close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).
26.11.2024 09:27

 

 

 

Мансур Ҳаллож (858–922), ислом тасаввуфининг энг юқори даражадаги мутафаккирларидан бири бўлиб, унинг «Тавасин» асарида тилга олинган Нур-и Муҳаммадий (Муҳаммад нурини) концепцияси бадиий ва ирфоний услубда шеърий тимсоллар орқали тасвирланган. Бу тушунча асарнинг биринчи қисмида тилга олинади ва «Ғайб нуридан бир чироқ у» сўзлари билан очилади. Бу иборалар Ҳазрати Муҳаммаднинг яширин, нурли ва маънавий жаҳондаги сирланган (сираж-ул-мунар) ёрқинликка ишора қилади. Бу маъно Қуръони Каримнинг Нур сураси 35-ояти билан боғланади:
«Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Унинг нури мисоли: унинг ичида чироқ бўлган чироқдекдир...»

Нур-и Муҳаммадийнинг маънавий тафсири

Ҳаллож ушбу мутлақ нурни Ҳазрати Муҳаммаднинг қиёфаси орқали қандай тасвирланишини бадиий тимсолларда баён этади. «Ойлар ичидаги бир ой. Бир ойки, унинг буржи сирлар осмонида» деб давом этади. Бу ерда Ҳазрати Муҳаммаднинг Аллоҳ нурини ўз жисмида мужассам этган ҳолда бутун мавжудотни ёритган қиёфада тасвирланади. Ҳалложга кўра, Нур-и Муҳаммадий Аллоҳнинг нурининг бир қисми бўлиб, унинг воситасида бутун борлиқнинг маънавий чироғи ёндирилади.

Муҳаммад (с.а.в) ва Масиҳ ўхшашлиги

Ҳалложнинг тасвирларига кўра, Ҳазрати Муҳаммад насронийликдаги Масиҳ тимсоли билан қиёсланади. Унинг баданида намоён бўлган нур Аллоҳнинг ўзига хос нуридир. Шу нуқтаи назардан Ҳазрати Муҳаммад Аллоҳнинг нурини ўзида жамлаган ва инсонлар орасида унинг ифодасини кўрсатган.

Бадр рамзи: Камолот ва нурнинг тўлиши

Асарда Ҳаллож Аллоҳнинг Ҳазрати Муҳаммадни «Бадр» — тўлин ой сифатида юзага келтирганини таъкидлайди. Бадр, тўлин ой, Ҳазрати Муҳаммаднинг пайғамбар сифатидаги камолотини ва нурнинг тўлиғини ифодалайди. Ой рамзи, Шамс (Қуёш) нурини ўзидан олиши каби, Ҳазрати Муҳаммаднинг ҳам Аллоҳнинг нури билан тўлиқ боғлиқлигини кўрсатади.

Маънавий қуллаш: Нур ва Меърож

Бу мафҳум меърож ғоясини ҳам изоҳлайди. «Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам.» (Нажм сураси 17-оят) ибораси билан Ҳазрати Муҳаммаднинг Аллоҳ ҳузурида мутлақ нурнинг акс этувчиси бўлгани тасвирланади. Бу нуқтаи назардан, суннат — фақат рамзий ёки бадиий эмас, балки Ҳазрати Муҳаммаднинг ҳаётидаги ҳақиқат ва камолни ҳаёт тарзи сифатида мерос қилишдир.

Нур ва Сиддиқлар: Али ва Абу Бакр

Ҳалложнинг таъкидлашича, Ҳазрати Муҳаммаднинг нурини чуқур тан олиб, унинг ҳақиқий кўринишини идрок қилган шахслар Ҳазрати Али ва Ҳазрати Абу Бакр бўлган. Уларнинг Ҳазрати Муҳаммадга яқинлиги ва у билан бевосита ирфоний алоқада бўлгани уларни нурнинг шоҳидига айлантирган.

Нурнинг манбаи: «Мим» рамзи

Ҳаллож «Мим» ҳарфини Ҳазрати Муҳаммадни ифодаловчи рамз деб таърифлайди. Бу ҳарф, унинг фикрига кўра, илоҳий сўзнинг бошланиши ва жамланишини ифодалайди. Мим, нурнинг илоҳий манбаи сифатида тасвирланади. Қуръон сўзларида мужассам бўлган нур Ҳазрати Муҳаммаднинг муъжизасидир ва бу нур барча шак-шубҳаларни йўқ қилади.

Хулоса: Нур ва ягоналик

Ҳалложнинг тасвирига кўра, Нур-и Муҳаммадий на шарққа, на ғарбга хосдир. У барча чегаралардан юқорида туради. Бу нур мутлақ ягона ва бўлинмасдир. «Мен уман, у удир» сўзлари билан Ҳазрати Муҳаммаднинг ва Аллоҳнинг нурий якдиллиги таъкидланади. Улар бир-бирида мужассам бўлиб, борлиқнинг манбаидир.

Мансур Ҳаллож ваҳдатул вужуд эътиқодида бўлган, унинг асарларидан эҳтиёт бўлинилади, сўфийларнинг авлиёси бўлса ҳам...

Абу Муслим туркчадан тайёрлади

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase