097. Қадр сураси
- Чоршанба, Авг 03 2022
- 167 марта кўрилди
“Қадр” сўзининг турлича маънолари бор. Жумладан қадр-қиммат, ўлчов, миқдор. Бу ерда буларнинг ҳар бири тўғри келаверади. Зеро, бу кечанинг қадр-қиммати минг ойдан улуғлиги ва бу кечада бир йиллик ишлар ўлчаниб, режалаштирилиши бунга далилдир.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик.
2. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?!
3. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир*.
* Бу улуғ кеча Рамазон ойининг 27-кечаси эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расул (а.с.)дан уни аниқлаб айтиб беришларини кўп сўраганларидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигида, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27 кеча экани маълум бўлган (Бғ.).
4. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар.
5. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир.