close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

102. Такосур сураси

Бу сура Макка сураларидан бўлиб, саккиз оятдан ташкил топгандир.
Бу сурада кўп одамларнинг то жонлари чиқиб, қабрларига киргунларича мол-дунё тўплашга ва ўша арзимас матолар билан бир-бирларига мақтанишга машғул бўлишиб, Аллоҳни эслашдан ва У Зот буюрган Ҳақ Йўлда юришдан юз ўгирганлари баён этилади ва уларга бу қилмишларининг оқибати жаҳаннам экани тўғрисида хабар берилади.
Сура "Такосур — Тўплаб кўпайтиришга берилмоқ" деб номлангандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1-2. (Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни, ўлиб, қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб-кўпайтириш (Аллоҳга тоат-ибодат қилишдин) машғул қилди!
Изоҳ: Дарҳақиқат, бутун ҳаётларида Аллоҳ таъолога бирор кун ибодат қилмасдан мол-дунёга сиғиниб ўтадиган кимсалар жуда кўпдир. Бу хусусда Саҳиҳул-Бухорийда ривоят қилинган Пайғамбаримизнинг бир ҳадислари ўта ибратлидир:
"Маййитнинг — ўликнинг ортидан уч нарса эргашиб боради ва кейин у учовидан иккиси қайтиб кетади, бири эса ўлик билан бирга қолади — унга бола-чақаси, мол-дунёси ва шу дунёда қилган амаллари эргашиб боради-да, сўнгра бола-чақаси ва мол-дунёси яна қайтиб кетади. Қилиб ўтган амаллари эса у билан бирга қабрда қолади".
3. Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билурсизлар!
4. Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар.
5. Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима эканлигини) аниқ билиш билан билсаларингиз эди, (унга қул бўлиб қолмас эдингизлар)!
6. Қасамки, албатта сизлар дўзахни кўрурсизлар!
7. Яна бир бор қасамки, сизлар уни аниқ кўриш билан кўрурсизлар!
8. Сўнгра ана ўша Кунда албатта (ҳаёти дунёда сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase