085. Буруж сураси
- 467 марта кўрилди
Маккада нозил бўлган бу сура йигирма икки оятдан иборатдир.
Шамс сурасидан кейин нозил бўлган бу сурада Аллоҳ таоло буржлари бўлган осмонга, Қиёмат кунига ва у кунга шоҳид бўлгувчилар билан у кунга шоҳид бўлингувчи воқеа-ҳодисаларга қасам ичгандан кейин ўтмишда бўлиб ўтган бир воқеа ҳақида сўз кетади: «Хандақ эгалари» номини олган бир золим подшоҳ ва унинг малайлари эътиқодли мўминларни Хандақ ичида ёқилган оловга ташлаб, томоша қилиб турар эдилар. Иттифоқо олов ўзларини ҳам домига тортиб кетади. Аллоҳ таоло бу воқеани баён қилар экан, золимларга жаҳаннам азобининг муқаррарлигини, мўминларга эса собит иймон – эътиқодлари туфайли олиймақом жаннатлар тайёрлаб қўйганлигини уқтириб ўтади. Йўқдан бор қилгувчи Аллоҳ таоло инсонларни ўлдириб, қайта тирилтириб, Қиёматда хоҳлаган нарсасини қилгувчи Зот эканлигини мўминларга таъкидлайди.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-7. Ўн икки буржларга бўлинган осмонга қасам! Ваъда қилинган Қиёмат кунига қасам! Ва гувоҳ бўлувчи Муҳаммад (алайҳиссалом)га ва гувоҳлик берилувчи умматига қасам! («Асҳоби Ухдуд») Хандақ эгалари лаънатга гирифтор бўлсин! Улар Хандақда ёниб (ловуллаб) турган ўтнинг эгалари эдилар. У кофирлар (Хандақдаги) ўтнинг атрофида ўтирар эдилар. Улар (кофирлар) мўминларга қилаётган феълларини (бераётган азобларини) ҳозир бўлиб, кўриб тургувчи эдилар.
«Асҳоби Ухдуд» дегани бир жамоа кофирлар эдиларки, ўтмишда бир жамоа мўминларни олиб келиб, динларидан қайтишга таклиф қилар эдилар. Ким қайтмаса, подшоҳнинг ҳукми билан Хандақдаги ёниб турган ўтга ташлар эдилар. Охири ўзлари ёндирган ўтда Аллоҳнинг ҳукми билан ўзлари куйиб ҳалок бўлдилар.
8-10. У (кофир)ларнинг мўминларга бўлган адовати шунинг учунки, бу мўминлар ғолиб ва ҳамдга сазовор Парвардигорга иймон келтирган эдилар. Шундай Зотга иймон келтирган эдиларки, ер ва осмонларнинг подшоҳлиги Унинг тасарруфида эди. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага донодир (гувоҳдир). Албатта, ҳар бир жамоаки, мўмин ва мўминаларга азоб бериб, кейин тавба қилмагандир, уларга жаҳаннам азоби муқаррардир. Ва уларга куйдирадиган азоб муқаррардир.
11-16. Албатта, иймон келтирган ва яхши амал қилган жамоаларга Аллоҳ таоло тарафидан остидан анҳорлар жорий бўлган (оқиб ўтадиган) жаннат ато қилинади. Бу улар етадиган улуғ мақсаддир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта, Парвардигорингнинг ушлаши (гуноҳкорларни азоблаши жуда) қаттиқдир. Албатта, Парвардигор аввал ижод қилади (йўқдан бор қилади), кейин яна қайтаради (ўлгандан сўнг Қиёматда қайта тирилтиради). Аллоҳ таоло (гуноҳларни) кечиргувчидир, (итоатли) бандаларга дўстдир. У Арш эгаси (улуғ Зот)дир. У ирода қилган (хоҳлаган) ҳар қандай нарсасини қила олгувчидир.
17-22. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Сенга лашкарларнинг хабари (қиссаси) келганми? Ва у лашкарлар кимлар эди, биласанми? Улар Фиръавннинг қавми ва Самуд қавмидир. Балки инкор қилувчи кофирларнинг ҳаммаларидир. Аллоҳ таолонинг илми (улар ортидан) ҳамма нарсани ўраб (иҳота қилиб) олгандир. Қуръон шеър ва каҳонат (коҳинлик, сеҳр) эмасдир, балки улуғ Қуръондир. Аллоҳ таоло тарафидан нозил бўлгандир. Лавҳул Маҳфузда ёзилгандир.