Ҳар куни Фаластин гуруҳлари Ғазо секторидан Исроил томон ракеталар ва минометдан снарядлар учиради ва ҳар куни ракеталар янги нишонларга зарба беради. Фаластин гуруҳлари Ғазо секторидаги тинч ҳудудларни бомбардимон қилаётган Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг босиб олинган ҳудудлар ва ал-Ақсо масжидида фаластинликларга ҳужум қилаётган ҳаракатларига жавобан ракета ҳужумларини амалга оширмоқда.
Ғазо секторига қарши Исроилнинг ҳар бир агрессияси янги ракеталар ва ҳарбий техника билан кутиб олинади. «Қассам» ракетаси энди босқинчи кучларга қарши курашнинг ягона воситаси эмас.
Фаластин қаршилик ҳаракати 15 йилдан кўпроқ вақт давомида босқинчилик остида бўлган минтақада асосланган бўлишига қарамай, глобал ҳарбий ўзгаришлар билан ҳамнафас бўлишга ҳаракат қилмоқда. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, сўнгги пайтларда араб давлатлари уларнинг қуроллари "вазиятни беқарорлаштиришнинг бемаъни воситалари" дан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблаб Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга шошиляпти".
Босиб олинган ҳудудларга учирилган ракеталар сонини тахмин қилувчи статистика шу кунларда ўзгариб турибди, лекин, эҳтимол, биз тез орада барча сирларни билиб оламиз. Қуйида Исроилга қарши можаронинг авж олиши пайтида ХАМАС қўллаган ракеталар ҳақида сўз юритамиз.
Дастлабки ракеталар
ХАМАС бир неча йилдан бери ракеталар ишлаб чиқаришни ривожлантириб келмоқда. Дастлабки ракета - «Қассам» 2001 йил ишлаб чиқилган, кейинроқ эса «Қассам-2» ва «Қассам-3» ракеталари пайдо бўлди. 2012 йил бошқарилмайдиган ракета M-75 ишлаб чиыилди.
М-75 ракетаси биринчи марта «Изз ад-Дин ал-Қассам» гуруҳлари штаби бошлиғи Аҳмад ал-Жабарийнинг ўлдирилишига жавобан учирилган. Ракета радиуси 75-80 километрни ташкил қилади. У Бен-Гурион аэропортига қарата отилган биринчи ракетадир.
ХАМАС шунингдек, «Сежил-55» ёки S-55 ракеталарини ишлаб чиққан. 2014 йил «Изз ал-Дин ал-Қассам» гуруҳлари айнан 55 километргача учадиган Сежил-55 ракеталари билан Исроил шаҳарларига зарба берилган. Шу йили Аҳмад ал-Жабарий шарафига шундай аталган J-80 ракеталари Тел-Авивга отилди. ХАМАС томонидан ваъда қилинганидек, Исроилнинг «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизими бу ракеталарнинг ҳаммасини ушлай олмади.
R-160 – бу Хайфагача етиб бора оладиган, 160 километргача бўлган масофани урадиган биринчи ракета. У ХАМАСнинг етакчиларидан бири Абдулазиз ал-Рантиси шарафига шундай аталди. Таъкидлаш жоизки, R-160 Ғазо секторидан 100 километр узоқликда жойлашган Исроил объектларини йўқ қилишга қодир.
Юқорида айтиб ўтилган ракеталар ХАМАСга биринчи кунларданоқ Исроилга қарши курашда ёрдам беряпти. ХАМАС ҳаракати сиёсий бюро бошлиғининг ўринбосари Солиҳ ал-Арурийнинг айтишича: «ХАМАС узоқ вақт давомида аввалгидан кўра кўпроқ ғайрат билан жанг қилишга қодир ва «ал-Қассам гуруҳлари» томонидан ҳозирча учирилган ракеталар – эски захиралардан, ҳали янги ракеталардан фойдаланилгани йўқ».
ХАМАС жанговар қаноти ва бошқа ҳарбийлашган гуруҳлар «Қуддус қиличи» операцияси давомида турли ракеталардан фойдаланди, жумладан:
A-120 ракетаси
А-120 ракетаси (120 км масофагача) вайрон қилиш кучи юқори бўлган фугасли портлатгичга эга. Улар биринчи бор 2021 йил 11 майда, «Изз ад-Дин ал-Қассам» гуруҳлари Қуддусга зарба берганда қўлланди.
SH-85 ракетаси
«Изз ад-Дин ал-Қассам» гуруҳлари SH-85 ракетасидан биринчи марта Тел-Авивга ва Бен-Гурион аэропортига зарба беришда қўлланди. Гуруҳнинг баёнот беришича, Муҳаммад Абу Шамала шарафига шундай аталган SH-85 ракетаси 85 километр масофага уради. SH-85 дан ташқари «Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадалари S-55, A-120, M-75, J-80 ва J-90 ракеталаридан ҳам фойдаланган. Ракеталар зарбалари оқибатида ўнлаб киши ҳалок бўлди ва яраланди, кўплаб уйлар вайрон бўлди.
«Аяш-250» ракетаси
«Аяш-250» — «Изз ад-Дин ал-Қассам» гуруҳлари учун яратилган энг янги қурол. Ракета исроилликлар томонидан ўлдирилган ХАМАС етакчиларидан бири, Яҳё Аяш шарафига шундай аталган.
ХАМАС жангарилари «Аяш-250» ракетасидан биринчи бор 2021 йил 13 майда, Фаластин жанубида, Ғазо секторидан 220 км узоқликда жойлашган Рамон аэропортига зарба беришда фойдаланишди. «Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадалари расмий вакили Абу Обейданинг айтишича: «Фаластин жанубидан шимолдаги ҳар бир нуқта – бизнинг ракеталаримиз етиб борадиган ҳудуддир».
Яҳё Аяшнинг хотини Умм ал-Баранинг айтишича, у Исроилнинг Рамон аэропортига зарба беришда фойдаланилган «Аяш-250» ракеталаридан фахрланади. Бу ҳақида «Ал-Жазира» нашри хабар қилди.
Худди шу манбага кўра, Умм ал-Бара: «Босқинчилар Ғазо секторида фаластинликлар ўлдирилишини байрам қиляпти, лекин энди, ХАМАС ушбу ракета ёрдамида уларнинг аэропортларига зарба бергач, уларнинг байрам қиладиган нарсаси қолмайди. Бу бизнинг оила учун ажойиб совға».
«Сарая Ал-Кудс» гуруҳларининг маълум қилишича, 250 кг портлагич моддали ва 160 км масофага учадиган «Бадр-3» ракеталаридан фойдаланган. Ракета нишон устида 20 метр баландликда портлайди ва 1400 дан ортиқ бўлакларга майдаланиб кетади.
Миномет снарядлари
Фаластин гуруҳлари можаро авж олган пайтда Исроилга кўплаб миномет снарядлари отишган. Исроил Мудофаа кучлари вакили миномет снарядлари Фаластин-Исроил чегарасида жойлашган Исроил қўшинларига зиён етказишидан қўрқишини айтди. Унинг фикрига кўра, миномет снарядлари улардан кочиб қолиш ёки яшириниш учун вақт йўқ қолмаслиги билан даҳшатли
«Шиҳоб» учувчисиз аппаратлари
«Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадалари «Қуддус қиличи» операцияси давомида « Шиҳоб» камикадзе-дронларидан фойдалангани ҳақида эълон қилди. Баёнотда ХАМАС шундай деди: «ал-Қассам гуруҳлари Шеҳаб дронлари ёрдамида Нир-Оздаги кимё заводига ҳужум қилди».
«Изз ад-Дин ал-Қассам» гуруҳлари «Қуддус қиличи» операциясида янги қурол – « Шиҳоб» дронларидан фойдаланишди. Улар Ўрта ер денгизидаги газ платформасига портловчи моддалар билан тўлдирилган камикадзе-дронлар билан ҳужум қилишди.
"Биз Ғазо секторида халқимизга қарши қаратилган давом этаётган сионистик агрессияга, жумладан «Изз ад-Дин ал-Қассам» гуруҳлари раҳбарлари ва муҳандисларини ўлдиришга жавобан ҳарбий имкониятларимизни оширяпмиз. Душман ҳужумларни тўхтатмагунча ҳарбий операцияни давом эттирамиз", - дейилади баёнотда.
Сув ости кемалари йўқ қилиниши
Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Ғазо сектори соҳилидаги ХАМАСнинг сувости кемасига ҳужум қилганини маълум қилди. «Изз ад-Дин ал-Қассам» гуруҳлари аввалроқ Исроилнинг денгиз нишонларига қарши ракета зарбаларини бошлаш ниятини эълон қилган эди. Ҳарбийлар фикрига кўра, ХАМАС сувости кемалари масофадан туриб назорат қилинади ва денгиз нишонларига зарба бериш учун 50 килограммгача портловчи модда етказиб беришга қодир. Хабар қилинишича, гуруҳ газ платформасини ишдан чиқаришга ҳаракат қилган.
"Ғазо секторидаги сўнгги бомбардимон пайтида айрим сувости кемалари йўқ қилинди. Шундай бўлса-да, Исроил разведка агентликлари ХАМАС да ҳали GPS орқали, масофадан назорат қилинадиган учта сув ости кемаси бор, деб тахмин қилади. Бироқ ХАМАС сувости кемалари ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади", - дея хабар берди Исроил матбуоти.
Зирҳтешар снарядлар
«Изз ад-Дин ал-Қассам» гуруҳлари Ғазо секторининг Шимолий қисмида Исроил армиясига Нетив Ҳаасара қишлоғи яқинида ҳужум қилганларини маълум қилди. Тел-Авив ўққа тутиш ҳақидаги маълумотни тасдиқлади ва бир исроиллик аскарнинг ўлими ва икки кишининг яраланиши ҳақида эълон қилди. Исроил ва Фаластин оммавий ахборот воситалари ярадор аскарлар эвакуация қилинаётган кўрсатилган видеони эфирга узатди.
ХАМАСнинг янги ракеталари ва ҳарбий техникаси яқин йиллар ёки ҳатто кунларда Фаластин-Исроил можароси қоидаларини ўзгартириши мумкин бўлган кутилмаган ҳолатдир.