close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

020. Тоҳо сураси

135 оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил бўлган. «То-ҳа» номини бошидаги «То-Ҳа» ҳарфларидан олинган. Умар (р.а) нинг бу сура сабабли мусулмон бўлганлиги Ислом тарихида муҳим из қолдирган.Воқеа қисқача бундай бўлган: Исломнинг ашаддий душмани бўлган Ҳаттоб ўғли Умар Пайғамбар (с.а.в) ни ўлдириш учун буйурилиб йўлга чиқади. Йўлда кетаётганда синглиси Фотима ва унинг завжаси Саиднинг мусулмон бўлганини билиб, аввал уларнинг ишини бирирай деб қарор қилади. То-Ҳа сурасини ўқиётган эр-хотин Умар келиши билан Қуръонни яширадилар бироқ Умар уларни эшитиб қолади. Ўқиган нарсаларини кўришни сўрайди. Улар рад этганларидан кейин, Саидга ташланади. Шу пайт йўлини тўсган Фотимани уради. Юзидан қонлар оққан Фотима жасоратли бўлиб, мусулмон бўлганликларини очиқ айтади. Синглисининг аҳволига раҳми келган Умар бу гал юмшоқлик яна улар билан ўқиган нарсани сўрайди.  То -Ҳа сурасининг ёзилган оятлари варағини ўқигандан кейин, Қуръоннинг мўъжизали маъноларидан таъсирланади ва Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ёнларига бориб, мусулмон бўлади.

Бандаларга шу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.

1-8. Тоҳо. Парвардигор бул калимадан нимани ирода қилган бўлса, Ўзи билади. Вақтики, жаноби Расулуллоҳ Худонинг ибодатига маъмур эдилар. Кечалари ухламасдан ибодат қилар, кундузлари рўза тутар эдилар. Ҳатто оёқлари варам (ишиб кетар) эди. Парвардигор бу оятни юбориб, Расулуллоҳни бу тариқа ибодат қилишдан манъ қилди. Айтди: Эй Муҳаммад, Мен сенга Қуръонни сенинг машаққат тортишинг учун эмас, балки Худодан қўрққан бандаларга панд берасан ва мавъиза қиласан, Худодан қўрқмайдиган бандаларни Худонинг азобидан қўрқитасан, деб нозил қилдик. Сенинг вазифанг Худонинг бандаларига (динни) таблиғ, (тарғиб) қилмоқликдан иборат. Шунинг ўзи сенга катта (улуғ) ибодат. Бу Қуръон осмону ерни халқ қилган Парвардигор тарафидан нозил бўлгандир. Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ қудрати билан Аршга  ва мутасаррифдир. Осмондаги малоикалар бўлсин, ернинг бетидаги ва тагидаги ашёлар, ер бирлан осмон ўртасидаги махлуқлар-ҳаммаси Худонинг мулкидир. Агар сен ошкора қилмаган сирни ҳам ё дилингда яширин сўзласанг ҳам, Аллоҳ ҳаммасини билади. Бир Аллоҳдан бошқа ҳеч бир маъбуд йўқ. Аллоҳнинг яхши ном ва яхши сифатлари бордир.

9-16. Эй Муҳаммад, сенга Мусо хабари келганми, Мусонинг қиссасини биласанми? Агар билмасанг мен сенга ҳикоя қиламан, токи Мусонинг ҳолидан ибрат олгин. Мусибатларга сабр қилгил, сабр қилишда анга иқдито (пайравлик, издошлик) қилгил. Вақтики Мусо аёлларини олиб, ҳазрати Шуайбдан рухсат олиб, ўз ватанлари Мисрга жўнадилар. Йўлда совуқ бўлди, йўлни ҳам йўқотиб, адашдилар. Хотинлари ҳомиладор эрди. Туғиш дарди бошланди. Хотинлари «Ўт ёқсангиз, совуқ бўляпти»,- деб талаб қилди. Мусо алайҳиссалом узоқдан ўт ёнганини кўрдилар. Вақтики ўтни кўрдилар, аёллариға айтдилар: «Озгина сабр қилиб туринглар, мен ўтни кўряпман. Шоядки, ўшал ўтдан бир лаҳчасини олиб келарман ё ўтни топиб берадиган одамни учратарман». Вақтики Мусо алайҳиссалом ўтни олдига келдилар. Кўрдиларки, ўт эмас, балки бир дарахтдан нур зоҳир бўлиб турибди. Ул нур тарафидан нидо қилинди: «Эй Мусо, мен сенинг Парвардигорингман, оёғингдан кавушингни чиқар (еч), сен Туво номли бир муқаддас водийда турибсан. Одоб учун кавушингни еч. Мен сени бандалар ичидан нубувват (пайғамбарлик) мансабига ихтиёр қилдим. Энди сенга нима ваҳий қилинса, эшитгин ва унга амал қилгин. Мен якка ва ягона Аллоҳдурман, мендан бошқа маъбуд йўқдур. Бас, менга ибодат қил, мени ёдимда намоз ўқи!. Албатта қиёмат келгувчидир. Унинг келадурган вақтини ҳеч ким билмайдур. Мен уни пинҳон қилганман, токи ҳар бир нафсни қилмишиға яраша жазо бериладур. Сенга лозим шуки, қиёматга имон келтиришдан ҳеч бир нарса сени манъ қилмасин. Ул шахсларики, қиёматга имон келтурмайдилар, ҳавойи нафсонияга иттибо қилганлар (эргашганлар), уларга эргашмагин, ҳалок бўласан.

17-24. Вақтики, ҳазрати Мусо Аллоҳ таоло тарафидан мартабаи нубуввутга етдилар, Аллоҳ таоло ҳазрати Мусога набийликларига ҳужжат бўлиши учун мўъжизалар ато қилмоқни хоҳлади. Ҳақ таоло унга айтди: «Ўнг қўлингга ушлаганинг нима, эй Мусо?» Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Бу мани асойимдур. Бунга такя қилиб, суяниб юраман ва қўйларимга дарахтлардан барг қоқиб бераман. Бу асода менинг бошқа ҳожатларим ҳам бордур. Баъзи зиён қилувчиларни ўзимдан даф қиламан». Бул асони ҳазрати Шуайб алайҳиссалом ҳазрати Мусо сафарга ирода қилганларида берган эдилар. Баъзи ривоятларга қараганда, ҳазрати Одам алайҳиссаломдан қолган, дейдилар. Парвардигор айтди: «Эй Мусо, бул асони қўлингдан ерга ташла!» Ҳазрати Мусо алайҳиссалом қўлларидин ерга ташладилар. Бас, ногоҳ ул асо улуғ илон (аждарҳо) бўлиб, ерда ҳаракат қилар эди. Ҳазрати Мусо қўрқиб, қочгани турдилар. Ҳақ таоло айтди: «Сен қўрқма, асони қўлинга ол. Сен асони қўлинга олсанг, ўз аслига келтирамиз. Эй Мусо, қўлингни қўлтиғингга қисиб, яна бу ёққа чиқариб ол, қўлинг нур берувчи барқга (яшинга) айланади. Бул сенга ҳеч зиёнсиз, бошқа мўъжизадур. Биз сенга бошқа улуғ мўъжизалар ато қилишни хоҳлаймиз. Энди сен Фиръавн олдига боргил. Чунки Фиръавн Худога исён қилмоқликда ҳаддидан ошгандур. Сен уни менинг тарафимга даъват қил!»

25-36. Вақтики Мусо алайҳиссалом набий бўлиб, Фиръавннинг олдига бормоқчи бўлдилар. Дуо қилиб Ҳақ таолодан баъзи нарсаларни сўрайдилар. Айтдилар: «Эй Парвардигоро, биринчидан, қалбимни кенг қилгин, дилимга қувват бергил, токи кулфатларингга дилтанг бўлмасдан сабр қилувчи бўлай нубувват ишида тамоми умурни (ҳао бир ишни) осон қилгин. Тилимдаги лукунатни тугунни очгин, токи, сўзимни яхши фаҳмласинлар. (Тилларида дудуқлик бор эрди). Яна менга ўз аҳлимдан Ҳорунни вазир қилиб бер. У билан менинг қувватимни мустаҳкам қилгин! Вазифаи нубувватда уни менга шерик қилгил, токи Сенга кўплаб тасбеҳ айтайлик ва ибодат қилайлик. Ва Сени ёд қилайлик. Сен бизни ҳолимизға доносан. Парвардигор айтди: «Эй Мусо, савол қилган нарсаларингни ҳаммаси сенга берилди. Дуоинг қабул қилинди.

37-47. Эй Мусо, Мен сенга кўп эҳсонлар қилдим. Бундан бошқа вақтларда ҳам лозимки, Менинг шукримни бажо келтир, Менинг сенга қилган эҳсонларимни ёд қил. Ҳозир Мен сенга ҳикоя қиламан. Вақтики, онанг сени туғди. Фиръавннинг амалдорлари ўғил болаларни қидирар эрдилар, токи қатл қилсинлар. Онанг сени тирик сақлаб қолишда мутаҳаййир бўлиб (ҳайратланиб) қолди. Ул вақтда Бизлар онангни дилига шул тариқада илҳом қилдикки, болангни сандиққа солиб, уни қопқоғини маҳкам беркитиб, Нил дарёсига ташла, сўнгра дарё уни соҳилга чиқариб қўюр. Токи Мени ва болангни душмани олиб тарбия қилади. Сени дилингга Ўзимни муҳаббатимни солдим. Ва бошқаларни дилига ҳам сенинг муҳаббатингни солдим. Хоҳладимки, сен Мени муҳофазатимда тарбия топгин. Вақтики сенинг синглинг Фиръавннинг хотинини олдига бориб айтар эрдики, мен сизларга ул боланинг тарбия қилувчисини кўрсатайми? Фиръавннинг хотини айтди: «Тезлик билан бул ерга тарбия қилувчини олиб кел». Синглинг бориб онангни олиб келди. Бас, биз сени онангга қайтариб бердик, токи, сени дийдорингни кўриб, онангнинг кўзлари хурсандликдан равшан бўлсин ва сенинг фироқингда ғамгин бўлмасин. Сен Фиръавннинг тарбиясида навжувонлик даврига қадам қўйдинг. Сўнгра бир қибтийни ўлдирдинг. Фиръавн сени қасос қилиб ўлдирмоқчи бўлди. Сен қочиб кетдинг. Бизлар сенга бул ғам ва қўрқувлардин нажот бердик. Сени кўп кулфатларга мубтало қилдик. Синов учун сен аҳли Мадян ичида неча йиллар умр кечирдинг. Сўнгра тақдири илоҳий бирла, эй Мусо, ўз ватанингга келдинг. Сўнгра сени нубувватим учун ихтиёр қилдим. Энди сен ва биродаринг мени оятларим бирла Фиръавннинг ҳузурига боринглар. Манинг ёдимни қилишда ва ибодатимни адо этишда сустлик қилманглар.

 48-56. Мусо алайҳиссалом айтдилар: « Менга Худо тарафидан хабар берилди. Қиёмат кунида Худонинг азоби Худодан юз ўгирувчиларга ва мункир бўлувчиларга бўлар экан.» Вақтики ҳазрати Мусо Фиръавннинг ҳузурига келиб, Фиръавнни Худо тарафига даъват қилдилар. Фиръавн сўрадики: «Эй Мусо, сизларнинг (иккингизнинг) Паврвардигоринг ким?» Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Бизнинг Парвардигоримиз шундоқ зотдирки, ҳар бир нарсани халқ қилиб, Ўзига мувофиқ суратни ато қилди, сўнгра тирикликнинг маошини талаб қилишга йўл кўрсатди». Фиръавн айтди: «Биздан муқаддам ўтган халқларининг аҳволи нима бўлди? Сен айтган Худони танимас эдилар». Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Уларнинг ҳолини Парвардигорим билади, қандай ҳолда бўлсалар Лавҳул маҳфузда ёзилган. Худо ҳеч бир нарсани хато ҳам қилмайди ва фаромуш ҳам қилмайди. Аллоҳ таоло шундоқ зотки, ер юзини сизларга сукунат (яшаш) учун яратди ва ерда сизларнинг фойдангиз учун йўллар тайёрлаб берди, осмондан ёмғирлар ёғдирди. Парвардигор айтадики: «бу ёмғир билан ҳар қисм (турли) гиёҳларни, ранг-баранг анволарни (навъларни) кўкартириб бердик ва ҳам сизларнинг фойдаларингиз учун боғлар ва молларингизни фойдаси учун кўкатлар кўкартириб бердик. Энди сизлар бу боғларнинг меваларидан енглар, гиёҳлари билан ҳайвонларингизни боқинглар. Бу ишларда ақлли инсонлар учун бизнинг қудратимизга далолат қилувчи нишоналар бордир. Биз сизларни ердан халқ қилганмиз. Сизларни ўлдириб, яна ерга қайтарурмиз. Қиёмат куни сизларни қайтадан тирилтириб, ушбу ердан чиқарурмиз. Дарҳақиқат, Биз Фиръавнга ҳамма оят мўъжизамизни кўрсатдик, лекин у ишонмади ва имон келтиришдан ибо қилди».
57-69. Фиръавн айтди: «Эй Мусо, сеҳринг билан бизнинг мулкимиздан чиқариб, ўзинг подшоҳ бўлишга келдингми? Биз албатта сени сеҳрингга ўхшаш сеҳрни тайёрлаб, сени муқобилингга келтирамиз. Биз билан ўзингни ўртангда муқобала қилиш учун бир вақтни ваъда қил. Ул ваъдадан биз ҳам хилоф қилмайлик, сен ҳам хилоф қилмагин. Ва ҳам бир текис жойни ихтиёр эт» . Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Сен билан ваъдамиз сизларнинг ийд(байрам) кунингиз бўлади. Мардум тўпланган чошгоҳ вақтида муқобала қиламиз». Бас, Фиръавн ўз ўрдасига қайтди-да, вазирлари билан маслаҳатлашиб, Мусо алайҳиссаломга муқобала қилиш учун жодугарларни жамлаб (йиғиб) келди. Мусо алайҳиссалом сеҳргарларга айтдилар: «Вой сизларнинг ҳолингизга! Худонинг пайғамбарини жодугар деб, Худога ёлғонни туҳмат (бқҳтон) қилманглар. Аллоҳ таоло сизларга азоб юбориб, ҳалок қилади. Худога туҳмат қилувчи ҳаргиз мақсадга етмайди». Жодугарлар ўз ўрталарида ҳазрати Мусога муқобала қилиш тўғрисида махфий маслаҳат қилдилар. Фиръавнга айтдиларки: «Бу иккови албатта, соҳирлардир, ўзининг сеҳри билан сизларни бу мамлакатдан чиқаришни, Сизларнинг яхши динингизни йўқ қилишни хоҳлайдилар» Бас, Фиръавн «Ҳийлаларингизни (сеҳружодуни) бошланг. Саф тортиб майдонга келинг. Қайси тараф ғолиб бўлса, шу мақсадга етади», деди. Жодугарлари (сеҳргарлар) айтдилар: «Эй Мусо, муқобала қилмоқ учун сен сеҳрингни аввал ташлайсанми, ё биз аввал ташлайликми?». Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Аввал сиз ташланг» Бас, жодугарлар сеҳрларини майдонга ташладилар. Бас, ногоҳ буларнинг асолари, хаёл қилиндики, ҳаммаси илонлар бўлиб, майдонда ҳаракат қилар эди. Мусо алайҳиссалом нафсларида қўрқув даҳшатини ҳис этдилар. Биз ваҳий юбориб, айтдик: «Эй Мусо, қўрқма, сен ғалаба қиласан. Ўнг қўлингдаги асони майдонга ташла, токи, жодугарларнинг қилган жодуларини ютиб юборсин. Буларнинг қилган ишлари-соҳирларнинг ҳийласи, холос. Албатта мўъжиза олдида сеҳр мағлуб бўлади. Соҳир қаерга борса ҳам, нажот топмайди».

70-74. Вақтики, жодугарлар яқин қилдилар (аниқ билдиларки), Мусодан содир бўлган амр (иш) сеҳр эмас, балки мўъжизадир. Чунки сеҳр, сеҳрни ботил қилмайди. Ҳаммалари қилган ишларидан пушаймон бўлиб, Парвардигорга сажда қилмоқ учун ерга йиқилдилар. Айтдиларки: «Бизлар Мусо билан Ҳоруннинг Худосига имон келтирдик». Фиръавн айтди: «Мен ижозат бермасимдан олдин Мусонинг Худосига имон келтирдиларингми? Энди билсам, сизларга сеҳрни таълим берган устозларинг Мусо экан. Энди мен сизларга жазо бериб, қўл-оёқларингни бирини ўнгдан ва бошқасини чапдан қилиб кесдираман. Жасадларингни ибрат учун хурмонинг танасига осиб қўяман. Сўнгра биласизлар менинг азобим қаттиқми ё Мусони Худосининг азоби қаттиқми?» Жодугарлар айтдилар: «Бизларга мўъжизотлар содир бўлиб бизни халқ қилган Парвардигор зоҳир бўлгач сени Худоликка ҳаргиз ихтиёр қилмаймиз ва ҳукмингни бажармаймиз. Бизга нима ҳукм қилсанг қилавер, бизлар парво қилмаймиз. Сен нима ҳукм қилсанг шу дунёда қиласан, бу ҳукмларинг ҳамиша давом этмайди. Бизлар Парвардигоримизга имон келтирдик. Биз ўтган хатоларимизни Парвардигор кечиришини умид қиламиз. Ва ҳам сени бизни мажбур қилиб, сеҳр билан мўъжизага муқобала қилган хатойимизни ҳам кечиришини Худодан умид қиламиз. Аллоҳ таоло бизга ҳамма нарсадан яхшироқ, Унинг вужуди ҳамиша боқийдир». Албатта, ҳар кимки қиёмат куни Парвардигорининг ҳузурига гуноҳкор бўлиб келаркан, бас, унга жаҳаннамнинг азоби тайёрдир. Жаҳаннамда ўлмайди унда яхши ҳаёт ҳам йўқ.

75-76. Ҳар ким Парвардигорнинг ҳузурига мўъмин бўлиб, яхши амал қилиб келар экан, бас, уларга жаннати Аднда баланд мартабалар берилади. Бу жаннатнинг бўстонларидан анҳорлар жорий бўлади. Аҳли жаннат бу ерда абадий бўладилар. Покиза, муттақий одамларнинг мукофоти шундан иборатдир».

77-82. Бизлар Мусога ваҳий юбориб буюрдикки, «Сен тунда бандаларимни Мисрдан олиб кет. Буларга дарё йўлини ихтиёр қил. Бу дарёдан сизларга қуруқ йўл ато қиламан. Сен Фиръавннинг етиб келишидан ҳам, дарёга ғарқ бўлишдан ҳам қўрқмагин. Мен сизларни Фиръавннинг зулмидан саломат сақлайман. «Фиръавн иккинчи куни хабар топди: Бани Исроил Мисрдан чиқиб кетибди. Фиръавн лашкарини олиб, Бани Исроилнинг орқасидан қувиб, дарё лабига келди. Қарадики, сув ораларида йўл пайдо бўлган. Фиръавн лашкари билан шу йўллардан ўтмоқчи бўлиб дарёга кирди. Дарёнинг улуғ мавжлари буларни ўраб олди. Фиръавн ўз қавмини ҳам йўқотди, ўзи ҳам йўл топмади. Ҳаммалари дарёга ғарқ бўлдилар.
Биз ваҳий орқали Бани Исроилга (мархамат қилиб) айтдик: «Эй Бани Исроил, сизларни душманларингдан нажот бердик. Кўҳи Тур ( Тур тоғи) тарафига сукунат қилмоқларингизни аҳд қилдик. Сизларга марҳамат қилиб, тайёр шакарни (ширинликни) осмондан ёғдирдик. Қовурилган бедана гўштини ато қилдик. Бизлар муқаррар қилган ризқларимизни енглар, бир-бирларингизни ҳақларингизга тажовуз қилманглар, неъматларимизни еб гуноҳ қилманглар. Шукр бажо келтиринглар, акс ҳолда Менинг ғазабим сизларга нозил бўлади. Кимга менинг ғазабим нозил бўлса (етса, у шаксиз) ҳалок бўлади. Албатта, Мен кечиргувчиман. Иймон келтириб, яхши амаллар қилса, сўнгра тўғри йўлда барқарор бўлса, шундоқ бандаларни албатта гуноҳларини кечаман».

83-89. «Эй Мусо, сени нима нарса шошилтирди, қавмингдан жудо бўлиб келдинг?». Қисса шундан иборат эдики, Ҳақ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий юборган эди: «Қавмингни ашрофларидан (улуғларидан) етмиш кишини олиб, Кўҳи Тур (Тур тоғи)га келгин, Мен сенга Тавротни ато қиламан». Ҳазрат Мусо алайҳиссалом қавмларини йўлда қолдириб, ўзлари танҳо Кўҳи Турга келдилар. Шунинг учун Худо хитоб қилиб айтдики: «Нима учун қавмингдан жудо бўлиб, танҳо келдинг?» Мусо алайҳиссалом айтдилар: «улар мени орқамдан келяптилар, мен Сени тарафингга шунинг учун шошилиб келдимки, эй Парвардигоро Сен бу қилмишимдан рози бўласан дедим». – «Эй Мусо, сендан кейин ибтило (балога, имтихонга қолиш) учун қавмингни фитнага солдик, то ҳаммалари бузоққа ибодат қилгани турдилар. Сомирий деган шахс буларни гумроҳ қилди». Бу одам ўзи заргар эди, қибтийлардан ўлжа қилиб олган тиллоларни эритиб, қолипга қўйиб, бузоқнинг ҳайкалини тайёрлади. Бир ривоятда Жаброил алайҳиссалом Фиръавнни ҳалок қилмоқ учун келганларида, отнинг оёқларидан чиққан тупроқдан олиб қўйган экан. Ўшал ҳайкалга сепди, бузоқ тирилиб, овоз қилгани турди. Бани Исроилга Сомирий айтдики: «Мана шу Мусонинг ва сизларнинг Худоларингдир. Мусо эсидан чиқариб, Худони излаб, Кўҳи Турга кетди».
Мусо алайҳиссалом Кўҳи Турда муножотдан фориғ бўлдилар. Худои таоло ваъдага мувофиқ китобни берди, қавмларига қайтиб келдилар. Қавмларини бу ҳолда кўриб, ниҳоятда афсусланиб, ғазабноқ бўлдилар. Қавмларини маломат қилиб айтдиларки: «Эй қавмим, Парвардигорим сизларга яхши ваъдаларни бермадими? Аҳкоми шариатни баён қилувчи Тавротни бераман деб ваъда қилди. Мен сизлардан жудо бўлганимга кўп вақт ўтгани йўқку? Қирқ кунга ваъда қилган эдим, шу ваъдада қайтиб келдим. Ё сизлар Парвардигорларингнинг ғазабини қасддан ўз бошларингда нозил бўлишини истадиларингми? Имонимизда барқарор турамиз деб ваъда қилган эдиларинг-ку?. Бу ваъдага хилоф иш қилдиларинг. Бузоқпарастлар айтдиларки, сени ваъдангга ўз ихтиёримизча хилоф қилганимиз йўқ. Мажбуран ихтиёр қилдик. Бизнинг тепамизга бу муомалани мажбуран юклатилди. Қибтийлардан қолган (зар) зеварларни ўтга солдик, Сомирий ҳам қўлидаги зеб-зийнатларни ўтга солди. Бас, Сомирий ўтни ичидан Бани Исроилга гўсола (бузоқнинг) ҳайкалини чиқарди. Бузоққа ўхшаш овоз қилар эди. – Худоларинг, Мусонинг Худоси ҳам шудир, деб, ҳаммани гумроҳ қилди». Оё бузоқпарастлар билмайдилармики, бу бузоқ сўзлашга ҳам, фойда-зарар етказишга ҳам қодир эмас.

90-94. Мусо алайҳиссалом ҳануз Кўҳи Турдан келганлари йўқ эди, Ҳорун алайҳиссалом қарабдурки, Бани Исроил гумроҳ бўлди. Бани Исроилга қараб айтдилар; «Эй қавмим, сизлар бузоқни ибодатига мубтало бўлдиларинг, ваҳоланки, сизларни яратган зот меҳрибон ягона Худонинг ўзи эди. Ҳали ҳам бўлса, менга тобе бўлинглар, ҳукмимга итоат қилинглар». Яҳудлар айтдилар: «То Мусо келгунча биз бу бузоқпарастликдан қайтмаймиз». Мусо алайҳиссалом Кўҳи Турдан қайтиб келдилар. Бу ҳолни кўрдилар, Ҳорун алайҳиссаломга айтдилар: «Эй Ҳорун, вақтики, кўрдинг, Бани Исроил гумроҳ бўлдилар. Мени орқамдан бориб, менга хабар беришдан нима нарса монеъ бўлди? Мен сенга Бани Исроилни топшириб, сенга васият қилган эдим, сени ўзимга халифа қилиб, буларни ҳолини ислоҳ қилгин, гумроҳ бўлгани қўймагин деган эдим. Нимага амримни бажо келтирмадинг?». Ҳорун алайҳиссалом айтдилар: «Эй онамнинг боласи, менинг соқолимдан тортма, бошимдан ҳам тортма, мен қўрқдимки, насиҳат қилсам бу қавм икки фирқа бўлиб қолсалар, айтарсанки, Бани Исроил жамоасига тафриқа солибсан. Мени қавлимга (сўзимга) амал қилмабсан. Мен сенга ислоҳ қилгин деган эдим, сен тафриқа солибсан, шунинг учун хомуш бўлдим».

95-98. Сўнгра Мусо алайҳиссалом Сомирийга қараб айтдилар: «Эй Сомирий, қандай сен бу улуғ гуноҳ ишга муртакиб бўлдинг? (киришдинг?) Ҳолингни айтиб бер». Сомирий айтди: «Мен Бани Исроил кўрмаган нарсани кўрдим, билдим, яъни Фиръавнни ҳалок қилмоқ учун Худо тарафидан келган малоикани танидим. Отининг оёғи тагидан чиққан тупроқдан бир қабза (сиқим) олдим. Бузоқнинг ҳайкали тепасига сочдим. Бузоқ тирилиб, овоз қила бошлади. Нафсим менга шу ишни маъқул қилди». Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Сенинг жазоинг шуки, Бани Исроил қавмидан чиқиб кет! Сенга тирикликда азоб шуки, рўбарў бўлган одамга айтурсан: «Менга яқин келманглар!»».
Ривоят қиладиларки, Мусо алайҳиссаломнинг дуолари билан Сомирийнинг баданида бир дард пайдо бўлган эди. Ким яқин бўлса, унга ҳам бу дард юқар эди. Сомирийнинг ўзи одамларга айтарди: «Менга яқин келманглар!».
Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Бу азоб сенинг бу дунёда тортган азобингдир, аммо қиёматда сенга ваъда қилинган улуғ азоб бордир. Бу ваъдага вафо қилинади. Энди сен ўзингни ибодат қилган Худойинга назар қилгин, бизлар уни куйдириб, кул қиламиз, дарёга совурамиз. Сен ибрат билан назар қилгин, шу аҳволга тушган нарсага ибодат қилиб бўладими!? Эй Бани Исроил, ҳақиқатда ибодат қиладиган Худоларинг якка ва ягонадир, Ўзи танҳодир, бошқа маъбуд йўқдир, илми ҳамма нарсани ихота қилгандир (қамраб олгандир)».

99-104. Эй Муҳаммад (САВ), сенга ушбу Мусо алайҳиссаломнинг қиссаларига ўхшаш, қисса баён қиламиз. Ўзимиз тарафимиздан сенга ўтганларнинг аҳволини панд-насиҳат қилувчи Қуръон бердик. Ҳар ким саркашлик қилиб, Қуръондан юз ўгирса, бу шахс қиёмат куни гуноҳларнинг юкини кўтариб, ҳозир бўлади, азобга ҳамиша мубтало бўлади. Қиёмат куни буларнинг кўтарган юклари жуда ҳам ёмон юкдир. Ҳазрати Исрофил қиёмат куни сур тортганларида, уларни юзлари қорайган ва кўзлари кўкарган ҳолда жам қиламиз. Ўзаро махфий (пичирлаб) сўзлашадиларки: «У дунёда ўн кунгина ҳаёт кечирдингиз, холос» Камоли даҳшатдан кечирган умрларини эсдан чиқарадилар. Улардан баъзи донороқлари айтадиларки: «Сизлар ҳаёт кечирганингиз йўқ, магар бир кун холос. Қиёматнинг кунига қараганда дунёнинг куни ҳаммаси бир кундир».

105-113. Эй Муҳаммад (САВ), сендан кофирлар савол қилишади: «Қиёмат куни тоғларнинг аҳволи нима бўлади?» - деб. Сен жавобига айтгин: «Тоғларни гард-гард қиладур, шамолга буюриб совуради, ерни холи (бўм-бўш) ва текис аҳволда қолдиради. Ерда пастлик, жарлик ва баландликларни кўрмайсан. Шу кунда тамом ҳалойиқ, чақирувчининг орқасидан эргашадилар. Исрофил алайҳиссалом маҳшаргоҳга ўзаро «Ҳаммаларинг ҳозир бўлинг», - деб чақиради. Ҳеч ким қочиб, бирор тарафга кетолмайди. У кунда Парвардигорнинг ҳайбатидан ҳамманинг овози паст бўлади. Ҳеч кимдан биронта овоз эшитмайсан, магар ҳамма овозлар махфий бўлади. У кунда ҳеч ким ҳеч кимсани суфориш қилиб (оқлаб), ва шафоат қила олмайди, магар Парвардигор рухсат берса, сўзлашига рози бўлса, у одам гапира олади. Парвардигор буларга минбаъд (бундан сўнг) нима ҳол келишини ҳам, дунёда қандай ҳол ўтганини ҳам билади. Аммо булар ҳеч бир нарсани билмайдилар. Қиёмат куни Парвардигорнинг ҳузурида дунёда зулм ва ширкка мубтало бўлганларнинг юзлари хор бўлади, ноумид бўлади. Аммо ҳар кимки мўъмин бўлган ҳолда яхши амаллар қилган бўлса, булар у кунда ҳеч қандай зулмдан қўрқмайдилар (чўчмайдилар), ҳасанотларига (савобли ишларига, хайротларига) нуқсон етишидан ҳам қўрқмайдилар».
Шу нозил қилган оятларимизга ўхшаш, биз Қуръонни араб тилида нозил қилдик. Ул Қуръонда азобга келган оятларни бот-бот такрор қилдик, шоядки, мушриклар қўрқиб, ҳидоят йўлини ихтиёр қиларлар деб. Қуръон буларга янги панд-насиҳатлар эшиттиради.

114-121. Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан олийдир, ҳукм қилса подшоҳдир, ҳақ ростдир. Эй Муҳаммад (САВ), сен ваҳий тамом бўлишига мунтазир бўлгин, биз дилингга Қуръонни жамлаймиз. Ҳамиша дуо қилиб айтгинки: «Эй Парвардигор, менинг илмимни зиёда қилгин». Албатта, Биз Одамга ваҳий юборган эдикки, буғдой дарахтига яқин бўлмагин, мевасидан емагин, деб. Кейин Одам бизнинг ҳукмимизни эсдан чиқарди. Биз Одамнинг азийматини маҳкам топмадик, (қатъияти) сабр-тоқати бўлмади. Вақтики, Одамни халқ қилгандан сўнг малоикаларга: « Одамга сажда қилинглар!» деб буюрдик. Ҳаммалари сажда қилдилар, магар иблис сажда қилиҳдан бош тортди. Биз насиҳат қилиб, Одамга айтдик: «Эй Одам, бу Шайтон сенга ва аёлингга душмандир, бас, сизларни жаннатдан чиқишларингга сабаб бўлмасин. Агар Жаннатдан чиқар экансиз кулфатга учраб қолурсиз, чунки сенга ва аёлингга жаннат ичида роҳат бордир. Бу ерда оч ва яланғоч қолмайсан, ташна бўлмайсан, офтобни иссиғига қолмайсан, агар жаннатдан чиқсанг, бу кулфатга дучор бўласан, бас, Шайтон, Ҳазрати Одамни васваса қилиб айтдики: «Мен сенга бир дарахтни кўрсатайми? Унинг номини Шажаратул-Хулд дейдилар, бу дарахтнинг мевасини еган киши ҳаргиз ўлмайди ва жаннатдан чиқмайди ва сенга шундай мулкни далолат қилайми ҳеч эскирмайди? Бас, икковлари манҳий (тақиқланган) дарахтнинг мевасидан едилар, сўнгра жаннат либослари устларидан учиб кетди, авратлар очилиб қолди. Бу икковлари дарахтларнинг баргларини олиб, авратларини ёпа бошладилар. Одам алайҳиссалом Парвардигорнинг амрига хилоф иш қилдилар. Шайтон қилган ваъдалардан бебаҳра қолдилар, сўнгра жаннатдан Жаброил алайҳисалом олиб чиқдилар. Қилган ишларига надомат ва истиғфор қила бошладилар.

122-123. Вақтики, Ҳазрати Одам алайҳиссалом қилган амалларига пушаймон бўлиб, тавба қилдилар. Ҳақ таоло тавбаларини қабул қилди, тўғри йўлга ҳидоят қилди. Ҳақ таоло айтди: «Эй Одам ва Ҳавво ҳаммаларинг жаннатдан чиқиб кетинглар. Баъзи авлодларинг баъзи авлодларингга адоват қилган ҳолда ер юзида тириклик қилинглар. Зурриётларинг билан ер юзида сукунат қилганларингда (яшаганларингда) Менинг тарафимдан сизларнинг зурриётларингизга ҳидоят қилувчи келса, бас, ҳар ким ҳидоятимизга тобе бўлиб, амримизни бажо келтирса, бас, ул шахс у дунёда гумроҳ бўлмайди ва охиратда ҳам азоб-уқубатга гирифтор бўлмайди.

124-129. Ҳар кимки Менинг ёдимдан юз ўгирса, бу шахснинг бу дунёдаги жазоси шуки, танглик ва қаттиқлик билан кун кечиради, қиёмат куни қабрдан кўзлари кўр ҳолда турғизамиз. У шахс фарёд қилиб айтадики, «Эй Парвардигор, у дунёда мен кўр эмас эдим, нега бу дунёда кўр тургиздинг?». Худо тарафидан унга жавоб бериб айтиладики: «Сен шундай бўлишинг керак эди, чунки сенга Менинг оятларим ва мўъжизаларим келганда ҳаммасидан кўз юмиб, бош тортдинг. Энди бугун сендан ҳам кўз юмилади, ҳолингга қаралмайди. Шунга ўхшаш ҳаддидан ошган одамларни, Парвардигорнинг оятларига имон келтирмаганларни, жазо берамиз. Албатта, охиратининг азоби қаттиқдир, у абадий давом этади. Оё, Қурайшнинг мушриклари булардан илгари шу жойларда ўтган умматларнинг ҳалок қилганимизни биладилар, шулар ибрат ва ҳидоятларига сабаб бўлмайдими? Шу қавм ҳалок бўлганлардан ибрат олсалар бўлмайдими?! Албатта, шуларнинг ҳалокатида оқиллар учун ибрат олишга нишоналар бор эди. Агар Худонинг ҳукми сабқат қилмаганида (олдин жорий бўлмаганида), яъни буларнинг азобини охиратга қолдирмаганида, шу дунёда булар азобдан эмин жудо бўлмасди. Лекин Парвардигорнинг қазою қадари шунга жорий бўлган ва азоб учун вақт муайян қилгандир.

130-132. Эй Муҳаммад (САВ), мушрикларнинг тиллари билан таъна қилганларига, то Парвардигоринг ҳукм қилмагунча сабр қил. Парвардигорга офтоб тулуъ қилмасдан (чиқмасдан) илгари намоз ўқигин. Худонинг тавфиқ ҳидоятига хамд айтган ҳолингда офтобнинг ғуруб бўлишидан (куннинг ботишидан) муқаддам намози асрни адо этгин. Кечанинг вақтларида ҳам намози хуфтон ва шомни адо этгин, кундузнинг тарафларида ҳам намози зуҳрни (пешинни) адо этгин, шоядки, бу ибодатларинг эвазига Худонинг берган атоларидан (ажрларидан) рози бўларсан. Эй Муҳаммад (САВ), кофир жамоаларнинг Бизлар берган мол ва амволларига ҳасрат билан қарамагин, бу амволлар бу дунёнинг зийнатидир, бу дунё матолари кофирларга қиёмат куни азобга мубтало бўлишларига ҳукм қилмоқ учун берилган. Сен учун Парвардигоринг Қиёмат куни муққаррар қилган ризқлари, буларнинг фоний бўлиб кетадиган молидан яхшироқдир, у абадий давом этади. Ўзингнинг тобеъларингни намозга амр қилгин, шу амалда ҳамиша давом этгин. Биз сизлардан ризқ-рўзи сўрамаймиз, аксинча, сизларга биз ризқ берамиз. Шундай экан, хотиржамлик Билан Худонинг ибодатига машғул бўлинглар. Охиратнинг хайри ва саодати аҳли тақвогадир.

133-135. Макка мушриклари айтадиларки, нима учун Худо тарафидан биз талаб қилган мўжизаларимиз келмайди. Оё, буларга илгариги ўтган китоблардаги аҳволларнинг хабари келгани йўқми экан, ўтган умматлар ўз пайғамбарларидан мумкин бўлмаган мўжизалар талаб қилганлари, сўнгра мўжиза келганда инкор қилганликлари сабабли ҳаммаси ҳалок бўлган аҳли китобларнинг ҳикоятларини эшитган бўлсалар керак. Булар ҳам мана шундай мўжизалар талаб қилар эканлар, сўнгра ҳаммалари ҳалок бўладилар. Агар бизлар пайғамбар юборишдан илгари кофирларни ҳалок қилсак, Қиёмат куни ҳужжат қилиб айтар эдиларки: «Эй Парвардигор, нима учун бизларга пайғамбар юбормадинг. Биз унга иймон келтирган ва ҳукмларинга тобеъ бўлган бўлар эдик. Бу кун Қиёмат куни хор ва расво бўлмаган бўлар эдик». Шунинг учун биз ҳар бир миллатга пайғамбар юбориб огоҳлантирдик. Эй Муҳаммад (САВ), мушрикларга айтгин: «Ҳар биримиз ким ҳақ йўлда ким ботил йўлдалиги аён бўлишига мунтазирдирмиз. Сизлар ҳам мунтазир бўлиб туринглар, яқинда ким ҳидоят аҳли ва ким гумроҳ эканини биласизлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase