«Улар ҳалигача «Толибон»га нисбатан кўп устунликларга эга: сон жиҳатидан устунлик, замонавий қурол ва жиҳозлар, ҳаво кучлари, улар бизнинг машғулотларимизда қатнашган. Фақат буларнинг ҳаммасидан фойдаланиши керак, холос», - дея ҳикоя қилган эди «Толибон» Кобулга киришидан уч кун олдин афғон армияси ҳақида гапириб Пентагон матбуот котиби адмирал Жон Кирби (John Kirby).
«Толиблар техник жиҳатдан мукаммал қуролларга эга эмас, аммо уларда молиявий барқарорлик бор. Бундан ташқари, улар мустаҳкам бирлашган гуруҳ сифатида фаолият юритмоқда», - деб тушунтирди «Политико» порталига «Джейнс информейшн груп» глобал компаниясининг ахборот тўплаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланувчи ходими Неха Двиведи (Neha Dwivedi). У ҳукумат кучлари мағлубиятининг сабабини «коррупция, ёмон бошқарув ва бирдамликнинг йўқлигида» деб кўрди.
Афғонистонда Ғарб тартиботи мавжуд бўлган сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари сон-саноқсиз бундай изоҳларга тўлиб кетди. Сиёсатчилар, таҳлилчилар, низолар бўйича экспертлар, генераллар ва ҳ.к. шунга ўхшаш хабарлар ёзган, журналистлар эса, бу маълумотларни кенг оммага тарқатган.
Ҳақиқий вазиятнинг бузиб кўрсатилиши
Бу изоҳларнинг барчасини ёлғон, деб аташ ҳақиқатга яқинроқ бўларди. Бироқ, агар юмшоқроқ қилиб айтадиган бўлсак, экспертлар АҚШ ва НАТОнинг сўнгги йигирма йил давомида Афғонистонда ўрнатишга уринган тартибнинг қулаши сабабларини айтганда ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатишмоқда. Ҳақиқатда АҚШ ва НАТО мағлубияти жуда осон изоҳланади: энг қудратли Ғарб давлати ва унинг иттифоқчилари 20 йил давомида таклиф қилган нарсалар учун биронта афғон жон беришни истамади. Бундан ташқари, афғонларнинг аксарияти ҳам бу Ғарб янгиликлар учун жанг қилишни истамади, шу сабабли «қартадан ясалган уй» шундай тез қулаб тушди. Уни йигирма йил давомида қуришди, у эса бир ой ичида қулаб тушди ва фақат «Толибон»нинг кейинги шаҳарларни тезроқ қўлга олиш имконини берадиган транспорт воситалари бўлмаганлиги сабабли шунча узоқ давом этди.
Бу аянчли ҳақиқатни ниҳоят президент Жо Байден ҳам тушуниб етди, у америкаликларга телевидение орқали қилган мурожаатида шундай деди: «Биз афғонларга ўз келажагини белгилаб олиш учун ҳамма нарсани бердик, аммо биз уларга бунинг учун курашиш истагини тақдим эта олмадик».
Жанг қилишга иродаси бор ҳарбийлар ва тинч аҳолининг ўзини қандай тутишини Европада жаҳон урушлари бошланган даврлардаги кинохроникада ёки Варшава қўзғолони саҳналарини тасвирга олган кадрларда кўриш мумкин. Ўша воқеалар иштирокчиларининг эсдаликларига ҳам мурожаат қилишингиз мумкин. Уларда эркинлик учун, ўзи ишонган нарсалар учун ва ҳоказолар учун кураш руҳи уфуриб туради.
«Толибон» бўлинмалари тахминан 75 минг кишидан иборат. Уларда артиллерия, ракета, танклар деярли йўқ эди. Ғарб Афғонистон ҳукумати армиясини 350 минг киши ҳисобида замонавий қурол-яроғ, жумладан, самолётлар билан таъминлади. Агар улар ва уларнинг офицерлари жанговор руҳни намойиш қилиб, Ғарбдан андоза олинган янги ҳаёт тарзи учун курашмоқчи бўлганида, НАТО ёрдамига умуман муҳтож бўлмай, бир йил ичида «Толибон»ни мағлуб эта олган бўларди. Ваҳоланки, улар ҳатто биронта йирик шаҳарни нисбатан узоқ вақт давомида ушлаб қололмади. Натижада «Толибон» ҳукумат армиясини мағлуб этди, тўғрироғи, ўзи парчаланиб кетди ёки қўшни давлатларга қочиб кетишни танлади.
Асосий «ютуқ» — сиёсатчилар кастаси яратилиши
Кўриб турганимиздек, Афғонистонда Ғарб биринчи навбатда ўз чўнтакларини доллар билан тўлдириш учун раҳбарлик лавозимларини эгаллаган сиёсатчилар кастасини яратишга муваффақ бўлди. Уларнинг атрофида йирик шаҳарларда маъмурий вазифаларни бажарувчи, НАТО кучлари учун ишлайдиган, бизнес билан шуғулланувчи ва маълум даражада ўз турмуш тарзини Ғарбга ўхшатадиган одамлар қатлами шаклланди. Улар янги тартиботлардан фойдаланишди, аммо бу ҳали улар учун курашишга тайёр эканликларини билдирмасди. Аввало, Америка ҳарбийлари ўз иттифоқчилари, жумладан, поляклар билан бирга жанг қилди.
Аслида, бу америкаликлар, поляклар ва уларнинг иттифоқчилари маҳаллий сиёсатчилар кастаси ва афғон ўрта синф вакиллари яна бир йил давомида нисбатан тинч яшаши учун ҳалок бўлишди. Шу билан бир пайтда, афғонлар кўнгилли равишда армияга боришни истамади, аксинча, яқинда чоп этилган маълумотлар кўрсатишича, тахминан 30% ҳукумат қўшинлари хизматга чақирилган йилдаёқ дезертирлик қилди, улар узоқ муддатга озодликдан маҳрум бўлишни танлашди, фақат «Толибон» билан жанг қилмаса бўлди эди.
Афғонистонда НАТО кучлари мавжудлигининг шармандали финали Ғарб сиёсатчилари, таҳлилчилари, зиёлилари, ҳарбийлари ва уларнинг шарҳларини тарқатаётган журналистлари эмас, балки ёш дипломат Мэттью Хо (Matthew Hoh) эканини кўрсатади. 2007 йилда Давлат департаментида ишлашни бошлашдан олдин у икки йил Ироқда денгиз пиёдаси сифатида хизмат қилган. Афғонистонга келгач, у жуда тез ҳақиқат Вашингтонга юборилган оммавий ахборот воситалари ва расмий ҳисоботларда кўрган нарсалардан жуда фарқ қилишини пайқади. Хо бир неча бор бу хабар билан Оқ уйга, телевидение ва матбуотга ёриб киришга уринган. Ниҳоят, ҳамма уни менсимаётганини англаб, истеъфога чиқди.
Хо Давлат котиби Хиллари Клинтонга берган хайрлашув мактубида шундай деб ёзган эди: «Қўшма Штатлар Афғонистонда ўз олдига қандай стратегик мақсадлар қўяётганини тушунмай қолдим. Амалдаги стратегия борасида, шунингдек, биз тасдиқлаш ниятида бўлган стратегия борасида шубҳаларим бор». Кобул ва Афғонистоннинг Забул вилоятида ўтказган икки йили унга қуйидаги далилларни баён этишга имкон берди: «Биз бир пайтлар СССР каби Афғонистонда бу ерда ҳеч ким билмаган ва истамаган тартибот ва мафкурани кучайтирмоқчи бўляпмиз». «Мен наша чекволиб, ҳаммани бир-бирини севишга чақирадиган пацифист эмасман, аммо бу ерда, Афғонистонда бизни ҳеч ким кўришни истамайди. Бизнинг борлигимиз фақат можаронинг чуқурлашишига сабаб бўлади», - дея тушунтирди у Клинтонга.
Мэттью Хо 12 йилдан бери НАТО кучларининг Афғонистондаги ҳозирлиги ҳеч қандай маънога эга эмас, деб ҳисоблаб келади. Аслида у икки мақсадга: ғарб ҳарбийлари йирик шаҳарлар устида очилган «ҳимоя соябони» остида шаклланган қатламни ҳимоя қилиш ва ғарб мамлакатлари аҳолисининг кайфиятини кўтаришга хизмат қилган. Яхши янгиликларни телевидениеда томоша қилишимиз, матбуотда ва интернетда ўқишимиз мумкин. Кобулдаги аёлларнинг яна ўқиш ва профессионал карьерачи бўлиш имконига эга бўлгани, шунингдек, «Толибон» давридадаги каби юзларини ёпмаслиги ҳақида. Бизни қиз болалар учун мактаблар ҳақида, ёшлар учун ўқув дастурлари, маънавий-маиший нормалар ўзгариши, ва, аввало, афғонлар орасида Ғарб демократияси ва у кафолатлаган инсон ҳуқуқлари ҳақида ҳикоялар билан боқишарди. Юз минг тинч фуқаронинг ўлимигина бу ижтимоий тажриба кичик ёки таъсири бўлди. БМТ маълумотларига кўра, Афғонистонда 2009 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда жанглар оқибатида шунча одам ҳалок бўлган.
Агар НАТО кучлари бундай 12 йил олдин олиб чиқилганида эди, «Толибон» ўн йил давомида тинч аҳолига шунчалик зиён етказмаган бўларди. НАТО кучларининг улар учун экзотик саналган бу мамлакатда бўлишини давом эттиришдан ҳеч қандай маъно йўқ эди. Пировардида, Ғарб ҳомийлигида яратилган «тараққий этган» афғонлар гуруҳи ҳозир Кобул аэропортида ҳақиқий даҳшатни бошидан кечирмоқда. Уларнинг фожиаси бир мунча вақт виждон азобига сабаб бўлади, аммо ўтмишдан кўплаб мисоллар Ғарб дунёси улар билан жуда хотиржам яшашни ўрганиб олганлигини кўрсатади.
Афғонлар нима сабабдан курашмади?
Ғарб худди шу тарзда хотиржамлик билан асосий саволларга жавоб беришдан қочишни ўрганиб олди. Асосий масала «Толибон» нима сабабдан ғалаба қозонганида эмас. Бу ерда ҳаммаси тушунарли: уларнинг ҳар бири жанг қилишга ва ўзи ишонган нарсалар учун ҳалок бўлишга ҳам тайёр эди. Қатъият уларни қўрқув уйғотадиган аскарларга, туғма ғолибларга айлантиради. Тўғри савол қуйидагича янграйди: нима сабабдан бошқа афғонлар Ғарб уларга лаганга сузиб олдиларига олиб келган неъматлар учун курашгани йўқ?
Шунчаки, Ғарб дунёнинг бошқа қисмлари аҳолиси ўтмишда жозибадор ва руҳлантирувчи деб ҳисоблаган, лекин ўзи тушунишни ҳам, пайқашни истамаган нарсаларни йўқотди, холос. Бу тушунтириш, эҳтимол, ҳақиқатга энг яқин бўлади.
Европа, Шимолий Америка ва Австралия каби улар ҳудудида бир миллиард одам яшовчи бир неча бошқа мамлакатлар дунёнинг қолган етти миллиард аҳолисига нима таклиф қилишлари мумкин? Ғарбнинг қолган ҳаммадан устуворлигини ҳис қилиш ва ўз ҳақлигига чуқур ишонч, афтидан, уларни жалб қилмаса керак. Гендер тенглиги ва турли жинсий озчилик вакилларини камситилишдан ҳимоя қилиш ғоялари кунига ярим доллар ишлаб топадиган ва оддий ичимлик сувини бойлик деб ҳисоблайдиган одам учун бу қизиқарли эмас. Айниқса, Ғарб чегараларидан ташқарида деярли ҳамма жойда энг аниқ инсон ҳуқуқлари ҳам камчилик учун мавжуд имтиёз бўлиб қолаётган шароитларда. Инсон ҳуқуқларининг ажралмас элементи сифатида трансгендерлар ҳуқуқлари ҳақидаги гап-сўзлар учинчи дунё аҳолиси учун худди квант физикаси ҳақида суҳбатлар бир хил янграйди.
Ҳатто демократия ва сўз эркинлиги ҳам энди жозибали кўринмайди, чунки уларни камбағал мамлакатларда сингдириш тезда клептократиянинг пайдо бўлишига олиб келади. «Демократия» ва «сўз эркинлиги» сўзлари одатда тизимли коррупцияни англатади: ҳукмрон доиралар, ўз ҳокимиятининг давом этишини эса уларни мақтайдиган ОАВга пора бериб кафолатлайди.
Кўпинча, бу демократик йўл билан сайланган раҳбарларнинг армия ёки маҳаллий партизан ҳаракати томонидан ағдарилиши билан якун топади, агар бу раҳбарларнинг ўзлари аввалроқ диктаторлар ролига киришишга улгурмаса. Ўтмишда одамлар улар учун хавф-хатардан қўрқмаган ва ўз ҳаётини қурбон қилишга ҳам тайёр бўлган дин ёки ватанга муҳаббат каби қадриятлар Ғарбда урфдан қолганига анча бўлди. Бу чин мўмин (толиблар каби) мусулмонлар билан юзлашганда Ғарбнинг саросималиги ва бутунлай ожизлигини юзага келтиради.
Ғарб дунёнинг қолган қисмига таклиф қилиши мумкин бўлган ягона жалб этувчан нарса - бу бойликдир. Лекин бугунги дунёда бойлик ороллар қашшоқлик океан билан ўралган, ва шунинг учун Ғарб бойликни баҳам кўриши мумкин - лекин фақат жуда чекланган одамлар доираси билан. У бойликни баҳам кўрадиганлар, ўз навбатида, уларнинг имтиёзларидан баҳраманд бўлишни хоҳлашади, уларни ҳимоя қилиб ҳалок бўлишни эмас. Шунинг учун америкаликлар ва уларнинг иттифоқчилари Афғонистонни тарк этиб, бизни, Ғарб оламини, ниҳоят, ахборот пуфагимизда сароблардан чалғитиб, ҳақиқат кўзига қарашга мажбур қилгани яхши...
Манба: Dziennik Gazeta Prawna (Польша)
Абу Муслим таржимаси