close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳиндистонда ал-Ислом масжиди ичида бутларни жойлаштиришни талаб қилиб судга даъво аризаси киритилди

Даъвогарлар қаторида Вишну маъбудини ва жайнизмнинг афсонавий асосчиси Ришабҳани ҳам ўз ичига оладиган даъво Қутб Минар комплекси қурилишида таҳқирланган 27 та ҳинд ва жаин ибодатхоналарини тиклашни талаб қилади, деб хабар қилади Sabrangindia.in.

Қутб Минар комплексида 27 та ҳинд ва жаин ибодатхоналарини тиклаш ҳақида Деҳлидаги Сакет судига даъво аризаси киритилди. Одамлардан ташқари Вишну маъбуди ва Ҳиндистоннинг қадимий афсонавий дҳармик дини жайнизм асосчиси Тиртанкар Ришабҳа девни ҳам ўз ичига олган даъвогарлар бу ибодатхоналар 1193 йилда Деҳлини забт этган ва машҳур Қутб Минар ва Қувват ал-Ислом масжидини қурдирган саркарда Қутбиддин Айбак томонидан вайрон қилинган ва бузилган деб даъво қиладилар.
Даъвода айтилишича, Қутб Минар комплекси ҳиндлар учун муқаддас жой ўрнида барпо этилган, масжид деворлари ва устунлар ҳинд худолари тасвирлари ўйиб ишланган, бинолар мажмуасининг ички ва ташқи кўриниши қадимий ҳинд ва жайнизм ибодатхоналари архитектурасини рамзи ҳисобланади. Даъвогарлар «масжид ҳинд худоларини камситиш ва уларнинг тарафдорларини таҳқирлаш мақсадида Қувват ал-Ислом (Ислом қудрати) деб номланган».
Даъвогарлар ибодатхоналар мулки тўғрисидаги қонунга мурожаат қилиб, «вандализм ва босқинчи ёвуз ҳаракатлар»га қарши тегишли ҳимояга эришмоқчи. Даъвода таъкидланишича, «Қувват ал-Ислом масжиди қурилишидан олдин ибодатхона мажмуасида маъбудларга эга бўлган бир қатор ибодатхоналар мавжуд бўлган, бироқ бу диний жойнинг ҳиндуизмга мансублиги сақланиб қолган ва мусулмонлар ҳеч қачон бу жойни вақф мулки деб эълон қилмаган».
Қутбиддин келиб чиқиши бўйича Ўрта Осиёли туркий бўлган, болалик чоғларида асир олинган ва қул қилиб сотилган. Уни сотиб олган Нишопур қозикалони унга яхши таълим берган, лекин қозининг ўлимидан сўнг унинг меросхўрлари болани сотиб юборган. Шундан кейин бўлғуси Ғазна ҳукмдори, уни ўз саркардаси қилиб тайинлаган Шаҳобиддин Гурий қўлига тушади. Деҳли қўлга олингач, Шаҳобиддин Қутбиддинни ўзининг Шимолий Ҳиндистондаги ноиби этиб тайинлайди. У белгиланган солиққа тортиш, қонунлар, ер ва даромадлар зодагонлар ўртасида адолатли тақсимланиши билан самарали маъмурият ярата олди. Қутбиддин Деҳли Султонлигининг биринчи султони ва Деҳлининг Мамлуклар сулоласининг асосчиси бўлди. У тинимсиз қурувчи сифатида машҳур бўлди. Унинг даврида Деҳлида масжидлар пайдо бўлди, улардан биринчиси Қувват ал-Ислом эди. Бу ердаги ёзувга кўра, унинг қурилиши учун 27 та ҳинд ва жайнизм ибодатхоналари материаллари ишлатилган. Қутбиддин даврида илгари Ҳиндистонда у қадар оммалашмаган Ислом дини тез тарқала бошлади. Мусулмон тарихчиси Мавлоно Ҳаким Саид Абдулхайрнинг қайд этишича, Қутбиддин гўё минглаб ҳинд ибодатхоналарини вайрон қилган эмиш.
Қутб-Минор комплекси турли даврларга оид жуда кўп турли биноларни ўз ичига олади, улар орасида Қутб-Минор ва Ала-и-Минор миноралари, Қувват ал-Ислом масжиди, Ала-и-Дарваза дарвозаси бор. Қутб-Минор ўрта аср Ҳинд-Ислом меъморчилигининг ноёб ёдгорлиги саналади. Баландлиги 72,6 м бўлган дунёдаги энг баланд ғиштин миноралар Деҳлининг рамзларидан бири сифатида танилган ва Юнесконинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Қувват Ал-Ислом масжиди ҳозирда ярим вайрона ҳолатида.
Тарихчилар Қутбиддин томонидан вайрон қилинган қадимий ибодатхоналарни тиклаш ҳақидаги даъвони қоралаганлар. Уларнинг аксарияти тарихни тушунмаслик ҳақида шикоят қилишади, гарчи баъзилар бундай ҳаракатлар томонлар ўртасида муҳокамага олиб келиши мумкин, деб ҳисоблашсада.
«Тарих жамоатчилик фикри масаласи емас. Тарихий воқеалар уларнинг контекстида рўй беради. Сиз унинг контекстидан 12-аср ҳақиқатни ажратиб, 21-асрда уни тақдим этишингиз ва қурбон сифатида даъво қилишингиз мумкин эмас. Буларнинг ҳаммасида мантиқ қани?» - дейди тарихчи профессор Ҳарбан Муҳиа.
Деҳли тарихини ўрганувчи доктор Свапна Лиддл «тарихий хатоларни тузатишга чексиз ва бесамар интилиш»дан ҳафсаласи пир бўлганини айтмоқда. «Ибодатхоналар урушлар вақтида вайрон этилганини ҳеч ким инкор қилаётгани йўқ. Лекин улар рақобатчи дин рамзлари сифатида эмас, олдинги ҳукумат рамзи сифатида йўқ қилинган. Бу жиҳат жуда муҳимдир», – дейди у.
Гўёки ҳиндларни таҳқирлайдиган Қувват ал-Ислом номига келадиган бўлсак, профессор Ашер «Қутб Деҳли комплекси: Минор, масжид ва Мехраули» китобида ёзишича, у оригинал эмас ва масжиддаги 12-асрга мансуб бўлган ёзувлар уни оддийгина Иморат ёки Масжид деб атайди. Доктор Лиддл бу нуқтаи назарни тасдиқлаб, дейди: «Бир вақтлар уни оддигина Жоме Масжиди деб аташган». 13-асра яшаб ўтган форс тарихчиси ал-Жузжоний ўзининг «Табакат-и Насири» асарида Деҳлини «Куббат ал-ислом» – Ислом қуббаси деб атайди. Тарихчи Сунил Кумарнинг сўзларига кўра, бу Марказий Осиёни вайрон қилган мўғллар босқинидан сўнг ислом маркази Деҳлига кучиб ўтгани билан изоҳланади. ««Куббат» шунингдек, «ўқ, марказ» маъносини англатади ва бу маънода Куббат ал-ислом Деҳли султонлигининг Шимолий Ҳиндистондаги асосий давлат, ислом маркази ролини яна қўлга киритганини кўрсатади. Охир-оқибат, Қувват Ал-Исломга айлантирилган бу ном Деҳлининг бош масжидига боғлиқ бўлди.
Аммо Исломий бинодаги ҳинд ва жайнизм мотивлари нима билан изоҳланади? Профессор Ашер ўз китобида ғазнавийлар ҳам, гурийлар ҳам масжидлар қурилишига ҳинд ҳунармандларини жалб қилганлигини алоҳида таъкидлайди. Ғазнада қилинган археологик топилмалар буни тасдиқлайди.
"Лотус ва калаш (маросим идиши) мотивини кўплаб мусулмон ёдгорликларида кўриш мумкин... Ислом дини турли маданиятлар томонидан қабул қилинган диндир. Аммо меъморчилик маданиятга асосланган бўлиб, бу ёдгорликларнинг ижодкорлари унда ўсган. Нима учун буни бугун тушунишимиз қийин?", - савол беради Лиддл.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase