104. Ҳумаза сураси
- 445 марта кўрилди
Маккада нозил бўлган бу сура тўққиз оятдан иборатдир.
«Ҳумаза» сўзи бир кимсанинг орқасидан тортмоқ, бўҳтон қилмоқ, ғийбат қилмоқ, хафа қилмоқ маъноларида келади. Қиёмат сурасидан кейин нозил бўлган бу сурада ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган ғийбатчи, гап ташувчиларнинг, албатта, дўзахга мубтало бўлишлари ҳақида сўз боради.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-4. Мўминларни айбловчи ва ғийбат қилувчиларнинг ҳолларига вой! Бундай киши мол-мулкни жам қилади ва: «Ислом аҳлининг зарарига сарф қиламан», – деб тайёрлаб қўяди. Оё, у молини ўлимдан сақлаб қолади, деб гумон қиладими? (Йўқ!) Ҳаргиз унинг ўйлаганлари дуруст эмас! У, албатта, ўлади. Кейин Ҳутамага ташланади.
5-9. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Ҳутама нимадир, билдингми? У Парвардигорнинг ёндириб қўйган ўтидирки, дилларни куйдиради. Албатта, уларга бу ўт мусаллат (ҳар томондан маҳкам ўраб олгувчи) қилиб қўйилади. Уларни ўтдан бўлган узун-узун устунларга боғлаб азоб берилади.