Афғонистонда ал-Қоида етакчиси Айман Ал-Завоҳирий ўлдирилди, унга америка учувчисиз учиш аппарати зарба берди, Марказий разведка бошқармаси операция ўтказди, дея хабар беради Politico, Reuters ва Associated Press манбалари.
"Ўтган дам олиш кунлари Қўшма Штатлар Афғонистондаги ал-Қоиданинг нуфузли нишонига қарши аксилтеррор операциясини ўтказди. Операция муваффақиятли ўтди, тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ", — деди Politico нашрига номи ошкор этилмаган манба.
Нашрнинг ёзишича, президент Джо Байден 19:30да (Москва вақти билан 02:30) муваффақиятли миссия ҳақида нутқ сўзлади. AP қайд этишича, Айман аз-Завоҳирий 31 июл, якшанба куни йўқ қилинган, бироқ АҚШ расмийлари бу ҳақидаги хабарни эълон қилишни унинг ўлими тасдиқланмагунча қолдирган.
Зарба Кобулга берилди, деб ёзади Reuters. Агентлик маълумотларига кўра, учувчисиз учиш аппарати ҳужумини "Толибон" ҳам тасдиқлаган. «Толибон» ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Кобулга қилинган ҳужумни кескин қоралаб, буни "халқаро тамойиллар"нинг бузилиши деб атади.
Reuters агентлигининг қайд этишича, ал-Завоҳирий АҚШ қўшинларининг Афғонистон ҳудудини бир йил олдин тарк этганидан бери америка кучларининг биринчи зарбаси пайтида йўқ қилинган.
Ал-Завоҳирий Мисрда туғилган ва Қоҳира университетининг тиббиёт факультетини жарроҳлик мутахассислиги бўйича тамомлаган. 1981 йилда у Миср президенти Анвар Садатнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган. 2011 йилнинг май ойида Покистоннинг Абботобод шаҳрида Усама бин Лодин ўлимидан сўнг террорчи гуруҳ етакчисига айланди. Ўша йилнинг сентябрь ойида Pentagon Ал-Завоҳирийни қўлга олиш ёки йўқ қилишга олиб келадиган ҳар қандай маълумот учун 25 млн доллар мукофот эълон қилган эди.
Америка қўшинлари Афғонистонни ўтган йилнинг августида, Толибон мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритгач, тарк этганди. Кейин Байден АҚШ терроризмга қарши курашни давом эттириш ниятида эканлигини, чунки унинг таҳдиди сақланиб қолганини айтганди.
"Буни амалга ошириш учун қуруқликдаги урушга киришишимиз шарт эмас. Бизда "уфқ ортида" деб аталадиган қобилиятлар мавжуд, яъни биз ердаги америкалик қўшинлар иштирокисиз - ёки керак бўлса, жуда кам сонли кучлар билан террорчилар ва нишонларга зарба беришимиз мумкин", - дея қўшимча қилди у.
2021 йилнинг май ойида БМТ Афғонистонда ал-Завоҳирий билан бирга "ал-Қоиданинг юзлаб қуролланган жангарилари" ҳақида хабар берган эди. Ташкилот Толибон ва ал-Қоида алоқалари ўтмишдаги муносабатлар, умумий курашлар ва шунга ўхшаш мафкураларга асосланган ҳолда яқинлигича қолаётганига эътибор қаратди. Толибон, шунингдек, ал-Қоидага ўзларининг "тарихий алоқаларини" инобатга олишларига ваъда беришди, деди БМТ.
Ўтган йилнинг сентябрида гуруҳ раҳбари 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қилинган ҳужумларнинг 20 йиллиги муносабати билан видеотасвирда пайдо бўлган эди. Видеони шарҳлар экан, собиқ АҚШ разведка хизматининг раҳбари вазифасини бажарувчи Майкл Морелл шундай деди: "Бизнингча, бу Толибон ҳозир ал-Завоҳирийга бошпана бераётганини англатади. Толибон бугун ал-Қоидага бошпана беряпти".
Шу билан бирга, АҚШ президенти 2021 йил августида "ал-Қоида" Афғонистонда "энди мавжуд эмаслигини" таъкидлаганди. "Биз Афғонистонга ал-Қоидадан қутулиш, шунингдек, Усама бин Лодинни қўлга олиш мақсадида бордик. Ва биз буни амалга оширидик", деди у. Бироқ, Pentagon тез орада гуруҳ ҳали ҳам ўша мамлакатда мавжудлигини маълум қилди.
АҚШ Бин Ладендан кейин ал-Қоидага бошчилик қилган Ал-Завоҳирийни ўлдирди
Америка Марказий разведка бошқармаси якшанба куни Кобулга зарба бериб, Бин Ладеннинг вориси бўлган Айман Ал-Завоҳирийни йўқ қилди. Афғонистон ҳукумати пойтахтга зарба берилганини тасдиқлади ва уни халқаро тамойилларнинг бузилиши деб атади.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Янгиликлар
|
Бошқа мақолалар: Абу Муслим
- Қўрқув формуласи: Россия нима учун қитъалараро баллистик ракетани ишлатди?
- Оқ уй: Путиннинг таҳдидларига қўйганимиз бор АҚШ Украинага ёрдам бераверади
- Супертурбина водородда ишлаб чиқарилаётган энергия: Россия газига алтернатива
- Халқаро Жиноят Суди жиноятчи Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазирига нисбатан ҳибс ордери чиқарди
- Инсон ҳуқуқлари умумий Ислом декларацияси