008. Анфол сураси
- 478 марта кўрилди
Анфол сураси Мадинада нозил бўлгандур ва у етмиш беш оят ва ўн рукуъдир.
Анфол сураси 75 оятдан иборат. Бу суранинг 30 ва 36 оятлари Маккада, қолганлари Мадинада нозил бўлган. Анфол зиёда (ортиқча) маъносини англатган «Нафл» сўзининг кўплигидир. Шунингдек Ислом динини ҳимоя қилиш учун бўлган урушларда қўлга киритилган ғанимат молига ҳам «нафл» деб аталади. Суранинг биринчи оятида урушда қўлга киритилган ғанимат молларнинг Аллоҳ ва Расулига тегишли эканлиги ифода этилгани учун бу ном берилган.
Бандаларга шу дунёда ва оҳиратда мерибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман
1. Кофирлардан олинган ғанимат моли тўғрисида муҳожирлар ва ансорийлар ўрталарида жанжал бўлар эрди. Ҳар бир тоифа мустаҳақ деб билур эди. Шул тўғрисида бур сура нозил бўлди. Эй Муҳаммад, мўъминлар ғанимат моли тўғрисида сендан савол қиладилар. Сен жавобига айтгил, ғанимат моли Худо ва расулининг ихтиёрида, кимга хоҳласа беради. Бул тўғрида ўрталарингда жанжал қилманглар, Худодан қўрқинглар. Ўрталарингдаги жанжални ислоҳ қилинглар. Агар мўъмин бўлсаларинг Худо ва расулининг ҳукмига итоат қилинглар.
2-3-4. Ҳақиқатда мўъминлар шундоғ зотдурларки, уларнинг ҳузурида Аллоҳни зикр қилинса, дилларида хавф пайдо бўладур. Вақтики, уларга Худонинг оятлари тиловат қилинса, тиловат иймонларининг устига иймон зиёда қиладур ва ҳар бир ишда Парвардигорга таваккул қиладирлар. Ва ҳам намозни шароитлари билан адо этурлар, биз берган ризқларимиздан садақа қиладурлар. Ҳақиқий мўъминлар мана шулардир. Қиёмат куни Худонинг наздида булар учун улуғ мартабалар бордур. Гуноҳларига Худо тарафидан мағфират бордур, покиза ризқлар булар учун муқаррардур.
5-6. Эй Муҳаммад, сени кофирлар билан жанг қилишга Бадр мақомига чиқишга буюради, ҳамчунонки сени Худойи таоло Мадинадан ростлик билан чиқарди. Бир фирқа мўъминлардан Бадр урушига боришни макруҳ кўрар эрдилар. Жиҳод тўғрисида сен билан жанжал қилар эрдилар. Бовужуд буларга жиҳодни фарзлиги равшан бўлган эрди. Жангга боришни шундоғ ёмон кўрар эрдиларки, гўё мавтни (ўлимни) кўзлари билан кўриб турган ҳолда ўлим тарафига ҳайдалиб бормоқдалар.
7-8. Ёд қилинглар эй мўъминлар, шул вақтники сизларга Худо кофирларни икки тоифасидан бировига зафар топишни ваъда қилган эрди ва сизлар дўст тутар эрдиларингки, бу икки тоифадан бесилоҳлари сизларга бўлса экан. Яъни, бу икки тоифа шундан иборат эрдики, Қурайш кофирларини бир тоифалари Шом шаҳрига тижоратга кетган эрдилар. Расулуллоҳ карвонни йўлини тўсмоқ учун уч юзга яқин одам билан Мадинадан чиқдилар. Шул вақтда маълум бўлдики, мушрикларни Маккада қолган тоифаларни карвонни ҳимоя қилиш учун тарафига бормоқни дўст чиқдилар. Мўъминлар шул вақтда ғанимат моли олмоқ учун карвон тарафига бормоқни хоҳлар эрдилар. Маккадан чиққан тоифа тарафга боришни истамас эрдилар, чунки булар яроғ ва аслаҳа билан чиққан эрдилар. Худойи таоло ушбу ҳолни кўруб ҳикоя қилиб айтадур: сизлар карвонлар тарафига боришни дўст тутар эрдиларинг, чунки уларнинг қўлларида яроғ-аслаҳалари йўқ эрди. Худойи таоло кофирларни бехи ва бунёди билан йўқ қилиб ўзининг фармони билан мўъминларга зафарни исбот қилишни ҳоҳлар эрди. Токи Аллоҳ таоло агарчи кофирлар хоҳламасалар ҳам исломни ғолиб қилиш, куфрни ботил қилишни хоҳларди.
9-10. Эй мўъминлар, ёд қилинглар уруш бўлиб турган вақтники, ўша вақтда Худога нола қилиб мадад сўрар эрдиларинг. Парвардигор дуоларингни мустажоб қилиб айтдики, мен сизларга мингта малоика билан мадад берувчиман. (Улар) сизларнинг мададларингизга бирин-кетин келадилар. Худойи таоло бу мададни шунинг учун юбордики, сизларга хурсандлик бўлсин, дилларингиз ором олиб хавф ва хатардан халос бўлсун. Ҳеч қандай мадад бўлмайди, магар Худо тарафидан бўлади. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир амрда ғолибдир ва ҳикматликдир.
11. Эй мўъминлар, фикр қилинглар ўша вақтники, Худойи таоло уқуни мусаллат қилди, шул сабабданки, хавф ва хатардан эмин эрдиларинг баъзиларингизга жанобат ҳосил бўлди, дилларингиз ғамғин бўлди, сув ҳам йўқ эрди. Шайтон сизларнинг дилларингизга ҳар қисм васвасаларни солур эрди. Шу вақтда Парвардигор сизларга марҳамат қилиб, сизларни жанобатдан пок қилмоқ учун, шайтоннинг васвасасини дилларингиздан йўқ қилмоқ учун, дилларингизга фатҳ ва нусратни собит қилмоқ учун ва ҳам оёқларингизнинг ерда тоймасдан собит туриши учун осмондан ёмғир ёғдирди. Чунки ер қумлик эрди ёмғир билан қаттиқ бўлди. Кофирларнинг тарафи тупроқ эрди, ёмғир билан лой бўлди.
12-13-14. Ёд қилгил, эй Муҳаммад, вақтики Парвардигоринг малоикаларға ваҳий қилиб айтдики, менинг мададим сизлар билан биргадир. Мўъминларни урушга ғайратлантиринглар. Мен тез кофирларни дилларига қўрқув соламан. Мўъминларга кофирларни гарданларига қилич билан урушни ва ҳам кофирларни банд бандидан жудо қилишни буюрдик. Бу жазо шунинг учунки бу кофирлар Худо ва расулининг ҳукмига мухолифатчилик қилганлар. Ҳар кимки Худо ва расулининг ҳукмига мухолиф бўлса, унга Худонинг азоби қаттиқдур. Эй кофирлар, бу азобни тортинглар. Қиёмат куни кофирлар учун дўзахнинг қаттиқ азоби муҳайёдир.
15-16. Эй мўъминлар, қачон сизлар уруш майдонида кўпчилик кофирлар гуруҳига мулоқий бўлсаларинг, уруш ҳолатида урушдан қочиш ниятида орқаларингни ўгирманглар. Ҳар кимки қурқоқлик қилиб урушдан орқасини ўгирса, Худонинг ғазабига йўлиқади, бунинг жойи жаҳаннамдир, жаҳаннам кўп ёмон жойдур. Магар бошқа мақсадлар учун юзини ўгирса, мисоли орқадан кофирлар ҳужум қилди, шуларни қатл учун юзини ўгиради, ё бирон тоифа аскарга паноҳ бериш учун юз ўгиради, ё намоз ўқиш учун юзини ўгиради. Булар маъзурдурлар.
