"Душанба куни Суриянинг шимолидаги Идлиб вилоятида тахминларга кўра Суриянинг ҳаво кучлари томонидан Туркия ҳарбий карвонига қилинган ҳужум ва Россиянинг Идлибдаги Асад қўшинлари ҳужумини оммавий равишда қўллаб-қувватлаши ўтган йил сентябр ойида Эрдўған ва Владимир Путин томонидан имзоланган келишувга амалда нуқта қўйди", - дейди нашр.
"Ўшанда Россия президенти Идлиб вилоятига ҳужумнинг олдини олиш учун Асадга таъсир ўтказишга ваъда берганди. Бунинг эвазига Туркия исёнчилар Идлиб атрофидаги буфер зонани тарк этишини ва бундан буён Идлибдан Россия ва Сурия кучларига ҳужумлар қилинмаслигини таъминлашни режалаштирган. Туркия армияси ва Суриянинг ёрдамчи қўшинлари ушбу ваъдаларни бажармаганига қарамай, Путин бир неча ой давомида Асадни тўхтатиб турди", - деди Готтшлих.
"Аввалига Путин Идлибнинг жанубида "Ҳаёт Таҳрир аш-Шом" (ҲТС) жиҳодчилар гуруҳи ҳам, Туркия томонидан қўллаб-қувватланган "Миллий озодлик фронти"нинг жангариларининг ҳам аввалгидек фаол бўлишига рози бўлган. Асад апрел ойида Идлиб шаҳрига ҳужумни бошланганида ҳам, Россия аввалига кўпроқ четда турди. Мос равишда, Асад бўлинмалари ҳам муваффақиятсиз ҳаракат қилишди ", - дейилади мақолада.
"Вазият Эрдўған Трамп маъмурияти билан Евфратдан шарқда биргаликда операция ўтказиш ҳақида келишиб олганидан кейин ўзгарди. Путин Туркия ва АҚШ ўртасидаги низо авж олишидан ва ҳатто Туркия НАТОни тарк этишидан умид қилганди. Эҳтимол Путиннинг Эрдўған ва Трамп ўртасидаги бу келишувидан ҳафсаласи пир бўгани Идлибдаги воқеаларнинг авж олишида ҳал қилувчи рол ўйнади: энди Путин Асад қўшинларини кенг кўламли қўллаб-қувватлашга яшил чироқ ёқиб берди".
Сешанба куни Хон-Шайхун шаҳрининг қўлга олиниши туфайли Асад ўзининг биринчи мақсадига - Дамашқни Ҳалаб билан боғлайдиган М5 магистралидан фойдаланиш имкониятига эришди. Ушбу мақсадга эришиш учун Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари – айрим кузатувчилар рус бомбардимончилари кузатилгани ҳақида гапириди – душанба куни Туркия карвонига ҳужум қилди.
"Туркиянинг Hürriyet газетаси колумнисти Седат Эргиннинг ёзишича, "мисли кўрилмаган ҳужум" турк ҳукуматини ғазаблантирди. Бироқ ҳамон Путин билан ўзаро тушунишга эришишга умид қилмоқда, шу муносабат билан Туркиянинг танқидлари Асадга қаратилган", - хабар беради нашр.
"Эрдўған, Асад ва Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний ўртасида сентябрь ойида саммит ўтказилиши режалаштирилган. Агар бу пайтгача Идлибда муросага эришилмаса, эҳтимол, Туркия-Россия ҳамкорлиги тугайди", - деб ёзади Эргин.
Манба: Tageszeitung
Абу Муслим таржимаси