close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

105. Фил сураси

Бу сура беш оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилингандир.
У Каъбатуллоҳни вайрон қилиш ғаразида келганлари сабабли Аллоҳ таъолонинг ғазабига учраб ҳалок бўлган "Асҳоби фил — Фил минган лашкарлар" қиссаси ҳақида сўзлайди. Бу воқеа Аллоҳ таъолонинг сўнгги, суюкли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топган милодий 570 - йилда рўй берган бўлиб, саноқсиз лашкар билан, кудратли филларга миниб Аллоҳнинг уйини бузиш учун Яман ҳокими Абраҳа бошчилигида бостириб келган кофирларни Аллоҳ таъоло  Ўзининг ожиз махлуқлари бўлмиш кушлар тумшуқларида келтирган майда тошлар билан ҳалок қилади ва Каъбатуллоҳни яқинда туғилажак Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом учун, келажак янги Дин, янги уммат учун сақлаб қолади. Кейин ҳазрат дунёга келиб, вояга етгач ва у кишига Куръон оятлари нозил бўла бошлагач, ўша Илоҳий мўъжиза то Қиёматгача Каъбатуллоҳ томон юзланиб ибодат қилгувчи мўъминларга ибрат, Аллоҳнинг Динига қарши тургувчи кофирларга эса бир аччиқ сабоқ бўлиши учун у ҳақда мана шу сураи карима нозил қилинди.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми?
2. У Зот уларнинг (Каъбатуллоҳни вайрон қилиш учун қўллаган барча) ҳийла-найрангларини барбод қилмадими?
3-4. У Зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб;
5. Уларни (қурт-қумурсқалар томонидан) чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди!
Изоҳ: Ривоят қилинишича, қушлар томонидан отилган ҳар бир тош бир кофирнинг бошидан тешиб кириб, остидан чиқиб кетган экан.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase