НАТО раҳбарияти Россия Федерацияси президенти томонидан эълон қилинган қисман сафарбарликка муносабат билдирди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия президенти Украинага қарши урушда хатога йўл қўйгани ва нотўғри ҳисоблаганини айтди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги.
Расмийнинг таъкидлашича, бугунги кунда Россияда сафарбарлик эълон қилиниши Россиянинг Украинадаги "махсус операцияси" деб аталмиш амалиёти барбод бўлаётганини ва барча режаларга зид эканини яна бир бор исботлайди.
"Путин стратегик хатога йўл қўйди", деди Столтенберг.
НАТО бош котиби Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган Россия бўлинмаларининг яхши таъминланмаганига ишора қилди. Хусусан, Россия армияси логистика соҳасида катта муаммоларни бошдан кечирмоқда ва қўмондонлик штаблари заиф бўғинга ўхшайди.
Столтенбергнинг сўзларига кўра, Россия Федерациясида эълон қилинган сафарбарлик Россия армиясининг жанг майдонидаги мавқеини яхшиламайди, бу фақат вазиятнинг кескинлашишига ва ҳар икки томондан ўлган аскарларнинг кўпайишига олиб келади.
НАТО бош котиби Путиннинг Россиянинг ядро қуролидан фойдаланишга тайёрлиги ҳақидаги ишораларига изоҳ берар экан, Москва ядровий можарода ғалаба қозона олмаслигига ишонч билдирди.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда альянс Россия ядровий кучларининг тайёргарлигида ҳеч қандай ўзгаришларни кўрмаяпти, бироқ вазиятнинг ривожланишини кузатишда давом этмоқда. Аввалроқ Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов Россияда эълон қилинган сафарбарликни "Россия фуқароларини йўқ қилиш бўйича Кремль режаси" деб атаган эди.
НАТО бош котиби Россиядаги сафарбарлик ҳақида: Путин Украинага қарши урушда хатога йўл қўйди
Шимолий Атлантика альянси Россия қўшинлари яхши таъминланмагани, уларга тегишли қўмондонлик ва назорат етшмаётганини айтди.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Янгиликлар
|
Калит сўзлар