Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШ билан адолатли дунё қуришнинг иложи йўқлигини айтди.
Аввалроқ АҚШ Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи резолюция лойиҳасига вето қўйган эди. Буюк Британия овоз беришда бетараф қолди. Хавфсизлик кенгашининг қолган 13 аъзоси эса ёқлаб овоз берди. Ҳужжатга БМТнинг камида 97 аъзоси ҳаммуаллифлик қилган.
“Фақат АҚШ ўт очишни тўхтатишга қарши овоз берди. Адолат шундай бўладими? Адолатли дунё бўлиши мумкин, аммо Америка билан эмас. АҚШ Исроил томонида. Қўшма Штатлар, бунга қандай жавоб берасиз?” — деди Туркия раҳбари.
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Роберт Вуд Хавфсизлик кенгашининг Яқин Шарқдаги вазият бўйича йиғилишида “Америка томони Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларни қўллаб-қувватламаслигини, чунки бу кейинги уруш уруғини сепиши”ни айтиб ўтганди.