close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

062. Жумъа сураси

Сурада бир неча ғайбий маълумотлар қаторида жумъа намозининг аҳамияти, унга азон айтилганда, савдони тўхтатиб унинг сари равона бўлиш лозимлиги, Таврот ва Инжилга амал қилмаган аҳли китобларнинг мисоли ва бошқа эслатмалар ўз ифодасини топган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Осмонлардаги ва Ердаги (бор) нарса (мутлақ) Подшоҳ, (нуқсонлардан) Пок, Қудратли ва Ҳикматли бўлмиш Аллоҳга тасбеҳ айтур.
2. У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар)* орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар.
* Саводсиз, оми халқ деганда араб миллати назарда тутилган. Зеро, ўша даврда араблар ўқимайдиган, ёзмайдиган халқ бўлиб, саводхонлари жуда кам эди. Ёзувни араблар Тоиф шаҳридан, Тоиф аҳли Ҳийра аҳлидан, улар эса, Анбор (Ироқ) аҳлидан олган, дейилади (Мд.).
Араб ёзуви Пайғамбаримиз (а.с.)нинг замоналаридан бошлаб бутун ислом оламида тез суръатлар билан ривожланган.
Ўқиш ва ёзишга тарғиб этадиган оят ва ҳадисларга амал қилиш натижасида араб ёзуви ҳозирги такомиллашган шаклига келган.
3. (Аллоҳ уни) яна улардан бошқаларга – уларга етиша олмаганларга (дунёга кейин келадиган инсонларга) ҳам (юборди). У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир.
4. Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир.
5. Таврот юклатилган (берилган), сўнгра уни кўтармаган (унга амал қилмаган) кимсаларнинг мисоли худди китобларни ортиб кетаётган эшакка ўхшайди. Аллоҳнинг оятларини инкор этган кишиларнинг мисоли нақадар ёмондир. Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят этмас.
6. (Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Эй, яҳудий бўлганлар! Агар сизлар (бошқа) одамларни эмас, фақат ўзларингизни Аллоҳнинг дўстлари деб даъво қилсангиз – агар (шу даъволарингизда) ростгўй бўлсангиз – ўлимни орзу қилингиз-чи!»
7. Қўллари (билан) қилиб қўйган ишлари (Тавротга хилоф қилмишлари) сабабли ҳеч қачон (ўлимни) орзу қила олмаслар. Аллоҳ золимларни билувчидир.
8. Айтинг: «Сизлар қочаётган ўлим, албатта, сизларга йўлиқувчидир! Сўнгра сизлар яширин ва ошкора нарсаларни билувчи зотга (Аллоҳга) қайтарилурсиз. Бас, (У) сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур».
9. Эй, имон келтирганлар! Қачонки, жумъа кунидаги намозга (азон) чақирилса, дарҳол Аллоҳнинг зикри сари (имом хутбасини тинглаш учун) ҳаракатга тушингиз ва савдо-сотиқни тарк қилингиз! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (иш) ўзларингиз учун яхшидир*.
* Жумъа намози фазилатлари ҳадисларда кўп зикр этилган. Беузр унда қатнашмаслик қаттиқ қораланади. Абу Ҳанифа (рҳ.) наздида жумъа намози ўқиш учун камида тўрт киши, Абу Юсуф (рҳ.) наздида уч киши, Ҳ. Басрий (рҳ.) наздида икки киши, Имом Шофиий (рҳ.) наздида қирқ киши бўлиши шарт (Хз.).
10. Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз.
11. Қачонки, улар бирор тижоратни ёки беҳуда ишни кўриб қолсалар, ўша томонга тарқалиб кетиб, Сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк этурлар*. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (мукофотлар) беҳуда ишдан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир. Аллоҳ ризқ берувчиларнинг яхшисидир».
* Мадинада жумъа намози олдидан Расул (а.с.) минбарда хутба айтиб турганларида тижоратчилар карвони юк билан келиб қолади. Буни сезган намозхонларнинг кўпчилиги намозни тарк этиб, карвон сари кетиб қоладилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase