084. Иншиқоқ сураси
- 461 марта кўрилди
Маккада нозил бўлган бу сура йигирма беш оятдан иборатдир.
Иншиқоқ – ёрилмоқ дегани бўлиб, Инфитор сурасидан кейин нозил бўлган. Ушбу сурада осмоннинг ёрилиши ҳақида сўз кетганлиги учун «Иншиқоқ» деб номланган. Бу сурада ҳам қайта тирилиш ва Қиёмат аломатлари баён қилинган. Инсоннинг меҳнат-машаққатли ҳаёти, охиратда кимлар номаи аъмолини ўнг қўл томонидан олиб, жаннатга кириши, кимлар номаи аъмолини чап ва орқа томонидан олиб, дўзахга кириши ҳақида хабар берилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-5. Вақтики осмон пора бўлса (ёрилса) ва Парвардигорнинг ҳукми-га итоат қилса. Албатта, итоат қилиш унга лойиқдир. Вақтики ер тортиб кенгайтирилса (чўзилса) ва ичидаги бор нарсаларни ташқарига (отиб) чиқарса ва ҳаммасидан холи бўлса, Парвардигорнинг ҳукмига итоат қилса, албатта, итоат қилиш унга лойиқдир. Ҳар бир инсон яхши бўлса – яхши (натижасини), ёмон бўлса – ёмон жазосини кўради.
6-15. Эй инсон, то Парвардигорингга мулоқий (рўбарў) бўлгунингча, албатта, меҳнат-машаққат тортиб амал (ҳаракат) қилгувчисан, бас, охир Унга мулоқий бўласан (йўлиқасан). Аммо ҳар кимнинг номаи аъмоли ўнг қўлига берилса, бас, яқинда (тезда) ундан осонлик билан ҳисоб (китоб) олинади ва ўзининг тобелари олдига хурсанд бўлиб қайтиб келади. Аммо ҳар кимнинг номаи аъмоли орқа тарафидан берилса: «Бундан кўра ҳалок бўлганим яхши эди», – деб дод солади. Кейин ёниб турган ўтга (дўзахга) киради. Бу одам у дунёда ўзининг аҳли аёли ўртасида хурсанд бўлиб ўтирган эди. Бу одам (ҳаёти дунёда) Худонинг ҳузурига ҳаргиз ружу қилинмайди (қайтилмайди) ва Қиёмат ҳам бўлмайди, деб гумон қиларди (ишонарди). Ҳа, бундай аҳволнинг (қайта тирилиш ва Қиёматнинг) бўлиши муқаррар эди. Чунки Аллоҳ таоло унинг қилган амалларидан хабардор эди.
16-19. Қасамёд қиламан осмондаги қизилликка (шафаққа)! Қасамёд қиламан кечага ва уни қоронғулик билан ўраб олган нарсаларга! Ва ҳам қасамёд қиламан ойга, вақтики нури комил (тўла, мукаммал) бўлса! Эй инсонлар, сизлар нутфалик ҳолингиздан то ўлгунларингизгача бир ҳолдан (бошқа) бир ҳолга ўтиб, ўзгариб турасизлар.
20-25. Бас, кофирларга нима бўлдики, ишонмайдилар?! Вақтики уларга Қуръон тиловат қилинса, сажда қилмайдилар. (20-21-оятлар сажда оятларидир). Балки кофирлар Қуръонни (ундаги ҳукмларни) инкор қиладилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло уларнинг дилларида сақлаётган нарсаларини (куфр ва нифоқларини) билади. Бас, эй Муҳаммад (алайҳиссалом), уларга Худонинг қаттиқ азобидан хабар бергил! Лекин (фақат) иймон келтирган ва яхши амал қилган (зот)ларга бениҳоят ажр(у мукофот) муқаррардир.