050. Қоф сураси
- Пайшанба, Авг 04 2022
- 178 марта кўрилди
Қоф – араб алифбосининг 21-ҳарфи. Сурада имон, эътиқод, куфр, ширк, дунё ва охират, хусусан, ўлгандан кейин қиёматда тирилиб, Аллоҳ ҳузурида ҳисобот бериш каби маълумотлар ўз ифодасини топган.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. Қоф. Улуғ Қуръон билан қасамёд этаман!*
* Қасамёд этилди, лекин қасамнинг жавоби, яъни нимага қасамёд этилгани оятда зикр этилмади. Бунинг сабаби қасам жавобининг кейинги оятлар мазмунидан аён бўлиб турганидир. Демак, қасамнинг жавоби – Сиз, эй, Муҳаммад! Қайта тирилиш ҳақ эканини ҳар қанча исботламоқчи бўлсангиз ҳам Макка аҳли ишонмайди, деган гапдир.
2. Ҳа, уларга (фаришта ўрнига) ўзларидан бўлмиш бир огоҳлантирувчи (пайғамбар) келганидан ажабландилар. Шунда кофирлар айтдилар: «Бу жуда қизиқ нарса-ку!
3.ьБизлар ўлиб, тупроққа айланганимизда (яна тириламизми)?! Бу жуда узоқ (ақлга сиғмас) қайтишдир».
4. Биз уларни (мурдаларини) ер камайтираётганини (чириб тупроққа айланаётганини) билганмиз. Бизнинг ҳузуримизда эса, (қилмишларини битик ҳолда ўзида) сақловчи Китоб (Лавҳул-маҳфуз) бордир.
5. Йўқ, уларга ҳақиқат (Қуръон) келганда, уни ҳам ёлғонга йўйдилар. Бас, улар изтиробли ишга (ҳолга) тушиб қолгандирлар*.
* Изтиробли ҳоллари – мушриклар Қуръонга нисбатан сеҳр, шеър, афсона, фолбинлик китоби деб таъна қилганларида тушган маъюс ҳолатларидир.
6. Ахир, улар устиларидаги осмонни – Биз уни қандай бино қилиб, (юлдузлар билан) безаб қўйганимизни ва унинг тешик (ёриқ)лари йўқ эканини кўрмадиларми?!
7. Ерни эса ёйиқ (кенг) қилдик ва унга тоғларни ўрнатиб қўйдик ҳамда унда (ўсимлик, мевалардан) ҳар турли гўзал жуфтларни ундирдик.
8. (Парвардигорга) қайтувчи ҳар бир бандага кўргазма ва эслатма бўлиши учун (шундай қилдик).
9. Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик.
10. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам.
11. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у (сув) билан «ўлик» шаҳарни (ерни) «тирилтирдик». (Қабрлардан тирилиб) чиқиш ҳам мана шундай бўлур.
12. Улардан (Макка кофирларидан) олдин Нуҳ қавми, қудуқ эгалари (Шуайб қавми), Самуд (қабиласи) инкор қилган эдилар.
13. Шунингдек, Од (қабиласи), Фиръавн (қавми), Лутнинг «биродарлари»,
14. дарахтзор эгалари (Шуайб қавми) ва Туббаъ қавми ҳам. (Уларнинг) барчалари пайғамбарларни инкор этишгач, Менинг ваъдам (азобим уларга) муқаррар бўлди.
15. Ахир, Биз аввалги яратишга (йўқдан бор қилишга) ожизлик қилдикми? Йўқ, улар эса янги яралишдан шубҳададирлар.
16. Инсонни (Биз) яратганмиз, (демак,) унинг нафси васваса қиладиган (кўнглидан ўтадиган) нарсаларни ҳам билурмиз. Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз.
17. Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки (ёзиб турувчи фаришта) қабул қилиб (ёзиб) турурлар.
18. У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир.
19. Мана ўлим мастлиги (жон чиқиш пайти) ҳақиқатан (етиб) келди. (Эй, инсон!) Бу (ўлим) сен ундан қочувчи бўлган нарсадир.
20. (Тасаввур қилинг) Сур ҳам чалинди. Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган кундир.
21. Ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшарга) ҳайдовчи (бир фаришта) ва (амалларига) гувоҳлик берувчи (иккинчи фаришта) билан бирга келур.
22.(Эй, инсон!) Сен бу (оғир кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни очиб юбордик. Энди, бугун кўзинг ўткирдир.
23. Унинг (кофирнинг) яқини (бўлган фаришта) дейди: «Мана бу (номаи аъмол) менинг ҳузуримда (доимо) ҳозир бўлган нарсадир».
24. (Дўзах ходимларидан икки фариштага айтилур:) «Ҳар бир ношукур, қайсарни жаҳаннамга ташлангиз!
25. Шунингдек, яхшиликни ман этувчи, тажовузкор ва (Аллоҳга) шак келтирувчини ҳамки,
26. у Аллоҳ билан бошқа «илоҳ»ни шерик қиган эди. Уни қаттиқ азобга ташлангиз!»
27. Унинг яқини (шайтон): «Парвардигоро, уни мен туғёнга солганим йўқ, лекин унинг ўзи (ҳақ йўлдан) йироқ залолатда бўлди»,– дейди.
28. (Аллоҳ) айтади: «Менинг даргоҳимда баҳслашмангиз! Мен илгари сизларга таҳдид (огоҳлантириш) қилганман.
29. Менинг даргоҳимда (қилинган) сўз ўзгартирилмас ва Мен бандаларга ноҳақлик қилувчи ҳам эмасдирман».
30. У кунда Биз жаҳаннамга «тўлдингми?» – дермиз. У эса: «Яна қўшимча борми?» – дер.
31. Жаннат тақводор зотларга йироқ бўлмаган (бир маконга) келтирилур
32. (ва уларга:) «Мана шу (неъматлар) сизларга – (Аллоҳга) қайтувчи, (аҳдини) сақловчига (ваъда қилиниб юрган нарсадир).
33. Шунингдек, Раҳмондан ғойибона қўрққан ва тавба қилувчи қалб билан келган кишиларга ҳам.
34. Унга (жаннатга) саломат кирингиз! Бу (кун) мангулик кунидир» (дейилур).
35. Уларга у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Бизнинг даргоҳимизда яна қўшимча (инъомлар) ҳам бордир.
36. Улардан (Қурайш кофирларидан) олдин улардан қувватлироқ қанчалаб авлодни ҳалок қилдик. Бас, ўшалар нажот бормикан, деб шаҳарларни кезиб юрдилар.
37. Албатта, бунда (уйғоқ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлиб, қулоқ тутган киши учун эслатма бордир.
38. Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги (бор) нарсани олти кунда яратдик ва Бизга ҳеч қандай чарчоқ етгани йўқ.
39. Бас, (эй, Муҳаммад!) Улар (кофирлар) айтаётган сўзларга сабр қилинг ва Қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг (намоз ўқинг)!
40. Яна кечанинг (бир қисмида) ва саждалар (намозлар) ортидан тасбеҳ айтинг!*
* Ушбу ва олдинги 39-оятларда беш вақт намознинг вақтларига ишорат бордир. Масалан, "қуёш чиқишидан илгари" жумласи бомдод намозининг вақтига, "ботишидан аввал" жумласи пешин билан аср намозларининг вақтлари, 40-оятдаги "кечанинг бир қисмида" жумласи шом билан хуфтон намозларининг вақтларидир (Мд.).
41. Жарчи (Исрофил фаришта) яқин бир макондан туриб жар соладиган кунда (унга) қулоқ тутинг!
42. У кунда улар (барча халойиқ) у (даҳшатли) қичқириқни чинакамига эшитурлар. Бу (қабрлардан) чиқиш кунидир.
43. Албатта, Биз (барча жонзотни) тирилтирурмиз ва ўлдирурмиз. Қайтиш эса Бизнинг ҳузуримизгадир.
44. У кунда уларнинг устидаги ер ёрилиб, (улар) шошган ҳолларида (чиқиб келурлар). Бу фақат Бизгагина осон бўлган тўплашдир.
45. Биз улар (кофирлар) айтаётган гапларни яхши билурмиз. (Эй, Муҳаммад!) Сиз уларнинг устида туриб (имонга) зўрловчи эмассиз. Бас, ушбу Қуръон билан Менинг таҳдидимдан қўрқадиган кишиларга насиҳат қилинг!