close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳурлик нимадир?

Инсон ҳур туғилади ва ҳурлигича вафот этади. У туғилмасидан олдин ва ўлими олдида унинг ҳурриятига Аллоҳдан ўзга ҳеч бир зот дахл қилолмайди. Машҳур шоир айтганидай: “...ки сен ҳам ҳур туғилғонсан”.

Инсон Аллоҳ таоло белгилаган чегараларга кўра ҳамма нарсада ҳур: у эҳтиросларини сўндириш, ғазабини жиловлаш, қалби билан курашиш, бад ниятларини даф қилиш, яхши амалларини кўпайтириш ихтиёрига эга. Инсон ўз бойликларини, ҳатто ўз жисмини қурбон қилиш эркига эга. Ҳақиқат ёки ёлғонни гапириш, таъқиқланган нарсалардан юз ўгириш, яхши ва ёмонни танлаш ихтиёри ҳам унинг ўзида. У назарини бегона чеҳралардан ўгиришга қодир. Тилини сўкишлардан, ғийбат ва бўҳтонлардан асрай олади. Яна у нафси сўзига кириш ва кирмаслик, шайтон йўлидан юриш ва юрмаслик ҳурлигига ҳам эга. Бу масалаларда ҳамма озод, аммо бу ишлари учун охиратда ҳисоб беради ва барча масалаларда Аллоҳ таоло ҳаммани қаттиқ сўроқ қилади.
Аммо бу ерда сўз бораётган озодлик нисбий тушунча, аслида мутлоқ озодлик дегани эмас, бу ҳурлик батамом, мутлоқ ҳурриятни англатмайди. Инсон ўз мажбуриятларидагина озод, ҳурдир. У улғая бошлаши билан унинг ҳурриятини чеклайдиган, эркинлигига хавф соладиган турли катта-кичик омиллар, сабаблар пайдо бўла бошлайди: “буни қилма, қонунларга зид”, “уни қилма, жамият устингдан кулади”, “бундай йўл тутма, чегарани бузяпсан”, “ундай қилма, ўзгаларни хафа қиляпсан”. Биз масъулиятни ҳис этамиз ва қилган хатоларимиздан афсусланамиз. Қачон эзгу амалларни қилсак, руҳимиз таскин топади. Жуда кўп имкониятларимизни сарҳисоб қиларканмиз, биз ҳар лаҳзада ниманидир танлаймиз. Чунки тафаккуримизнинг энг муҳим вазифаси – танлаш, бир нарсани бошқасидан афзал кўришдир. Бу озодликни яна шу нарса тасдиқлайдики, қалбни ўзи ёқтирмаган бирор нарсани севишга асло мажбурлаб бўлмайди. Аёл кишини дўқ-пўписа, калтаклаш билан ечинтириш мумкин, лекин уни ҳеч қандай куч севишга мажбур қилолмайди. Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло қалбларимизни турли-туман зўрлов ва мажбурлашлардан халос қилган, яъни У уларни озод қилиб яратган.
Шунинг учун Аллоҳ таоло қалб ва унинг интилувларини тафаккурнинг асоси қилган. Жазо билан қўрқитиб динидан чиқарилган диндор, агар у иймонсизлик ва шубҳалардан холи бўлса, бунинг учун жазоланмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас)» деган. (Наҳл, 106).
Асл ҳурлик ўзи нима? Инсон қачон батамом ҳур, озод бўла олади? Ислом мутафаккирлари бу саволга бундай жавоб беришган: “Чинакам ҳурлик Аллоҳга қуллик қилишдадир”. Инсон Аллоҳга қуллик қилмас экан, бандаларга, шайтонга ё нафсига қуллик қилишга мажбур.   Мусулмон тафаккури донишмандлари наздида имонгина, Аллоҳга бандаликкина инсонни  одамларга қуллик хорлигидан Аллоҳга қуллик шарафига, махлуққа қул бўлиш бахтсизлигидан Аллоҳга бандалик саодатига олиб боради. “Агар инсонлар Аллоҳнинг улуғлиги ҳақида фикр юритганларида, Унга исён қилмас эдилар”, деган Бишр Хофий. “Менга тақдир ҳукмларига рози бўлишдан ўзга хурсандчилик қолмади” дейди Умар ибн Абдулазиз. “Юксалмоқ юксакларга кўнгил бермоқдан бошланади” деб ёзади Али Суад. Қобуснинг эса мана бундай гапи  бор: “Келиш ва кетиш – ҳаёт ва ҳуррият, тўхтаб қолиш эса ўлимдир”.
Аллоҳга бандалик, қулликкина инсон шарафини улуғлайди, унинг мартабасини кўтаради, инсонларга мутеълик шармандалигидан халос этади. “Маънавий қулликдан шармандалироқ мутеълик йўқ”, деган Сенека. Аллоҳга бандалик, Яратган Холиққа, буюк Парвардигорга қуллик қилмайдиганлар “чинакам ҳурриятга эришганмиз”, дея ўйласалар-да, билиб-билмаган ҳолда бошқа нарсаларнинг қулига айланиб бўлишган. Масалан, Аллоҳга бандалик қилмайдиган киши аслида шайтоннинг ёки нафсининг қулидир. Аллоҳга исён, итоатсизлик қиляптими, демак, шайтоннинг йўлига кириб бўлган: Аллоҳ буюрганига қарамай, гуноҳдан қайтмайди, ёмон йўлларда юради, бузуқлик қилади, У зот ҳаром қилган нарсаларни истеъмол қилади. Шайтонга ва нафсига қул бўлганлар учун гўёки бу дунё ҳаёти мавжуд, холос. Улар ўзларини ким яратгани, нега дунёда келгани, охират дунёсидаги оқибат нима бўлиши, Аллоҳ ҳузурида ҳисоб-китобдан ўтишлари ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Буни исташмайди ҳам.
Аллоҳга қуллик қилишни истамадими, демак, инсонларга қуллик қилиш йўлини танлаган: бошига бир иш тушса, Парвардигорига илтижо қилмайди, “фалончи акам қўллайди, жонимга оро киради” деб ўйлайди. Ризқни Аллоҳ бераётганига ақлини ишлатмайди, фалончи туфайли катта пул топяпман, деган хаёлга боради. Аллоҳга бандалик қилмайдиган одам ҳеч бўлмаганда нафсининг қулига айланади, ана шу катта душманига итоат қилишни бошлайди.
“Бошингга қандай иш тушмасин, ҳаммаси аввалдан тақдирингга ёзиб қўйилган. Зеро, чигал сабаблар ибтидоданоқ сенинг мавжудлигингни шу ишларга боғлаб туради”, дейди Марк Аврелий Антонин. Ёки Аллоҳ белгилаган чегараларда ҳуррият излайдиганлар барибир жамият қонунларининг қулигига маҳкумдирлар. Цицерон Марк Туллий бундай деган: “Озод бўлиш учун қонунларнинг қулига айланишга тўғри келади”. Аллоҳдан қўрқмайдиганлар тўла ҳурликка эришмаган, улар барибир инсонлардан, раҳбарлардан, ўзларидан мансаб ёки бойликда устун кимсалардан қўрқишади. “Ўзгалардан қўрқувчи кимса, гарчи ўзи буни сезмаса-да, қулдир” деган экан ўтмиш донишмандларидан Антисфен. Айрим инсонлар Парвардигорларидан қўрқишмайдию, аммо У зотнинг бало-офатларидан қаттиқ қўрқишади. Ваҳоланки, атоқли Ислом олими Муҳаммад Зоҳид Қўтқу айтганидай, “Дунёдаги турли офату балолар ҳам Роббил оламийннинг лутфу эҳсонидир, бандасини Ўзига қаратмоқ ва илтижо эттирмоқ учун бир василадир”.  
Инсонлар ана шу ҳақиқатни тан олмай, ҳуррият масаласида ҳамиша адашувда бўлган. Ислом дини шахс ҳурриятини илоҳий мезон ўлчовларида баҳолади, чинакам озодлик нимада эканини кўрсатиб берди. Исломнинг буюк адолати шундаки, у барча инсонларни ҳур, тенг ва насаб-мансабда баравар, деб эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида қулдорлик авжига чиққан бир даврда юборилган бу дин қул билан хожани бир мақомга қўймаган бўлур эди. Масалан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аммор ибн Ёсир, Билол Ҳабаший, Салмон Форсий каби ўнлаб саҳобалари мусулмон бўлишгунича қул эдилар. Айнан Исломгина қул озод қилишни ибодат ва гуноҳларга каффорат (эваз) даражасига кўтарди, айни шу дингина қулининг айби учун бир тарсаки туширган хожага бу гуноҳи эвазига ўша қулини озод қилишга буюрди.
Аммо Исломдан бехабар ёки даҳрийлик жамиятларида асл ҳурриятни Аллоҳга бандалик, қуллик қилишда эмас, инсон хоҳиш-истакларига тўла эрк беришда деб тушунишади. Улар наздида ҳатто Аллоҳга итоат, диндорлик, художўйлик шахс эркини жиловлаш, унинг ҳурриятига тўсиқ қўйиш манбалари эмиш. Ваҳоланки, жамиятда  бошқарув низоми, эътиқодий дастур йўқолса, инсонлар асл фитрий қиёфаларини йўқотиб, ҳайвонга айланишган ва алал-оқибат инсонийликдан маҳрум бўлиб, ҳалокат сари кетишган бўлур эди.
Буни бугунги Ғарб олами мисолида кўриш мумкин. Бу жамият ўзидаги Парвардигорга итоатгўйликни, диний эътиқодни йўқотиб, ўрнига «демократия», «ҳурлик», «эркинлик» ниқоби остидаги ҳайвоний ҳирс ва нафсий бузуқликларни таклиф этмоқда. Бу жамиятда бангиворлик, фоҳишалик, ахлоқни назар-писанд қилмай кўнглига ёққан ишни бемалол қилиш (бу уларда «инсон ҳуқуқлари» деб аталади) каби иллатлар чинакам ҳуррият, инсоний қадрият эмиш, буларни ҳурмат қилиш керак эмиш. Ғарб ўзини инсон ҳуқуқ-эркинликлари, ҳуррияти ҳомийи деб, демократияни эса чинакам ҳурриятга эришишнинг бирдан-бир воситаси деб эълон қилганига қарамай, агар яхшилаб мулоҳаза юритилса, айнан ана шуларнинг инсон ҳурриятига тажовуз қилаётганига ишонч ҳосил қилиш мумкин.  
Ғарб тиқиштираётган, мажбурлаётган бу демократиянинг, бу «маданият»нинг, бу “ҳуррият”ни мусулмонлар тан олишмайди. Зарур бўлса, чинакам ҳурриятни, ҳақиқий адолатни, мунофиқликдан холи демократияни уларга Исломнинг ўзи ўргатиб қўяди. Бундан ўн беш аср муқаддам у чинакам ҳуррият қандай бўлишини бутун дунёга кўрсатиб қўйган. Оддий саҳройи араб Ислом дунёсининг раҳбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига келиб, хоҳлаган нарсасини сўраб, хоҳлаган илтимосини изҳор эта олиши асл ҳуррият эмасми? Мўминлар раҳбари Умар ибн Хаттоб кўчада кетаётганида бир кампир тўхтатиб олиб, қаттиқ танбеҳ берганида «Бу муштипар аёлнинг арзини Аллоҳ эшитадию, Умар эшитмасинми?» деб ҳайқиришини ҳеч бир ҳурлик жамияти орзу ҳам қилолмайди.    
Исломдан бехабар юртларда кишиларнинг ҳурлик, озодлик ҳақидаги тушунчалари ниҳоятда бузилиб кетган ёки нотўғри тушунчалар жамият аъзоларига зўрлаб тиқиштирилмоқда. Уларда инсон кўнглига ёққан ишни бемалол қила олиш, ахлоқ меъёрларини назар-писанд қилмаслик, илоҳий низомларга бўйсунмаслик, ўта худбинлик ва жоҳиллик чинакам эркинлик, ҳуррият саналади. Ўзининг ҳамма нарсада ҳур санайдиган Ғарб жамиятининг комилликда ва шахс эркинлигини таъминлашда мақталадиган қонунлари аслида инсонларни нафс ва шайтоний ишларда эркинлигини таъминлаган эса-да, асл инсоний ҳуқуқларда улар ҳаққини ҳамиша поймол қилиб келган. Тарихда бунга мисоллар жуда кўпу, буни биргина “аёллар ҳуррияти” мисолида ҳам кўриш мумкин.  
Ислом ва аёл, аёллар «ҳуррияти ва эркинлиги» масаласи Ғарб ҳамиша мусулмонларга иддао қиладиган, маломат тошларини отадиган масалалардан саналади. Аммо тарихга холис назар ташлайдиган бўлсак, аксинча мусулмонлар ғарбликларнинг ўзларини аёллар ҳуқуқини поймол қилишда, уларнинг ҳурриятини бўғишда, хотин-қизларни хўрлаш ва камситишда айблашга ҳақлироқ туюлади.  Ислом дини бундан ўн беш аср муқаддам аёлни олий мартабага кўтарди. У бутун инсоният пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом тиллари билан «Жаннат оналар оёғи остидадир», «Ўз хотинига меҳр-шафқатли бўлган кишилар энг яхшиларингиздир»,  деб эълон қилди. Исломда эркакларга ўз аёлларига яхши, хуш муомалада бўлиш, уларни урмаслик, илм олишига ва динини ўрганишига шароит яратиб бериш, таом, кийим, бошпана ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Динимиз ҳатто уруш пайтида ҳам аёллар ва болаларни  ўлдиришни ман этган.
Исломда аёллар ҳуқуқи қуйидаги тўрт тамойилга асосланган: биринчидан: Ислом таълимоти аёлга эркакка берган ҳуқуқ ва вожиботларни аёлга ҳам берди; иккинчидан: Ислом таълимоти қуйидаги ўринларда эр ва аёл ҳуқуқларини тенг деб билади, молиявий муомалаларда аёлнинг ўз моли ва бойликларини тасарруф қилишда ихтиёри ўзидадир, эри ёки отасининг аралашувисиз тижорий шартномаларни ихтиёрий равишда ўзи тузишга ҳақлидир, эркаклар молиявий муомалаларда қандай ҳуқуқларга эга бўлишса, аёллар ҳам худди шундай ҳуқуқларга эгадир; илм ва маърифатни ўрганиш ва талаб қилишда ҳам аёл эркак билан тенг ҳуқуққа эга; дин таълимотларига риоя қилган ҳолда жони, соғлиғи, ақлини сақлаш ва ривожлантириш, ақли ва жисми ислоҳоти билан боғлиқ бўлган ҳамма ишда аёл эркак билан баробар ҳуқуққа эга; учинчидан: қиз бола акалари, амакилари ёки бошқа қариндошларига оғир юк бўлмаслиги учун Ислом аёлга ота-онасидан мерос олишида ўғил меросининг ярми ҳисобида белгилади; тўртинчидан: Ислом шариати хотинни эр уйидан масъул бўлишида эркак киши мақоми билан баробар ўринга қўйган.  
Ваҳоланки, Исломгача бўлган даврда ва у етиб бормаган ўлкаларда яқин-яқингача аёлни инсон сифатида кўришмаган. Ер юзида аёлга адолат билан қарайдиган бирорта жамият йўқ эди. Масалан, қадим Ҳиндистонда аёл турмуш қуриш, мерос олиш ва бошқа ҳақлардан  маҳрум эди, эри ўлганда у марҳум эри билан тириклайин гулханда куйдириларди. Будда ўз эътиқодига эргашувчиларни аёлга қарамасликка, у билан суҳбатлашмасликка мажбур қилган. Месопотамиядаги шумерларда эридан ажрашмоқчи бўлган аёлни тириклайин дарёга отишган. Қадимги Юнонистонда ҳам аёл хор ва ҳақир саналарди, у бозорда олиб-сотиладиган мол каби эди. Юнон маданияти  чўққисига чиққани сайин аёлнинг аҳволи оғирлашди. Аёллар завқ воситаси ва  шаҳватларни қондирадиган бир эрмак ҳолига келди. Фарзанд кўриш мақсади йўқолди, аёлларни эридан бошқа эркакларга қўшиш авжга чиқди. Юнон маданияти бу ахлоқсизлик, бузуқлик туфайли тарих саҳнасидан тушиб кетди. Қадимги Римда ҳам аёл ночор, бахтсиз эди. Хитой – Чинда аёл инсон саналмас, ҳатто исм қўйишга орлари келиб, «бир, икки, уч» каби рақамлар билан чақириларди. Насронийлик дини аёлни «ифлос», «йўлдан оздирувчи», «иблиснинг қуроли» деган сифатлар билан «улуғларди». Айни насронийликдаги роҳиблик ақидаси, яъни бўйдоқ ўтиш фикри аёл ҳақидаги манфий қарашларнинг натижаси эди. Милодий 586 йили Франсияда ўтказилган бир анжуманда «Аёл инсонми ёки инсон эмасми?» деган масала муҳокама қилинди. Ўн саккизинчи аср поёнида Франсия инқилоби қулликни бекор қилиш ҳақида қонунни қабул қилар экан, «бундан гўдаклар, телбалар, аёллар мустасно», деб қўшимча киритган. Аёлнинг мустақил мулкдорлиги ҳуқуқини Оврупа Исломдан ўн уч аср кейин тан олган.
Ислом келмасидан олдинги жоҳилият замонида Араб жазирасида ҳам аёлнинг ҳеч қандай  ҳақ-ҳуқуқи бўлмаган. Эркаклар беҳисоб уйланишар, жорияларини фоҳишалик қилиб пул топишга мажбурлашар, аёл зоти билан бир хонада ўтиришмас эди. Ўша пайтда Қурайш, Ҳинд каби қабилаларда қиз бола туғилса, тириклайин кўмиб юборишдек қабиҳ бир одат бор эди. Қиз туфайли йўқсиллик келиши ёки унинг оилага доғ тушириши, урушда асир тушиб номуси булғанишини ўйлаб шундай йўл тутишарди. Никоҳ, мулк тасарруфи, ахлоқ соҳасида уларнинг ҳуқуқлари паймол этиларди, иззат-нафслари камситиларди,  инсон сифатида хўрланарди.
Аёларни шундай оғир аҳволга солган ғайриисломий ўлкалар бугунга келиб ўз тўрваларини Ислом елкасига ортишга уринишади. Исломда аёллар ҳуқуқи, ҳуррияти қайси соҳаларда поймол этилаётгани ҳақида соатлаб жўшиб-қайнаб баҳс юритишади. Эмишки, Исломда кўп хотинлилик, аёлнинг тўрт девор ичига қамаб қўйилиши, «мажбуран» ҳижоб ўратиш, унга оилада қулдай қаралиши, эрига сўзсиз бўйсуниши, меросда улар эркаклар улушининг ярмини олиши кабилар аёлларнинг ҳуқуқи, ҳуррияти, эркинлиги бузилаётганидан дарак берармиш.  
Ғарбда аёллар тенгҳуқуқлилиги (феминизми) учун олиб борилган узоқ курашлар аёлларга бахт-саодат, ҳуррият, оилавий фароғат ўрнига чексиз кулфат, бахтиқаролик, оналик саодатидан мосуволик ва хўрлик олиб келганини бугун ҳеч ким инкор эта олмайди. Бир вақтлар асосий вазифаси уй-рўзғор ишларию фарзанд тарбияси ва эрларини бахтиёр қилишдан иборат бўлган аёллар ҳозирги замонда жамиятнинг, оиланинг барча ташвиш ва муаммоларига эрлари билан баравар масъул, жавобгар бўлиб қолишди.
Шарқ аёлининг «оғир қисмати», «фожиали ҳаёти», «тўрт девор ичида  қолиб  кетаётгани» ҳақида зўр бериб айюҳаннос солаётган Овруподан, Ғарбнинг бошқа ўлкаларидан «Сизлар ҳурриятга эриштирган аёлларингизнинг аҳволи қалай?» деб сўрайдиган марднинг ўзи йўқ. Франсиянинг 1789 йилги инқилобида аёллар  ҳурриятини  талаб қилганлар аёл ва эркак тенг бўлсин, аёллар иқтисодий мустақил бўлсин ва эркин ҳаёт кечирсин, деган масалаларни ўртага қўйишган эди. Ўтган давр мобайнида Ғарб аёллари ана шу ҳуқуқларнинг ҳаммасига эришишди. Аммо оналик ва оила фароғатига мослашган аёллик фитратига хилоф бу мажҳул эркинликлар уларни бахтиёр қилолмади. Саодат ва ором-осойишталикка элтувчи фитрий вазифаларидан узоқлаштириб юборди. Ғарб аёллари жамоат ишларида қатнашиш, уй-оилада, фабрикада ишлаш, жамият кўнгилхушликларига берилиш, қаҳвахона ва базмларда қўшиқ айтиш ва рақс тушиш, эрлар олқишини олиш учун гўзаллик танловлари ва бошқа кўнгилочар  тадбирларда қатнашиш билан аёллигидан ажради, ўзлигини йўқотди.
Аёлларга “чин ҳуррият”ни ваъда қилган ғарб дунёси аёлларни хўрлаш, ҳаққини поймол қилишнинг янги-янги усулларини ўйлаб топмоқда. Бора-бора аёллар ҳатто эркаклар ишлашга кўнмайдиган оғир, зарарли ишларга жалб қилинадиган бўлди. Оврупа ўлкаларида бир хил иш учун аёллар олаётган маош эркакларникидан анча кам. Ҳозирга  келиб аёл шахсияти шунчалик ерга урилдики, энди сармоядорлар ва заводчи бойлар бозори касод молларини ўтказиш, овоза (реклама) ва ташвиқ қилиш учун аёлларнинг юзидан, фақат эрлари кўришга ҳақли бўлган қоматидан ва пинҳона гўзалликларидан кенг фойдаланмоқда. Иқтисодий жиҳатдан мустақилликка эришган аёл шунда ҳам негадир бахтиёр бўла олмади. Аёл пул топа бошлагач, молиявий жиҳатдан эркакка қарамликдан «қутилди», унга боғлаб турган бир ришта узилди.  Энди жинсий ҳаётдан ўзга уларни яқинлаштириб турган нарса қолмади. Айримлари эса ана шу сўнгги нажот арқонларини  ҳам шартта кесиб ташлаб,  ўзини «тўла ҳуррият», яъни  фаҳш, зино, кўча эҳтирослари қучоғига отди.
Ғарбдагиларнинг инсон ҳурлиги, эрки хусусидаги фикрлашларида кўп учрайдиган хатоликлардан бири шуки, улар эркни Аллоҳ иродасидан, унинг Ягона ҳукмидан устун турувчи нарса, деб тушунишади. Ҳурлик, озодлик ҳақида гапирганларни Аллоҳнинг иродасини кўр-кўрона амалга оширувчи ёрдамчиларига айланиб қолганликда айбламоқчи бўлишади. Булар нотўғри тушунчалардир. Инсоннинг эрки ҳеч қачон Аллоҳ иродасидан устун бўлолмайди. Инсон баъзан Аллоҳга мақбул бўлмаган бирор ишни қилиши мумкин, аммо у асло Аллоҳнинг иродасига қарши бора олмайди. Бу ерда инсон эрки нисбийлигининг бошқа жиҳати кўриниб турибди. Гоҳида Аллоҳ таолонинг розилигисиз ва шариат қонунларига қарши бўлса-да, қиладиган барча амалларимиз ҳам Унинг иродаси билан бўлади. Бизнинг эркимиз – Яратувчининг Ўз иродаси билан бизга юборган туҳфаси. Биз буни Роббимиздан зўрлик билан тортиб олмаганмиз. Эркимиз – Унинг иродаси, холос. У: «Сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтидагина хоҳларсизлар», деган (Инсон, 30). Яна бир оятда: «Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?» дейилган (Юнус, 99). Аллоҳ ҳеч кимни куч билан иймонга келишга мажбурламайди, зўрламайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз расулига: «Уларни ҳидоятга бошлаш сизнинг зиммангизда эмас,  балки, Аллоҳ истаган кишиларни ҳидоят қилади», дейди (Бақара, 272).
Тақдир ва азалиётни юқоридан инсонларга мажбурлаб белгилаб берилган нарса, деб тушунмаслик керак. Аллоҳ таоло ҳар бир кишининг тақдирини унинг руҳий интилишлари, ақлий имкониятларига боғлиқ ҳолда белгилаб берган. Аллоҳ ҳар бир кишининг машғулоти, интилишларидан қатъи назар, унинг ўз режаларини амалга оширишини истайди. Аллоҳ таоло инсонга у аниқ танлаган нарсасини беради, чунки Аллоҳ ҳар бир киши учун у севган ва интилажак нарсасини танлаб беради. Қуръони каримда бундай дейилган: «Ким (ўз амали билан) охират экинини (яъни савобини) истар экан, Биз унга экинини (нг ҳосилини) мўл-кўл қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун охиратда бирор насиба бўлмас!» (Шўро, 20).   
Инсон эрки – доимий бўлмаган нисбий тушунчадир, у вазиятга қараб ўзгариб туриши мумкин. Инсон билим воситасида, яъни меҳнат курсларини, ҳаракат воситаларини, алоқани ихтиро қилиш ёрдамида ўз эрки сарҳадларини кенгайтириши мумкин. У масофани қисқартириши, замон ва макондаги тўсиқларни енга олиши мумкин. Атроф-муҳитни ўрганар экан, инсон унга хўжайинлик қилиши ва ундан фойдаланиши мумкин. Одамлар иссиқни, совуқни, зулматни енгишни, баланд чўққиларни забт этишни ўргандилар ва бу билан ўз эркларининг ҳаракат доирасини кенгайтирдилар.
Илм занжирлардан халос бўлиш йўли, озодликка йўл очиш имкониятидир. Лекин озодлик сарҳадларини кенгайтиришнинг асосий воситаси – иймонга келишдир. Аллоҳ таолога яқинлашиш туфайлигина кишилар кўпроқ эркинликка чиқадилар. Ундан мағфират ва нажот оладилар. Абу Ҳомид Ғаззолий инсон тақдири муаммосини икки жумла билан баён этиб берган: «Инсон ўз билганлари соҳасида эркиндир, билмайдиганлари соҳасида эрксиздир». Бундан келиб чиқадики, инсон ҳар сафар ўз билимларини кенгайтираркан, бу билан ўз эрки сарҳадларини ҳам кенгайтиради. Бу эркинлик қай йўсинда бўлмасин, барибир Аллоҳ таоло томонидан берилгандир. Бундан хулоса шуки, чинакамига ҳур, озод бўлишни истаган банда фақат Аллоҳга бандалик қилиш орқалигина бунга эриша олади.

 Аҳмад Муҳаммад

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase