close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

052. Тур сураси

Маккада нозил бўлиб, 49 оятдан иборат. Суранинг номи биринчи оятда келган ва устида Мусо (а.с) га Таврот тушган ва шу билан илоҳий хитобга эришган Тур тоғи номидан олинган.

Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.

 1-10. Тур тоғига қасам! Очиқ қоғозга ёзилган китобга қасам! Байтул маъмурга қасам! Юқори кўтарилган осмоннинг томига қасам! Толқинланиб турган дарёга қасамки, албатта, Парвардигорингнинг азоби гуноҳкорларга собитдир. Уни даф қилувчи йўқдир. У азоб осмон ларзага келиб, йўқ бўлиб кетадиган, тоғлар ўз жойидан ҳаракатланиб, осмонга учиб кетадиган кунда воқеъ бўлади.

11-16. Қуръонни ёлғон деб ўйлаб, масхара қилувчиларга Қиёмат куни вой (бўлсин). Ўша куни кофирларни Жаҳаннам тарафига судраб олиб борилади. Малоикалар тарафидан айтиладики: «Кўринглар мана бу Дўзах ўти. Сизлар уни ёлғон дер эдиларинг. Бу сеҳр эканми? Ё кўрмаяпсизларми? Бу Дўзахга киринглар. Бу дўзахнинг ўтига хоҳ сабр қилинглар, хоҳ қилманглар барибир. Энди қилган амалларингизнинг жазосини тортасизлар.»

17-20. Ўша кунда албатта муттақийлар Жаннатда ноз ва наимда бўладилар. Худонинг ато қилган марҳаматларидан ҳушнуд бўладилар. Аллоҳ таоло буларни Дўзах ўтидан сақлаган. Малоикалар айтадиларки: «Эй жаннат аҳллари, у дунёда қилган амалларингизнинг бадалига Жаннатнинг ноз ва наимларидан ичинглар ва енглар. Сизларга ёқимли бўлсин.»

21-28. Биз Жаннатда иймон келтирганларни ва иймон келтириб, уларга тобеъ бўлган зурриётларини ота-боболарига қўшиб қўямиз. Ота-боболарининг савобларидан кам қилмаймиз. Ҳар бир одам оқил ва болиғ бўлса, ўзининг қилган амалига жавобгар- масъулдир, ажри ёки жазосини ўзи тортади. Бировнинг гуноҳи учун биров жазо тортмайди. Биз муттақийларга хоҳлаган меваларини зиёда қилиб берамиз ва хоҳлаган гўштларини муяссар қиламиз. Жаннатда муттақийлар шаробнинг косасини бир-бирлари билан олди-берди қиладилар. Бу шаробни ичгандан сўнг, ҳеч қандай беҳудагўйлик бўлмайди. Ва гуноҳкор бўладиган ҳеч қандай феъл ҳам содир бўлмайди. Жаннат аҳлларининг атрофларида ёш йигитлар айланиб хизмат қиладилар. Буларнинг ҳар бирлари ҳусн ва жамолда садафнинг ичидаги марваридга ўхшайди. Жаннат аҳллари бир-бирларига муқобил ўтириб, бир-бирлари билан савол жавоб қиладилар. Баъзилари айтадиларки биз илгари аҳли аёлларимиз ичида ўтирар эдик ва Аллоҳ таолодан қўрқар эдик. Аллоҳ таоло бизга тавфиқ билан бизни гуноҳдан сақлади. Ва бизга миннат қўйиб Дўзах азобидан сақлади. Биз у дунёда Худога ибодат қилар эдик. Аллоҳ таоло бизга эҳсон қилувчи меҳрибондир.

29-43. Эй Муҳаммад, Қурайшга насиҳат қил! Сен ҳудонинг фазл ва марҳамати билан коҳин ҳам ва ё мажнун ҳам эмассан. Бу кофирлар сени шоир дейдиларми? Айтарларки: «Биз Муҳаммад замоннинг бир кулфатига учрар деб мунтазир бўлиб турамиз.» Айтгин, эй Муҳаммад: «Сизлар мунтазир бўлиб туринглар. Сизлар қатори мен ҳам сизларга азоб келишига мунтазир бўлиб тураман.» Уларнинг ақллари шундай дейишга ҳукм қиладими? Бас, булар туғён қилган саркаш қавмдирлар. Ё Қуръон шанига «Муҳаммад ўзи тўқиган» деб айтадиларми? Йўқ! Бундай эмас, балки ўзлари саркашликдан иймон келтирмайдилар. Агар рост айтадиган бўлсалар, Қуръонга ўхшаган сўзни тўқиб, олиб келсинлар.
Ё буларни ҳеч ким яратмаган, балки ўзлари пайдо бўлган деб ўйлайдиларми? Ё ўзларини ўзлари яратган деб ўйлайдиларми? Ё ер ва осмонни шулар яратган деб ўйлайдиларми? Асло бундай эмас, балки ўзларининг ишончлари йўқдир. Ё Худонинг хазиналарининг калити буларнинг олдиларида деб ўйлайдиларми? Ёки ўзлари оламга мусаллат бўлиб, нима қилсалар қиладиларми? Ёки осмоннинг шотиси буларнинг қўлидами? Малоикалардан ғайбни эшитиб келадиларми? Бас, эшитганларини очиқ хужжат билан исбот қилсинлар. Ёки Худога қизларни иснод қилиб ўзларига ўғилларни иснод қиладиларми? Ё сенинг пайғамбарлигингга булардан хужрат (пул, ўлпон) сўрайсанми?
Шунинг учун товонни тўлаш буларга оғир келадими? Ё буларнинг олдиларида ғайб илми бору ва шундан ёзадиларми? Шунинг учун қиёматга мункир бўладиларми? Ё сенинг тўғрингда сени қатл қилиш учун бирон ҳийла қилганларми? Агар бундай бўлса бу кофирлар ўзларини алдайдилар. Ёки буларга Аллоҳдан бошқа Худо борми? Бу ўйлаганлари ҳаргиз тўғриэмас. Аллоҳ таоло буларнинг шерикларидан покдир.

44-49. Агар бу кофирлар осмоннинг бир парчасини тепаларига тушиб келаётганини кўрсалар ўта даражада саркашликларидан айтадиларки: «Бу бало эмас, балки бир бирига ёпишган булутдир. Бизга ёмғир ёғдиради.» Эй Муҳаммад, сен буларни то ҳалок бўладиган кунга дуч келгунларича ўз ҳолларига қўйиб қўй. У кунда буларнинг макрлари ҳеч фойда бермайди. Албатта, золимлар учун Қиёматнинг азобидан бошқа бу дунёда ҳам азоб бордир, лекин кўплари билмайдилар. Эй Муҳаммад, Парвардигорнинг ҳукми келгунча сабр қил! Сен бизнинг ҳифзу ҳимоямиздасан. Худога субҳда ўрнингдан турган вақтингда, кечалари туриб ва ҳам юлдузлар ғойиб бўлганидан кейин ҳамд билан тасбеҳ айтгин.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase