close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

009. Тавба сураси

Тавба сураси Мадинада нозил бўлгандир. Ва ул бир юз йигирма тўққуз ва ўн олти рукуъдир. Бу сураи муборакнинг аввалида Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм ёзилмайди, чунки Расули Акрам (с.а.в.)га амр бўлмади. Равоҳул ҳоким Саййидино Али каррамаллоҳу важҳаҳу дебдирларки бисмиллоҳ омондир. Бу сура қилич ила омонни кўтармоқ учун нозил бўлгандир. Имом Бухорий дебдирларки, ҳаммадан охирда нозил бўлган сурадир. Баъзилар дебдирларки, юқоридаги Анфол сураси ила бу сура маънавий иттисоли (боғлиқлиги) буюк бўлгани сабабидан аввалига бисмиллоҳ ёзилмади.
Тавба сураси 129 оятдан иборат бўлиб, 128 ва 129-оятлари Маккада, қолганлари Мадинада нозил бўлган. Суранинг 104- сураси тавба ҳақида эканлиги учун шу ном билан аталган. Суранинг бундан ташқари бир неча номлари бўлиб, энг машҳури Бароа деб номланади. Бу сура Анфол сурасининг давоми ёки ўзи бир мустақил сура эканлиги ё йўқлиги ҳақида ихтилоф бўлганлиги учун сура бошида Басмала (Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим) ёзилмаган. Хижратнинг тўққизинчи йилида Абу Бакр ҳаж амири этиб тайинланган ва мусулмонлар ҳажга юборилган. Бу сура нозил бўлиши биланоқ, Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳнинг амрларини ҳаждаги инсонларга етказиш учун Ҳазрати Али (р.а.)га топширганлар. Ҳазрати Али ҳажга кетаётган карвонга етиб борганларида, Ҳазрат Абу Бакр (р.а.) : «Амир бўлиб келдингми ёки маъмур буюрилган бўлибми?»,-деб сўради. Ҳазрати Али (р.а.) фақат Маккада ҳожиларга сурани етказиб тушунтириш учун юборилганлигини билдирди. Ҳазрати Али байрамнинг биринчи куни Ақаба (шайтонга тош отиладиган жой номи) ёнида туриб, ўзини пайғамбар томонидан юборилган бир элчи эканлигини билдириб, бир хутба ўқийди. Кейин Тавба сурасининг бошидан 30 ё 40 оят ўқиб : «Тўрт нарсани етказишга маъмурман: 1. Бу йилдан кейин Каъбага ҳеч  бир мушрик яқинлашмайди. 2. Ҳеч ким яланғоч ҳолатда Каъбани зиёрат қилмайди. 3. Мўминлардан бошқаси жаннатга кирмайди. 4. Мушрик қабилалар томонидан бузилмаган онт ичилган аҳдномалар келишув муддатининг охирига қадар ўз кучида қолади (яъни бу аҳдлар бузилмайди).»

1-2-3-4-5-6. Безорлик эълон қилинур Худо ва Расулининг тарафидан ул жамоа кофирларигаки, сизлар улар билан аҳд қилгансизлар. Улар сўнгги аҳдларини синдирганлар. Энди Худо ва Расул тарафидан алоқа узулди. Уларга айтинглар: сизларга тўрт ой мухлат берилур. Тўрт ой тамом бўлгандан сўнг сизларга мухлат йўқ. Ё иймон келтирасизлар, ё урушга тайёр бўласизлар . Бу суранинг нозил бўлиш сабаби шундан иборат эрдики, Макка фатҳидан сўнг Расулуллоҳ мушриклар қабиласи билан муайян мудддатларга аҳд тузган эрдилар. Бундан баъзи қабилалар аҳдларига вафо қилдилар. Бул сура нозил бўлди. Расулуллоҳга Худо тарафидан амр бўлдики, қирқ оятни ул сурадан ҳазрат Али разийаллоҳу анҳу ҳаж мавсумида айём наҳр куни ҳажга келган қабиларга ўқиб эшитдурсин. Бу сурада аҳдни синдирган кофирларга тўрт ой муҳлат берилди. Аҳдини синдирмаган кофирларга аҳднинг муддатини тамом қилишга амр бўлди. Маълум бўлсунки, бу сурада мушрикларга омон бермасликка амр қилинди. Бисмиллаҳ ояти омонга далолат қилади. Шунинг учун бу суранинг ибтидосида бисмиллаҳ ёзилмагандир.  Эй мушриклар билингларки, сизлар Худони ожиз қила олмайсизлар ва ҳам билингларки, Аллоҳ таоло мушрикларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам расво қилувчидур. Ҳажи акбар куни яъни, айёми наҳр куни Худо ва Расули тарафидан ҳамма ҳалққа эълон қилинадирки, Аллоҳ таоло ва унинг Расули мушриклардан безордир. Бас, агар, эй кофирлар, тавба қилсангизлар ва иймонга кирсангизлар, бас, бул феълларинг ўзларингга яхшидир ва агар иймондан юз ўгирсаларинг, билингларки Худони ожиз қиломассизлар. Эй Муҳаммад, кофирларга қаттиқ азобдан хабар бергин. Эй Муҳаммад, ул гуруҳлар билан аҳд қилинг. Улар аҳдларини синдирганлари йўқ ва сизларни душманларингизга ёрдам ҳам берганлари йўқ. Бас, бул қабилаларга аҳдларини муддати тамом бўлгунча мухлат беринглар. Аллоҳ таоло муттаққийларни дўст тутад. Ҳаром қилинган тўрт ой тамом бўлгандан сўнг бу қабилалар ё иймон келтирадилар, ё урушга тайёр бўладилар. Агар урушсалар, бас эй мўъминлар, мушрикларни қаерда топсаларинг ўлдиринглар. Ва ҳам асир қилиб олинглар ва атрофларини ўраб олинглар, йўлларини пойлаб ўлтуринглар. Бас, агар иймон келтирсалар, беш вақт намозни барпо қилсалар, молларининг закотини берсалар, булар билан ишларинг бўлмасин. Чунки булар энди сизларга биродардирлар. Албатта, Аллоҳ таоло ўтган гуноҳларни кечирувчидир ва мехрибондир. Ва агар мушриклардан биронтаси сандан омон талаб қилса, омон бергин, токи эшитсин, каломуллоҳни, шоядки, иймон келтирар. Агар иймон келтирмаса ва ўз қабиласига кетишни хоҳласа хавфсиз жойга давор олиб бориб қўйинглар. Шунинг учун омон бериш керакки, булар ҳеч нарсани билмайдилар.

7-8. Ислом ғалаба қилгандан сўнг ва Ҳақ ботилодан ажрагандан сўнг Худо ва Расулининг наздида мушриклар билан аҳд қилиш қандай жоиз биладур. Аммо ул қабилаки Масжидул Ҳаромда улар билан аҳд паймон қилдиларинг, улар бани Кинона бирла бани Замро эрди. Буларнинг аҳдига риоя  қилинглар. Аллоҳ таоло аҳдларига вафо қилувчи тақводорларни дўст тутади. Мушрикларни аҳдига қандай эътибор бериб бўладур. Агар булар сизларга аҳд қилсалар қариндошликни ҳам эътиборга олмайдурлар ва ҳам вафо қилмайдурлар. Оғизлари билан сизларни рози қиладилар ва диллари билан адоват қиладилар. Буларни аксарлари инсоният доирасидан хориждурлар.

9-10-11-12-13. Бул кофирлар дунёнинг бадалига Қуръонни тарк этдилар, бошқаларни Худони йўлидан манъ этдилар. Буларнинг қилган амаллари кўп ёмондир. Бу мушриклар бир мўъминни ҳақига қариндошликни ё аҳдни парво қилмайдилар. Булар «Худо»ларидан тажовуз қилувчидирлар ва агар тавба қилиб иймон келтирсалар ва намозни барпо қилсалар ва закотни адо этсалар, дийни Исломда сизларга биродардирлар. Бизлар Қуръон оятининг ҳукмини билувчи кишиларга баён қиламиз. Агар мушриклар аҳд қилгандан сўнг, қасамларини синдирсалар, динларингизга таъна қилсалар куфрни. Бошлиқлари билан муқотила қилинг. Чунки буларда ҳеч қандай қасамни эътибори йўқдир. Ва агар булар билан уруш қилсаларинг шоядки куфрларидан қайтарлар. Оё сизлар шундоғ қавм билан жанг қилмайсизлармики, қасамларини синдирганлар, Муҳаммад алайҳиссаломни Маккадан чиқаришга қасд қилганлар, ваҳоланки, булар  аввало бринчи бўлиб сизлар билан уруш бошлаганлар, булардан қўрқасизларми? Агар мўъмин бўлсаларинг, Худодан қўрқинглар. Аллоҳ таоло ҳақлироқдир ундан қўрқинглар.

14-15-16. Эй мўъминлар, кофирлар билан жанг қилинглар, токи Аллоҳ таоло сизларнинг қўлларингиз билан кофирларни азоб қилсин ва расво қилсин, сизларга кофирларнинг ҳилофига мадад берсин, ва ҳам кофирларнинг қўлидан азият тортган мўъминлар дилларининг дардига шифо берсин ва ҳам диларидаги ғамни кўтарсин. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига тавба насиб қилади. Аллоҳ таоло бандаларининг ҳолига донодир ва ҳикматлидир. Оё иймон келтирганларингдан кейин  гумон қиласизларму сизларни ташлаб қўйилади. Ҳануз Аллоҳ таоло сизлардан жиҳод қилувчиларни маълум қилгани йўқ ва ҳам кофирларни Худо ва Расулидан ва мўъминлардан бошқа махфий дўст тутмайдиганларни муайян қилмагунча. Аллоҳ таоло сизларни амалларингиздан хабардордир.

17-18-19. Худонинг масжидларини иморат қилиш мушрикларга раво эмас. Ваҳоланки ўз нафсларини куфрига иқрордирлар. Буларнинг масжиднинг таъмири хусусида аввалги қилган амалларининг ҳаммаси ботилдир. Булар дўзахдан ҳамиша қоладилар. Албатта, масжидларни Худога ва охиратга иймон келтирган одамлар таъмир қиладилар. Бул зотлар намозни ўз вақтида ўқийдилар, закотни берадилар ва Худодан бошқадан қўрқмайдилар. Албатта, шул зотлар ҳидоят топганлардандирлар. Мушриклар бизлар Масжидул Ҳаромни иморат қилганмиз ва ҳожиларга Замзам сув берамиз деб фахрланар эрдилар. Худойи таоло рад этиб ушбу оятни нозил қилди, Эй мушриклар, ҳожиларга сув берувчини, Масжидул Ҳармни обод қилувчини барбод қиласизларми? Шундоғ зотларғаки, Худога ва оҳиратга иймон келтирганлар, улар Худо йўлида жиҳод қиладилар. Худонинг наздида ҳаргиз баробар эмаслар. Сизлар золимсизлар. Аллоҳ таоло золим қавмни ҳидоят қилмайди.

20-21-22. Ул жамоаки иймон келтирганлар ва ҳижрат қилганлар, худони йўлида моллар ва жонлари билан жиҳод қилганлар. Худонинг наздида буларнинг даражалари улуғдур, шулар мақсудларига етадилар. Аллоҳ таоло буларга ўзини раҳматидан, розилигидан башорат беради. Буларга жаннатда неъмат доим бордир ва жаннатда булар ҳамиша бўладилар. Чунки Аллоҳнинг наздида улуғ савоб бордир.

23-24. Эй мўъминлар, агар оталаринг ва биродарларинг иймоннинг бадалига куфрни ихтиёр қилсалар уларни дўст тутманглар. Сизлардан ҳар ким ...............дўст тутар экан, ўз нафсига зулм қилгувчилардандур. Эй, Муҳаммад, мўъминларга айтгил, агар оталаринг, ва ўғилларинг, ва биродар, ва аёлларинг ва бошқа қариндошларинг ва касб қилган молларинг ва тижоратларингки, сизлар уни касод бўлиб қолишдан қўрқасизлар. Сукунат қиладиган иморатларинг сизлар уни яхши кўрасизлар, сизларни дилларингизда Худо ва Расулдан, Худонинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуброқ ва яхшироқ бўлса. Бас, Худонинг азоби келгунча мунтазир бўлуб туринглар.Аллоҳ таоло фосиқлар қавмини дўст тутмайдур.

25-26-27. Аллоҳ таоло кўп урушларда ёрдам берди ва ҳам Хунайн уруш куни ҳам ёрдам берди. Ўшал вақтида лашкарларингнинг кўплиги сизларни мағрур қилган эрди. Бул кўпчилик сизлардан ҳеч қандай кулфатни дафъ қилмади. Е шунча кенглиги билан сизларга тор бўлди. Орқаларингга ўгурилиб қочдиларинг. Сўнгра Аллоҳ таоло Расулининг дилига ва содиқ мўъминларнинг дилига ғайрат ва сабот ва оромликни нозил қилди. Булар ўз жойларида барқарор бўлдилар. Яна Аллоҳ таоло лашкари малоикани нозил қилди. Сизлар уни кўрмас эрдиларинг. Кофирларга қатл билан ва асирлик билан азоб берди. Кофирларнинг жазоси шундоғ бўлади. Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи ва меҳрибондур.

28. Эй мўъминлар, мушриклар биладурлар бу санадан кейин Масжидул Ҳаромга яқин келмасинлар. Яъни мушрикларни Байтуллоҳни тавоф қилишга қўйманглар. Агар сизлар фақирликдан қўрқсаларинг  Аллоҳ таоло агар хоҳласа яқинда сизларни фазл ва марҳамати билан ғаний қилади. Албатта, Аллоҳ таоло ҳолларингга донодир ва ҳакимдир.

29. Эй мўъминлар, Худоға ва оҳиратга иймон келтирмаган Худо ҳаром қилган нарсани ҳаром қилмаган, дийни ҳақни ихтиёр қилмаган аҳли китоблар билан то ўз қўллари хор ва залил бўлиб жизя адо қилғунча урушунглар.

30-31. Яҳудлар Узайр алайҳиссалом Худонинг ўғлидир деб айтадилар.Шунға ўхшаш насоролар ҳам айтадиларки, Ҳазрат Ийсо Худони ўғлидир. Бу сўзларни оғизлари билан айтадилар. Ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Булар бу сўзларида аввалги ўтған кофирларга ўхшайдилар. Улар ҳам айтган эрдиларки: «Малоикалар Худонинг қизларидир. Худо буларни лаънат қилсин. Ботил сўзларга қандай ўгуриладилар. Яҳудлар ва насоролар ўзларини олимларини ва обидларини Худодан бошқа ўзлариға маъбуд муқаррар қилиб, улар нима ҳукм қилсалар, ҳалол ё ҳаром бажо келтирадилар. Марямнинг ўғли ҳазрати Ийсони Худо деб эътиқод қиладилар. Ваҳоланки, ўшал обидлар ва уламолар ва Ийсо алайҳиссалом Худо тарафидан бир Худо ила шарикка ибодат қилмоққа маъмур эрдилар. Лекин Аллоҳ таоло шерикдан покдур.

32-33. Кофирлар Худонинг нурини оғизлари билан ўчириб ташлашни хоҳлайдурларки. Лекин Аллоҳ таоло ўз нурини агарчи кофирлар ёмон кўрсаларда яна мукаммал қилишни ҳоҳлайдур. Парвардигор шундоғ зотдирки, ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ҳидоят билан ва Ҳақ дин билан юборди, токи Ислом динини бошқа динларнинг ҳаммасига ғолиб қилиб буларни мансух қилсин, агарчи мушриклар ёмон кўрсаларда.

34-35. Эй мўъминлар, кўп аҳли китобнинг олимлари ва обидлари мардумнинг молини ришват билан олиб ножоиз ейдурлар ва ҳам жам қиладурлар. Ислом динидан бошқаларни манъ қиладилар. Шунга ўхшаш мусулмонлар ҳам ҳирс билан тилла ва кумушни емасдан ва Худо йўлида сарф қилмасдан хазина қилиб тўплайдилар. Эй Муҳаммад, буларга Худонинг қаттиқ азобидан хабар бергин. Қиёмат куни жаҳаннам ўтида тилла ва тангаларини қизитиладур пешоналарини ва ёнбошларини ва орқаларини доғ қилинади. Малоикалар тарафидан хитоб қилиб айтадиларки, нафсингиз учун жам қилган ва Худо йўлида сарф қилмаган хазиналарингиз мана шудур. Бас, энди закотини бермай жам қилган молларингиз азобининг мазасини тотинглар.

36. Албатта, Лавҳул-Маҳфузда ойларнинг адади Худонинг илмида  ўн икки ой деб ёзилғандур. Ер ва осмонни халқ қилган кундан бошлаб, то ҳозиргача шу ўн икки ой айланадур. Шу ўн икки ойдан тўрттаси ҳаром ойлар бўлуб, бунда бир бирлари билан қатл қилмоқлик ҳаромдир. Бул ойлар шундан иборатки, Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам, Ражабдир. Мана шул тўғри диндур. Бас, шу тўрт ой ичида ўз нафсларинга зулм қилманглар ва мушриклар билан ҳаммаларинг жанг қилинглар. Чунки улар ҳаммалари сизлар билан жанг қиладилар. Билингларки, Худонинг ёрдами муттаққийлар билан биргадир.

37. Билингларки, Макка кофирлари ҳаром ойларни ҳаромлигига эътибор бермасдан ҳаром ойнинг ҳукмини ҳалол ойга суриб қўяр эрдилар. Масалан, Муҳаррам ойида уруш қилмоқликлари лозим бўлиб қолса, айтар эрдиларки Муҳаррам ойининг ҳаромлигини бу йил Сафар ойига бадал қиламиз деб. Муҳаррам ойида қатл қилишни ҳалол қилар эрдилар. Бунинг ўрнига Сафар ойида ҳаром қилар эрдилар. Худойи таоло бул қилмишларини мазаммат қилиб бул оятни нозил қилди. Кофирларнинг ойнинг ҳурматини таъхийр қилиб суриб қўйишликлари куфр устига зиёда қилган куфрдир. Шул амаллари билан бошқа кофирларни адаштирадилар. Бир йил ҳаром ойни ҳаром қиладилар, ва иккинчи йил ҳаром ойни ҳалол қиладилар, токи Худо ҳаром қилинган ойларнинг ададини зоҳирда мувофиқ қилсинлар. Бас, Худо ҳаром қилган қатлни ҳалол қилиб олсинлар. Шайтон тарафидан буларнинг ёмон амаллари яхши қилиб кўрсатилган эрди. Аллоҳ таоло кофирлар қавмини ҳидоят қилмайди.

38-39-40-41. Эй мўъминлар, нима бўлди сизларгаки, Муҳаммад тарафидан сизларга айтилсаки, Худонинг йўлида жиҳод қилиш учун чиқинглар. Сизлар амрни бажо келтириш ўрнига малол билан оғирлик қилиб зироат қилган ерларингизга муҳаббат билан малан қиласизлар. Охиратнинг ўрнига лаззат дунё лаззатига рози бўласизларми? Бул дунёнинг ҳар қанча матойи ва лаззати бўлсада, охиратнинг роҳатига қараганда жуда оздир.
Агар сизлар ғазогға чиқмасаларинг Худо сизларни дардлик азобга мубтало қилади. Ва ҳам сизларни йўқ қилиб жойларингга итоатлик қавмни халқ қилади. Бул қилмишларингда Худога ҳеч қандай зиён етказолмайсизлар. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани қилишга қодирдир. Агар сизлар Муҳаммадга ёрдам бермасаларинг Худо унга ёрдам бергайдур. Вақтики, мушриклар Муҳаммадни Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилдилар. Муҳаммад Маккадан чиқди. Бу икки кишининг иккинчиси эрди. Вақтики, иккови кофирлардан қочиб бориб ғорга кирди. Вақтики, соҳиби кофирлардан қўрқиб ғамгин бўлса, Муҳаммад анга айтар эрдики: « Қўрқма. /амгин бўлма, Худонинг мадади бизлар билан биргадир». Бас, Аллоҳ таоло Муҳаммадга фазл марҳаматини нозил қилди, дилидан хавф ва ғам кетди ва ҳам Аллоҳ таоло буларни мадади учун малоика лашкарини юборди. Сизлар уни кўрмас эрдиларинг Худо кофирларнинг куфрга қилган сўзларини паст қилди. Худонинг сўзларигина ҳамма нарсадан баланддир. Аллоҳ таоло ўз ишида ғолибдир ва қилмишлари хикматлидир.Хоҳ енгил бўлсаларинг хоҳ оғир бўлсаларинг яъни суворий бўлсаларинг, ё пиёда бўлсаларинг жиҳодга чиқинглар. Худонинг йўлида жон ва молларинг билан жиҳод қилинглар. Агар билсаларинг сизларга шул фойдаликдир.

42-43-44-45-46-47. Агар сен таклиф қилган сафарингда бу мунофиқларга манфаат нақд бўлса эрди ва сафар ҳам узоқ бўлмасдан яқин бўлса эрди сенга эргашур эрдилар. Лекин буларга сафар қилмоқ узоққа эрди. Бу мунофиқлар Худонинг номи билан қасамёд қиладурларки, агар бизда сафар асбоби муҳайё бўлса эрди, сен билан бирга чиққон бўлур эрдик. Булар ёлғон қасамёд қилиб ўз нафсларини азоби илоҳийга мубтало қиладилар. Аллоҳ биладурки, булар ёлғончидурлар. Худо сени кечирсин. Нима учун бу мунофиқларни ғазотдан қолишга рухсат бердинг, чиқишга мажбур қилиш керак эрди, то ростгўйлар билан ёлғончилар ажрар эрди. Эй Муҳаммад, Худога ва охиратга иймон келтирганлар ўзларининг мол ва жонлари билан жиҳод қилишдан қолиш учун рухсат сўрамайдилар. Аллоҳ таоло муттаққийларни билади. Сандан жиҳоддан қолиш учун Худога иймони йўқ ва охиратга иймони йўқ одамлар рухсат сўрайдилар. Ҳақиқатда, буларнинг дилила Ислом дини тўғрисида шак бордир. Булар Исломга шак қилган ҳолда ҳайрондурлар. Агар ғазотга чиқишни хоҳласалар эрди, асбобларини тайёрлаган бўлур эрдилар. Лекин Аллоҳ таоло буларнинг чиқишини ҳоҳламайди. Буларнинг дилига қолишни маъқул кўрди. Буларнинг катталари тарафидан кичикларига насиҳат тариқасида айтилар эрдики: «Сизлар ҳам қолганлар билан қолаверинглар, ғазотга чиқишга ҳаракат қилманглар. Эй Муҳаммад, сен буларни лашкардан ажраб қолганига хафа бўлмагин. Ва агар булар лашкарга қўшилиб чиқишса ҳам, лашкар ўртасида фитна ва фасоддан бошқа иш қилмайдилар. Ҳамманинг дилига даҳшат соладилар. Сизларни ичларингга кириб олиб бир бирларингизга чақимчилик қилиб фитна солади. Шуни билингларки, сизларни ичларингда душманларга гап ташувчи жосуслар бор. Аллоҳ таоло бу золимларнинг ҳолини яхши билади. Шунинг учун буларнинг қолгани яхши.

48-49. Мунофиқлар бундан илгари фитна қилишни эшитган эрдилар. Чунончи Уҳуд урушида аҳли Ислом ўртасида тафриқа солган эрдилар, сенинг тўғрингда ҳар қисм ҳийлаларни маслаҳатлашар эрдилар токи Худонинг мадади сенга келди. Буларнинг ҳийласига Худонинг ҳукми ғолиб бўлди. Ваҳоланки булар сенинг зафар топишингни ёмон кўрар эрдилар. Энди Табук урушидан қолишни, жангга бормасликка маслаҳат қилдилар. Бул мунофиқлардан баъзилари келиб айтдики «Менга рухсат беринг, мен бул ғазотга бормайман, мени фитнага солманг, чунки мен хотинларнинг муҳаббатига мубталоман. Ул жойда румликларнинг хотини кўп соҳибжамол бўлур экан. Мен сабр қила олмайман. Огоҳ бўлунгларки, бул мунофиқлар шул жойнинг ўзида нифоқлари зоҳир бўлиб фитнага тушиб қолганлар. Қиёмат куни кофирларни жаҳаннам ўраб оладир.

50-51-52-53-54. Эй Муҳаммад, агар сенга бирон яхшилик ҳосил бўлуб қолса, бул мунофиқлар хафа бўладилар. Агар сенга бирон кулфат етса, булар айтадиларки: «Биз илгари ўз маслаҳатимизни кўриб, ишимизни бажарган эдик. Шунинг учун урушга бормай қолдик, яхши бўлган экан деб мажлислардан хурсанд бўлган ҳолда қайтар эрдилар. Эй Муҳаммад, буларга айтгил: « Бизнинг мусибатимизга сизлар хурсандлик қилманглар. Чунки ҳар мусибатники бизга келса Парвардигорни ҳукми билан ва ёзиши билан келади. Парвардигор бизни тепамизга ҳокимдир, ҳарна қилса соҳиби ихтиёридир. Мўъминларга лозимки, ҳар бир ишларида Худога таваккул қилсинлар». Айтгил эй Муҳаммад: « Эй мунофиқлар, сизлар урушдан бизни ҳақимизға икки яхши хислатдан бировиға мунтазир бўласизлар, ё кофирларга ғалаба қилиб зафар топамиз, ё шаҳид бўламиз. Иккови ҳам бизга саодатдир. Бизлар ҳам сизларни шаънингизга икки ишдан бировига мунтазир бўлиб турамиз, ё Худо тарафидан азоб келиб сизларни ҳалок қилади, ё бизнинг қўлимиздан сизларга бирон кулфат етади. Энди сизлар ҳам бизни ҳолимизга мунтазир бўлиб туринглар ва  биз ҳам сизларнинг ҳолингизга биз ҳам мунтазир бўлиб турамиз». Мунофиқлар урушдан қолар эрдилар ва баҳоналари шул эрди: Айтар эрдиларки: «Биз сизларга мол билан ёрдам берамиз». Эй Муҳаммад, буларга айтгил: « Эй мунофиқлар, агар сизлар хоҳ ихтиёрий ёрдам қилинглар, ё мажбурий сизларнинг нафақаларингиз қабул қилинмайди. Чунки сизлар фосиқ хулқсизлар». Буларнинг нафақаларини шунинг учун қабул қилинмайдики, булар дилларида Худо ва Расулига кофирдирлар. Намозга келсалар ҳам ниҳоятда малол билан келадилар.

55-56-57. Нафақа қилмайдур магар мажбуран қиладурлар. Эй Муҳаммад буларнинг моларининг кўплиги ва авлодларининг кўплиги таажжубга солмасин. Аллоҳ таоло бул моларнинг кўплиги билан ва авлодларининг кўплиги билан ҳаётларида кулфатга солиб азоб беришни истайди. Бул мол жам қилишда оғир кулфатлар чекиб, охирда кофирлик ҳолларида жонлари чиқиб кетадир. Худонинг номига қасамёд қилиб сизларни ишонтирадурларки: « Бизлар ҳам сизлардандурмиз деб, яъни сизларга ўхшаш мусулмонмиз». Лекин булар ҳаргиз сизлардан эмасдир. Ва лекин булар жамоадиирларки шарманда бўлишдан қўрқадилар. Шунинг учун куфрларини изҳор қилмайдилар. Агар бул мунофиқлар ўзлари учун паноҳ берадурган жой ё кирадиган жой, ё беркинадиган ғор топганларда эрди, шу жойларга тезлик билан паноҳ этган бўлар эрдилар.

58-59-60. Мунофиқлардан шундоғ одамлар борки,  «Садақотнинг тақсимида нотўғри тақсим қилди»,- деб сени айблайдилар. Садақотдан буларга ҳам берилса хурсанд бўладилар. Агар берилмаса аччиқланадилар. Агар булар Худо ва Расулининг бергани бизга кифоя қилади, яқинда Худойи таоло ўзининг фазилатидан яна бошқа бир ғаниматдан бизларга ато қилар, биз Худодан умидвормиз, деб айтсалар яхши эрди. Шуни билмоқ керакки, садақотга кимлар ҳақдордурлар. Албатта, садақот фақирларга ва мискинларга, подшоҳ тарафидан садақа жам қилувчиларга дилларини Исломга мойил қилиш учун бериладирган кофирларга ва ҳам ғуломларни озод қилиш учун, ва қарздорларга, ва ҳам Худо йўлида жиҳод қилувчиларга, ва йўлда қолганларга, мусофирларга. Ушбу мазкур бўлғон шахсларга берилади. Худойи таоло тарафидан бул муқаррар бўлгандир. Аллоҳ таоло мустаҳиқларнинг ҳолини билади, қандай тақсим қилишга ҳокимдур.

61-62-63. Мунофиқлардан шундоғ зотлар борки, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳар хил таъна ва ғийбатлар билан азият берадилар ва айтадиларки, Муҳаммад ким нима деса ишонувчи ва бовар қилувчидир. Бизлар ҳам сизни шаънингизга сўзлаганимиз йўқ десак бовар қилади. Айтгил эй Муҳаммад, хойр гапингизга бовар қилади, ёмон гапингизга бовар қилмайди, Муҳаммад Худонинг сўзига ишонадир ва ҳам содиқ мўъминларни гапларига ишонади. Сизлардан ким иймон келтирса, Муҳаммад унга меҳрибондир. Ул жамоа мунофиқларки, Расулуллоҳга озор берадурлар. Уларга Худо тарафидан қаттиқ азоб бордур. Мунофиқлар Худонинг номиға қасамёд қиладурлар, токи сизларни ишонтурсалар ва рози қилсунлар. Ваҳоланки, агар булар мўъмин бўлсалар Худо ва Расулни рози қилиш буларға яхшироқ эрди. мунофиқлар билмайдурлармики, ҳар кимки Худо ва Расулга муқобил бўлуб хилоф қилса, унга жаҳаннамни ўти тайёрдур, унда ҳамиша қоладур. Бул азоб унинг шаъниға улуғ расволикдур.

64-65-66. Мунофиқлар дилларидағи яширғон ёмонликларини ошкор қилиб бериладурғон бирон сурани буларнинг шаъниға нозил бўлишидан қўрқадурлар. Айтгил эй Муҳаммад, : «Бизнинг дийнимизни айбласаларингиз айблаб юраверинглар. Лекин Аллоҳ таоло сизларни ошкор бўлишдан қўрққан айбларингизни ошкор қилувчидур. Эй Муҳаммад, агар сен мунофиқлардан нима учун бизнинг шаънимизға ёмон сўзларни айтдиларинг деб савол қилсанг, булар сенга жавоб бериб айтадурларки: «Бизлар ҳар тарафдан гапиришни ҳазил ва мутойиба қилиб айтғон эрдик. Буларға айтгил: «Сизлар Худоға ва унинг ояти ва Расулиға масхарабозлик қиласизларму? Менга бу хилда узрни айтманглар, сизлар иймонларингизни зоҳир қилганингиздан сўнг кофир бўлдиларинг. Агар биз сизлардан бир тоифанинг тавбаси сабабидан авф қилган бўлсак, ва бир тоифанинг қилган гуноҳи сабабидан азоб берамиз.

67.68.69.      Мунофиқлар ҳоҳ эркак бўлсун, ҳоҳ хотун мунофиқликда ҳаммалари баробардурлар. Буларнинг хислатлари шулки, ёмон ишларға амр қиладилар ва яхши ишлардан қайтарадилар ва бировларға ёрдам қилишдан қўлларини тортадурлар. Булар Худонинг ҳукмини эсларидан чиқарғонлар, Худо ҳам буларға фазл ва марҳаматини тарк қилди, мана шул мунофиқлар фосиқлардандурлар. Аллоҳ таоло мунофиқларға ҳоҳ эр бўлсун, ҳоҳ хотун бўлсун ва ҳам кофирларға жаҳаннамнинг азобини ваъда қиладур. Жаҳаннамда ҳамиша бўладурлар. Дўзаҳ азоби буларға етарликдур. Худо буларни лаънат қилгандур. Буларға азоб доимдур. Буларнинг аҳволи булардан муқаддам ўтғон кофирларникиға ўхшайдур. Балки улар сизлардан кўра бақувват эрдилар. Мол ва авлодлари ҳам кўб эрди. Улар ўз ҳаётларида насибаларини кўруб ўтдилар. Сизлар ҳам дунёдан насибаларингиздан фойдалануб ўтасизлар, ҳам чунонки сизлардан илгариги ҳалқ ўз замонларида дунёдан фойдалануб ўтдилар. Сизлар ёмон ишларни фикр қиласизлар чунончи сизлардан аввалғи жамоалар ҳам ёмон ишларға машғул бўлғон эрдилар. Ул жамоанинг амаллари дунё ва охиратда ҳабата бўлғон эрди. Ўз нафслариға зиён қилган эрдилар ва сизлар ҳам шундоғ бўласизлар.

70. Аё, бул мардумға булардан аввалғи ўтғон Нуҳ қавмининг, Од қавмининг, Самуд ва Иброҳийм, Мадян, Шуайб қавмининг аҳл муътафикатнинг, Лут қавмининг қиссалари ҳалоқ бўлғон воқеалари келмағонми экан. Булар бул воқеалардан огоҳ эмасми экан. Шул қавмларнинг пайғамбарлар мўъжизотлар олиб келғон эрдилар. Лекин булар иймон келтирмайдилар ва ҳаммалари ҳалоқ бўлдилар. Аллоҳ таоло буларға зулм қилгани йўқ. Лекин ўзлари ўз нафслариға зулм қиладурлар.

71-72. Мўъминлар ҳоҳ эркак бўлсунлар, ҳоҳ хотунлар баъзилари баъзилариға дўст ва биродардурлар. Буларнинг хислатлари шулки бир-бирларини яхшиишларға буюрадурлар ва ёмон ишлардан қайтарадурлар ва беш вақт намозни барпо қиладурлар ва закотларни берадурлар. Худо ва Расулининг буюрғониға итоат қиладурлар. Худо буларни ўлғондан сўнг раҳмат қиладур. Албатта, Аллоҳ таоло ўз ҳукмида ғолибдур ва ҳакимдур. Аллоҳ таоло эркак мўъминларға ва хотун мўъминаларға ичидан анҳорлар жорий бўлғон жаннатни ваъда қиладур. Бу жаннатда ҳамиша бўладурлар ва жаннатда покиза уйларни ваъда қиладур. Лекин Парвардигорининг хурсандлиги ҳамма неъматлардан улуғдур. Булар учун бу нозу наъмлар улуғ мақсудға етмоқдур.

73-74. Эй пайғамбар, кофирларға қилич билан муқобил қилғин, мунофиқларға тил билан қаттииқлик қилғин. Қиёмат куни буларнинг борадурғон жойлари жаҳаннамдур. Жаҳаннам кўб ёмон жойдур. Мунофиқлар ўзлари мажлис қилиб ўлтурган вақтида Муҳаммад алайҳиссаломни ва асҳобларини мазаммат қилур эрдилар. Расул алайҳиссалом хабардор бўлуб сўрасалар, Худонинг номиға қасамёд қилиб айтур эрдиларки, бу сўзларни айтғонимиз йўқ. Ваҳоланки, шул сўзларни айтғонлар ҳатто калимаи куфрни ҳам тиллариға жорий қилганлар. Исломни зоҳир қилгандан сўнг яна кофир бўлдилар. Қўлларидан кетғон сардорликни яна топишға қасд қиладурлар. Булар бу адоватни шунинг учун қиладурларки, қаҳатчиликдан қутулуб қоринлари тўйуб қолди. Худо ва Расулининг фазл ва марҳамати билан буларни ғаний қилиб қўйди. Чунки Расулуллоҳ Мадинаға келмасларидан илгари Мадина ҳалқи қамбағал ва танг эрдилар. Расулуллоҳ баракотларидан аҳли давлат бўлдилар. Агар нифоқдан тавбв қилсалар эрди, ўзлариға яхши бўлур эрди, юз ўгурсалар Худойи таоло дунё ва охиратда қаттиқ азаобға мубтало қиладур. Буларға ер юзида ҳеч қандай дўст ва ёрдамчи топилмасдур.

75-76-77-78-79. Мунофиқлардан шундоғ одамлар борки, Худоға аҳд қилиб, қасам бирла айтадурларки, агар менга Худойи таоло зиёда мол берса Худо йўлида садақалар бераман, яхши одамлардан бўламан. Вақтийки, унга Худойи таоло зиёда мол берса, аҳдиға вафо қилмай молиға бахиллик қиладур. Бирон одам насийҳат қилса қабул қилмай юзини ўгуради. Бас, бул одамларнинг диллариға бахиллик ва аҳдиға вафо қилмаслик мунофиқликни собит қилди. Энди то амалларини жазосиға йўлиқадурғон кунғача зойил бўлмайдур. Бу азоб шунинг учун эрдики,  Худога берган ваъдаларига хилоф қилдилар. Худоға ёлғон ишлатдилар. Аё, бу мунофиқлар билмайдурлармуки, Аллоҳ таоло буларнинг яширғон сирларини ва бошқа мунофиқлар билан сўзлашғон сўзларини биладур. Албатта, Аллоҳ таоло махфий нарсаларни билувчидур. Бул мунофиқларға зиёда садақа қилувчи мўъминларни айблайдурлар, ва ҳам тоқатлариға яраша садақа қилувчи мўъминларни,: зиёда қилувчиларни  риёкор деб, қамбағалларни ўзи мўҳтож, деб масхара қиладилар . Аллоҳ таоло бу масхара қилмоқлариға жазо берадур. Қиёматда буларға қаттиқ азоб бордур.

80. Вақтики мунофиқларнинг сардори Абдуллоҳ ибн Убай вафот этди, ўғли мухлислардан эрди. Расулуллоҳдан  отамни гуноҳини Худодан тиласалар деб илтимос қилди. Расулуллоҳ қабул қилиб гуноҳини кечмоғликни Худодан тиладилар. Бул оят нозил бўлди. Эй Муҳаммад, мунофиқлар учун ҳоҳ истиғфор қилгил, ҳоҳ қилмағил баробардур. Агар сен етмиш мартаба Худодан кечирмоқни сўрасанг Худойи таоло буларнинг гуноҳини кечмайдур. Худойи таолони кечмаслиги шунинг учунки булар Худо ва Расулиға кофир бўлдилар ва ҳаддларидан тажовуз қилдилар. Аллоҳ таоло фосиқ қавмни ҳидоят қилмайдур.

81-84. Расулуллоҳга хилоф қилиб урушға бормай қолғон мунофиқлар қолғонлариға хурсандлик қилур эрдилар. Худо йўлида жон ва моллари билан жиҳод қилмоғни ёмон кўрур эрдилар. Иғвогарлик билан мўъминларға айтур эрдиларки, шундоғ иссиқ кунда борманглар. Эй Муҳаммад, буларға йтғил: «Агар билсаларинг жаҳаннамнинг ўти бундан ҳам иссиқроқдур. Буларни борадирғон жойлари жаҳаннамдур. Вақтики, охир ҳоллари шул экан лозимки, камроқ кулсунлар, кўпроқ йиғласунлар. Бул азоб қилган амалларининг бадалиғадур. Бас, Эй Муҳаммад, Худойи таоло сени Табук урушидан сиҳат ва саломат қайтариб олиб келса. Бул тоифа қошиға кейин урушларға сен билан боришни тақозо қилсалар. Эй Муҳаммад, айтгил: эй мунофиқлар, сизлар энди мен билан ҳаргиз чиқмайсизлар, мен билан бориб уруш ҳам қилмайсизлар. Энди сизларни ҳаргиз қабул қилмаймиз. Чунки сизлар аввалғи жангдан қочишға рози бўлдиларинг. Бас, энди урушдан қолувчи болалар билан ўлтураверинглар. Эй Муҳаммад, мунофиқлардан биронтаси ўлса, ҳаргиз жанозасини ўқима, дафн қилиш учун қабрға ҳам борма, ва истиғфор ҳам қилма, чунки булар Худо ва Расулиға кофир бўлғонлар. Тавба қилмасдан фосиқлик ҳолда ўлдилар.

85-87. Мунофиқларнинг моларининг кўплиги ва авлодларининг кўплиги сизларни таажжубға солмасун. Худо ҳоҳлайдурки, шу моларининг ҳирсиға ва авлодларининг муҳаббатиға машғул бўлуб дунёдан кулфат билан ўтсунлар. Шул ҳасрат билан кофирлик ҳоларида жонлари чиқсун. Вақтики, Худо тарафидан бирон сура нозил қилинса, ул сурада Худоға иймон келтиринглар ва кофирларға жиҳод қилинглар деган буйруқ бўлса, мунофиқларнинг аҳли давлатлари сендан ижозат олиб жиҳоддан қолишни  истайдурлар ва айтадурларки бизларни жиҳодға бормайдирғон яроқсизлар билан бирга қолдиринг. Булар жиҳоддан қолувчилар билан бўлишға рози бўлдилар. буларнинг диллариға мухр босилғондур. Ўзларининг фойдаларини билмайдурлар.

88-89. Лекин Муҳаммад алайҳиссалом ва ҳам  мўъминлар жон ва молларини фидо қилиб жиҳод қиладурлар ва икки дунё саодати ва яхшилиги шул зотларғадур. Мана шулар азобдан нажот топувчидурлар. Аллоҳ таоло булар учун тагидан анҳорлар жорий бўладирғон жаннатни тайёр қилиб қўйгандур. Ва булар ул жаннатда ҳамиша бўладирлар. Бу уларға улуғ мақсадға етмоқдур.

90-93. Саҳродаги қабилалардан бир тоифаси Табук жангиға бормаслик учун узр сўрашга келдилар. Токи буларға қолишға рухсат берилсун. Ва ҳам Худо ва Расулни такзиб қилувчилар ҳам урушға бормай қолдилар. Яқинда бул кофирларға Худойи таоло тарафидан қаттиқ азоб етадур. Нотавон ожизларға, касалларға ва ҳам йўл харж топмағон қамбағалларға агар жангға бормай қолсалар ҳеч ҳараж (машаққат, қийинчилик) йўқ. Вақтиик Худо ва Расулға хайриҳоҳ бўлсалар ва яхши амал қилувчиларни итоб қилишға йўл йўқ. Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи меҳрибондур. Сенинг олдинғга миниб бориш учун туя сўраб келган ул жамоага ҳам харж йўқ. Сен айтдинки, мен сизларга миндирадирғон туяни топмайман. Улар кўзларининг ёшини оқизғанча ғамғин бўлиб, ғазотни йўлиға сарф қиладурғон нафақа топмағонлариға йиғлаб қайтиб кетдилар. Шул одамларни маломат қилинадурки, бовужуд ғаний бўлуб туруб, сендан қолшға рухсат талаб қиладилар, булар мунофиқлар билан қолишға рози бўладурлар. Худойи таоло диллариға мухр босғондур. Бас, булар ўзларининг фойдаларини билмайдурлар.

94-96. Вақтики, Табук жангидан Мадинага қайтиб келганларидан кейин мунофиқлар жангга бормай қолганликлари учун сизларга ёлғондан узр айтадилар. Эй Муҳаммад, буларга айтинг :“ ёлғон узрлар айтманглар, бизлар ҳаргиз сизларнинг сўзларингизга ишонмасмиз. Аллоҳу таъоло бизларни сизларнинг мақсадларингиздан огоҳлантирди. Худо ва расули сизларни бундан кейин қиладиган амалларингиздан хабардор бўлиб (назорат қилиб туради.) сизлар ўлганингиздан сўнг ошкора ва пинҳонни биладиган Парвардигорнинг тарафига қайтарилурсиз. Сўнгра Худойи таъоло сизларнинг қилган амалларингиздан огоҳлантиради”. Яқинда бу мунофиқлар сизлар қайтиб келганда сизларни қаноатлантирмоқ учун Худонинг номи билан қасамёд қиладилар. Бас, буларга ҳеч нарса демасдан юз ўгиринглар. Ҳеч нарса деманглар, чунки булар палид, нопок, кофир одамдирлар. Касб қилган амалларининг жазосига жойлари жаҳаннамдир. Мунофиқлар шунинг учун қасамёд қиладиларки, токи сизлар булардан рози бўлинглар. Агар сизлар булардан рози бўлсаларинг ҳам Аллоҳ таъоло бу фосиқ қавмдан рози бўлмайди.

97-98. Саҳронинг мунофиқлари (аъробийлари) куфрда ва нифоқда шаҳарнинг мунофиқларидан зиёдадир. Худонинг расулига нозил қилган аҳкоми шаръийяни билмасликка муносибдирлар, чунки саҳроликнинг аксари жоҳил бўладилар. Аллоҳ таъоло буларнинг ҳолларини билувчи ва ҳукм қилувчидир. Саҳролик мунофиқлар орасида шундай одамлар борки, жиҳод учун сарф қилган пулларини “катта зарар бўлди”-деб ҳисоблайдилар. (Улар) Сизларга (бошингизга) ҳамиша кулфат келишига мунтазир бўлиб турадилар. Ёмон бало ва кулфатлар ўзларига бўлсин! Аллоҳ таъол буларнинг сўзларини эшитувчи ва ҳолларини билувчидир.

99-100. Саҳроликлардан шундай одамлар ҳам борки, Аллоҳ таъолога ва охиратга ишонадилар. Худо учун нима сарф қилсалар (бу) Худога яқин бўлишимизга ва ҳам “Расулуллоҳнинг дуои хайр қилишларига сабаб бўлади”-дейдилар. Огоҳ бўлингларки, буларнинг қилган нафақалари қурбуллоҳга (Аллоҳга яқин бўлишга) сабаб бўлди. Аллоҳ таъоло буларнинг вафотидан кейин ўз раҳматига дохил қилади. Аллоҳ таъоло гуноҳларни кечирувчи ва меҳрибондир. Муҳожирлардан ва ансорийлар ичида биринчилардан бўлиб иймон келтирганлар ҳамда яхши амаллар қилишда буларнинг ортидан эргашганлардан Аллоҳ розидир. Булар учун Аллоҳу таъоло охиратда (тагидан) остидан анҳорлар ўтадиган Жаннатни тайёр қилиб қўйгандир. Бу Жаннатда ҳамиша (абадий) бўладилар(қоладилар).Бу Худонинг марҳаматидир. Булар учун (бу) улуғ мақсад ва саодатдир.

101. Саҳроликлардан ҳам, Мадина аҳли орасида ҳам сизларнинг атрофларингизда турувчи мунофиқлар бордир. Булар мунофиқликка зиёда одатлангандирлар. Сизлар буларнинг ҳолларини билмайсизлар, биз (эса) биламиз. Буларга икки маротаба азоб берамиз, бир марта (биринчисида) бу дунёда расво қиламиз ва иккинчи марта қабрда азоб бериб, сўнгра охиратда буюк азоб тарафига юбориладилар.

102-104. (Содиқ муъминлардан бўлган бошқа бир жамоа жангга боролмаганликлари учун гуноҳларига иқрор бўлдилар.)Бошқа бир жамоа содиқ муъминлардан жангга бормай қолгани учун гуноҳларига иқрор бўлдилар. Булар яхши муъминлардан эдилар. Магар (бироқ) яхши амалларига ёмон амални аралаштирдилар. Албатта Аллоҳ таъоло буларнинг тавбаларини қабул қилади. Алабатта Аллоҳ таъоло гуноҳларни кечирувчи ва меҳрибондир. Эй Муҳаммад, муъминларнинг молларидан закот олиб дилларини дунё муҳаббатидан тозала ва қолган молларини закот олиш билан зиёда қил! Чунки закот бермоқ қолган молларнинг баракали бўлишига сабаб бўлади. Ва буларни дуо қил. Албатта сенинг дуойинг буларнинг дилларига роҳат бўлади. Аллоҳ таъоло дуойингин эшитувчи ва донодир. Магар тавба қилувчилар билмайдилармики, Аллоҳ таъоло (нинг) бандаларнинг гуноҳлари учун қилган тавбалари ва садоқатларини қабул қилади (қилишини билмайдиларми). Алатта Аллоҳ таъоло тавбаларни қабул қилувчи ва бандаларга меҳрибондир.

105-106. Эй Муҳаммад, тавба қилганларга айтгинки : “Энди сизлар яхши амал қилинглар, чунки Аллоҳ таъоло ва Унинг пайғамбари ҳамда муъминлар сизларнинг амалларингизга назар қиладилар. Сизлар яқинда зоҳирни ва ғайбни билувчи Парвардигор торафига қайтасизлар. Бас Аллоҳ таъоло сизларнинг яхши ёки ёмон амалларингиздан огоҳдир. Ва бошқа бир неча зот борларки Аллоҳ таъолонинг ҳукмига мавқуфдирлар(ҳаволадирлар). Уларга ё азоб берилади ёки тавбаларини қабул қилади. Ва Аллоҳ таъоло илмли ва ҳикматли зотдир. Мадинада Табук урушига бормаган мусулмонлардан уч киши бор эди. Жаноб Саййиди Олам ҳузурларига келиб, бўлган воқеани сўзлаб, хатоларига иқрор ҳолда ўзларини Худо ва расулининг ҳукмларига топширдилар. Улар ҳақида (ва ахаруна муржавна ли амриллаҳ) ояти нозил бўлди. Уларнинг муомалалари биринчи кун таъхир этилди(кечиктирилди)”. Саййиди Олам мусулмонларга “Аллоҳ таъолодан ҳукм келгунча улар билан алоқа қилмасинлар” деб танбеҳ бердилар. Улар эллик кунгача ҳаммадан узилиб алоҳида қолдилар. Кейин авф этилдилар. Буларнинг воқеалари ва номлари кейинроқ келади.

107-108. Бир жамоа мунофиқлар Исломга зарар етказиш, мусулмонлар ўртасига тафриқа солиш учун ўзларига хос масжид бино қилдилар. Бу бинолари тақво учун эмас эди, балки илгаридан Худо ва расулига мухолиф бўлган душманлар учун беркинадиган жой эди. Яна қасамёд қилиб айтадиларки: “Бу бинодан ниятимиз яхшилик эди”. Аллоҳ таъоло гувоҳлик берадик, булар ёлғончидирлар. Эй Муҳаммад, буларнинг масжидига кирма(нг)! Бу жойда намоз ўқима(нг)! Сенинг ибодат қилишинг учун пойдевори тақво билан солинган, ҳижратнинг аввалги кунида бино қилинган у масжид авлодир. У масжидда шундай одамлар ибодат қиладиларки, ҳамиша ёмон амалдан пок бўлишни дўст тутадилар (ёқтирадилар, бўлишга интиладилар). Аллоҳ таъоло ҳам пок бўлувчиларни дўст тутади.

109-110. (Оё) дин биносига (иморатига) Худонинг қурқуви ва Унинг ризосини топиш учун асос солган (пойдевор солган) одам яхшими ёки диннинг биносини ариқнинг ёқасига қурган (қуриб), (оқибатда) хароб бўладиган ва йиқиладиган бинога асос солган одам яхшими? Албатта, ёмондир, бундай ёмон(ликка) асосланган бино эгаси билан бирга жаҳаннамга йиқилади. Аллоҳ таъоло золим қавмни ҳидоят қилмайди. (Бунга) мунофиқларнинг ғараз (ният), фасод билан қурган бу бинолари ва дилларидаги Исломга бўлган шак-шубҳалари сабаб бўлгандир. Вайрон қилиш (вайронкорлик) алами дилларидан ҳеч қачон чиқмайди. Магар диллари ҳам ҳасрат билан пора-пора бўлса(гина чиқади). Аллоҳ таъоло доно ва ҳукм қилувчидир.

111. Албатта, Аллоҳ таъоло мўминлардан жиҳодга ишлатган нафслари (тиккан жонлари) ва сарф қилган молларини Жаннатнинг эвазига қабул қилиб олди. Бу мўъминлар Худо йўлида муқотала (урушадилар) қиладилар. Душманларни ўлдирадилар ва ўзлари шаҳид бўладилар. Аллоҳ таъоло буларга жаннатни ваъда қилгандир. Аллоҳнинг бу ваъдасига вафо қилиши муқаррардир. Бу ҳукм Тавротда, Инжилда ва Қуръонда ёзилгандир. Аллоҳдан кўра аҳдига вафодорроқ ким бор? Эй мужоҳидлар, бу Аллоҳ билан қилган байъларингизга (аҳду-паймонларингизга) хурсанд бўлинглар. Бу сизларга катта фойдадир.

112. Бу мўъминлар гуноҳларига тавба қилувчи, Аллоҳга ибодат қилувчи ва Унга ҳамду сано айтувчидирлар. (Улар) Аллоҳ йўлида сафар қилувчи(рўза тутувчи), рукуъ қилувчи(сажда “намоз ўқувчи”), ёмон ишлардан қайтарувчи ва Аллоҳнинг ҳукмини сақловчидирлар (га қаттиқ амал қилувчидирлар). Эй Муҳаммад, бу мўъминларга Жаннатдан башорат бер(инг)!

113. Пайғамбар ва мўъминларга мушрикларнинг куфрлари муқаррар (аниқ) бўлиб, дўзах аҳлиданлиги зоҳир бўлгандан сўнг, гарчи бу мушриклар ота-оналари ё қариндошлари бўлса ҳам истиғфор айтишлари дуруст эмас. Чунончи, (ластағфариннлака), яъни “Албатта сенинг учун истиғфор қиламан”- дедилар. Вақтики, оталарининг Аллоҳнинг душмани эканлиги маълум бўлгандан сўнг, Иброҳим (А.С) оталаридан безорликларини изҳор қилдилар. Иброҳим (А.С) кўп оҳ тортувчи, раҳмдил ва собир эдилар.

114. Иброҳимнинг отаси ҳаққига қилган истиғфори (мағфират сўраши) илгари ваъда қилгани сабабидан эди. Чунончи (лаастағранна лака), яъни, "Албатта, (эй ота), сенинг учун истиғфор айтаман, - деди. Вақтики, отаси Худонинг душмани экани маълум бўлганидан сўнг, Июроҳим отасидан безорлигини изҳор қилди. Иброҳим кўп оҳ тортгувчи, раҳмдил ва собир эди.

115-116. Аллоҳ таъоло бир қавмни ҳидоят қилгандан сўнг (қайтиб) гумроҳ қилмайди. Ҳатто уларга нимадан парҳез қилиш (сақланиш) кераклигини баён қилиб беради. Аллоҳ таъоло ҳар нарсани билувчидир. Албатта осмон ва ернинг мулки Аллоҳга хосдир. Аллоҳ таъоло ўликларни тирилтиради ва тирикларни ўлдиради. Сизларга Аллоҳдан бошқа ёр ва мададкор йўқ.

117-119. Аллоҳ таъоло раҳмати билан пайғамбарга, муҳожирларга ва ансорийларга мутаважжиҳ бўлди (назар соли). Булар набийга ниҳоятда қаттиқ (оғир) кунларда табъийят қилдилар (эргашдилар). Ҳатто булардан баъзи фирқаларнингш диллари изтиробга тушиб, тўғри йўлдан адашаёздилар.Сўнгра Аллоҳ таъоло раҳмати билан буларга таважжуҳ қилди (кечирди). Чунки Аллоҳ таъоло буларга меҳрибондир. Яна Аллоҳ таъоло раҳмати билан уч кишининг (Каъб ибн Молик, Мирора ибн ар-Робиъ, Ҳилол ибн Умайяларнинг) ҳолига таважжуҳ қилдики, булар булар учовлон Табук урушига бормай қолган эдилар. Расулуллоҳ қайтиб келганларидан сўнг, (урушга) бормаганликларининг сабабини сўрадилар. Булар ўз гуноҳларига иқрор бўлиб, “Бизлар узурсиз тахаллуф қилдик”-дедилар. Расулуллоҳ айтдиларки: “Сизларнинг тўғрингизда ҳукм қилишни Худога ҳавола қиламиз. Худо кечирса биз ҳам кечирамиз”. Бутун асҳобаларни бу уч киши билан алоқа қилмасликка буюрдилар. Ҳатто ер юзи шу қадар кенглигига қарамай буларга тор бўлди. Ўз нафслари ҳам ўзларига оғир бўлди. “Бизга Худонинг паноҳидан бошқа ҳеч қандай паноҳ йўқ” - деб яқин қилдилар(ишондилар). Сўнг Аллоҳ таъоло раҳмати билан буларга илтифот қилди, токи булар Худога ружуъ қилсинлар (Аллоҳга қайтишлар учун Аллоҳ уларга раҳмати билан илтифот қилди). Албатта, Аллоҳ таъоло бандаларнинг тавбасини қабул қилувчи ва меҳрибондир. Эй мўъминлар, ҳар бир ишда Аллоҳдан қўрқинглар. Ўзларинг рост гапирувчи бўлиб, ростгўйлар билан бирга бўлинглар.  

120-121. Мадина аҳли ва унинг атрофидаги саҳройи арабларга Расулуллоҳ билан жангга бормасликлари ва Расулуллоҳдан юз ўгириб, ўз нафсларини муҳофаза қилишлари (ширин жонларини аяб жиҳодга бормасликлари) жоиз эмас. Чунки жиҳод пайти ташналик, машшақат, очлик бўлса, Аллоҳ йўлида кофирларнинг ғазабини келтирадиган ерларга қадам қўйсалар, ё душман тарафидан бирор асирни қўлга туширсалар, (бу) буларнинг яхши амаллари ҳисобланиб, номаъи аъмолларига (савоб) ёзилади. Алабатта Аллоҳ таъоло яхши амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмайди. Аллоҳ таъоло Қиёмат куни қилган амалларидан зиёда мукофот бериш учун Аллоҳ йўлида хоҳ катта, хоҳ кичик нафақа қилсалар ё Худонинг йўлида қадам қўйсалар уларнинг номаъи аъмолларига ёзилади.

122. Мўъминларнинг ҳаммалари бошқа дин ишларини ташлаб жангга кетишлари жоиз эмас. Нима учун ҳар бир фирқадан бир тоифалари чиқмайдилар, токи дин аҳкомларини ўрганиб қайтиб келиб, ўз қавмларини ҳидоят қилсалар, шоядки, қавмлари ёмон ишлардан парҳез қиладилар(қайтадилар).

123. Эй мўъминлар, ўзларингга яқин бўлган кофирлар билан муқотала (уруш) қилинглар. Сизларнинг тарафларингиздан қаттиқ муқоталага (жангга) учрасинлар. Билингларки, Худойи таъолонинг марҳамати муттақийлар (тақводорлар) билан биргадир.

124-127. Вақтики Аллоҳ тарафидан бирор сура ёки оят нозил қилинса, мунофиқлардан баъзилари мўъминларга айтадики; “Шу сура қайси бирларингнинг иймонларингни зиёда қилади? ”. Албатта содиқ мўъминларнинг дилларига бу суранинг нузули ҳам иймонларини зиёда қилади, ҳамда булар ундан хурсанд бўладилар. Аммо бу сура дилларида нифоқнинг марази (касали) бўлган мунофиқларнинг дилларига кирлик, куфр, бузғунчилик устига кирликни зиёда қилади. Улар кофирлик ҳолида ўладилар. Оё бу мунофиқлар кўрмайдилармики, булар ҳар йили бир марта, икки марта уқубатга дучор бўладилар. Кейин огоҳ бўлиб тавба ҳам қилмайдилар ва яна ибрат ҳам олмайдилар. Вақтики Аллоҳ тарафидан бирор сура нозил бўлиб, буларнинг айблари ошкор бўлса, шарманда қилса, аччиқлари билан баъзилари баъзиларига қарар эдилар. Бир-бирларига : “Бизни бирор мусулмон кўриб турибдими?” -деб, эҳтиётлик билан кейин оҳиста ўринларидан туриб, масжиддан чиқиб кетар эдилар. Худойи таъоло буларнинг дилларини яхши ишлардан ўгиргандир. Шунинг учун булар ҳайвонга ўхшаб ҳеч нарсани фаҳимламайдилар.

128-129. Эй мўъминлар, сизларга ўз қабилаларингдан пайғамбар келди. Сизлар ранж тортсаларинг камоли меҳрибонликдан унга оғир кўринади. Сизларни ҳидоят қилишга ҳарис (?) ва мўъминларга бениҳоят меҳрибондир. Эй Муҳаммад, агар сенга ёрдам қилишдан юз ўгирсалар, уларга айтгинки : “У Аллоҳ яккадир,Ундан бошқа Худо йўқдир. Унинг ёрдами менга кифоя. Мен Аллоҳга тавакул қилганман. У улуғ Аршни яратгандир”.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase