close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

061. Саф сураси

“Саф” – саф тортиб туриш. Сурада Мусо ва Исо (а.с.)ларнинг ўз қавмларидан озорланишлари, Муҳаммад (а.с.)ни охирги пайғамбар қилиб юборилишлари ҳақида Исо (а.с.)нинг берган башоратлари, Аллоҳ динининг ривожи учун қилинадиган ҳаракатлар тафсилоти мавжуд.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Осмонлардаги ва Ердаги (бор) нарса Аллоҳга (ҳамду санолар билан) тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир.
2. Эй, имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?!
3. Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир.
4. Албатта, Аллоҳ ўзининг йўлида гўё туташ бинолардек саф тортиб, жанг қиладиган зотларни севар.
5. Эсланг, Мусо ўз қавмига: «Эй, қавмим! Нега сизлар менга Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбари эканимни била туриб, озор берурсиз?» – деган эди. Бас, қачонки, улар (тўғри йўлдан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди. (Зотан) Аллоҳ фосиқлар (кофирлар) қавмини ҳидоят этмас.
6. Эсланг, Исо ибн Марям: «Эй, Исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман»*, – деган эди. Бас, қачонки, (Исо) уларга (пайғамбар эканига) ҳужжат (мўъжиза)ларни келтиргач, улар: «Бу аниқ сеҳр», – дедилар.
* Исо (а.с.) Исроил авлодидан чиққан пайғамбарларнинг энг охиргиси сифатида Мусо (а.с.)нинг Таврот китобидаги тавҳид дини ва шариатнинг кўп қисмини тасдиқ этган ҳолда ўзига нозил қилинган Инжил китобида охирги пайғамбар – Муҳаммад (а.с.) тўғрисида башорат берган. Расул (а.с.)нинг муборак исмларидан бири Аҳмаддир.
7. Ўзи Исломга даъват қилинаётганда (уни қабул қилиш ўрнига) Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Аллоҳ золимлар (кофирлар) қавмини ҳидоят этмас.
8. Улар Аллоҳнинг нурини (Исломни) оғизлари (беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса-да, Ўз нурини (динини) камолга етказувчидир.
9. У ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтирмаса-да, барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган зотдир.
10. Эй, имон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан қутқарадиган бир «тижорат»га далолат қилайинми?
11. (Ўша «тижорат» шуки) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига имон келтирурсиз ва Аллоҳ йўлида молларингиз ва жонларингиз билан жиҳод қилурсиз. Мана шу, агар билсангиз, ўзларингиз учун яхши (иш)дир*.
* Жиҳод ҳақида “Тавба” сураси, 88-оятга қаралсин.
12. (Агар шундай қилсангиз, Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ҳамда сизларни остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга ва абадийлик боғларидаги покиза масканларга киритур. Бу эса улкан ютуқдир.
13. (Аллоҳ сизларга) яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлажак ғалаба ва яқин(да рўй берувчи) фатҳдир*. (Эй, Муҳаммад!) Мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!
* У Макка фатҳидир. Бу воқеа ҳижратнинг саккизинчи йили рўй берди. Макка аҳли қуролли тўқнашувсиз ўз ихтиёри билан исломга кирди.
14. Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлингиз! Худди Исо ибн Марям ҳаворийларга: «Аллоҳга (яъни унинг динига даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчиларим бўлур?» – деганидек. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз». Бас, Исроил авлодидан бир тоифа (Исога) имон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Бас, Биз имон келтирган зотларни душманларидан кучли қилдик, бас, улар ғолиб бўлдилар.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase