045. Жосия сураси
- Жума, Нояб 03 2023
- 12625 марта кўрилди
Жосия - тиз чўкиб ўтирувчи деган маънони билдиради.
Суранинг 28-оятида қиёмат куни ҳар бир уммат ўз тақдири нима бўлишини кутиб, тиз чўккан ҳолда ўтиришлари тасвирланган. Шу сабабли сурага мазкур сўз ном қилиб олинган. Сурада Исроил авлодининг Аллоҳга нисбатан ношукурчиликлари, умуман итоатсизлик ва дунёпарастликнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида танбеҳлар берилган.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. Ҳо, Мим.
2. (Бу Қуръон) қудратли ва ҳикматли Аллоҳ (томони)дан нозил қилинган китобдир.
3. Ҳақиқатан, осмонлар ва Ерда мўъминлар учун (Аллоҳга далолат қиладиган) аломатлар бордир.
4. Яна сизларнинг яратилишингизда ва (Аллоҳ ер юзига) тарқатиб юборган жониворлардан иборат нарсаларда ҳам қатъий ишонадиган қавм учун аломатлар бордир.
5. Яна кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Аллоҳ осмондан ёғдириб, у билан "ўлган" ерни "тирилтирган" ризқ (ёмғир)да ҳамда шамолларнинг ёъналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун аломатлар бордир.
6. (Эй, Муҳаммад,) булар Аллоҳнинг оятлари бўлиб, уларни Сизга ҳаққонийлик билан тиловат қилиб бермоқдамиз. Бас, улар (Макка кофирлари) Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб, қайси сўзга имон келтирмоқдалар?!
7. Ҳар қандай бўҳтончи ва гуноҳкор ҳолига войким,
8. у ўзига тиловат қилинаётган Аллоҳ оятларини эшитар, сўнгра гўё уларни эшитмагандек, кибрланган ҳолда (ўз куфрида) давом этар. Бас, (эй, Муҳаммад,) унга аламли азоб "хушхабари"ни беринг!
9. Қачонки, оятларимиздан бирор нарсани билиб олса, уни масхара қилур. Ана ўшаларга хор қилувчи азоб бордир!
10. Уларнинг ортида жаҳаннам бор! Топгани (бойлик ва фарзандлари) ҳам, Аллоҳни қўйиб тутган "дўстлари" ҳам уларга бирор нарсада асқотмас. Уларга улкан азоб бордир.
11. Ушбу (Қуръон) ҳидоятдир. Парвардигорларининг оятларига кофир бўлган кимсалар учун эса аламли уқубат азоби бордир.
12. Аллоҳ кемалар Ўз амри билан сузиши ҳамда (у кемаларда) Унинг фазли (ризқи)дан исташларингиз учун ва шукр қилишларингиз учун сизларга денгизни бўйин сундириб қўйган зотдир.
13. У Ўз томонидан сизларга осмонлардаги ва ердаги барча нарсаларни бўйин сундирди. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир.
14. (Эй, Муҳаммад,) имон келтирган зотларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари (қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар. Токи (сабрли) қавмни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!
15. Кимки яхшилик қилса, бас, ўзи учундир. Кимки ёмонлик қилса, бас, ўз зараригадир. Сўнгра Раббингизга қайтарилурсизлар.
16. Дарҳақиқат, Биз Исроил авлодига Китоб (Таврот), ҳикмат ва пайғамбарлик ато этдик ва уларни покиза нарсалардан ризқлантирдик ҳамда уларни (ўз замонларидаги) оламлардан афзал қилдик.
17. Яна уларга иш(дин) ҳужжатларини ато этдик. Бас, улар илм (ҳужжат) келганидан сўнгина ўзаро ҳасад-адоват ила ихтилоф қилдилар. Албатта, Раббингиз Қиёмат куни ўрталарида ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ҳукм қилур.
18. Сўнгра (эй, Муҳаммад,) Биз Сизни (диний) ишдан иборат шариат узра (барқарор) қилдик. Бас, Сиз ўшанга эргашинг ва билмайдиган кимсаларнинг ҳавойи (фикр)ларига эргашманг!
19. Чунки, улар Сиздан Аллоҳ (томони)дан бўлмиш (бирор) нарсани (азобни) қайтара олмаслар. Албатта, золимлар бир-бирларига дўстдирлар. Аллоҳ эса тақводорларнинг дўстидир.
20. Ушбу (оятлар) одамлар учун дил кўзгуларидир ва аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир.
21. Балки ёмонлик (гуноҳ)ларни касб этганлар ўзларини имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (ноҳақ) ҳукм қилурлар?!
22. Аллоҳ осмонлар ва Ерни ҳақ (ҳикмат) билан яратди ва барча жон зулм қилинмаган ҳолларида ўзлари қилган амалларига яраша жазоланурлар.
23. (Эй, Муҳаммад,) ҳавойи нафсини ўзига "илоҳ" қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида адаштириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрдингизми? Бас, уни Аллоҳ (адаштиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир, эслатма олмайсизларми?!
24. Улар (қиёматни инкор этувчилар: "Ҳаёт) фақат шу дунёдаги ҳаётимиздир. (Биримиз) ўлиб, (биримиз) яшаб юраверамиз. Бизларни (Аллоҳ эмас, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради", - дедилар. Ҳолбуки, уларда бу Тўғрида бирор билим (ҳужжат) ёъқдир. Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос.
25. Қачон уларга (қайта тирилиш Тўғрисидаги) Бизнинг оятларимиз баён этувчи ҳолида тиловат қилинса, уларнинг (Бизга қарши) "ҳужжатлари" фақат: "Агар ростгўй бўлсангиз, отабоболаримизни (тирилтириб) келтирингларчи", - дейишларигина бўлур.
26. Айтинг: "Аллоҳ сизларга ҳаёт берур, сўнгра (ажалларингиз етгач) ўлдирур, сўнгра сизларни ҳеч шубҳасиз (келадиган) Қиёмат кунига тўплар. Лекин одамларнинг аксарияти (буни) билмаслар".
27. Осмонлар ва Ер ҳукмдорлиги Аллоҳникидир. Қиёмат қойим бўладиган Куни - ана ўша Кунда бузғунчилар зиён тортурлар.
28. (У Кунда) барча умматни (даҳшат ва изтиробдан) тиз чўккан ҳолда кўрурсиз. Ҳар бир уммат ўз номаи аъмолига чақирилур, (сўнг уларга дейилур): "Бугун қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланурсизлар.
29. Мана бу китобимиз (номаи аъмолингиз) сизларга ҳақиқатни айтур. Дарҳақиқат, Биз сизлар қилиб юрган амалларингизни (ушбу номаи аъмолга) кўчириб юрар эдик".
30. Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, уларни Парвардигор Ўз. раҳмати (жаннати)га дохил қилур. Бу аниқ ютуқнинг ўзидир.
31. Энди, кофир бўлган кимсаларга келсак, (уларга айтилур): "Ахир, сизларга Менинг оятларим тиловат қилинган эмасмиди?! Бас, сизлар кибрландингизлар ва жиноятчи қавм бўлдингизлар"
32. Қачонки, (сизларга:) "Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ростдир, Қиёмат шубҳасиз (келувчи)дир", - дейилса, сизлар: "Биз Қиёмат нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз (Қиёмат бўлишига) аниқ ишонувчи эмасмиз", - дедингизлар.
33. (Мана энди) уларга қилиб ўтган ёмонликлари фош бўлди ва ўзлари масхара қилиб юрган (азоб)лари уларни ўраб олди.
34. (Уларга) дейилади: "Сизлар мана шу кунингиздаги учрашувни унутганингиздек, Биз ҳам бугун сизларни "унутурмиз". Сизларнинг жойингиз дўзахдир ва сизлар учун (азобдан қутқарувчи) ёрдамчилар ҳам ёъқдир.
35. Бунга сабаб - сизлар Аллоҳнинг оятларини масхара қилиб олган эдингизлар ва сизларни дунё ҳаёти алдаб қўйган эди." Бас, улар бугун ундан (дўзахдан) чиқарилмаслар ва улардан (яхши амалларга) қайтишга ҳам имконият берилмас.
36. Бас, осмонлар Парвардигори, Ер Парвардигори, (бутун) оламлар Парвардигори - Аллоҳга ҳамд!
37. Осмонлар ва Ердаги барча буюклик ёлғиз Уникидир! У қудратли ва ҳикматли зотдир.