Cалафийлар ва ашъарий/мотрудийлар ўртасида «Аллоҳнинг йади» ва Қуръондаги символизм ҳақида баҳс-мунозаралар кеча бошланмаган ва эртага ҳам тугамайди. Менимча, ҳаммаси шундай кўринадики, гўёки битта рельс бўйлаб иккита бронепоезд бир-бирига қараб ҳаракат қиляпти ва бошқа йўлга ўтишни истамайди ҳам эмас, бунинг имкони йўқ, чунки бошқа йўлнинг ўзи ҳам йўқ.Шундай қилиб, номинализм ўзи нима?
Дастлаб, номинализм платонизмга, хусусан, "нарсалар дунёсидан" олдинроқ бўлган "ғоялар дунёси" нинг мавжудлиги тўғрисидаги платоник таълимотга қарши мухолифат сифатида пайдо бўлади.
Учбурчакни кўраяпсизми? Кўрмаяпсизми? Хўп, муҳим эмас. Мен ҳам кўрмаяпман, бироқ учбурчак, дейлик, бирон бир жойда чизилган. Катетлари, гипотенузаси ва бурчаклари аниқ бўлган муайян бир учбурчак. Афлотунга кўра, "нарсалар дунёсида" бундай аниқ учбурчак пайдо бўлишидан олдин, "ғоялар дунёсида" маълум бир идеал учбурчак бор эди. Мана шу идеал учбурчак кейин биз кузатаётган муайян учбурчакда мужассам топди. Ёки биз уни умуман олганда кузатишимиз мумкин.
Ҳозир биз Афлотун бу "ғоялар дунёси" мавжудлиги ҳақидаги гапни қаердан олган деган саволга тегмаймиз. Бизнинг ҳолатда, Афлотуннинг мантиғи жуда ҳам муҳим эмас. Яна бир нарсага эътибор бериш керак. Муайян учбурчак тенг ёнли ёки ҳатто тенг томонли бўлиши мумкин. Ёки униси ҳам, буниси эмас. Аммо идеал учбурчакка келсак, унинг белгилари мутлақо тушунарсиздир. Ушбу идеал учбурчак бир вақтнинг ўзида турли хил учбурчакларнинг зиддиятли белгиларини ўз ичига олиши керак, акс ҳолда бу аниқ учбурчакларни у яна қандай қилиб гавдалантириши мумкин? У бир вақтнинг ўзида ҳам тенг томонли, ҳам тенг томонли эмас бўлиши керак.
Буни англаб этган ҳолда, номиналистлар ушбу идеал мавҳум учбурчак, аслида умуман мавжуд бўлмаган рамзий фантастика деган хулосага келишди.
"Умуман олганда учбурчак" эмас, балки фақат муайян учбурчак мавжуд. "Умуман олганда учбурчак" ни ҳақиқатда мавжуд бўлган аниқ, эмпирик тасдиқланган концепцияларни бирлаштирган тушунчалар синфи сифатида кўриб чиқилиши мумкин. Қизиғи шундаки, биз бу тушунчалар синфини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Биз тасаввур қилишимиз мумкин бўлган ҳар бир нарса ҳар доим аниқ бўлади - томонларнинг ўзига хос бурчаклари ва ўлчамлари бўлган аниқ учбурчак.
Тушунчалар синфининг ўзи барча белгилар бўйича тушунчаларни бирлаштирмайди, фақат тўлиқ тавсиф бермайдиган индивидуал хусусиятларни олади.
Масалан, учбурчаклар синфи учта бурчакли геометрик текис шаклларни бирлаштиради. Бу бурчаклар қандай, бу фигураларнинг ён томонларининг ўлчамлари қандай – бу ҳақида ҳеч нарса билмаймиз.
Аммо учбурчаклар-ку, майли. Математика - аниқ ва мантиқий фан.
Биз кундалик ҳаётда учратадиган тушунчалар синфлари билан анча мураккаброқ. Бу ерда фарқлар ва ўхшашликлар баъзан шунчалик нозик бўлиши мумкинки, уларни аниқлаш осон эмас.
Масалан, велосипед. Барча велосипедларнинг умумий жиҳатлари нимада? Қандай қилиб уларни "велосипед" тушунчалари синфига бирлаштириш мумкин? Иккита ғилдиракли велосипедлар мавжуд. Шундай велосипедлар мавжуд-ки, уларда яна иккита кичик ғилдирак орқа ғилдиракнинг ўқига боғлаб қўйилган - жами тўртта ғилдирак бор. Агар велосипеддан ғилдиракларни умуман олиб ташлансачи? Ҳм ... Шунда велосипед ғилдиракларсиз бўлади, аммо шунга қарамай у велосипед бўлиб қолаверади. Ғилдиракларни жойига қўйиб, рулни олиб ташлаш мумкин. Бу функционал эмас, аммо барибир велосипед қолаверади, фақат рул ғилдираги олиб ташланган ҳолда.
Сиз, албатта, велосипед ҳаммаси тўлиқ жойида бўлганда уни миниш мумкин бўлган нарса деб айта оласиз. Аммо бундай эмас. Велосипед ўйинчоқ бўлиши мумкин. Шунда сиз уни мина олмайсиз. Велосипед ҳам турли хил материаллардан - металлдан, пластмассадан тайёрланиши мумкин. Менинг ўғлим қандайдир қилиб пластилиндан велосипед ясади. Яна велосипедни умуман ҳажмсиз кўринишда чизиш мумкин. Сиз унга қарашингиз мумкин, лекин сиз уни мина олмайсиз, педалини айлантира олмайсиз ва уни қисмларга ажратиб бўлмайди. Шунга қарамай, агар сиз бўялган велосипедни кўрсатсангиз, дарҳол бу автобус ҳам, трамвай ҳам эмаслигини, балки айнан велосипед эканлигини айтасиз.
Бизнинг тилимизда тушунчалар синфлари шунчалик мавҳумки, биз кўп нарсаларни соф интуитив тушунамиз.
"Умуман олганда қўл" дегани нимани англатади? Одамнинг қўли бор, маймуннинг қўли бор. Ва яна манекенда ва эҳтимол, роботда қўл бор. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, қўл албатта биологияга тегишли бўлиши шарт эмас. Қўл бўлиш учун қўл қандайдир таниш функционалга эга бўлиши шарт эмас. Масалан, одам, маймун ва робот қўлни қимирлатади, лекин манекен бундай қилмайди. «Умуман олганда қўл» нимани англатишини аниқ айта олмаймиз. Бу инсон танасидан, металлдан ва пластмассадан бўлиши мумкин. Шунингдек, у ҳам чизилган бўлиши мумкин. Қўл бўлиш учун қўлнинг беш бармоғи бўлиши шартми? Йўқ. Қўлнинг бармоқлари умуман бўлмаслиги мумкин (яхши биласиз, кимдир саноат жароҳати олган, бармоқсиз қолган, аммо қўли сақланиб қолган).
Хўш, "умуман олганда қўл" нима? Бу баъзи бир прагматик мақсадлар учун киритилган рамзий фикция. Аммо аниқ Иван Ивановичнинг аниқ қўли - бу фикция эмас.
Аллоҳнинг йади ҳам худди Аллоҳ таоло каби тасвирлаб бўлмайдиган нарса. Аммо бу рамз ҳам эмас. Худди шунингдек, Иван Ивановичнинг қўли "умуман олганда қўл" нинг рамзи эмас, жисмоний ёки бошқа кучнинг рамзи, шахсий буюклиги ёки кучининг тимсоли эмас.
Умуман олганда, бизнинг фикрлаш тарзимиз умумий тушунчалар билан қандай ишлашини тушуниш жуда муҳимдир. Аммо, очиғини айтганда, базўр иш беради. Тўлиқ тушунарсиз ёки номаълум нарсага дуч келган ҳолда, бизнинг фикрлашимиз дарҳол уни маълум бир умумий тушунча билан таққослайди ва у ердан ўз тажрибамиздан билганимизга ўхшайди. Аслида биз номаълум нарсани маълум нарсага мослаштирамиз. Ва биз буни автомат қиламиз, ҳатто ўйламасдан ҳам. Бундай билиш жараёни бизда ҳатто психология даражасида ётади. Бошқа йўл билан қила олмаймиз.
Фақат чуқур ва онгли равишда саволга чуқурроқ назар ташласак, биз барча фикрлаш ҳаракатларимиз хусусийдан умумийга қаратилишини ва аксинча бизнинг барча ақлий интилишларимиз нотўғри бўлиши мумкинлигини топамиз. Бироқ, инсон тафаккури ўзининг тузилишида шунчалик оқилонаки, бу ҳолатда биз кейинги сафар худди шу поғонага чиқиш учун янги тушунчалар синфини яратамиз.
Аллоҳнинг йади - бу Аллоҳнинг йади. Айнан мана шу нарсани шундай англаш керак, ва бизнинг инсоний тор тажрибамиз орқали айтиб бўлмайдиган нарсаларни тасвирлашга (таъвил қилишга) уринмаслик керак.
АРТУР МОСКВИН
Абу Муслим таржимаси
“У зотнинг қўли, юзи, нафси Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилганидек бордир. Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган юз, қўл нафс кабилар Унинг кайфиятси сифатларидир. Унинг қўли қудратидир ёки неъматидир, дейилмайди. Чунки бунда сифатни ботил қилиш бордир. Бу қавл аҳли қадар ва эътизолнинг қавлидир. Лекин Унинг қўли кайфиятсиз сифатидир. Ғазаби, ризоси ҳам У зот таолонинг кайфиятсиз сифатларидир”.
Имоми Аъзам, Фиқҳул акбар китобидан