17-18. Эй мўъминлар, сизлар кофирларни қатл қилмоқдиларинг лекин Аллоҳ таоло кофирларни қатл қилди. Эй Муҳаммад, сен кофирлар тарафига тупроқни отмадинг, балки Худо отди. Токи (Худо) Аллоҳ таоло ўз тарафидан мўъминларга яхшиликни ато қилсин. Албатта, Аллоҳ таоло мўъминларнинг дуоларини эшитгувчидир ва ҳолларига донодир. Ва ҳам Аллоҳ таоло кофирларни паришон қилмоғи шунинг учунки Аллоҳ таоло кофирларнинг макрини ботил қилувчидир.
19. Эй кофирлар, сизлар Муҳаммад билан бизни орамиздаги жанг муомаласи бир ёқлик бўлса эрди деб орзу қилур эрдиларинг. Бу ниятларинг ҳосил бўлди. Энди агар куфрдан қайтсаларинг, мусулмонлар билан иттифоқ бўлсаларинг сизларға яхши эрди. Агар яна мусулмонлар билан уруш қилишға қайтсаларинг бизлар ҳам яна мусулмонларға зафар беришға қайтамиз, сизларни лашкарларингиз агарчи кўп бўлса ҳам, сизларға хеч фойда бермайдур. Билингларки, ҳамиша Аллоҳ таолонинг мадади мўъминлар биландур.
20-21. Эй мўъминлар, Худо ва расулини фармонини бажо келтиринглар, ҳукмларини эшитиб туриб юзларингни ўгириб кетманглар, мунофиқларға ўхшаган бўлмангларки, улар сизнинг ҳукмларингизни эшитдик дейдилар, ваҳоланки, қулоқ солмай кетаверардилар.
22-23. Албатта, ҳайвонларнинг ёмонроғи Худони наздида шулардурки, карлар ваҳам соқовлар бирон нарсани фаҳмламайдурлар. Агар Худойи таоло буларда хайр борлигини илми қадими билан билғнда эрди, буларға эшитмоққа тавфиқ берғон бўлур эрди. Лекин буларда ҳеч қандай хайр йўқ эрди. Агар бир фарз ват тақдир ҳукмини уларга эшиттирсада, булар қабул қилмасдан юзларини ўгуруб кетаверадилар.
24-25. Эй мўъминлар, Худо ва расули сизларни дилларингизга ҳаёт берадурган яхши амалларга даъват қилса, бундай ҳолда Худо ва расулининг даъватини қабул қилингларки, Аллоҳ таоло одам билан дилни ўртасига, тўсқун бўладур,яъни банда ҳар бир нарсани хоҳласа унга муяссар бўлмайдур, то Худо ирода қилмагунча, Шуни билингларки, сизлар қиёмат куни Худонинг ҳузурига жам қилинасизлар, амалларингизга яраша жазо берилади. Эй мўъминлар, шундай фитнаданқўрқингларки, золимларни ўзига хос бўлмасдан, балки гуноҳ сизларга ҳам етади. Билингларки золимларнинг ҳақига Аллоҳ таолонинг азоби қаттиқдир.
26. Ёд қилинглар, эй муҳожирлар ўша кунники сизлар озгина эрдиларинг ва бечора эрдиларинг, Маккада Қурайш кофирларини ҳалок қилишдан қўрқар эрдиларинг, бас Аллоҳ таоло Мадинада паноҳ берди. Ва ҳам ўзининг ёрдами билан сизларға қувват берди, ҳалол, покиза ризқ берди, шоядки, сизлар бу неъматларимизга шукр қиларсизлар.
27-28. Эй мўъминлар, Худо ва расулининг буюрган ишларида ҳиёнат қилманглар ва ҳам ўрталарингдаги бир-бирларингни омонатларингга билиб туриб ҳиёнат қилманглар. Билингларки, амволларингнинг ва авлодларингнинг муҳаббати сизларни Худодан ғофил қиладиган фитнадир. Билингларки, Парвардигор наздида ажри азийм бордир. Бас дунё муҳаббати сизларга бу ажри азиймдан мони бўлмасун.
29. Эй мўъминлар, агар Худодан қўрқсаларинг сизларни ёмон кўрган нарсаларингдан жудо қилади. Сизларга фатҳ ва зафар беради ва гуноҳларингизга каффора бўлиб кечиришига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло улуғ фазлни эгасидир.
30. Ёд қилгил, эй Муҳаммад, санга кофирлар макр ишлатар эрдилар. То сани ҳибс қилсалар, ё ўлдурсалар, ё сани Маккадан хориж қилсалар. Шул ҳаёлда ҳийла тузар эрдилар. Аллоҳ таоло буларнинг макрини ботил қилиб, сенга нажот берди. Аллоҳ таоло маккорларга жазо берувчиларнинг афзалидур.
31. Вақтики Бизнинг оятларимиз кофирлар олдида тиловат қилинса, кофирлар айтадиларки, Қуръонни оятларини эшитдик, агар хоҳласак бизлар ҳам шунга ўхшаш сўзларни айта оламиз. Бул Қуръон илгариги ўтганларнинг афсонасидан бошқа нарса эрмас.
32-33-34. Ёд қилгил, эй Муҳаммад, кофирларнинг ҳолини булардан баъзи хабислари айтадиларки, эй Худо агар шул Муҳаммад ҳақ бўлса, Қуръон сани тарафингдан келган бўлса, ва биз инкор қилган бўлсак осмондан бизнинг тепамизга тош ёғдиргил, ё бизни қаттиқ азобга мубтало қилгил ваҳоланки, сан буларнинг ичида бўлсанг Худо буларни азоб қилмайди ва ҳам агар тавба қилиб иймон келтирсалар Аллоҳ таоло буларни азоб қилувчи эрмас. Буларда қайси фазилат бордирки, Худо буларни азоб қилмайди. Ваҳоланки, булар мўъминларнинг Байтуллоҳ тавофидан ман қиладилар. Байтуллоҳнинг мутаваллийси булар эрмасдилар. Байтуллоҳнинг тасарруф қилувчиси мутаққийлардан бошқа бўлмайди. Лекин буларнинг аксарлари уларнинг ҳолларини билмайдилар.
35. Кофирлар мўъминларни ибодатларини масхара қиладилар, ваҳоланки, кофирларнинг ибодати Байтуллоҳнинг олдида ҳуштак чалиш ва чапак чалишдан бошқа нарса эрмас эрди. Бизлар қиёмат куни буларга айтамиз, эй кофирлар, қилган куфрларингнинг бадалига бу азобни тортинглар. Макка мушриклари мусулмонларни Ҳарамда ибодат ва намоздан манъ қилур эрдилар. Ва ўзлари ибодат ўрнига яланғоч бўлиб Каъбани тавоф қилур эрдилар ва намоз ўрнига хуштак ва чапак чалиш билан машғул бўлар эрдилар.
36-37-38. Албатта, ул жамоаларики, мардумнинг Худонинг йўлидан манъ қилмоқ учун молларини харж қиладилар, яъни Ислом дини зарарига молларини сарф қиладилар. Бул қилган ишлари буларга фойда бермайди, охирида мағлуб бўладилар. Бу сарф қилган моллари дилларига ҳасрат ва надомат келтиради. Айтадиларки, молимиз ҳам кетди, мақсудимиз ҳам ҳосил бўлмади. Ул гуруҳки кофир бўлдилар. Қиёмат куни жаҳаннам тарафига ҳайдаладилар, токи Аллоҳ таоло нопокларни поклардан ажратиб, баъзи хабисларни баъзиларига қўшиб ҳаммасини жам қилиб туруб жаҳаннамга дохил қиладур. Мана шул қавм ўз нафсларига зиён қилувчилардир. Эй Муҳаммад, инкор қилувчиларга айтгил, агар куфрларидан қайтсалар, ўтган гуноҳларини кечирилади. Ва агар куфрларига ружуъ қилиб давом этар эканлар, бас, буларга ибрат учун илгариги кофирларни ҳоллари қандай ўтгандир, яъни Худойи таоло ҳаммасини ҳалок қилгандир, буларга ҳам шундоғ бўладур.
39-40. Эй мўъминлар, кофирлар билан уруш қилинглар, токи кофирларнинг фитнаси дафъ бўлсин ва ҳаммадан Худо учун бўлсин. Агар кофирлар куфрларидан қайтсалар, албатта, Аллоҳ таоло қилган амалларини кўриб туради ва агар куфрларидан қайтмасалар, билингларки Аллоҳ таоло сизларнинг мададкорларингиздур. Аллоҳ таоло сизларга яхши дўстдур ва яхши мададкордур.
41. Билингларки, эй мўъминлар, ҳар молки кофирлардан ғанимат қилиб олсаларингиз, бас, бешидан бир ҳисссасини Худо ва Расулига чиқаринглар. Бу ҳиссага Расулуллоҳнинг қариндошлари ва етимлар ва мискинлар ва мусофирлар ҳақдордирлар шуларга сарф қиларсизлар. Агар иймонларинг бўлса, Худога ва ҳам ҳақ ботилдан жудо бўладиган куни ва ҳам икки фирқа жанг қилган куни Бадр урушида бизни Муҳаммадга нозил қилган малоикаларимизга Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир.
42. Ёд қилинглар, эй мўъминлар, ўшал ҳолатники, сизлар бир даштнинг ёқасида эрдиларинг, ул жой Мадинага яқин эрди. Кофирлар ҳам даштнинг бир ёқасига тушган эрдилар, ул жой Мадинадан узоқ эрди. Бир бирларингизни кўрмас эрдиларинг. Мушрикларнинг карвони сизлардан пастроқда эрди. Агар кофирлар билан яқин бўлиб уруш қилишга ваъда қилишган бўлсаларинг эрди, уларнинг ҳайбати ва кўплигини кўргандан сўнг дилларингда хавф пайдо бўлиб, ваъдага хилоф қилган бўлур эрдиларинг. Лекин Худойи таоло сизларни ногаҳон кофирларга рўбарў қилди, токи Аллоҳ таоло қиладирган ишини охирига етказсин, токи ҳалок бўладурган ҳалок бўлсин, ҳужжат билан тирик қоладирган тирик қолсин. Ҳужжат билан, албатта, Аллоҳ таоло бандаларнинг дуоларини эшитувчидур ва ҳолларига донодур.
43-44-45. Фикр қилгил эй Муҳаммад, шул воқеаники, Худойи таоло сени уйқингда кофирларнинг гуруҳини озгина қилиб кўрсатди, агар ҳақиқий кўплигини кўрсатганда эрди, сен асҳобларингга ҳикоя қилган бўлар эрдинг. Ҳаммаларингни дилларингда қўрқоқлик пайдо бўлар эрди. Ораларингда уруш тўғрисида ихтилоф пайдо бўлар эрди. Лекин, Аллоҳ таоло сизларни қўрқоқликдан сақлади. Албатта Аллоҳ таоло дилларингда нима бўлса донодур. Ёд қилинлар эй мўъминлар, ўшал ҳолатники, душманга мулоқий бўлганларингда Аллоҳ таоло душманнинг гуруҳини кўзларингга озгина қилиб кўрсатди. Сизларни ҳам душманни кўзига озгина қилиб кўрсатди. Ҳикмати илоҳий шул эрдики, сизларни дилларингда хавф бўлмасин, кофирлар ҳам сизларни камроқ кўриб бепарво бўлсинлар, то Худо ирода қилган нарса мавжуд бўлсин. Худо тарафига тамоми умур қайтариладур. Эй мўъминлар, вақтики душман гуруҳи билан уруш бошласаларинг, далер бўлунглар ва жанг майдонида қоим турунглар, тилларинг билан Худони зикрини қилинглар, шундоғ бўлганларингда душман устидан зафар топадурсизлар.
46-47. Эй мўъминлар, Худо ва расулига итоат қилинглар буюрганини бажо келтиринглар, хилоф қилманглар. Агар Худо ва росулини ҳукмига хилоф қилар экансизлар дилларингизда қўрқув пайдо бўлуб, сизлардан душманнинг муқобилига қувват кетади, кулфатларга сабр қилинглар. Аллоҳ таолонинг мадади собирлар билан биргадир. Эй мўъминлар, шул жамоага ўхшаша бўлмангларки, уйларидан ғурур билан чиққанлар, ўзларини халққа кўрсатмоқчи бўлганлар, бошқаларни Худонинг дийнидан қайтарадилар. Аллоҳ таолони илми булар қилган амалларига ҳамиша шомилдур.
48. Эй мўъминлар, фикр қилинглар, ўшал вақтники, шайтон кофирларнинг қилиб турган ишларини яхши қилиб кўрсатиб дер эрдики: «бугун сизга ҳеч қандай душман ғолиб бўлмайди». Ўзини Сироқа номли бир қабилани каттаси суратида кўрсатди. Кофирларни урушга тарғиб қилиб айтар эрдики, «Ман сизларга мададкорман». Вақтики, икки лашкар бир-бирига рўбарў бўлди, шайтон орқасига қараб қочди, чунки мўъминларга ёрдамга келган малоикаларни кўрди, қочган ҳолда айтдики: «Ман сизлардан безорман, чунки сизлар кўрмаган нарсани кўриб турибман. Мен Худодан қўрқаман, чунки Аллоҳ таолонинг азоби қаттиқдир.
49-50-51-52. Эй, мўъминлар эсларингда бўлсин шул воқеаки, Мадина мунофиқлари ва ҳам дилларида ҳануз Ислом учун шак бор бўлган, у гуруҳ айтадирларки: Бу мусулмонларнинг диллари мағрур қилгандир, озгина одам билан ўйламасдан кофирларнинг урушига борадилар. Булар ўйламайдиларки, ҳар кимки Худога таваккал қилса, Худо унинг мададкордир. Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир ишда ғолибдир ва ҳукм қилувчидир. Агар кўрардингки, эй Муҳаммад, ўшал вақтники, малоикалар кофирларни жанг майдонида жонларини қандай олишини кўрсанг эди, сен бундан ҳайбатланур эрдинг. Малоикалар кофирларни юзларига ва орқалариға силоҳ билан уруб ўлдирар эрдилар ва айтар эрдиларки:« Энди куйдирувчи азобни тортинглар. Бу азоблар сизларга касб қилган куфрларингиз учун, албатта Аллоҳ таоло бандаларга золим эрмас, бегуноҳ бандаларини азоб қилмайди. Бу муомала Фиръавнни тобеълари билан Мусо алайҳиссаломнинг ўрталаридаги муомалага ўхшайди ва ҳам Од ва Самуд қавми билан пайғамбарлари ўрталарида бўлган ўшал муомалага ўхшайди. Улар Худони оятларига кофир бўлган эрдилар. Пайғамбарлар мўъжизасига инкор қилган эрдилар. Ушбу гуноҳлари сабабидан ҳаммаларини Худойи таоло ҳалок қилди. Албатта, Аллоҳ таоло қувватли ва қудратлидир ва азоби қаттиқдир.
53-54-55-56. Бул азоб-оқибат кофирларга шул сабабдандурки, Аллоҳ таоло бир қавмга инъом қилган неъматини ўзгартирмайди, токи у қавм ўз нафсларидаги аҳлоқларини ўзгартирмагунча. Албатта, Аллоҳ таоло кофирларнинг сўзларини эшитувчидир ваҳоларига донодур. Қурайш кофирларининг одатлари Фиръавн қавмининг ва Фиръавндан аввал ўтган халқларнинг одатларига ўхшайди. Ул халқлар Худонинг оятларини такзиб қилган эрдилар. Уларнинг гуноҳлари сабабидан ҳалок қилган эрдук. Бу қавмни ҳаммалари золимлар эрдилар. Албатта, Худонинг наздида бадтарин ҳайвон кофирлардир. Булар ҳаргиз Худога иймон келтирмаслар. Булар шундоғ гуруҳдирларки, ҳар бор булар билан аҳд қилсанг аҳдларини синдирадилар, булар Худодан қўрқмайдилар.
57-58-59. Агар кофирларнинг жамоаларини урушда топсанг уларни ўлдириш билан орқаларидан ёрдамга келганларни қочириб юбор, шоядки, бул ҳолдан ибрат олиб таслим бўлсалар. Эй Муҳаммад, агар аҳд қилган қавмнинг хиёнат қилишдан қўрқсанг сан ҳам уларнинг ўзларига шундоғ ҳолда қайтарки, ўртада аҳд йўқлигини ҳамма билсин. Албатта, Аллоҳ таоло хоинларни дўст тутмайди. Кофирлар бизга ғалаба қилиб қочиб қутуладилар деб гумон қилмасинларки, улар ҳаргиз бизни ожиз қила олмайдилар.
60-61. Эй мўъминлар, душман муқобилига қўлларингдан келган уруш асбобини ҳозирланглар ва ҳам кофирларни сарҳадларига отлиқ аскарларни тайёрланглар. Шунинг билан Худони душманини ва ўзларингизнинг душманларингизни қўрқитган бўлурсизлар. Уларни ҳолларини Аллоҳ таоло билади. Ҳар молики жиҳод учун Худо йўлида сарф қилурсизлар, қиёмат куни сизларга ажрини мукаммал беради. Сизлар бул тўғрида зулм қилинмассизлар. Агар кофирлар сенга сулҳ қўлини узатсалар, сен ҳам улар билан сулҳ қилгил Аллоҳ таолога таваккул қилгил, уларнинг макридан қўрқмагил. Албатта, Аллоҳ таоло кофирларни эшитувчидир ва дилларига донодир.
62-63-64. Агар кофирлар сулҳ қилиб сенга фироб беришни хоҳласалар сен парво қилма, чунки Худонинг мадади сенга етарлидир. Парвардигор шундоғ зотдурки, ўзининг мадади билан сенга қувват берди. Ва ҳам мўъминлар билан мўъминларнинг дилларига улфат ва муҳаббат солди. Агар сен ер юзидаги давлатни харж қилсанг ҳам буларни дилларига улфат соломас эрдинг. Лекин Аллоҳ таоло марҳамат қилиб буларнинг дилларига улфат ва муҳаббат пайдо қилди. Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир ишда ғолибдир ва ҳикматликдир. Эй Набий, сенга тобеъ бўлган мўъминларга Аллоҳ таолонинг ёрдами кифоядир.
65-66. Эй Набий, мўъминларни жангга тарғиб қилгил, уларга айтгил сизлардан йигирма киши жангда сабр қилса кофирлардан икки юз кишига ғалаба қиладир. Шул сабабданки, кофирлар ҳеч нарсани билмайдилар ва аҳмоқдирлар. Бул оят нозил бўлган сўнг мўъминлар дилларига бир киши ўн кишига муқобала қилади деб ташвиш пайдо бўлдики, Ҳақ таоло бул ҳукмни мансуҳ қилиб шул оятни нозил қилди. Аллоҳ таоло ҳозир сизлардан бул ҳукмни олиб енгил қилди. Билдики, сизларнинг ичларингизда заифлар бордир, бас, билингларки, сизлардан сабр қилувчи юз киши бўлса, кофирлардан икки юз кишига ғалаба қилади, сизлардан минг киши бўлса, кофирлардан икки минг қишига ғалаба қилади. Аллоҳ таолонинг мадади собирлар билан биргадир.
67-68-69. Пайғамбарларга унинг қўлида кофирлардан асир бўлса фидя олиб қўйиб юбориш лойиқ эмас, балки асир олмасдан кофирларни кўпларини қатл қилиш керак, токи Исломга қувват бўлсун. Аё сизлар дунё матойини хоҳлайсизларми? Аллоҳ таоло сизлар учун охиратни хоҳлайди. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда ғолибдир, ҳикматлидир. Агар Худо тарафидан хато бўлган ишга азоб қилмаслик Лавҳул Маҳфузда ёзилмаганда эрди, олган фидяларингиз бадалига сизларга улуғ азоб келган бўлар эрди. Сизлар ғанимат моли олган хиссаларингизни енглар, сизларга ҳалол тоййибдир. Худонинг амрига хилоф қилишдан қўрқинглар. Аллоҳ таоло гуноҳларингизни кечирувчи ва меҳрибондир.
70-71. Эй пайғамбар, қўлингдаги фидя олган асирларга айтгил, агар Худойи таоло дилларингда иймон ва ихлос борлигини билганда эрди, яъни иймон келтирганларингда эрди, сизлардан олинган фидядан яхшироқ нарсани қилар эрди ва ҳам гуноҳларингизни мағфират қилар эрди. Чунки Аллоҳ таоло бандаларнинг гуноҳларини кечирувчи ва уларга меҳрибондир. Агар мусулмон бўлган асирлар хиёнатни хоҳласалар, булар кофирлик даврларида Худога хиёнат қилиб юрганлар, бас, Аллоҳ таоло сенга қудрат берди буларни асир қилдинг, агар хиёнат қилсалар, яна сенга қудрат беради. Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳолига донодир ва ҳикматлидир.
72. Албатта, ул жамоаки иймон келтирганлар ва ҳижрат қилганлар ва мол, ва жонлари билан Худо йўлида жиҳод қилганлар ва ул гуруҳики иймон келтирганлар муҳожирларга жой берганлар ва ёрдам берганлар. Албатта, бул зотлар баъзилари баъзиларига дўст ва валийдирлар, бир бирларидан мерос оладурлар. Ва ул гуруҳийки иймон келтирганлар, лекин ҳижрат қилмаганлар. Сизлар билан улар ўртасида то ҳижрат қилгунларича ҳеч қандай мерос алоқаси йўқдир. Агар булардан бирон тоифа сизлардан диннинг ривожи учун ёрдам талаб қилсалар, сизларга ёрдам бериш лозимдир магар ул қавм билан сизларнинг ўрталарингда сулҳ бўлса. Бас, бул ҳолда уларнинг хилофига сизларга ёрдам бериш лозим эмас. Аллоҳ таоло қилган амалларингизни кўриб туради.
73. Ул гуруҳийки, кофир бўлганлар, баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Эй мўъминлар, агар сизлар бир-бирларингизга дўст ва мададкор бўлмасангиз, кофирлар сизларга ғалаба қилиб ер юзида фитна ва улуғ фасодлар пайдо бўлади.
74. Ул жамоаки мўъминлар динларини сақлаш учун ҳижрат қилганлар Худо йўлида жон ва молларини фидо қилиб жиҳод қилганлар, ул ансорийларки буларга жой берганлар ва ҳам дунёвий машаққатларга ёрдам берганлар ва ҳам иттифоқ бўлуб жиҳод қилганлар, ҳақиқий мўъминлар мана шулардирлар. Буларга Худо тарафидан гуноҳларига мағфират бор. Ва жаннатда яхши ризқлар бор.
75. Ва ул гуруҳийки сулҳ Худабийяадан кейин иймон келтирганлар, сўнгги ҳижрат қилганлар ва яна сизлар билан бирга жиҳод қилганлар булар ҳам сизлардандур ва каробат эгалари баъзи мерос олмоқликда баъзиларидан ҳақлироқдурлар. Худонинг ҳукмида бул оят ансорийлар билан муҳожирлар ўртасидаги меросни мансух қилди. Чунки бу оят собит қилдики, меросда ақраболар ҳақдордурлар бегоналар эмас. Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани билувчи донодир.