Абу Юсуф айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбия йили(Ҳудайбия йили - маккаликлар билан Ҳудайбия сулҳи тузилган йил (628).)да қурайшликлар билан сулҳ тузиб, улар билан уруш қилмадилар. Имом ҳам бу билан ислом динига фойда бўлса ҳамда душманни исломга ошно қилдиришни хоҳлаб мушриклар билан сулҳ тузиши мумкин”.
Ҳишом ибн Урва отасидан ҳамда Муҳаммад ибн Исҳоқ билан Калбий бир-бирларининг сўзларини тўлдириб, ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбияга рамазон ойида йўлга чиқдилар. Ҳудайбия сулҳи эса шаввол ойида тузилди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усфон(Усфон - Маккадан 60 км шимолда )да Бану Каъб қабиласидан бўлган кишиларни учратдилар ва улар: “Эй Расулуллоҳ, биз қурайшликлар ўз иттифоқдош қабилаларини йиғиб, сизни Байтуллоҳга киритмаслик учун уларни хазир(Хазир - қайнатилган гўштга ун солиб тайёрланадиган таом.) билан боқаётганларини кўрдик”, дедилар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларида давом этиб, Усфондан чиқдилар ва йўлда қурайшликлар жосуси Холид ибн Валидни учратдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларни ўзгартириб, иккита қум тепаликдан ўтиб Ғамим (Ғамим - Жуҳфа яқиндаги Усфондан 16 км жанубда жойлашган жарлик.)га келдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ғамимда тўхтаб, шаҳодат калималарини айтдилар ҳамда Аллоҳга у лойиқ бўлганидек ҳамду сано ўқиб: “Аммо баъд! Қурайшликлар иттифоқдош қабилаларини йиғиб, бизларни Байтуллоқга киритмаслик учун уларни хазир билан боқаётган эканлар. Менга маслаҳат беринглар, нима деб ўйлайсизлар, уларнинг бошларига, яъни Макка аҳолисига қарши чиқамизми ёки уларга ёрдам бераётган қабилаларга қарши чиқиб, уларнинг аёллари ва болаларига қарши борамизми? Агар улар жойларида қолсалар, мағлуб этилган ҳамда зарар кўрган бўладилар. Агар бизни таъқиб қилсалар, бу заиф таъқиб бўлади ва Аллоҳ уларни шарманда қилади”, дедилар.
Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз уларнинг бошларига - яъни маккаликларга - қарши боришимиз керак. Албатта, Аллоҳ сизга ёрдам беради, сизни қўллаб-қувватлайди ва ғалаба беради”, деди.
Миқдод эса: “Аллоҳга қасамки, бизлар Бану Исроил ўз пайғамбарига қарата: “Сен (ўзинг) ва Раббинг бориб, (улар билан) жанг қилаверингиз. Биз эса, шу ерда ўтирувчилармиз”, (Моида, 24) деб айтганларидек гап айтмаймиз, балки “Сен (ўзинг) ва Раббинг бориб, (улар билан) жанг қилаверингиз, биз ҳам сизлар билан жанг қиламиз”, деди.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларида давом этдилар. Муқаддас ерга етиб, унинг чегарасига қадам қўйишлари билан у зотнинг Жадъо исмли туялари турган жойида чўкиб олди. Одамлар: “Туя қайсарлик қиляпти”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўя қайсарлик қилмаяпти, унинг қайсарлик қилиш одати йўқ, балки филни Маккадан тўсган зот, уни тўхтатиб турибди. Қурайшликлар мени муқаддас ерни улуғлашга қўйишмайди ва бу билан мендан ўзиб кетмоқчи бўлишади. Қани бу ерга келинглар”, дедилар. У зот ўнг тарафга йўл олдилар ва Зотул Ҳанзал номли тоғ йўлидан ўтиб, Ҳудайбияга тушдилар. У ерга тушгач, одамлар кудукдан сув олишни бошладилар. Лекин кудуқнинг суви тугаб қолиб, ҳаммаларига етмади. Одамлар бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилдилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга камонларининг ўкдонларидан бир ўқни олиб бериб: “Уни қудуқнинг тубига суқиб қўйинглар”, дедилар. Улар ўқни кудуқ тубига суққан эдилар, қудуқнинг суви кўпайиб кўтарилди ва туялар чўкадиган жойгача етди ва улар чанқоқларини қондирдилар.
Қурайшликлар бу ҳақда эшитганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Бану Ҳулайс қавмидан бўлган Ҳорис ибн Абду Манзотни юбордилар. Унинг қавми қурбонлик учун аталган жонлиқларга ҳурмат билан қарар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўрганларида: “Бу одам қурбонлик учун аталган жонлиқларга ҳурмат билан қарайдиган қавмдан, унинг олдига қурбонликка аталган жонлиқларни олиб чиқинглар, қўрсин”, дедилар. У қурбонликка аталган жонлиқларни кўриб, мусулмонларга бир оғиз ҳам сўз демай, турган еридан қурайшликларнинг олдига қайтиб кетди. Етиб боргач, уларга: “Одамлар қурбонлик учун аталган жонлиқлар билан келишибди”, деди ва уларнинг бу ҳолатларини ҳурматлаб, қурайшликларни ўйламасдан иш қилишдан огоҳлантирди. Қурайшликлар эса уни ҳақорат қилиб, койиб: “Сен қўпол бадавий арабсан ва ҳеч нарсани билмайсан. Биз сенга ҳайрон қолмаймиз, балки, қандай қилиб сени юборганимизга ўзимизга ҳайронмиз”, дедилар.
Шундан сўнг Урва ибн Масъуд Сақафийга: “Муҳаммаднинг олдига бор, лекин у ердан ўз шахсий фикринг билан қайтма”(Харож асарининг 1979 йилда Байрутда нашр қилинган нусхасидаги матн асосида таржима қилинди. 209-бет.), дедилар. Урва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига борди ва у зотга учраб: “Эй Муҳаммад, сен қаланғи қасанғи кишиларни тўплаб, ўшалар билан сендан юз ўгирган ўз қариндош-уруғларинг устига уларни ҳалок этиш учун бостириб келдингми? Хабаринг бор мен сенинг ҳузурингга Каъб ибн Луай ва Омир ибн Луайлар олдидан келяпман. Улар йўлбарс терисини ёпиниб олиб, катта-кичик туяларини йиғиб, сен уларга қарши уруш режасини тузсанг, улар ҳам сенга қарши шундай қилишга Аллоҳнинг номи билан қасам ичмоқдалар”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биз уруш қилгани келмадик, Умрани адо этиб, жонлиқларимизни қурбонлик қилишни хоҳлаймиз. Сен қавмингга бу ҳақда хабар бер, ахир улар жаҳли тез кишилар. Албатта, уларни уруш қўрқитиб қўйган. Уруш қурбонсиз бўлмайди, олдинги урушларда ҳам қурбонлар бўлган. Шундай экан ўртамизда бир муддат (сулҳ) белгиласинлар, токи шу вақтда уларнинг насллари кўпайсин, улуғлари омонда бўлсин. Байтуллоҳга одамларим билан кириб умрани адо этишимиз ва қурбонлик қилишимизга изн беришсин. Агар улар мени ўлдирсалар, бу уларнинг истакларидир. Агар Аллоҳ менга уларнинг устидан зафар берса, икки йўлдан бирини танлайдилар: ё қуролланиб урушда давом этадилар ёки ҳаммалари исломни қабул қиладилар. Аллоҳнинг номи билан қасам ичаманки, Аллоҳнинг амри юзага чиқмагунича бу йўлда қизил танли билан ҳам, қора танли билан ҳам (ажаму араб билан) токиўлгунимча жанг қиламан”, дедилар.
Урва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини эшитиб, қурайшликларнинг олдига қайтди ва: “Биласизлар, сизлар менинг тоғаларим ва қариндошларимсиз ҳамда мен учун энг севимли инсонларсиз. Мен мажлисларда одамларни сизларга ёрдам беришга сафарбар қилганман. Агар улар ёрдам бермасалар, сизларга ёрдам бериш мақсадида ўз оилам билан келиб, орангизда яшаганман. Биласизлар, сизлардан кейин менга ҳаётнинг қизиғи йўқ. Яна биласизларки, мен қанчадан-қанча буюк кишиларни кўрганман ва подшоҳлар ҳузурида бўлганман. Аллоҳга қасамки, мен саҳобалари орасида Муҳаммадчалик ҳурмати баланд подшоҳни ҳам, улуғ инсонни ҳам кўрмаганман. Унинг ҳузурида бирор киши гапирмоқчи бўлса, аввал Муҳаммаддан рухсат сўрайди, у гапиришга изн берса гапиради, рухсат бермаса жим туради. У таҳорат олган сувни табаррук билиб, бир зумда талашиб-тортишиб бошларидан қуядилар”, деди.
Қурайшликлар Урванинг сўзларини эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Суҳайл ибн Амр ва Микраз ибн Ҳафсни юбориб, уларга: “Муҳаммаднинг олдига боринглар, у сизларга ҳам Урвага айтганларини айтса, бу йил умра қилмасдан қайтишини ҳамда токи у Маккага йўл олганини эшитган араблар биз уни Маккага киритмаганимизни эшитмагунларича, Байтуллоҳни зиёрат қилишни кўзламаслигини айтинглар”, дедилар.
Суҳайл билан Микраз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб юқоридагиларни айтдилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг айтганларига кўниб: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнииг номи билан ёзинглар” дедилар. Улар: “Аллоҳга қасамки, биз ҳеч қачон бундай деб ёзмаймиз”, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унда қандай ёзамиз?” дедилар. Улар: “Аллоҳим, Сенинг номинг билан”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ҳам яхши, шундай ёзинглар”, дедилар ва шундай ёздилар. Шундан сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келишган шарт”, деб ёзинглар дедилар. Улар: “Аллоҳга қасамки, биз фақатгина шу масалада ихтилоф қиламиз (яъни сени Аллоҳнинг элчиси деб билмаймиз)”, дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унда нима қилиш керак?”, дедилар. Улар: “Ўзингни ва отангни исмини: Муҳаммад ибн Абдуллоҳ”, деб ёз дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ҳам яхши, шундай ёзинглар”, дедилар ва шундай ёздилар. Суҳайл ва Микрознинг шартлари қуйидагича эди: “Ўртамизда хиёнат ва алдовларсиз самимий муносабат бўлсин. Бизлардан ким сизларнинг олдингизга келса, уни бизларга қайтарасизлар, лекин сизлардан бизларнинг олдимизга келганларни сизларга қайтармаймиз”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен билан бирга бўлганлар мен келишган шартга амал қиладилар”, дедилар. Қурайшликлар: “Биз томондагилар биз тузган шартга амал қиладилар”, дедилар. Бану Каъб қабиласи: “Эй Расулуллоҳ, биз сиз билан биргамиз”, дедилар. Бану Бакр қабиласи: “Биз Қурайш билан биргамиз”, дедилар.
Улар келишув шартларини ёзаётган вақтларида Бану Омир ибн Луай қабиласидан бўлган Абу Жандал ибн Суҳайл ибн Амр келиб қолди. У мусулмон бўлгани учун темир кишанлар билан кишанланган бўлиб, қурайшликлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига қочиб келаётган эди. Мусулмонлар уни кўриб: “Худойим, ахир бу Абу Жандалку”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У меники”, дедилар. Абу Жандалнинг отаси Суҳайл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан музокара олиб бораётган эди, у: “Абу Жандал келишидан олдин ўртамизда бу масала келишиб бўлинди. Шундай экан у меники”, деди. Улар ёзилган келишувни кўздан кечирдилар ва Суҳайл ҳақ эканини кўриб, Абу Жандални унга топширдилар. Шунда Абу Жандал: “Эй Расулуллоҳ, эй мусулмонлар жамоаси! Мени мушрикларга қайтариб берасизларми?! Ахир улар мени динимдан қайтариш учун азоблайдиларку”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй Абу Жандап, улар билан ўртамизда битим тузилди ва биз унга хиёнат қилишимиз яхши эмас. Аллоҳ, сен ва сен каби заифларга енгиллик ва нажот йўлини беради”, дедилар. Шунда Умар: “Эй Абу Жандал, мана қилич, ахир у (яъни отанг) эркак, сен ҳам эркаксан,”(Харож асарининг 1979 йилда Байрутда нашр қилинган нусхасидаги матн асосида таржима қилинди. 211-бет.) деди. Суҳайл: “Эй Умар, сен (ўғлимга) менга қарши ёрдам беряпсанми?”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суҳайлга: “Абу Жандални менга бер”, дедилар. Суҳайл: “Йўқ”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни мен учун ҳимоянгга ол”, дедилар. Суҳайл: “Йўқ”, деди. Шунда Микраз: “Эй Муҳаммад, сен учун мен уни ҳимоямга оламан, у хавотирланмаса ҳам бўлади”, деди.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй одамлар, жонлиқларингизни сўйинглар, сочларингизни олдиринглар ва эҳромдан чиқинглар”, дедилар. Одамларнинг ҳеч бири ўрнидан қимирламади. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини яна бир бор қайтардилар, лекин ҳеч ким турмади. Чунки бўлган воқеа уларга оғир ботган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари Умму Саламанинг олдига кириб: “Нима деб ўйлайсан, одамларга нима бўлди?”, деб сўрадилар. Умму Салама: “Эй Расулуллоҳ, бориб жонлиғингизни сўйинг, сочингизни олдириб, эҳромдан чиқинг. Шунда одамлар ҳам эҳромдан чиқадилар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жонлиқларини сўйиб, сочларини олдириб, эҳромдан чиқдилар. Одамлар ҳам жонлиқларини сўйиб, сочларини олдириб, эҳромдан чиқдилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортга қайтдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида қурайшлик Абу Басир исмли киши мусулмон бўлиб, у зотнинг ҳузурларига келди. Қурайшликлар ўзларидан икки кишини уни қайтариб олиб келиши учун юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Басирни уларга бериб, унга Абу Жандалга айтган гапларини айтдилар. Ҳалиги икки киши Абу Басирни олиб кетдилар. Улар Зул Ҳулайфага етганларида Абу Басир уларнинг биридан: “Эй Бану Омирлик биродар, қиличинг ўткирми?” деб сўради. У: “Ҳа”, деди. Абу Басир: “Уни кўрсам майлими?” деди. У: “Мана кўр”, деб қилични кўрсатди. Абу Басир қилични қинидан чиқариб, у билан қилич эгасини ўлдирди, унинг шериги эса қочиб кетди. Абу Басир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Сиз ўз зиммангиздаги ишни бажардингиз, Аллоҳ ҳам сиздан бу ишни соқит қилди. Мен эса диним билан ўзимни қийноқдан қутқардим”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Онасининг шўри қурсин, агар уни ёнида кишилар бўлганида уруш олови аланга оларди”, дедилар.
Абу Басир у ердан кетиб, Зул Ҳулайфага бориб ўрнашди. Макка аҳлидан ким исломни қабул қилса, Абу Басирнинг олдига келиб, унга қўшила бошлади ва уларнинг сони 70 кишига етди. Улар Қурайш савдогарлари ва бошқаларнинг йўлини тўсиб, тунай бошладилар. Шунда қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мактуб ёзиб, қариндошлик ришталари ҳурмати у кишилар билан ишлари йўқлигини ва уларни ўзларига қабул қилишларини сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ўзларига қабул қилдилар.
Мазкур сулҳ давомида аёллар ҳижрат қилиб кела бошладилар ва Аллоҳ улар борасида қуйидагича ҳукм қилди: “Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга (Макка кофирлари томонидан) мўмина аёллар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўрингиз! Аллоҳ уларнинг имонларини (бор ёки йўқлигини) яхшироқ билувчидир. Бас, агар уларнинг (ҳақиқатан) мўмина аёллар эканини билсангиз, у ҳолда уларни кофирларга қайтармангиз! Булар (улар) учун ҳалол эмас ва улар булар учун ҳалол эмасдир. Уларга сарфлаган маҳрларини эрларига (қайтариб) берингиз! Қачонки, уларга (эрларига) маҳрларини берсангиз, уларни (аёлларини) никоҳингизга олишда сизларга гуноҳ йўқдир” (Мумтаҳана, 10). Шундан сўнг улар учун берилган ҳадя ва маҳрлар уларнинг эрларига қайтарилиши буюрилди.
Сулҳ тугамай туриб, Бану Каъб ва Бану Бакр қабилалари ўртасида уруш чиқди. Бану Бакр қабиласи қурайшликлар иттифоқдоши бўлиб, тузилган сулҳ ва келишув уларга ҳам тааллуқли эди. Қурайшликлар Бану Бакр қабиласини қурол, озиқ-овқат ва бошпана билан таъминлаб турди. Натижада улар Бану Каъб қабиласини босиб олдилар. Қурайшликлар эса сулҳни бузганларидан қўрқиб кетишди ва Абу Суфёнга: “Муҳаммаднинг олдига бориб сулҳни янгила ва одамлар ўртасини ислоҳ қил”, дедилар. Абу Суфён йўлга чиқиб, Мадинага етиб келди, (уни кўриб) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг ҳузурингизга Абу Суфён келди, у ортига ҳожати раво бўлмаса ҳам рози бўлиб қайтади”, дедилар.
Абу Суфён Абу Бакрнинг олдига келиб: “Эй Абу Бакр, сулҳни янгилаб, одамлар орасини ислоҳ қил”, деди. Абу Бакр: “Бу иш менинг қўлимда эмас, балки Аллоҳ ва унинг Расулининг қўлида”, деди.
Сўнгра Абу Суфён Умарнинг олдига келиб, Абу Бакрга айтган гапини айтди. Умар унга: “Сизлар сулҳни буздингиз, келишувдаги янги нарсани Аллоҳ эски қилди, ундаги оғирликни эса кетказди”, деди.
Абу Суфён: “Мен бугунгидек (оғир) кунни кўрмагандим, яна булар қариндош эмиш!? Бир қавм бошқасига бошпана бериб, қурол ва озиқ-овқат билан таъминласа, бу билан келишувни бузган бўлмайди”, деди. Кейин Фотиманинг олдига бориб: “Эй Фотима қавминг аёлларига бошчилик қиладиган ишни зиммангга олмайсанми?”, деди ва унга ҳам Абу Бакрга айтган гапларини айтди. Фотима: “Бу иш менинг қўлимда эмас, балки Аллоҳ ва Унинг Расулининг қўлида”, деди. Шундан сўнг Абу Суфён Алининг олдига бориб, унга ҳам Абу Бакрга айтган гапларини айтди. Али: “Мен сиз каби бугунгидек паст даражага тушган одамни кўрмаганман. Сиз қавмнинг бошлиғисиз, шундай экан сулҳни янгиланг ва одамлар ўртасини ислоҳ қилинг”, деди. Шунда Абу Суфён бир қўлини бошқасига уриб: “Мен одамларни бир-биридан ҳимоя қилдим”, деди. Сўнгра у ортига қайтиб Макка аҳлига қилган ишини айтди. Улар: “Аллоҳга қасамки, бугунгидек хабар келтирган элчини кўрмаганмиз. Бизларга на уруш хабарини келтирдинг, ундан хавфсирасак, на сулҳ хабарини келтирдинг, бундан хотиржам бўлсак!? Ортингга қайт!” дедилар(Харож асарининг 1979 йилда Байрутда нашр қилинган нусхасидаги матн асосида таржима қилинди. 212-бет.).
Бу орада Бану Каъб қабиласининг элчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, Қурайшнинг Бану Бакр қабиласига берган ёрдами ҳақида хабар берди ва у зотдан ёрдам сўраб, қуйидаги шеърни ўқиди:
Аллоҳим, Муҳаммаддан сўрагувчи мен,
Аждодлар иттифоқи ҳурматин эслаб.
Биз қардош ота бўлсак, ўғил эдинг сен(Бу ерда қабилавий қардошлик назарда тутилган.),
Қўлингдан тутиб бирдам, кетдик исломни кўллаб.
Ваъдага хилоф қилди Курайш аҳли,
Ўртада тузилган сулҳни буздилар.
Ёрдам сўрамоққа йўқдир деб дахли,
Пасткаш бўлган ҳолда аҳдни уздилар.
Ухлар эдик Ватир(Ватир - Макканинг қуйи қисмидаги булоқ.)да бошлади ҳужум,
Руку ва саждада қириб бирма-бир.
Кадо(Кадо - Маккадаги жой номи.)да тузоқ қўйиб қилдилар зугум,
Раҳмон бизга берсин нусрат ва зафар.
Аллоҳ жангчиларин йўлласин мадад,
Денгиз мавжларидек кўпирсин қўшин.
Шу орада осмонни булут қоплаб, момақалдироқ гумбурлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу момақалдироқ Бану Каъб қабиласининг галабасидан дарак”, дедилар.
Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Куфийнинг
"Китоб ал-Харож" китобидан
А. Маннапова таржимаси