Эронлик кузатувчиларнинг фикрича, минтақавий амалиётлар туфайли заифлашган ва молиявий жиҳатдан оғир аҳволда қолган Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) Эрон режимига қарши навбатдаги кенг кўламли қўзғолонни бостиришга қодир бўлмай қолган.
Баҳсли сайловлар ортидан келиб чиққан норозиликлар 2009 йилги «Яшиллар ҳаракати» билан мамлакатни ларзага келтирган бўлса, 2019 йил ноябр ойида бензин нархининг кескин кўтарилиши билан боғлиқ умуммиллий норозилик намойишлари ИИПК тарафидан оммавий равишда бостирилган.
Бензин билан боғлиқ норозиликларини бостирар экан, ИИПК ва унга қарашли ярим ҳарбийлаштирилган гуруҳ – ички хавфсизликни таъминловчи Босиж қаршилик кучлари 1500 га яқин намойишчини ўлдирган ва минглаб одамларни ҳибсга олган.
12 апрел куни Европа Иттифоқи номи чиққан учта қамоқхона ва саккиз нафар Эрон хавфсизлик хизмати расмийсини, жумладан, ИИПК қўмондони Ҳусайн Саламийни 2019 йилги тазйиқлар сабаб қора рўйхатга киритган.
2020 йил январ ойида ўн минглаб эронликлар кўчаларга чиқиб, режим раҳбарларининг истеъфосини талаб қилганлар.
Баёнотда Саламий «инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиш ҳолатлари учун масъул» деб топилиб, унинг қўмондонлиги остидагилар «2019 йил ноябрда Эрондаги норозилик намойишларини бостириш учун ҳалокатли куч ишлатиб, қуролсиз намойишчиларнинг ўлимига ва жароҳатланишига сабаб бўлгани» айтилади.
Ўшандан бери Эрон бўйлаб намойишчилар мунтазам равишда кўчаларга чиқиб, сув, иш ва вакциналар каби асосий ҳуқуқларини талаб қилган ва режимнинг ташқи режаларни ички иқтисодиётдан устун қўйиш сиёсатини қоралаб келмоқда.
Эроннинг келажак ҳаётида айримлари жуда кенг миқёсли бўлиши кутилаётган норозиликлар юз бериши эҳтимолдан йироқ эмас.
Аммо ИИПКнинг Қудс кучлари (ИИПК-ҚК) минтақадаги ҳарбий амалиётлар учун шунчалик кўп маблағ ва ресурслар сарфладики, уларнинг қарши туриш ва бостириш қобилияти молиявий қийинчиликлар ва санкциялар туфайли жиддий тарзда чекланган.
Зўриққан ИИПК
Сўнгги ўн йил давомида ИИПК ўз куч ва ресурсларининг катта қисмини Сурия, Ливан, Ироқ ва Ямандаги минтақавий операцияларга сарфлаб, ҳарбий ҳозирлигини мустаҳкамлашга интилди.
Бунинг оқибатида Эроннинг ички ҳарбий ва куч тузилмалари оммавий норозиликлар олдида ожиз қолиши ва уларни бостиришга қодир бўлмаслиги мумкин, дейди кузатувчилар.
«Эрон ўзи учун яратган минтақавий таҳдидларга қарши ИИПКнинг ҳарбий ва моддий техник ресурсларини кенг миқёсда сарфлади», дейди Эрон хавфсизлиги бўйича таҳлилчи Камрон Парварешха.
Сурия, Ливан, Яман ва Ироқдаги фаол иштирокини сақлаб қолишдан ташқари, Теҳрон энди Озарбайжон билан чегарадаги ҳарбий ҳодисаларни диққат билан кузатиб бориши керак, деди у.
Июл ойи ўрталарида Эроннинг сув ва нефтга бой вилояти бўлмиш Ҳузистон (ундан бешта йирик дарё, жумладан, Эроннинг энг узун Карун дарёси ҳам оқиб ўтади) аҳолиси кучли қурғоқчилик туфайли келиб чиққан сув танқислигидан норози бўлиб, намойишга чиққан.
Бунга жавобан ҳукумат расмийлари аввалига намойишларни инкор этган бўлса, кейинроқ намойишчиларни бостириш учун куч юборди.
Намойишлар давомида бир нечта иштирокчи отиб ўлдирилган.
«Халқнинг муаммолари ҳал этилмасдан қолар экан, ҳамма нарса бўлиши мумкин», деди 9 ноябр куни Эрон парламенти вакили Масъуд Пезешкиан.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет Эрон ҳукуматини Ҳузистон вилоятидаги сурункали сув танқислиги муаммосини ҳал қилиш учун «тезкор чоралар кўриш»га чақирди.
Бу иш норозиликларни бостириш учун куч ишлатмай, кенг қамровли ҳибсларсиз амалга оширилиши керак, деган у июл ойида илк намойишлар бошланганида.
«Ҳукумат кўп йиллик бепарволик туфайли юзага келган халқ ғалаёнлари эмас, ҳалокатли сув инқирозининг Ҳузистон аҳолиси ҳаёти, саломатлиги ва фаровонлигига таъсири ҳақида ўйлаши керак», деди у.
«Мен ўтган ҳафта содир бўлган ўлим ва жароҳатлар, шунингдек, кенг кўламли қамоққа олишлар ва ҳибслардан жиддий хавотирдаман», деб қўшимча қилди у.
Даромаднинг камайиши
Эрон хавфсизлик кучлари норозилик намойишларини бостиришдан ташқари, ижтимоий тармоқларга киришни чеклаб, улар ҳақида ёлғон маълумотларни тарқатгани ҳам маълум, дейди кузатувчилар.
Аммо халқаро санкциялар натижасида уларнинг репрессив қобилияти пасайган, дейди улар, бу санкциялар туфайли даромаднинг сезиларли даражада пасайганига ишора қилиб.
Эрон ташқи савдоси ҳажми 2019 йилдаги 46 миллиард доллардан 2020 йилда 28 миллиард долларга камайди, жорий йилда эса бу рақам 18 миллиардга тенг бўлиши кутилмоқда.
Хорижий инвесторлар, хусусан, Европа компаниялари Эронни тарк этган.
Теҳронлик иқтисодчи Можган Ғарибга кўра, «Эрон расмийлари ва ҳукуматга алоқадор диний арбоблар Эрон нефт экспортидан жаҳон банк тизимини четлаб ўтган ҳолда пул ишлашга муваффақ бўлган».
«Аммо бу баёнотлар шунчаки шиор, холос», дейди у. «Эрон бюджетининг асосий манбаи ҳисобланган нефт даромади кескин камайган».
«Ҳатто Теҳроннинг иттифоқчилари ҳисобланган давлатлар, жумладан, Россия ва Хитой ҳам Эрон билан молиявий операцияларни амалга оширишда кўплаб муаммоларга дуч келишмоқда».
Банк санкциялари туфайли Эрон ҳатто ўзи кучли таъсир ўтказа оладиган Ироққа электр энергияси экспорт қилиш бўйича мажбуриятларини ҳам бажара олмади, деб қўшимча қилди Ғариб.
Санкциялар босими, хусусан, Эронга қурол сотишга қарши санкцияларнинг узайтирилиши Эрон хавфсизлик кучлари учун қўш муаммога айланди.
Бир тарафдан, ИИПК кучларига бу вазифани бажариш учун молиявий манбалар етишмаса-да, Эрон режимининг экспансиявий сиёсатини давом эттириш учун минтақа давлатларига кўп сонли ИИПК жангарилари юборилган.
Бошқа тарафдан, таҳлилчилар Эроннинг минтақадаги 10 йиллик агрессив сиёсати ва ҳукуматга қарши давом этаётган халқ норозиликларидан сўнг, Эронда «араб баҳори» каби ички қўзғолонлар учун шарт-шароит пайдо бўлгани ҳақида огоҳлантирмоқда.
Уларнинг айтишича, Эрон режими ресурслар танқислиги туфайли бундай норозилик намойишларини бостиришга унчалик тайёр эмас.