close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

102. Такосур сураси

Маккада нозил бўлган бу сура саккиз оятдан иборатдир.
«Такосур» – ортиқча нарса билан ғурурланмоқ, тўплаб кўпайтиришга берилмоқ деганидир. Кавсар сурасидан кейин нозил бўлган ушбу номдаги сурада Аллоҳ таоло бойлик кетидан қувиб, охиратни унутиб қўйганларни танқид қилади. Жоҳилият давридаги араблар мол, авлод ва қариндошларининг кўплигини ғурур ва шараф деб ҳисоблар, ҳатто бу тарзда яшаётганлари етмасдан, қабилаларнинг устунлигини ўлганлар билан исбот этиш учун қабрларга борар, ўлган қариндошларининг кўплиги билан ғурурланар эдилар. Шу боис сурада уларнинг бу одатлари қораланиб, ҳақиқий устунлик охиратда маълум бўлиши кўрсатилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

1-4. Сизлар кўп дунё (молу мулк) жам қилишга машғул бўлдингизлар. (Ҳаттоки) шу (мол-дунё тўплаш) муҳаббати (билан) охири қабрга бордингизлар (ғафлатда қолиб ўлдингизлар). (Йўқ!) Ундай қилмасликларингиз керак эди! Яқинда (сизлар) қилган ишларингизнинг оқибатини биласизлар. Яна такрор айтаманки, ундай қилмасликларингиз лозим эди! Яқинда дунё муҳаббатининг оқибатини биласизлар.
5-8. Бу сўзлар муқаррар ҳақдир. Агар бунинг оқибати ёмонлигини яқийн илми билан билганларингизда эди, бу ҳолдан қайтган бўлар эдингиз. Албатта, дўзахни ўз кўзларингиз билан кўрасизлар. Яна такроран айтаманки, дўзахни ўз кўзларингиз билан (аниқ) кўрасизлар. Кейин сизлар бу дунёда еган нозу неъматларингиздан савол қилинасизлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase