106. Қурайш сураси
- 665 марта кўрилди
Бу сура Макка сураларидан бўлиб, тўрт оятдир. Бу сурада Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабилалари бўлмиш Қурайш қабиласига Аллоҳ таъоло томонидан ато этилган икки улуғ неъмат — тинчлик-омонлик ва тўқлик-фаровонлик неъматлари зикр қилиниб, Қурайшликларни мана шундай роҳат-фароғатда яшашларига сабабчи бўлган Байтуллоҳинг Парвардигорига ибодат қилишга даъват этилади.
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан
1-2. Қурайшга (агар улар Аллоҳнинг бошқа саноқсиз неъматларини эсламаганларида ҳам, мана бу неъмат, яъни, уларга) осон қилиб қўйилгани — уларга қиш ва ёз сафари осон қилиб қўйилгани учунгина;
3. Улар мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!
4. У Зот уларни очликдан (қутқариб) таомлантирди ва хавфу хатардан тинч қилди.
Изоҳ: Яъни, Қурайшга Аллоҳ таъоло томонидан жуда кўп неъматлар ато этилгандир. Агар улар бошқа неъматлар учун Аллоҳ таъолога ибодат қилмасалар ҳам, уларга тижорат, олди-сотди қилсинлар, деб қишда Яманга, ёзда эса Шомга сафар қилишлари осон қилиб қўйилгани ва улар бу сафарлардан доимий равишда фойдалиниб келаётганлари учун мана шу Байтуллоҳинг Парвардигорига ибодат қилишлари лозимдир. Чунки айни мана шу Байтуллоҳинг шарофатидан атроф-живонибдаги одамлар Қурайшликларга тегмайдилар ва: "Қурайш қабиласи Байтуллоҳнинг кўшниларидир. Ким уларга бирон зиён етказса худди Абраҳа ва унинг қўшинига ўхшаб мана шу Уйнинг Эгаси бўлган Аллоҳ таъолонинг ғазабига учрайди", дейдилар. Демак, Қурайш одамлари сафар-саёҳатлирида бирон кимса уларга зиён бермай, тинчлик ва тўкин-сочинликда яшаётганлари учун мана шу Байтуллоҳдан ва унинг Эгаси бўлмиш Аллоҳ таъолодан қарздордирлар. Бас, улар У Зотга ибодат қилиш билан ўзларига ато этилган неъматнииг шукрини адо этсинлар!