҳобаи киром розияллоҳу анҳум Исломдин ёнмади (қайтмади)лар, балки тобора иймонлари зиёда мустаҳкам бўла бошлади.
Аларнинг шул буюк фидокорликларин баракотидин дини муқаддасимиз кофирлар ҳамлаю ҳужумларидин саломат қолуб, бу кунға қадар, алҳамду лиллоҳ, дунёнинг ҳар бир иқлимида Ислом калимагў(й)лари мавжуддурлар.
Ҳозирғи кунларда мусулмонларнинг ўзлари кўб бўлсалар ҳам, кофирлар қўллариға муҳтож турушлари ва ҳар хусусда алардин кейинда қолишлари Ислом кўрсатган йўлда юрмаганликларидин, роҳатпарастликларидин ва фидокорликларин йўқлигидиндур.
Маккадаги Қурайш жамоаси (қабиласи) ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға ва саҳобаи киромға ҳар турлук азияту кулфатларни давом этдурмак учун алоҳида бир жамият ташкил этдилар. Макка сардорларидин йигирма беш нафарлари бу жамиятға аъзо бўлдилар. Аларнинг раислари Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз (ота бир, она бошқа) амакилари Абу Лаҳаб эрди. Абу Жаҳл ва бошқа малъунлар аъзо эрдилар. Бу жамият раис ва аъзоларин Қуръони карим (مستهزئين) “мустаҳзиъин”, яъни Худо ва Расулни тамасхур (масхара) қилғувчилар, деб ном берур. Бу жамоат жаноб Расули мақбул соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киром ҳақларида қилмағон фикр, ўйламаган тадбирлари қолмади. Хаёллариға келган чораларни амалға ошируб кўрдилар, лекин ҳеч бирида комёб бўла (мақсадларига эриша) олмадилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase