030. Рум сураси
- Жума, Нояб 03 2023
- 12618 марта кўрилди
Сурада VII асрнинг энг йирик давлатлари - Рум билан Форс ўртасида бошланган жангда Румнинг мағлубиятга учрагани, лекин яқин келажакда у ғалабага эришиши тўғрисида хабар берилади. Дарҳақиқат, етти йилдан сўнг румликлар форслар устидан ғалаба қозониб, Қуръоннинг илоҳий мўжизалиги янада равшанлашади. Суранинг бошқа оятларида яна илоҳий даъват ва ибратли қиссалар давом эттирилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Алиф, Лом, Мим.
2. Рум мағлуб бўлди
3. жуда яқин ерда. (Лекин) улар (яъни, румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг, албатта, ғалаба қилурлар
4. бир неча йил ичида. Олдин ҳам, кейин ҳам иш Аллоҳникидир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар.
5. Аллоҳ мадад бергани сабабли. (У) хоҳлаган кишига мадад берур. У қудратли ва раҳмлидир!
Изоҳ: Форсларнинг румликлар устидан қозонган ғалабаси Макка мушрикларини шодлантирди. Зеро, Румликлар насроний динида бўлиб, илоҳий китоб Инжилга амал қилар эдилар. Мусулмонлар ҳам илоҳий китоб - Қуръонга амал қилар эдилар. Макка мушриклари мусулмонлар устидан кулиб, илоҳий китобга амал қилувчилар бизга ўхшаган китобсиз мажусийлардан енгилдилар, деб турганларида мазкур хушхабар нозил қилинди.
6. (Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир! Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин, кўп одамлар билмаслар.
7. Улар охиратдан ғофил (бехабар) бўлган ҳолларида фақат дунё ҳаётининг зоҳиринигина билурлар.
8. Ахир, улар ўзларича Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳамда улар орасидаги бор нарсани фақат ҳақ (ҳикмат) ва белгиланган муддат билан яратганини тафаккур қилиб кўрмадиларми?! Дарҳақиқат, одамларнинг аксарияти (қайта тирилиб) Парвардигорларига рўбарў бўлишни инкор қилувчидирлар!
9. Ахир, улар ер юзида сайр этишиб, ўзларидан аввалги пайғамбарларни инкор қилиб, имонсиз (кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ўшалар булардан (Макка кофирларидан) кўра қувватлироқ бўлган ва (ўз) ерларини булар обод қилганидан кўра кўпроқ ишлов бериб, обод қилган эдилар-ку! Уларга ҳам ўз пайғамбарлари ҳужжатлар келтирганлар. Бас, Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм қилувчи бўлдилар.
10. Сўнгра (охиратда) Аллоҳнинг оятларини ёлғон дейиш ва уларнинг устидан кулиш билан ёмонлик қилган кимсаларнинг оқибати янада ёмонроқ бўлур.
11. Аллоҳ яратишни бошлар, сўнгра уни (бу яратишни қиёматда) такрорлар. Сўнгра (ҳисобкитоб учун) Унга қайтарилурсизлар!
12. Қиёмат қойим бўладиган кунда жиноятчилар ноумид бўлурлар.
13. (У кунда) улар учун бут-санамлари (томони)дан оқловчилар бўлмас ва улар бут-санамларини инкор этурлар.
14. Қиёмат қойим бўладиган кун - ана ўша кунда (мўминлар билан кофирлар) бир-бирларидан ажралурлар.
15. Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларгина равза (жаннат)да шодланурлар.
16. Аммо куфр ёълини тутган ва оятларимизни ҳамда охират мулоқотини инкор этган кимсалар - ана ўшалар (мангу) азобга ҳозир қилинурлар.
17. Бас, тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтингиз!
18. Осмонлар ва Ердаги (бор) ҳамд Уникидир. Оқшомда ҳам, пешин пайтига киришларингизда ҳам (тасбеҳ айтингиз)!
19. (Аллоҳ) ўликдан тирикни чиқарур, тирикдан ўликни чиқарур ва ерни "ўлганидан" кейин (баҳорда қайта) "тирилтирур". Сизлар ҳам (қиёмат кунида қабрларингиздан) шу тарзда чиқарилурсизлар.
20. Унинг аломатларидан (бири) - У сизларни (Одамни) тупроқдан яратгани, сўнгра сизлар башарга айланиб, (ер юзига) тарқалишларингиздир.
21. Унинг аломатларидан (яна бири) - сизлар таскин топишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир.
22. Унинг белгиларидан (яна бири) - осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир.
23. Унинг белгиларидан (яна бири) - кечаси ва кундузи ухлашларингиз ҳамда (кундузлари) Унинг фазли (ризқи)дан исташларингиздир. Албатта, бунда эшитадиган қавм учун аломатлар бордир.
24. Унинг белгиларидан (яна бири) - сизларга (момақалдироқдан) қўрққан ва (ёмғир ёғишидан) умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўрсатиши ва осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, у билан ерни "ўлганидан" сўнг "тирилтиришидир". Албатта, бунда ақл юргизадиган қавм учун аломатлар бордир.
25. Унинг белгиларидан (яна бири) - осмон ва Ер Унинг амри билан (фазода муаллақ) туришидир. Сўнгра (қиёматда) У сизларни (ётган) ерларингиздан бир бор чақириши билан барчангиз бирдан чиқурсизлар.
26. Осмонлар ва Ердаги (бор) жонзотлар Уникидир. Ҳаммаси Унга бўйин сунур!
27. У илк бор Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат куни) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. У зотга (бу) жуда осондир. Осмонлар ва Ердаги энг олий масал (яратишдаги олий намуналик) Уникидир. У қудратли ва ҳикматлидир.
28. (Аллоҳ) сизларга ўзларингиздан бир мисол келтирур: сизлар учун қўлларингиз эгаллаган (қул)ларингиздан Биз сизларга ризқ қилиб берган мол-мулкка шерик бўлиб олувчилар бормики, сизлар унда баробар бўлсангиз, ҳолбуки, улардан гўё ўзларингиздан қўрққандай қўрқурсизлар! Ақл юргизадиган қавм учун оятларни мана шундай кенг баён қилурмиз!
Изоҳ: Яъни қўл остингиздаги қулларингиз сизлардаги бойликларга ва бошқа барча имкониятларингизга шерик бўлиб, уларга сизлардек эга бўлиб олишларини хоҳламаганингиздек, Аллоҳ таоло ҳам ўз бандаларининг илоҳиятда Унга шерик бўлишларини хоҳламас. Яъни, ширк келтиришни У зинҳор қабул этмас.
29. Йуқ, золим кимсалар бирор билим (ҳужжат)сиз ҳавойи нафсларига эргашдилар. Бас, Аллоҳ ёълдан оздирган кимсани ким ҳидоят қила олур?! Улар учун (охиратда) ёрдам берувчилар ҳам бўлмас!
30. Бас, (эй, Муҳаммад,) юзингиз (ўзингиз)ни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йуқ. Энг тўғри дин шудир! Лекин кўп одамлар билмаслар.
31. Унга ўзингизни топширган ҳолларингизда (динини маҳкам тутинглар) ва Ундан қўрқинглар ҳамда намозни мукаммал адо этинглар, мушриклардан бўлманглар!
32. Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа ўз наздиларидаги нарса билан шоддирлар.
33. Қачонки, (динсиз) одамларга бирор зиён етса, Парвардигорларига қайтиб, унга илтижо қилурлар, сўнгра қачонки, (Аллоҳ) уларга Ўз томонидан марҳаматни тоттириб қўйса, бехос улардан бир гуруҳи Парвардигорларига ширк келтира бошлайдилар.
34. Улар Биз ато этган неъматларга ношукрлик қилаверсинлар! Бас, (эй, мушриклар,) фойдаланиб қолинглар! Бас, яқинда (ҳақиқатни) билиб олурсизлар!
35. Ёки Биз уларга (осмондан) уларнинг ширк келтиришларини (тўғри деб) сўзлайдиган бирор ҳужжат нозил қилдикми?!
36. Қачонки, Биз одамларга бирор марҳамат тоттирсак улар бундан шодланадилар. Агар ўз қилмишлари сабабли уларга бирор ёмонлик (мусибат) етса, бирданига улар ноумид бўла бошлайдилар.
37. Аллоҳнинг хоҳлаган кишилар ризқини фаровон қилиши ва (бошқалар ризқини) танг қилишини кўрмадиларми?! Албатта, бунда имон келтирувчи қавм учун аломатлар бордир!
38. Бас, қариндош ҳаққини адо этинг! Мискин ва мусофир ҳаққини ҳам. Ана шу Аллоҳнинг "юзи"ни истайдиганлар учун яхшидир! Айнан ўшалар иқболлидирлар!
39. Одамларнинг мол-мулки кўпайсин деб сизлар берган рибо (фоиз)ларингиз, Аллоҳ наздида (ҳеч нарсани) кўпайтирмайди! Аллоҳнинг "юзи"ни мақсад қилиб берган закотингиз эса, бас, айнан ўшалар кўпайтирувчилардир!
Изоҳ: Яъни берилган закот бойликни камайтириш ўрнига унга барака киритади.
40. Аллоҳ - сизларни яратган, сўнгра сизларни ризқлантирган, сўнгра вафот эттирадиган, сўнгра (қиёматда) тирилтирадиган зотдир! (Келтираётган) ширкларингиз ичида шу (мазкур)лардан бирортасини қила оладигани борми?! Аллоҳ уларнинг келтираётган ширкларидан пок ва юксакдир!
41. Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир.
42. Айтинг: "Ерда сайр қилинглар, бас, олдингилар оқибати не бўлганини кўринглар! Уларнинг аксарияти мушриклар эди.
43. Аллоҳ (томони)дан қайтарилиши бўлмайдиган Кун келмай туриб, тўғри дин (Ислом)га юзингизни тўғриланг! Ўша кунда (одамлар турли хилларга) бўлинурлар.
44.Кимки кофир бўлган бўлса, бас, куфри ўзига! Кимки солиҳ (амал) қилган бўлса, бас, ўзлари учун олдини олган бўладилар.
45. (Бу) имон келтириб, солиҳ (амал)ларни қилганларни Ўз фазлидан мукофатлаши учундир. У кофирларни суймас.
46. Унинг белгиларидан бири (ёмғир ёғишидан) хушхабар берувчи, Унинг раҳмати (ёмғири)дан сизларни баҳраманд этиши учун, Унинг амри билан кемалар сузиши учун, Унинг фазли (ризқи)дан исташларинг ва шукр қилишларингиз учун шамолларни юборишидир.
47. Сиздан олдин ҳам пайғамбарларни ўз қавмларига юборганмиз. Бас, (елчиларимиз) уларга ҳужжатларни келтирганлар. Жиноятчилардан эса интиқом (ўч) олганмиз. Бизнинг зиммамизда мўминларга мадад бериш ҳаққи бордир. 48. Аллоҳ шундай зотки, (У) шамолларни юбориб, булутларни қўзғайди, бас, уни осмонда хоҳлаганича ёяди ва уни бўлак-бўлак қилгач, уни орасидан ёмғир чиқишини кўрасиз. Бас, қачонки уни (ёмғирни) Ўз бандаларидан хоҳлаган кишисига етказганда, улар бирдан шодланиб кетурлар,
49. гарчи олдин уларга (ёмғир) ёғмай турганда улар ноумид бўлсалар ҳам.
50. Аллоҳнинг раҳмати (ёмғири) асоратларига боқинг - ерни "ўлгани"дан кейин қандай қилиб уни "тирилтиради"! Албатта, У (Аллоҳ) ўликларни тирилтирувчи ва У ҳар нарсага қодирдир.
51. Борди-ю булутларни юборса-ю, уни сарғайган (ёмғирсиз) ҳолда кўрсалар, шундан кейин ҳам (барибир) кофирликларича қолаверган бўлардилар.
52. Аниқки, Сиз "ўликлар"га (сўзингизни) англата олмассиз, орқа ўгириб кетаётган "кар"ларга ҳам даъватни уқтира олмассиз.
53. Яна Сиз ("кўр"ларни ўз залолатларидан (қайтариб), ҳидоят қилувчи эмассиз. Сиз фақат бизнинг оятларимизга имон келтирадиган кишиларгагина (ўз сўзларингизни) уқтира олурсиз. Бас, ўшалар мусулмонлардир.
54. Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У билимдон ва қудратлидир.
55. Қиёмат қойим бўладиган кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичурлар. Улар (дунёда ҳам) мана шундай (ростдан ёлғонга) бурилувчи эдилар.
56. (Шунда) илм ва имон берилган зотлар айтурлар: "Аниқки, сизлар Аллоҳ (Лавҳул-Маҳфузда) ёзиб қўйганидек, тирилиш кунигача турдинглар. Бас, мана шу тирилиш кунидир. Лекин, сизлар (буни ҳақ эканини) билмас эдинглар".
57. Ана ўша кунда зулм қилган кимсаларга узр (баҳона)лари фойда бермас ва улардан қайтиш ҳам талаб қилинмас.
58. Биз ушбу Қуръонда одамлар учун ҳар (турли) масалдан баён этдик. Қасамки, агар Сиз, (эй, Муҳаммад,) уларга (талаб қилишган) мўъжизани келтирсангиз ҳам, албатта, кофир бўлган кимсалар: "Сизлар, албатта, ёлғончидирсизлар", - дерлар.
59. Аллоҳ (ҳақиқатни) билмайдиган кимсаларнинг дилларини ана шундай муҳрлаб қўяр.
60. Бас, (эй, Муҳаммад,) сабр қилинг! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар (қилмишлари) Сизни енгилтаклик (қарғаш)га олиб келмасин!.