021. Анбиё сураси
- 283 марта кўрилди
Анбиё сураси 112 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. Бошқа мавзулар билан бир қаторда хусусан баъзи пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари билан бўлган муносабатлари ҳақида сўз юритилганлиги учун Анбиё «Пайғамбарлар» номини олган.
Бандаларига шу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.
1-6. Одамларга уларнинг қилган аммаларини ҳисоб қиладиган вақт яқин бўлиб қолди. Ваҳоланки, ҳануз ҳам ғафлатда умр ўтказиб, Худонинг оятларидан юз ўгирадилар. Худо тарафидан буларга янги-янги панд ва насиҳат нозил бўлиб турган бўлса-да, уни эшитиб туриб масхара қиладилар. Диллари Худодан ғофил бўлгани ҳолда, бу золимлар бир-бирлари билан сўзлашиб (шивирлашиб) айтадиларки: «Бу Муҳаммад ҳам сизларга ўхшаган одамку, ейди, ичади сизлардан ҳеч афзаллик жойи йўқ-ку. Сизлар кўра, била туриб, Муҳаммаднинг сеҳру жодусини қабул қиласизларми?». Буларга жавобан Муҳаммад (САВ) айтди: «Менинг Парвардигорим осмонда айтилган сўзни ҳам билади, шунга ўхшаш сизларнинг махфий (шивир-шивир) сўзларингизни ҳам эшитади. Аллоҳ таоло бандаларининг сўзларини эшитгувчидир ва ҳолларига донодир. Кофирлар Расулуллоҳ (САВ)нинг сўзларини бир сафар сеҳр десалар, бошқа сафар паришон кўрган (алоқ-жалоқ) тушга ўхшайдур, дейдилар. Яна айтадиларки, йўқ бундай эмас, балки ёлғон (бўҳтон) гапларни Худога нисбат беради. Яна айтадиларки: Бундай эмасдир, балки шоирдир, айтган сўзлари шеърдан иборатдир. Агар ҳақиқатан пайғамбар бўлса, бизга илгариги умматларга юборилган мўъжизалардан келтирсин. Мусо пайғамбарга ўхшаб асони аждар қилсин. Исо пайғамбарга ўхшаб ўликни тирилтирсин, деб даъво қилишади.
Булардан илгари ўтган умматлар шу қадар мўъжизаларни кўриб иймон келтирмадилар. Охир Биз уларни ҳалок қилдик. Энди Биз шу хил мўъжизаларни буларга юборсак, улар иймон келтиришармиди?!
7-10. Эй Муҳаммад (САВ), сендан муқаддам одамлардан пайғамбарлар юбориб, уларга ваҳий юборганман. Эй мушриклар, агар билмасаларинг, аҳли китобдан сўранглар. Биз у пайғамбарларни таом емайдиган ҳайкал қилиб яратганимиз йўқ. Бу ерда абадий яшаб қолганлари ҳам йўқ, ҳаммалари ўлиб кетди. Энди сизлар Муҳаммадни (САВ) бизга ўхшаш таом ейди, дейсизларми? Сўнгра Биз ўз ваъдамизга вафо қилиб, пайғамбарларга ва уларга иймон келтирган мўъминларга нажот бердик, ҳаддидан ошган кофирларни ҳалок қилдик. Эй Қурайш халқи, сизларга ўз тилларингизда Қуръонни нозил қилдик. Қуръонда сизларга панд ва насиҳатлар бордир. Нима учун ибрат олиб, фаҳмламайсизлар?!
11-15. Биз азоб юбориб, кўп қаря (қишлоқ)ларни вайрон қилдик. Ул қаря (қишлоқ)нинг аҳллари золим эдилар. Сўнгра ҳалок бўлдилар. Буларнинг жойига бошқа қавмни келтирдик. Вақтики, у қишлоқнинг аҳллари бизнинг азобимизни кўрдилар, ҳайвонларини ҳайдаб қоча бошладилар. Малоикалар буларга хитоб қилиб айтар эдилар : «Худонинг азобидан қочиб қутила олмайсизлар. Қайтинглар ўз маконингизга! Сизлар, албатта, Аллоҳнинг берган нозу неъматларидан сўроқ қилинасизлар. Кофирлар дод-фарёд Билан айтадиларки: «Вой бизнинг ҳолимизга, бизлар албатта золимлардан бўлдик». Буларнинг дод ва фарёдлари мана шундай давом этди, то Биз буларни ўриб-янчилган хас-хашакка ўхшаб нобуд қилдик. Буларнинг овозларини ўчирдик.
16-18. Биз осмонни, ерни ва унинг ўртасидаги ашёларни бефойда яратмадик. Агар Биз ирода қилганимизда бошқа махлуққа ўхшаш болалар ва хотинлар пайдо қилувчи бўлсак, пайдо қилар эдик. Лекин бу хилда аҳлу фарзанд бўлиши Худо учун лойиқ эмас. Балки биз ҳақни ботилга ғолиб қилишни истаймиз. Бас, ҳақ ботилни йўқ қилади. Албатта, ботил йўқ бўлгувчидир. Эй кофирлар, вой сизларга нолойиқ сифатларни. хотин ва болани (Худога) нисбат берасизлар.
19-23. Осмондаги малоикалар (фаришталар) ва ердаги инсонлар, Парвардигорнинг наздидаги муқаррабинлар Худога ибодат қилишдан бош тортмайдилар ва ҳам чарчамайдилар. Кеча ва кундуз Худонинг тасбеҳини айтадилар, суст бўлмайдилар. Ёки кофирлар ўзларига ернинг аъзосидан (таркибидан) пайдо бўлган нарсани Худо қилиб олдиларми?! Шу бутлар Қиёмат куни халқни тирилтирадими?! Агар Парвардигордан бошқа ерду осмонда Худо бўлса эди, еру осмон, албатта, вайрон бўлар эди. Бас танҳо Парвардигор аршни халқ қилгандир. Кофирларнинг васф қилган сифатларидан муназзаҳдир (покдир). У нима қилса, фоил (қилувчи, бажарувчи) ва мухтордир (соҳиб ихтиёрдир), қилган ишидан сўроқ қилинмайди, балки бандалар қилган амалларидан сўроқ қилинадилар.
24-25. Кофирлар ўзларига бир Аллоҳдан бошқа маъбуд муқаррар қилганлар. Ёки, буларда бирор ҳужжат борми? Айтинг, эй, Муҳаммад (САВ), агар ҳужжатларинг бўлса, келтиринглар. Мана менинг умматларимга нозил бўлган Қуръон ҳозирдир. Мендан аввалги умматларга нозил бўлган Таврот ва Инжил бордир. Бу китобларга назар қилинглар. Бир Аллоҳдан бошқага ибодат қилишга рухсат борми?! Балки буларнинг кўплари Ҳақни танимайдилар, жоҳилдирлар. Булар ҳақдан эъроз қиладилар (юз ўгирадилар).
26-29. Эй Муҳаммад (САВ), сендан муқаддам қайси пайғамбарни юборган бўлсам, у пайғамбарга ваҳий орқали хабар бердим: «Оламда Мендан бошқа маъбуд йўқ, Менга ибодат қилинглар», - дедим. Пайғамбарлар умматларини огоҳ қилганлар. Бовужуд огоҳлантирсалар ҳам, аҳли китоблар айтдиларки: «Худо Исо билан Узайрни Ўзига фарзанд қилиб олган». Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бу айб(бўхтон)лардан покдир. Балки Исо алайҳиссалом билан Узайр алайҳиссалом Худонинг наздида мукаррам бандалардандир. «Худоман» деган сўз ҳаргиз булардан содир бўлмагандир, балки бу зотлар Худонинг амрига мувофиқ амал қиладилар. Аллоҳ таоло буларнинг олдиларидаги ва орқаларидаги ҳар бир амални билиб туради. Бу зотлар Аллоҳ рози бўлмаган бандаларини шафоат қилмайдилар. Аллоҳдан берухсат ҳеч бир ишни қилмайдилар. Балки бу зотлар Худонинг хавфидан ҳамиша титраб турадилар. Бу зотлардан қайсисики: «Худодан бошқа мен ҳам Худоман, менга ибодат қилинглар» деса, бундай одамни, агарчи пайғамбар бўлса-да жаҳаннам билан жазолаймиз. Ҳаддидан тажовуз қилганларга шундоқ жазо берамиз.
30-33. Оё кофирлар кўрмайдиларми, фикр юритмайдиларми?! Осмон билан ер аввал берк эди, ҳеч нарса чиқмас эди. Бас, Бизлар буларни очиб юбордик. Осмондан ёмғирлар ёғди, ердан гиёҳлар кўкарди ва ҳар бир ҳаёт кечирувчи махлуқни сувдан пайдо қилдик ва сувни ҳаётининг давомига сабаб қилдик. Бу қудратларимизни мушоҳада қилиб, иймон келтирмайдиларми?! Уларни зилзила ва вайронагарчиликдан сақлаш учун Ерда тоғларни яратдик ва ҳам тоғлар орасида йўллар пайдо қилдик. Бу йўллардан барча мақсадларини қиладилар. Бандаларининг тепасига осмонни мустаҳкам, йиқилмайдиган қилиб яратдик. Улар бовужуд қудратларимизни кўриб туриб ҳам иймон келтиришдан бош тортадилар. Парвардигор шундай улуғ зотдирки, кеча ва кундузни халқ қилди, офтоб билан ойни яратди, буларнинг ҳар бирлари осмонда сузиб юрадилар.
34-35. Эй Муҳаммад, сендан аввал ҳеч бир инсонга абадий ҳаёт берганимиз йўқ. Энди сен ўлсанг, улар ҳаёт кечирар эканми? Йўқ, ҳар бир инсон ўлимнинг мазасини тортади. Бизлар сизларни бу дунёда мусибат бериб ҳам, ғанимат неъмат бериб ҳам, синаймиз. Сизлар мусибатга сабр қилиб, неъматга шукр қиласизларми ёки қилмайсизларми?. Қиёмат куни сизлар бизнинг ҳузуримизга олиб келинасизлар, қилган ишларингиздан ҳисоб берасизлар.
36-38. Эй Муҳаммад, вақтики кофирлар сени масхара қилиб, бир-бирларига: «Сизларнинг худоларингизни ёмонлайдиган шуми?» - деб айтадилар, Худо буларнинг «худо»ларини Қуръонда мазаммат қилади, булар Қуръонга мункирдирлар. Инсоннинг табиати шошқалоқликдан халқ қилингандир. Азобнинг нишоналарини сизларга кўрсатгунча шошмай туринглар! Кофирлар шошқалоқликларидан айтадиларки: «Агар сизлар рост айтсаларинг, ваъда қилган азобларинг қачон бўлади?
39-40. Агар кофирларни олдиларидан ва на орқаларидан келган жаҳаннам ўтини даф қилолмасликларини буларга бирор ёрдамчи ёрдам бера олмайдиган вақтни билсалар эди. Гумроҳликларини тушунган, Қиёматга мункир бўлмаган бўлар эдилар, аммо Қиёмат бирдан қоим бўлиб, буларни ҳайрон қилиб қўяди. Бу аҳволни ўнглашга қодир бўлмайдилар, буларга муҳлат ҳам берилмайди.
41-45. Эй Муҳаммад, сендан илгариги кофирлар ҳам пайғамбарларни масхара қилганлар. Ул пайғамбарлар сабр қилганлар. Сен ҳам сабр қил! Оқибат ул кофирларни масхара қилганликлари учун Худонинг азоби қамраб олган эди. Эй Муҳаммад, кофирларга айтгин: «Худо тарафидан кеча ва кундуз келадиган азобдан сизларни ким сақлайди. Ҳеч ким сизларга нажот беролмайди?!». Бу кофирлар огоҳ бўлмайдилар, балки булар Худонинг ёдидан эъроз қиладилар, оё буларга Биздан бошқа Бизнинг азобимиздан сақлайдиган Худо борми?! Ҳаргиз йўқдир. Бу бутлар ўз нафсларига ёрдам беролмайдилар. Бошқаларга қандай ёрдам берадилар?! Бу бутлар ибодат қилувчилари билан Бизнинг азобимиздан ўзларини сақлай олмайдилар. Биз бу қавмга у дунёда кенглик инъом қилиб, молу дунё берган ва обову (ота-боболар) аждодларига ҳам шундай меҳрибонлик қилган эдик. Ҳатто айш-ишрат билан умрлари ҳам узун бўлди. Булар: «Бизнинг аҳволимиз ҳамиша шундай ўтади», деб ўйлаб Худонинг балосидан ғофил бўлдилар. Бу кофирлар кўрмайдиларми, буларни мамлакатнинг атрофидан камайтириб, мусулмонларга топширмоқдамиз? Булар мусулмонларга ғолиб бўладиларми?! Ҳаргиз бўлмайдилар. Эй Муҳаммад: «Мен сизларни ҳамиша ваҳий орқали Худонинг азобидан қўрқитаман» - деб айтгин. Лекин Аллоҳ таоло буларни кар қилган, ҳарчанд Худонинг азобидан қўрқитсанг ҳам, бу насиҳатни эшитмайдилар.
46-47. Агар кофирлар Парвардигорнинг азобидан андак тортиб кўрсалар, доду фарёд билан айтадиларки: «Вой бизнинг ҳолимизга! Бизлар ўз нафсимизга зулм қилганлардан эканмиз». Қиёмат бўлганда халқнинг аъмолини текшириш (бандаларнинг амалларини ўлчаш) учун адолат тарозуларини қурамиз. Озгина бўлса-да халқнинг аъмолидан камайтирилмайди. Агар бир гиёҳнинг уруғича амал бўлса ҳам, олиб келамиз. Амалларини ҳисоб қилишга Бизнинг илмимиз етарлидир.
48-50. Мусо билан Ҳорунга Тавротни бердик. Ул китоб ҳақ ва ботилни ажратувчи, одамларнинг ҳидояти учун равшан нур эди. Худодан ғойибона қўрқувчи ва ҳам Қиёматнинг азобидан огоҳ бўлиб, хавфсираб турган муттақийлар учун у китобда панду насиҳатлар бор эди. Лекин Бани Исроил амал қилмадилар ва бу Қуръонни Биз Муҳаммадга нозил қилдик. Бу муборак китобда панду насиҳатлар бордир. Эй Қурайш кофирлари, сизлар шу Қуръонга мункир бўласизларми?!.
51-58. Мусодан илгари Иброҳим алайҳиссаломга маърифат ва ҳидоят ато этган эдик. Унинг ҳолини Биз билган ва тилаган мақсадларини берган эдик. Вақтики, Иброҳим отасига ва қавмига айтди: «Бу нима, ҳайкалларга ибодат қилиб ётибсизлар?». Улар: «Чунки аждодларимиз ҳам шу ҳайкалларга сиғиниб ибодат қилиб келганлар», деб жавоб беришди. Иброҳим (а.с.): «Парвардигор зотига қасамки, сизлар аждодларингиз, ҳаммангиз очиқ гумроҳликда экансиз», дедилар. Қавмлари айтдилар: «Бизга рост гапиряпсанми ёки ҳазил қиляпсанми?». Иброҳим айтди: «Мен сизларга ҳақиқатни гапиряпман, балки сизларни яратган Парвардигорингиз ер ва осмонни халқ қилган Парвардигордир. Мен сизларга шундай гувоҳлик бераман». Иброҳим дилида айтди: « Худога қасамки, сизлар бу ердан кетган вақтларингизда бутларингизни парчалаб ташлайман». Бу қавмнинг одати ҳар йили шаҳардан чиқиб ийд (байрам) қилар эдилар. Иброҳим шу вақтга мунтазир бўлиб турди. Келиб бутхонанинг дарвозасида ётди. Одамлар: «Сен ийдгоҳга (байрам бўладиган жойга) чиқмайсанми?» дейишса, «мен касалман», деди. Бутхонада тахминан етмишта бут бор эди. Одамлар кетгандан сўнг, ҳамма бутларни болта билан уриб, парчалаб ташлади, магар каттасини қолдириб қўйди. Болтани каттасининг (унинг) бўйнига осиб қўйди, токи бутпарастлар келиб, ўшал катта бутга мурожаат қилсинлар деб.
59-63. Кофирлар ийдгоҳдан қайтиб келиб айтдилар: «Бизнинг Худоларимизга нисбатан бу ишни ким қилди? Ҳар ким қилган бўлса, бу золимлардандир». Баъзилар айтдиларки: «Бир навжавон йигитни бизнинг худоларимизни ёмонлаб юрганини эшитган эдик, унинг номини Иброҳим дейишар эди, магарам шу қилгандир». Қавм катталари айтдиларки: «Халқ олдига олиб келинглар! Шоядки уни халқ кўрган бўлса, гувоҳлик берар». Хулоса шуки, Иброҳимни олиб келиб сўрадилар: «Эй Иброҳим, бизнинг худоларимизга бул муомалани сен қилдингми?» Иброҳим алайҳиссалом айтдилар: «Бу ишларни бўйнига болта осиб қўйган каттаси қилган. Агар гапирса, ундан сўранглар!».
64-70. Бу кофирлар ўз нафсларига ружуъ қилиб, бир-бирларига айтар эдилар: «Ҳаммангиз ўз нафсларига зулм қилувчилардандирсизлар», деб, сўнгра бошларини ерга эгиб, мулзам бўлиб қолдилар. Иброҳимга қандай жавоб беришни билмай қолдилар. Сўнгра Иброҳимга айтдилар: «Сен биласанку, бу бутлар гапира олмайди, яна: «Буларнинг каттасидан сўра» дейсан?. Иброҳим буларга айтди: «Андоқ бўлса, қудратли, ягона Оллоҳни қўйиб, қўлларидан зарар ва манфаат етказиш келмайдиган бутларга - шундай бемаъни (жонсиз) нарсага ибодат қиласизларми?! Сизларга ва ибодат қилган бутларингизга бадбахтлик бўлсин! Ақлларинг билан ўйламайсизларми?».
Кофирлар айтдилар: «Агар худоларингга нусрат бермоқчи бўлсаларинг, буни (Иброҳимни) жазоси учун ўтга солиб, куйдиринглар». Буларнинг қонунлари оғир жиноятчини ўтда ёқар эдилар. Вақтики, бир майдонга ўт ёқдилар. Иброҳим алайҳиссаломни ўтга ташладилар. Биз ўтга ҳукм қилдик: «Эй ўт совуқ бўлгин ва Иброҳимни саломат сақлагин». Кофирлар хоҳладиларки, Иброҳим алайҳиссаломга шу хилда ҳийла қилиб, ҳалок қилсалар. Биз буларнинг ҳийлаларини ботил қилиб, амалларининг ҳаммасини зое қилдик.
71-75. Биз Иброҳимга ва биродарзодалари Лутга кофирларнинг шарридан нажот бердик. Уларга муқаддас, баракотли Шом ерига боришни амрқилдик. Шом ерини аҳли олам учун барокотлик қилган эрдик. Иброҳимга Исҳоқ номли ўғилни ва яна Ёқуб номли набирани ато қилдик. Бу ота-болаларнинг ҳаммаларини солиҳ бандалар қилиб яратдик ва ҳаммаларига халқни ҳидоят қилиш учун нубувват (пайғамбарлик) бериб, пешво қилдик. Буларни яхши ишлар қилишга буюрдик. Ва ҳам намозни барпо қилишга ва закотни адо қилишга амр қилдик. Булар Бизга ҳамиша ибодат қилувчи эдилар. Лутга илм ва ҳикмат ато этдик. Уни нопок қавм шарридан нажот бердик. У қавм ёмон ишлар қилар эди. Булар фосиқ, бадкор қавм эдилар, яъни ливотагармиш(гомосексуаллик)ка машғул бўлар эдилар. Охир Лутни жаннатимизга дохил қилдик, чунки у солиҳ бандалардан эди.
76-77. Эй Муҳаммад, Нуҳнинг аҳволини ёд қилинг. Нуҳ Иброҳимдан илгари дунёга келган эди. Қавмига пайғамбар қилиб юборган эдик. Кўп йиллар қавмини иймонга даъват қилди. Аммо иймон келтиришларидан ноумид бўлгач, қавмининг ҳалок бўлиши учун дуои бад қилди. Бизлар дуосини мустажоб қилдик. Нуҳни аҳллари билан улуғ (катта) ғамдан нажот бердик. Нуҳнинг қавмлари Бизнинг оятларимизни инкор қилишган эди. Булар кўп ёмон қавм эдилар. Бизлар Нуҳ алайҳиссаломга ёрдам бердик, қавмларининг ҳаммасини тўфонга ғарқ қилиб, ҳалок қилдик.
78-82. Эй Муҳаммад, Довуд ва унинг ўғиллари Сулаймон қиссаларини ёд қилгин. Вақтики, икковлари бир зурриёт тўғрисида ҳукм қилар эдилар.
Бул қисса шундан иборат эди: «Икки қўшнидан биттасининг зироати (деҳқончилиги), бошқасининг бир пода қўйлари бор эди. Кечаси қўйлар чиқиб, қўшнисининг экинларини пайҳон қилди. Зироатнинг соҳиби Довудга келиб, арз қилди. Довуд алайҳиссалом қўйнинг эгасини чақириб, воқеани сўрадилар. Қўйнинг эгаси «шундоқ бўлди», деб иқрор қилди. Сулаймон (а.с.) ўн уч ёш бола эдилар. Довуд (а.с.) нима ҳукм чиқарсалар «Дадам нима ҳукм қилди» - деб сўрар эдилар. Довуд алайҳиссалом қўйларни зироат эгасига ҳукм қилиб бердилар. Сулаймон алайҳиссалом кўчада булардан, «Дадам нима ҳукм қилдилар», - деб сўрадилар. Булар воқеани баён қилдилар. Сулаймон алайҳиссалом айтдилар: «Қайтинглар, ҳукм адолатли бўлмабди». Парвардигор айтди: «Биз буларнинг ҳукмига олим эдик. Адолатли ҳукмни Сулаймон алайҳиссаломга илҳом қилдик»». Сулаймон алайҳиссалом айтдиларки: «Қўйларни зироатнинг эгасига омонатан топшириш керак. Экиннинг соҳиби қўйларнинг сутидан, жунидан фойда олсин. Қўйнинг эгаси зироатни ислоҳ қилсин. Экинзорни аввалги ҳолатига келтиргач, қўйларини қайтариб олади». Бизлар ҳар икковига ҳам ҳикмат, илм ато қилдик. Тоғларни, паррандаларни мусаххар қилдик (бўйсундирдик). Қачонки Парвардигорга тасбеҳ айтсалар, тоғлар ва паррандалар қўшилиб, тасбеҳ айтадурлар. Бизлар шундай улуғ ишларни қилишга қодирмиз. Довуд алайҳиссаломга зирҳ ясаш ҳунарини ҳам таълим берган эдик. Бу нарса сизларни шамшир захмидан сақлайди. Эй Довуд аҳли, сизлар бу неъматларимга шукр қилувчимисизлар ё йўқми? Ва яна Сулаймон алайҳиссаломга қаттиқ (бўронли) шамолни мусаххар қилган эдик. Бу шамол Сулаймон алайҳиссаломнинг амрига мувофиқ ҳаракат қилар эди. Биз баракот ато қилган ерларга олиб борар эди, яъни Шом вилоятларига. Биз ҳар бир ишга олиммиз ва яна Сулаймон алайҳиссаломга девларни мусаххар қилдик. Бу девлар дарёларга шўнғиб ажойиб нафис дурларни топиб чиқар эди. Бундан бошқа ҳам ажойиб амалларни (ишларни) қила олардилар. Биз бу девларни Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳукмларидан чиқмасин деб муҳофазат қилар эдик.
83-84. Эй Муҳаммад, Айюб алайҳиссаломнинг ҳолларини ёд қилгин.
Айюб алайҳиссалом пайғамбар эдилар. Аҳли давлатлардан эдилар, соҳиби фарзанд, кўп хизматкорлари бор эди. Парвардигор ўзининг солиҳ бандаларини турли кулфатлар билан синар экан. Оз фурсатда молу дунёларини сел олиб кетди. Фарзандлари йиқилган томнинг тагида қолди, улар ҳам ҳалок бўлди. Ўзларининг баданларига жароҳат (яра) тошиб, қуртлади. Бу ҳолни кўргандан кейин, хизматкорлар ҳар тарафга тарқалдилар. Хотинларига ўзлари рухсат бердилар. Битта Раҳима номли хотинлари қолди. У кетишга унамади. Етти йил шу балога мубтало бўлдилар. Вақтики Парвардигорга нидо қилиб айтдилар: «Эй Парвардигор, Сен оламда меҳрибонларнинг меҳрибонисан, мени тамом машаққат ўраб олди. Менга раҳм қилгин!» Биз унинг дуосини ижобат қилиб, кулфатлардан нажот бердик. Унга фарзандларининг устига фарзанд, мол-дунёларининг устига неча баробар мол ато қилдик. Булар Биз томонимиздан Айюбнинг сабри эвазига берилган иноятимиз эди. Ва ҳам Худонинг обид бандаларига панд ва ибрат эди. Парвардигор Муҳаммад алайҳиссаломга насиҳат қилиб, «Айюбнинг сабрига тақлид қил», деб буюрди.
85-88. Эй Муҳаммад, Исмоил, Идрис ва Зулкифл пайғамбарларнинг қиссаларини ёд қилгин. Буларнинг ҳар бирлари собирлардан эдилар. Буларни раҳматимизга лойиқ қилдик. Чунки булар солиҳ бандалардан эди. Балиқ эгасининг (Юнус (а.с.))нинг ҳолини ёд қил. Қавми иймон келтирмагандан кейин аччиқланиб кетди. Гўё Биз унинг зарарига ҳукм қилмайдигандек бир феъл қилди. Бас, Юнус алайҳиссаломга лозим эдики, Худонинг ваҳийсига мунтазир бўлиш. Худодан беижозат (қавмини) ташлаб кетди. Дарёда кемага миниб, кетиб турган ҳолда, кемани балиқ тўсди. Кеманинг ғарқ бўлиш хавфи ҳамманинг дилида пайдо бўлди. Бир одам айтди: «Бундай ҳолат, бирор қул хожасининг хизматидан қочса содир бўлади. Биз агар бирор одамни балиққа ташласак, шунда нажот топамиз». Юнус алайҳиссалом айтдилар: «Мавлосидан қочган қул менман, мени ташланглар». Шу билан дарёга ташладилар, балиқ ютди. Балиқнинг қорни ҳам зулумот эди. Ва ҳам дарёнинг зулумоти ва кечанинг зулумоти ичида дуо қилдилар; «Эй Парвардигоро, Сендан ўзга ҳеч маъбуд йўқ. Сен ҳамма айбдан поксан. Мен ўз нафсимга зулм қилганларданман. Сенинг раҳмингни сўрайман». Бас, дуосини ижобат қилдик ва нажот бердик. Бу ғамлардан Юнусга нажот бергандек, содиқ мўъминларга кулфатлардан нажот берамиз.
89-90. Эй Муҳаммад, Закариё алайҳиссалом воқеаларини ёд қилгин. Вақтики у Паравардигорга дуо қилиб, муножот қилди, зори ва тавалло қилиб айтдики: «Эй Парвардигор, мени бефарзанд, танҳо қўймагин, ваҳоланки Сен ҳаммадан энг яхши вориссан. Шундай бўлса ҳам, менинг ўрнимга нубувват ишини давом эттирадиган вориси нубувват ато қилгин». Бас, Биз унинг дуосини мустажоб қилдик. Унинг аёлини фарзанд кўришга лойиқ қилиб, ислоҳ қилдик. Охир Яҳё алайҳиссаломни ато қилдик. Бу юқорида зикр қилинган пайғамбарлар Худо учун яхши амаллар қилишга шошилар эдилар. Худонинг раҳматига рағбат қилиб, азобидан қўрқар эдилар. Ва ҳам Бизнинг амрларимизга бўйин эгувчи эдилар.
91. Эй Муҳаммад, сен Биби Марям қиссасини ёд қилгинки, ажойиб қудрати илоҳийга далолат қилади. Бу пок аёл номусини ҳар қандай олудалик (нопокликдан) сақлади. Биз Ўз жонибимиздан (тарафимиздан) бўлган руҳни покдомон ожизанинг қорнига дохил қилдик. Бу аёлнинг ўзини ҳам, ўғлини ҳам олам халқи учун улуғ қудратимизга нишона қилдик.
92-95. Албатта сизларнинг миллатингиз ягона бир миллатдир. У исломдан иборатдир. Бу миллатда мутафарриқ (тафриқа-тоифага бўлиниб) бўлманг! Мен сизларнинг Парвардигорингизман, танҳо Менга ибодат қилинглар. Бас, ўтган гуруҳлар ўз динларида мутафарриқ бўлдилар. Баъзилари насоро бўлиб ва баъзилари яҳудий бўлдилар. Булар охир Бизнинг ҳузуримизга келувчидирлар. Бас, булардан ҳар ким мўмин бўлиб, яхши амаллар қилса, амаллари зое кетмайди. Биз қилган амалларини «Номаи аъмолларига» ёздирамиз. Биз ҳалок қилган аҳли қарялар (қишлоқ-шаҳар аҳолиси) бу дунёга қайтиб келиб, тарк қилган ибодатларининг тадорикини қилишлари маҳолдир. Балки, то Қиёмат қабрда азоб тортадилар. Дунёга ружуъ қилмайдилар (қўймайдилар).
96. Улар то Яъжуж ва Маъжужнинг тўсиғи (тўғони) очилиб, ҳар бир баландликлардан ўтиб, оламга ҳужум қилмагунларича, оламга қайтиб келмайдилар. Бу Билан Қиёматнинг аломатлари зоҳир бўладур.
97-100. Қиёмат бўлмоғи хусусидаги Ҳақ ваъдаси яқин келди. Бас, ул вақтда, кофирларнинг кўзлари камоли даҳшатдан юқорига тикилган ҳолда айтадиларки: «Эй вой, бизнинг ҳолимизга! Биз у дунёда бу аҳволлардан ғофил эканмиз, балки золим эканмиз. Сўнгра малоикалар айтадиларки: «Бугун сизлар ва ибодат қилган бутлар ҳаммангиз жаҳаннам ўтидадирсизлар, ҳаммаларингиз жаҳаннамга дохил бўласизлар, агар бу бутларингиз ҳақиқатдан ҳам Худо бўлганида эди, бу жаҳаннамга кирмаган бўлар эдиларинг». Ваҳоланки, ҳаммалари абадий дўзахда қоладилар. Бу дўзахда булар фарёду фиғон қиладилар. Малоика тарафидан яхши сўз эшитмайдилар.
101-103. Албатта ул зотларки, бизнинг тарафимиздан тавфиқ ато қилинган бўлса, булар дўзахдан узоқдирлар. Овозини ҳам эшитмайдилар. Булар жаннат бўстонида хоҳишларига мувофиқ ноз ва неъматлардан бахраманд бўлиб, абадий қоладилар. Буларни қиёматнинг дахшати ғамгин қилмайди. Буларга малоикалар салом билан, яхши мулоқот қилиб, айтадиларки, дунёда ваъда қилинган мана шу кунларингиз келди. Энди сизларга рохат қиладиган вақт етди.
104. Мактубларни ёзиб бўлиб, ўраб ташлагандек омонни тахлаб ташлайдиган кунни ёд қилгил. Биз инсонни аввал яратганимиздек яна қайтадан халқ қиламиз. Шундай ваъда қилганмиз. Албатта ваъдага вафо қиламиз.
105-107. Батахқиқ, биз (Лавҳул Маҳфузда) зикр қилингандан сўнг Забур китобида ёзиб қўйдикки: «Оқибат бу ерга солиҳ бандаларимдан ворис бўлади». Ушбу Қуръонда зикр қилинган панду-насиҳатлар мутиъ (итоаткор) бандаларимга кифоя қилади. Эй Муҳаммад, сени олам халқига меҳрибонлигимдан фақат раҳмат қилиб юбордим.
108-112. Эй Муҳаммад, кофирларга айтгил, менга Худо тарафидан шул мазмунда ваҳий юборилдики: «Албатта Парвардигор якка ва ягона, шериги йўқдур. Бас, сизлар бу сўзга иймон келтирасизларми ё инкор қиласизларми? Бас, агар юз ўгирсалар, айтгил, мен сизларни ҳаммаларингизга баробар хабар бердим ва огоҳ қилдим. Сизларга ваъда қилинган қиёмат яқиндурми ё узоқми, мен билмайман. Аллоҳ Таоло ошкора сўзни ҳам, дилларингизда сақлаган сўзни ҳам биладур. Сизлардан азобни таъхир бўлишида нима ҳикмат борлигини мен билмайман. Балки муайян вақтгача сизларга мухлат бергани, синамоқ учундир». Муҳаммад дуо қилиб айтди: «Эй Парвардигоро, мен билан аҳли Макка ўртасида ҳақ билан ҳукм қилгил. Албатта, бизнинг Парвардигоримиз олам аҳлига меҳрибондур. Бандалар ҳар бир ишларида ундан маъдад сўрайдилар».