069. Ал-Ҳаққоҳ сураси
- Шанба, Июл 30 2022
- 257 марта кўрилди
Маккада тушган, 52 оятдан иборат
Ушбу сура Маккада Мулкдан кейин тушган етмиш еттинчи сурадир. Номи биринчи оятдан олинган бўлиб, «ал-ҳаққоҳ» ҳақиқатан содир бўлувчи, муқаррар воқеълик маъноларини англатади ва бу қиёмат номларидан биридир. Ал-Ҳаққоҳ ҳам барча маккий суралар каби ақида ва имон масалалари хусусида сўз юритади. Унда қиёмат кунининг ҳақлиги ва даҳшатлари, мўминларнинг амал китоблари ўнг қўлдан, гуноҳкор ва куфр келтирганларники эса чап томонларидан берилиб, ўзлари хору зор бўлишлари, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг илоҳий каломи экани, ширк ва куфр эгалари иддао қилаётгани каби уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўқиб чиқармаганлари, чунки у зот бу туҳматлардан йироқ, Аллоҳнинг танлаб олган омонатдор бандаси эканлари васф этилади. Сурада бундан олдин ўтган Од, Самуд, Лут, Фиръавн, Нуҳ қавмларининг итоатсизлик ва инкорлари туфайли учраган балолари, уларнинг оқибати нима билан тугагани эслатилиб, инсонлар охират ҳаётида қаттиқ азобга учрамаслик учун унга ишониб, тайёргарлик кўришга чақирилади. Сурада Пайғамбар алайҳиссалом умматга етказаётган Қуръони карим Аллоҳнинг илоҳий Каломи, тақво эгалари учун насиҳат экани, у ишончга сазовор бўлмаган шоирлар сўзи ҳам, эътиборга эга бўлмаган фолбинлар сўзи ҳам эмаслиги таъкидланади.
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан)
1. Ал-ҳаққоҳ.
Бу сўз луғатда «шубҳасиз ҳақиқат, муқаррар воқеълик, албатта бўладиган иш» маъноларини билдиради. «Ал-ҳаққоҳ» қиёмат номларидан биридир. Ҳақиқатан, Қиёмат албатта содир бўладиган, келиши аниқ бўлган, бунга асло шубҳа қилинмайдиган муқаррар ҳақиқат кунидир. Бу кунда барча ёлғон ва алдовлар фош бўлади, пинҳон тутилган сирлар очилади, савоб-гуноҳлар тарозига қўйилади, адолатли ҳукм жорий бўлади, мутлоқ ҳақиқат қарор топади.
2. У недир?
«Ал-ҳаққоҳ» нимадир? У қиёмат номи бўлса, қиёмат қачон, қандай қилиб, қай кўринишда содир бўлади? У куннинг ҳақиқати ва сифатларини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди, ҳеч кимга бу борада билим ё далил берилмаган. Бу Аллоҳ таолонинг ғайбий (яширин) сирларидандир. Аммо инсонлар ўшал Куннинг даҳшатию оғир ҳолати, шиддатию ва қўрқинчли сифати ҳақида ўйламай ғафлатда юришибди. Буларни билишганида Аллоҳга итоатсизлик қилмаган, оғир гуноҳларга ботмаган, жаннат боғларидан дўзах оташини афзал кўрмаган бўлишарди.
3. (Эй Муҳаммад), унинг нималигини билмайсиз!
Эй суюкли Пайғамбарим Муҳаммад (алайҳиссалом), «Ал-ҳаққоҳ»нинг нималигини билмайсиз, қаердан ҳам била олардингиз, ахир у махлуқот илми доирасидан ташқаридаги нарса-ку!
Аллоҳ таоло бу ерда Ўз Ҳабибини билмасликда айблаётгани йўқ! Балки қиёмат, ўлгандан кейин қайта тирилиш, жаннат ва дўзах, инсондаги руҳ, қабр ва барзах ҳаёти каби ғайбий нарсаларнинг илми ва сифатини фақатЎзи билишини, бу ҳақда бандаларига умумий тушунчалардан ташқари кўп нарсани очмаганини таъкидламоқда. Яҳё ибн Салом (раҳматуллоҳи алайҳ): «Қуръонда «Вама адрока» (билмайсиз) деб келган ҳар бир нарсани Аллоҳ таоло Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўргатган ва билдирган, чунки булар Пайғамбар алайҳиссалом билмайдиган нарсалар эди», деган. Суфён ибн Уяйна ҳам шу маънода фикр айтган.
4. Самуд ва Од «Қориъа»ни ёлғон дейишди.
Шу оятдан бошлаб Аллоҳ таоло Пайғамбарларига итоат қилмай, у зот келтирган ваҳий-огоҳлантиришларни инкор этган, қиёмат, ўлгандан кейин қайта тирилиш каби хабарларга «олдингиларнинг афсоналари» деб ишонмай юрган Макка мушриклари ва куфр келтирганларга пайғамбарларни ёлғончига чиқарган қанча қавмларни ҳалок этгани ҳақида хабар беради.
Ояти каримадаги «Қориъа» Қиёмат номларидан бири бўлиб, «қаттиқ қоқиш, бонг уриш, ғафлатдагиларни уйғотиш» маъноларини билдиради. Қуръони каримнинг 101-сураси шу ном билан аталган. Қиёмат инсонлар ва бошқа махлуқлар дунёсига қаттиқ эшик қоқиб, бонг уриб, бирданига келади. Ер юзидаги ҳаёт бир зумда тўхтайди, тартиб-низомлар бузилиб кетади, ҳамма нарса таг-туги билан остин-устун бўлади. Дунё ҳаётида қилинган ҳар бир амал, ҳар бир яхшилик ва ёмонлик адолат мезони билан ҳисоб-китоб қилинадиган даҳшатли Кун албатта келади.Икки дунё саодатини бой берган бадбахт Самуд ва Од қавмлари қийматни ёлғон дейишди, пайғамбарлари огоҳлантиришларини ҳам назарга илишмади. Уларнинг оқибати нима билан тугаганини бир эсланг, эй маккаликлар! Ҳаммаларига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган балолар келиб, Ер юзидан йўқ қилиб юборди. Нега бундай далиллардан ибрат олмайсизлар, кўзларингини очмайсизлар, ҳидоят йўлига ўтмайсизлар? Аллоҳ таоло уларни қаттиқ жазолаган бўлса, уларнинг қилмишларини қайтариб, сизлар омонда қоламиз, деб ўйлаяпсизларми?
5. Шунда Самудни қарсиллаган овоз йўқ қилди.
Ояти каримада зикри келган Самуд қавми ҳам Од каби Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига итоат этмаган ва охир-оқибат ҳалок бўлган. Самуд қавми Ҳижознинг Водил Қуро деган ерида яшаб ўтган. Олимлар тахминига кўра, «Қуръонда зикр этилган Ҳижр халқи билан Самуд қавм аслида бир қавмдир. Чунки Самуд «Асҳоби Ҳижр» деб ҳам аталган. Олдинги пайғамбарлар олиб келган тавҳид динидан адашиб, ўзларига сохта «илоҳ»лар топиб олган бу қавмга Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди, аммо саркаш қавм унга бўйсунмади. Солиҳ алайҳиссалом ҳурмати баланд, обрўли киши эди, қавми уни ҳурматларди. У инсонларни Ҳақ йўлга чақиришни бошлаши билан вазият ўзгарди. Қавм унга қаршилик кўрсата бошлади. Жуда озчиликкина Солиҳ алайҳиссаломга эргашди. Имон келтирмаган бой-бадавлат, аслзода кишилар пайғамбарга зулм ўтказишга уринишди. Аллоҳдан ва ҳазрати Солиҳнинг пайғамбарлигидан шубҳаланаётган қавмнинг бир қисми Солиҳ алайҳиссаломни очиқ-ойдин инкор этгани етмагандек, бошига келаётган бало-офатларга пайғамбар ва унга эргашганларни сабачи қилиб, ҳазрати Солиҳни ўлдиришга Аллоҳ номи билан қасам ичди. Лекин улар режаси амалга ошмади: Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини мушриклар фитнасидан асраб қолди. Солиҳ алайҳиссалом осий қавмни бир неча бор огоҳлантирганди, ҳатто Аллоҳ таолодан уларга бир мўъжиза келтиришни сўради. Шунда ҳам озчиликни истисно қилганда, қавм имонга келмади. Ҳеч қандай панд-насиҳат кор қилмаётганини кўрган солиҳ алайҳиссалом қавмига уч кундан сўнг ҳалок этилиши, шу муддат ичида тавба қилиб қолиш кераклиги хабарини берди. Аллоҳ таоло имон келтирмаган қавмни даҳшатли овоз билан ҳалок этди» («Ana Britannica», 19-жилд, 232-бет).
Ояти каримадаги «тоғия» сўзи «ҳаддан ошувчи, кучли овоз» маъноларини билдиради. Муфассирлар буни ҳаддан ортиқ кучли ҳайқириқ, қарсиллаган чақмоқ ва момақалдироқ, шовқин билан бўлган даҳшатли зилзила, деб тафсир қилишади. Демак, имонга келмаган Самуд қавмини Аллоҳ таоло жуда қаттиқ азоби билан жазолаган.
6. Одни эса даҳшатли бўрон ҳалок этди.
Од Нуҳ алайҳиссаломнинг эвараси Авснинг ўғлидир, Авснинг отаси Эрам бўлган (Ибн Жарир Табарий). Тарихчи ва муфассирлар бу қавмни «Биринчи Од» ва «иккинчи Од» дея иккига ажратишган. Ҳазрати Ҳуд пайғамбар этиб юборилган қавм Биринчи Оддир. Олимлар ёзишича, Од қавми яшаган жойлар Уммон ва Хазрамавт оралиғида, ҳозирги Ямандадир. Од қабиласининг ҳукмдори Шаддод исмли киши бўлиб, халқига ўзини Худо деб танитганди. Жаннатга қиёс қилиб бир боғ барпо қилдирган, унга «Боғи Эрам» деб ном ҳам қўйган эди (Афиф Абдул Фаттоҳ Таббора. «Маъал анбиё фил-Қуръанил карим», Лубнон, 86-бет). Қуръони каримда: «Ҳақиқатан У олдинги Одни ҳалок этди», дейилган (Нажм, 50). Қуръони карим баёнига кўра, Од қавми муҳташам саройларга, беҳисоб мол-дунё, кўплаб чорва ҳайвонлари, ўхшаши йўқ боғларга, зилол сувли булоқларга эга эди. Шу сабабли у ғурур ва кибрга берилиб, бут-санамларга, ҳукмдор Шаддодга сиғинди. Ўзига зулм қилиб, Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбари Ҳуд алайҳиссалом даъватларига қулоқ солмади. Ҳаддан ошиб, камбағал ва ночор кишиларга зулм ўтказа бошлади. Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиш ўрнига куфрони неъмат бўлди, имонга келмади. Аллоҳ таоло қавмни огоҳлантириш учун жазо ўлароқ бир муддат ёмғирни тўхтатиб қўйди. Од фахрланадиган машҳур Эрам боғлари қуриб, йўқ бўлди, ажойиб булоқларининг суви ерга сингиб кетди. Шунда ҳам нодон қавм имонга келиш ўрнига бутпарастлигидан кечмади. Аллоҳ уларни қаттиқ жазолади. Қавм яшаётган водийга қора булутларни юборди. Улар узоқ давом этган қурғоқчиликдан қутулдик, мана, ёмғирли булутлар ҳам келяпти, дея севинишди. Аммо қутурган, ўта совуқ, овози ва қўрқинчи даҳшатли бўрон ҳаммаларини ҳалок қилди.
7. Аллоҳ уни етти кечаю саккиз кундуз бетўхтов ҳукмрон қилиб қўйди. Тўнтарилган чирик хурмо дарахтлари каби уларнинг чўзилиб ётганини кўрардингиз.
Аллоҳ таолонинг амри билан бу изғиринли, жон ачитувчи бўрон етти кечаю саккиз кун давом этди. Парвардигорнинг бу балосидан бирор тирик жон омон қолмади. Ҳамма ерда ўликлар худди танаси чириб-қулаган хурмо дарахтлари каби чўзилиб ётарди. Ҳуд алайҳиссалом ва унга имон келтирган мўминларгина бу фалокатдан қутилиб қолишди. Гуллаб-яшнаган водийда ҳувиллаган, кимсасиз уй-жойларгина кўзга ташланар эди.
8. Улардан бирортаси омон қолганини кўрдингизми?
Аллоҳ таолонинг бало-офатларидан бирор жон қочиб қутула олмайди, жонини асраб қололмайди. «Ҳўлу қуруқ – баробар», дейилганидай Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишилардан ташқари ҳаммани баробар жазолайди. Сабаби, гуноҳкорларни қилган маъсиятлари учун жазолайдиган бўлса, бошқаларни эса уларни ёмон ишлардан, итоатсизликдан қайтаришмагани учун азоблайди.
9. Фиръавн ҳам, ундан олдингилар ҳам, яксон шаҳардагилар ҳам гуноҳ қилишганди.
Фиръавн Миср ҳукмдорларининг умумий номи бўлиб, тарихда бир неча фиръавнлар яшаб ўтган ва улар Юсуф, Яъқуб, Исҳоқ ва Иброҳим (алайҳимуссалом) динларида бўлишган. Аммо Мусо алайҳиссалом замонида ҳукмронлик қилган фиръавн Волий ал-Валид ибн Мусъаб (тарихий номи Рамзес Иккинчи) бошқаларига қараганда қалби қора, нияти бузуқ, эътиқодсиз, Бани Исроил қавмига нисбатан адовати кучли, ўта миллатчи ва ҳатто Худолик даъвосини қилган золим кимса эди. Бунинг устига унинг коҳинлари Бани Исроилда туғилажак бир бола уни ағдариши башоратини берганди. Шунинг учун жоҳил Фиръавн Бани Исроил қавмига қаттиқ адоват сақлаб, улар бошига кўп кулфат ва хунрезликлар солди («Тарихи Табарий», 1-жилд, 272-бет). Мусо алайҳиссалом фиръавн зулмидан Бани Исроилни ҳимоя қилганида, у қавмни қаттиқ қийноқ-азобларга солди, кўпларни қиличдан ўтказди. Охири юртдан бош олиб кетаётган қавмни ўлдириш ниятида таъқиб қилиб борганида Аллоҳ таоло фиръавн ва унинг лашкарини денгизга ғарқ қилди, Мусо алайҳиссалом етакчилигидаги Бани Исроилни қутқарди.
Фиръавндан олдин ўтган қавмлар ҳам куфр ва ширки, Аллоҳ таолога ва Унинг пайғамбарларига итоатсизлиги туфайли Унинг қаттиқ азоби ва жазосига гирифтор бўлишган. Масалан, пайғамбар Нуҳ алайҳиссалом қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этди, акс ҳолда ўзларини қаттиқ жазо кутаётгани ҳақида огоҳлантирди. Аммо гумроҳ қавм пайғамбарининг куйиб-пишиб қилган даъватларига қулоқ солмади, аксинча, уни ёлғончига чиқарди. Шунда улар Аллоҳ таолонинг ҳукми илоҳийсига кўра, кучли тўфон ичра ғарқ қилиб юборилди. Од қабиласига пайғамбар этиб юборилган Ҳуд алайҳиссалом қабиладошларини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирди, турли бутларга сиғинишдан қайтарди. Лекин Од қавми куч-қудратига мағрурланиб, Ҳуд алайҳиссаломни калака қилди. Оқибат Аллоҳ уларга қаттиқ қурғоқчилик азобини юборди. Бунинг устига бепуштлик дардига дучор қилди. Од қавми шу тариқа ҳалокатга учраб, йўқ бўлиб кетди. Исёнкор Самуд қабиласи ҳам итоатсизлиги ва куфри учун умрида эшитмаган даҳшатли ва кучли қичқириқдан турган жойида тутдек тўкилиб, ҳалокат топди. Иброҳим алайҳиссалом ҳам қавмини ёлғиз Аллоҳга сиғинишга, Унинг амрига итоат этишга даъват қилди, бутларни синдириб ташлади. Аммо жаҳолатга ғарқ бўлган қавм унга қулоқ солиш ўрнига Иброҳимни ўтда куйдиришга қарор қилди. Золим ва жоҳил қавмга катта азоблар юборилди, подшоҳ Намрудга эса тузалмас бош оғриғи берилиб, ўша билан жони олинди ва дўзахий бўлди.
Ояти каримадаги «муътафикат» сўзи «яксон қилинган, тўнтариб урилган» маъноларини англатади. Таги-туги билан яксон қилинган Садўм ва Ғамура шаҳарларида (ҳозирги Ўлик денгиз ўрнида) Лут алайҳиссалом қавми яшаб ўтган. Бу қавм бут-санамларга сиғинишдан ташқари ахлоқан бузуқлик, қароқчилик билан ном чиқарган эди. Бундан-да даҳшатлиси, энг жирканч одат – ливота (бесоқолбозлик) касалига мубтало бўлганди. Залолатга ботган қавмни ҳидоятга бошлаш учун Лут алайҳиссаломнинг барча ҳаракатлари бесамар кетди. Қавм тузалиш ўрнига баттар бузуқлик, жирканч ишларга рўжу қўяверди. Охири бузуқ қавм устига Аллоҳнинг балоси ёғилди. Шаҳар бир кечада остин-устун бўлиб кетди, осмондан ёғилган сопол-тош парчалари остида бирон тирик жон омон қолмади. Юқоридаги мисоллар шуни англатиб турибдики, қайси қавм Аллоҳга ва пайғамбарларига осийлик қилса, Парвардигорининг амр-фармонларидан чекинса, куфр, ширк, гуноҳ ботқоғига ботса, Унинг жазо ва азоби муқаррардир! Янги тарихда кечган жуда кўп балолар (масалан, бир неча аср олдин Италиядаги бузуқ Помпея шаҳрининг бир кечада Ер юзидан йўқ қилингани, милодий йигирма биринчи аср бошида Жанубий-шарқий Осиёда бўлган кучли довул ва тўфон кабилар) ҳам инсонларга жиддий огоҳлантиришдир.
10. Парвардигорларининг пайғамбарига итоатсизлик қилишганида У қаттиқ жазолади.
Ҳазрати Мавлоно Румий айтади: «Шамолнинг Од қавмига нималар қилганини кўрмадингми? Сув ва тўфоннинг Нуҳ қавми бошига қандай кунлар солганини эшитмадингми? Денгизнинг Фиръавнни қандай ҳалок қилганинию, Қоруннинг ер тагига қандай кўмилганини-чи? Абобил қушларининг Фил қўшинларига нелар қилганини, тангрилик даъвосини қилган Намруд бошини миттигина чивин еганини-чи? Лутнинг ахлоқсиз қавми устига тошлар қандай тушганини ва уларнинг зулматда сувга ғарқ қилинганини билмайсанми?» («Маснавий боғчасидан бир кўза сув», 140-бет). Тарихдан маълумки, дунё яралганидан буён Ер юзида яшаб ўтган қавмларнинг жуда озини истисно қилганда, деярли ҳаммаси Аллоҳ таолонинг амр-фармонларидан юз ўгирган, Унинг пайғамбарларини ёлғончига чиқариб, итоатсизлик қилган. Оқибатда турли азобларга гирифтор бўлган. Аллоҳ таоло айтади: «Биз ҳар бирини ўз гуноҳи билан тутдик. Улар орасида устига Биз тош ёғдирганлар ҳам, даҳшатли қичқириқ тутганлар ҳам, Биз Ерга ютдирганлар ҳам, Биз сувга чўктирганлар ҳам бордир. Аллоҳ уларга зулм қилмади, балки улар ўзларига зулм қилишди» (Анкабут, 40). Гуноҳлар, ёмонликлар боис бундай жазолаш Аллоҳ таолонинг ўзгармас қонунидир. Гуноҳ барча ёмонликлар сабабчиси, тавба ва истиғфор барча яхшиликлар йўлидир. Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): «Қандай бало келган бўлса, фақат гуноҳ ва ёмонлик сабабидан тушган, қайси азоб кўтарилган бўлса, тавба орқали кўтарилган», деганлар.
11. (Эй инсонлар), сув тошганида Биз сизларни кемага чиқардик;
12. сизларга эслатиш ва эшитувчи қулоқлар англаши учун.
Эй инсонлар, эсланг, дунёни сув босиб, тўфон бўлганида Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга эргашган итоаткор қавмни бир кемага чиқариб, тўфон балосидан, сувга ғарқ бўлиб, ҳалокатга учрашдан асраб қолган. Бу сизларга охиратни эслатиш ва бу қиссаларни қулоқларингиз эшитганида огоҳ бўлиб, ибрат олишингиз учундир. Ким Аллоҳга ишониб, Унга итоат этса, Парвардигор балоларидан омонда бўлади, ким Унга осийлик қилиб, амрларидан чекинса, уни ҳеч ким жазодан қутқариб қололмайди.
Нуҳ алайҳиссалом қиссаси Қуръони каримнинг йигирма саккиз сурасидаги қирқ уч оятда зикр этилган. «Нуҳ алайҳиссалом илк пайғамбар Одам (алайҳиссалом) вафотидан 126 (баъзи манбаларда 146) йил кейин Бобилнинг (Ироқ) ҳозирги Куфа шаҳри яқинида дунёга келган. У киши пайғамбар этиб юборилган қавм бутпарастлик, шаробхўрлик, зинокорлик каби фаҳш ишларга муккасидан кетган эди. Ваҳоланки, Одам ва Нуҳ замонлари орасида одамлар солиҳ, якка Тангрига сиғинувчи ибодатли кишилар бўлган эди. Нуҳ алайҳиссалом залолатга тушган қавмни инсофга, диёнатга чаиқрди, аммо фойдаси бўлмади» («Тарихи Табарий», 1-жилд, 122-бет). Шунда Нуҳ алайҳиссалом ва унга эргашган бир гуруҳ кишиларни ҳамда жонзотлардан бир жуфтданини Аллоҳ таоло улкан бир кемага чиқариб қутқариб қолди ва қолган барча гуноҳкорлар устига тўфон балосини юбориб, сувга тамоман ғарқ қилди. Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло мушрикларга тўфон воқеасини эслатиб, эшитган қиссалардан ибрат олиш, залолатдан ҳидоятга юз буришга чақирмоқда.
Бурайда айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алига бундай дедилар: Мени Аллоҳ албатта сени (ўзимга) яқинлаштиришга, узоқлаштирмасликка, таълим беришга, сени эса эшитишга ва англашга буюрди. Сенинг англашинг Аллоҳ устидаги ҳақдир». Шунда мазкур оят туширилди.
13. Сур бир марта пуфланганида;
Қиёмат Исрофил алайҳиссаломнинг биринчи бор сур чалиши билан бошланади.
14. еру тоғлар кўтарилиб, бир ҳамлада силкинганида;
15. Ана ўшанда қиёмат бўлади.
Қиёмат манзаралари жуда даҳшатли: биринчи сур (улкан бурғу) чалинганида қиёмат куни бошланади. Ўшанда бутун Ер кураси бир ҳамла билан ларзага келиб силкинади. Энди бир тасаввур қилинг: ҳозирги пайтда бир минтақанинг бир чеккасида кучсизгина зилзила бўлиб қолса, қанча вайронгарчиликлар келтириб чиқаради, қанчалаб одамларнинг умрига зомин бўлади. Энди бутун Ер устидаги тоғлари, шаҳар-қишлоқлари билан бир ҳамлада силкитилса, нима ҳолат рўй беради? Аллоҳ асрасин, буни ҳатто тасаввур қилиш ҳам қўрқинчли.
Ислом ақидасига кўра, мўмин-мусулмон киши охират, яъни Қиёмат кунига ишонади, бу имон шартларидан биридир. Охиратга ишониш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда охират ҳақида келган барча нарсаларга: қабрда икки фариштанинг савол қилишига, қабр азоби ва неъматига, охират куни олдидан бўладиган аломатларга, қайта тирилиш ва ҳамманинг тўпланишига (ҳашр), номаи аъмоллар берилишига, банданинг савоб-гуноҳи ҳисоб қилинишига, мезонга (тарози), ҳавзга (Кавсар), сиротга, шафоатга, жаннат ва дўзахга, уларнинг аҳлларига ҳозирланган неъмат ва азобларга ишониш демакдир. Қиёмат фаришта Исрофил алайҳиссаломнинг биринчи сур тортишлари, яъни бурғуга ўхшаш карнайни пуфлаб чалишлари билан бошланади ваш у тариқа дунё ҳаёти поёнига етади.
«Осмонлару Ердаги бор жонзотни жонсиз этувчи бу биринчи нафха (сур чалиш) дан фақат Аллоҳ хоҳлаган баъзи яқин фаришталаргина тирик қолади. Лекин Аллоҳ таоло «Куллу манн алайҳа фан» калимаси ҳақлигини кўрсатиш учун сўнг уларнинг ҳам жонини олади. Сўнг Аллоҳ таоло сур эгаси Исрофил алайҳиссаломни тирилтириб, сурни яна чалишни буюради. Сурга иккинчи бор нафха урилгач, ҳамма қайта тирилади» (Муҳаммад Саламат Жабар. «Қиёматнинг аломатлари», Тошкент, 2003, 77-бет).
16. Заифлашиб қолган осмон ёрилади.
Еру тоғлар силкиниши билан ваҳимали соатлар тугамайди, қиёмат шиддатидан осмон ҳам ўзини тутолмай қолади. Кучсизланиб, мустаҳкамлигини йўқотган осмон ёрилиб кетади, эриган мисс каби оқиб тушади. Миллионлаб йиллар бир маромда ҳаракатланиб турган коинот тизими ҳам издан чиқади.
17. Фаришталар чор атрофда туришади, ўша Куни Парвардигор Аршини саккизтаси кўтариб туради.
Арш азамат, салтанат, моликлик маъноларини билдиради, баъзи олимлар уни Аллоҳ таоло яратган махлуқотнинг энг каттасидир, дейишган. Ақида китобларида келишича, Арш оёқли бир тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб туради. Арш махлуқотлар шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ, уни фақат Ўзи билган ҳикмат билан яратган. Аршга ишонамиз, аммо унинг ҳажми, кайфияти, сифатини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Қиёмат қойим бўлгач, фаришталар Аллоҳ таолонинг амрига мунтазир бўлиб, осмон атрофида саф тортиб туришади. Ана ўша кунда барча фаришталар устида улардан саккизтаси Аллоҳнинг Аршини кўтариб туради. Саълабийдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта Аршни кўтариб турувчилар бугун тўрттадир, қиёмат бўлганида Аллоҳ таоло уларни яна тўрттаси билан қувватлантиради ва улар сони саккизтага етади», деганлар. Бошқа бир ривоятда эса: умумий сонини фақат Аллоҳ биладиган саккиз саф фаришта кўтариб туради, дейилган.
18. Ўша Кунда Аллоҳга рўпара қилинасизлар, бирорта ҳам сирингиз яширин қолмайди.
Мўминлар хурсандчилиги мукаммал бўлган, куфр келтирганларга азоб кучайтирилган Қиёмат куни бандалар қилган амаллари ҳисобини бериш учун (гарчи улар Парвардигорларини кўришмаса ҳам) Аллоҳ таолога рўпара қилинадилар. Буни махлуқотларнинг бир-бирларига юзма-юз бўлишига ўхшатиб бўлмайди, чунки Аллоҳ таоло ҳеч нарсага ўхшамайди, Унинг жамолини кўриш ҳисоб пайтида эмас, балки бандалар жаннатга кирганидан кейин Ўзи ирода қилган вақт ва ҳолатда бўлади.
Аллоҳ таолога бирор кимсанинг ҳам гап-сўзи, қилган ишлари махфий қолмайди, чунки У барча сир-асрорларнинг, ҳамма ошкор-яширин нарсаларни билувчидир. Собит ибн Ҳажжождан ривоят қилинади: «Умар (розийаллоҳу анҳу): «Ҳисоб қилинишингиздан олдин ўзларингни ҳисоб қилинглар, ўлчовингиздан олдин ўзларингни ўлчанглар. Албатта эрталик ҳисобда сизларга енгил бўлиши бугун ўзингизни ҳисобга тортишга ва катта учрашувга (қиёматга) тайёргарлик кўришингизга боғлиқ», деганлар» (Ибн Абуд-Дунё ривояти)
19. Кимга амаллар китоби ўнг томондан берилса: «Менинг китобимни ўқиб кўринглар», дейди.
Ҳар бир кишининг қилган иш-амаллари унинг икки тарафидаги фаришталар (кироман котибийн) томонидан ёзиб борилади. Қуръони каримда: «Биз қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўпара қилинадиган бир китобни (номаи аъмолни) кўрсатамиз» (Исро, 13), дейилган. Бандаларнинг номаи аъмоллари – уларнинг тоат ва гуноҳлари ёзилган китобнинг ҳақлигига ишониш Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг бир қисмидир. Қиёматда мўминларнинг номаи аъмоллари ўнг томонларидан, кофирларнинг номаи аъмоллари эса орқа ва чап томонларидан берилиши ҳақдир. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: «Ана энди кимнинг номаи аъмоли ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак. Ва ўз (жаннатдаги) аҳли-оиласига жол-хуррам ҳолда қайтажак (Иншиқоқ, 7-9). У дунё ҳаётидаги яхши иш-амаллари ёзилган китобидан фахрланиб, ҳаммага кўрсатгиси, ўқитгиси келади.
20. «Ҳисоб-китоб қилинишимга албатта ишонардим».
Чунки у қиёматда буларнинг ҳаммаси адолат тарозисига (мезон) қўйилиб, ҳисоб-китоб қилинишига ишонар эди. Инсоннинг барча яхшиёмон ишлари қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида, ҳамманинг гувоҳлигида ҳисобга тортилади. Ҳисобнинг ҳақлигига ишониш ҳам Аҳли сунна ва жамоа ақидасига кўра ҳақдир. Мўмин киши бандаларнинг барча амаллари ҳисоб қилиниб, яхши ишларга мукофот (яъни, жаннат ва Парвардигор жамоли), ёмон, гуноҳ ишларга жазо (дўзахдаги абадий қийноқ) берилишига ишонади.
21. Энди у тилаган ҳаётидадир.
Мана энди мўмин киши дунё ҳаётида орзу қилган, интилган, шу йўлда яхши ишлар қилиниб, савоблар кўпайтирилган ҳаётига эришди. Энди у жаннат боғларида фаровон ва роҳатбахш ҳаёт кечиради, Аллоҳни рози қилиш йўлидаги интилишлари ва ҳаракатлари эвазига Унинг жамолига мушарраф бўлади. Инсон учун бундан-да шарафли, бундан ҳам орзиқиб кутилган мукофот бўлиши мумкинми?!
22. Юксак жаннатдадир;
«Мухтасар фиқҳул Исламия» китобида Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абдуллоҳ Тувайжирий нақл қилишича, жаннат зотида битта бўлса ҳам, исмлари бир нечтадир. Булардан машҳурлари: Жаннат, Фирдавс, Адн (эшиклари ланг очиқ), Хулд (мангу), Наъим (ноз-неъматга тўла), Олия (юксак), Дорус-салом (тинчлик диёри), Дорул-охира (Охират диёри), Дорул-муттақийн (тақволилар диёри), Дорул-муқомаҳ (мангу диёр), Равза (боғ), Маъво, Туба, Фазл, Ямин ва бошқалар. Олия сифатининг кўринишларидан бир шуки, унда жаннатийлар қайси мевага қўл узатишса, дарахтлар эгилиб туради, мевасини узишга асло қийналишмайди.
23. мевалари қўл етгудай.
24. Унга: «Ўтган кунлардаги амалларинг эвазига еб-ичавер», дейилади.
25. Китоби чап томондан берилган айтади: «Қанийди, китобим берилмаганида эди»;
Қуръони каримда номаи аъмоли чап (орқа) томонидан бериладиганлар ҳақида бундай дейилган: «Энди кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, бас, у ўлимни чақириб қолажак ва дўзахга киражак. Дарвоқе, у аҳли-оиласида шод-хуррам эди-ку! У ўзининг ҳеч қачон Парвардигорига қайтмаслигига ишонар эди. Йўқ, Парвардигори уни шубҳасиз кўриб турарди» (Иншиқоқ, 10-15). Бундай кимсалар шундай ночор ва аламли ҳолга тушиб қоладики, ҳатто ўлиб, ер қаърига кириб кетишни истайди. «Қанийди, номаи аъмолим берилмасайди», дея афсус-надоматлар чекади. Аммо энди кеч, надоматлар бефойда! Китоблар битилиб, сиёҳи қуриган, илоҳий ҳукм ўқилиб бўлган! Унинг афсусига қулоқ соладиган, Аллоҳнинг азобидан қутқариб қоладиган бирор киши ёки нарса бўлмайди.
26. «ҳисоб-китобим қандай бўлишини ҳам билмасдим»;
Бундай кимсалар афсусининг поёни йўқ. Чунки улар қиёматга ҳам, охират дунёсига ҳам, ўлгандан кейин қайта тирилишга ҳам ишонмаган. Дунё ҳаётида берилган вақтинчалик муҳлатни ўйин-кулги, айш-ишрат, шод-хуррамликда ўтказган. Аллоҳ берган неъматларни бўккунича еб, асло шукрини қилмаган. Аллоҳ берган мол-давлатнинг ҳидига маст бўлиб, кибр ва манманликка берилган. Бу бойликларни ато қилган Парвардигорини унутиб, амр-фармонларини назарга илмаган эди.
27. «қанийди, қайта тирилмасам эди»;
Иймоннинг яна бир шарти ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонишдир. Аллоҳ таолонинг амри билан Исрофил алайҳиссалом иккинчи сур тортганларидан сўнг барча жонзотлар, жумладан инсонлар тирилади. Уларнинг асл жасадларига руҳлари қайтарилади ва улар қабрларидан чиқиб Маҳшаргоҳга тўпланишади ҳамда ҳисобга тортилишади.
¤лим – инсоннинг дунё µаётидаги фаолиятига нуіта іґювчи ва охират µаётининг бошланишини билдирувчи бир марра. Инсон ґлиши билан унинг охират µаёти бошланади. Мґминлар ґлимдан кейин тирилиб маµшаргоµда тґпланишларига, іилган яхши ва ёмон амаллардан µисоб беришларига иймон келтиришлари вожибдир. Амаллар Ґаі тарозуси (мезон)да тортилиб, яхши амалли, иймонлилар абадий ором-фароІат маскани – жаннатга киради, иймонсизлар ва айрим гуноµкорлар дґзахга ташланади.
Ҳақиқий мўмин ўлимдан эмас, илоҳий салтанат чиқарадиган ҳукмдан қўрқади. Ҳатто тириклигида жаннат башорати берилган буюк саҳобийлар сўзига эътибор беринг: Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу): «Кошки қушлар тумшуғи билан чўқиб юрган хурмо мевасига айлансам», деганлар. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (розийаллоҳу анҳу): Қанийди майса бўлсайдим, кошки ҳеч нарса бўлмасайдим», деганлар. Пайғамбаримизнинг покиза завжалари Ҳазрати Оиша (розийаллоҳу анҳо) эса: «Дарахт япроғига айлансам кошкийди», деганлар.
Булар Аллоҳ таолонинг ҳисобидан қўрқиб, шундай афсусда туришганида, гуноҳларга ғарқ ҳолда тавба қилмай Аллоҳга рўпара бўлган осийлар қиёматда қандай ҳолатга тушишаркин? Ушбу оятда зикр қилинганидай, номаи аъмоли чап (орқа) томонидан берилган гуноҳкор кимса қаёққа қочишни, нима қилишни билолмай боши қотган. «Қанийди, қайта тирилмаганимда эди» деб ғам-аламда қолган. Инсоннинг ҳоли шу: муҳтож ва ночорлигида Аллоҳни ўйлаб, Унга илтижо қилиб қолади. Сал аҳволи ўнгланса, ўзи истаган нарсаларни ким берганини дарров унутади. Шукр қилмай қўяди, ҳаддидан ошади. Ҳолбуки, ҳамма нарсага нуқта қўядиган ўлимни, охиратни эсласа, Парвардигорини таниган, Унинг буйруқларига итоат қилган бўларди.
28. «бойликларим ҳам ёрдам беролмади»;
29. «ишонганларим ҳам йўқ бўлди».
30. Шунда буюрамиз: «Уни ушлаб, кишанланг!»;
31. «дўзахга ташланг!»;
32. «етмиш қулочли занжирга боғланг!».
33. Чунки у буюк Аллоҳга ишонмаганди.
34. Қашшоққа таом беришга рағбатлантирмаган эди.
35. Бугун бу ерда унга бирор дўст ҳам йўқ.
36. Йирингдан бошқа бирор емиш ҳам йўқ.
37. Буни эса гуноҳкордан бошқаси емас.
Биз «гуноҳкор» дея таржима қилган оятдаги «хотиун» сўзи бир ишнинг очиқ гуноҳлигини билатуриб, қасддан уни қилган кимсага нисбатан қўлланилади. Қасддан, билиб туриб ҳам гуноҳ қилиш Аллоҳ таолонинг ғазабини келтиради, бундай кимсага энг қаттиқ жазони беради, уни дўзахга ташлайди. У ерда гуноҳкорнинг емиши фақат йиринг, зардоб каби кўнгил айнитувчи нарсалар бўлади. Лекин билмай гуноҳ қилганлар авф этилади.
38. Кўраётганларингизга қасам;
39. Кўрмайдиганларингизга ҳам қасам.
40. Ҳақиқатан у мукаррам элчининг сўзидир.
Бу ояти каримада Қуръони каримни мукаррам элчи Муҳаммад алайҳиссалом сўзи, деб у зотга нисбат берилиши Сарвари олам илоҳий каломни тиловат қилувчи, инсонларга етказувчи эканликларига ишорадир. Оятдаги «Расул» сўзининг накра ҳолда келиши Қуръони карим айнан Пайғамбарнинг ўз сўзи эмаслигини англатади. Уламолар фикрига кўра, Пайғамбаримизнинг оятда мукаррам (карамли) сифати билан васф этилишларида ҳам у кишининг ўта омонатдорлигига ишора бордир. Маълумки, пайғамбарлар (алайҳимуссалом) Аллоҳ таоло томонидан ўзларига топширилган рисолатни катта омонатдорлик билан, бирор ҳарфини ўзгартирмай, қолдирмай умматларга етказишади. Қуръони каримни ҳам оламлар Парвардигори Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали Ислом умматига туширганини, агар мабодо у зот бу омонатга хиёнат қилгудай бўлсалар дарҳол жазолашини билдирмоқда.
41. Шоир сўзи эмас, сизлар ишонмайдиган.
Оятда айтиляптики, эй куфр келтирганлар ва мушриклар, Қуръон сўзлари сизлар ўйлаётгандек шоирлар сўзи эмас. Уни сизларга етказаётган Пайғамбарда шоирлик иқтидори у ёқда турсин, ҳатто ўқиш-ёзишга имкон берувчи савод ҳам йўқ. Наҳот шуни кўриб-билиб туриб ҳам у сизларга етказаётган ваҳийлар Бизнинг ҳузуримиздан эканига ақл-фаросатларинг етмаётган бўлса?! Чунки шоирлар сўзида ҳақиқат кам бўлади, улар кимларгадир ёқиш, кимларнидир рози қилиш учун ёлғон ва таги йўқ гапларни ёзишади. Гапларини исботлаш учун муболаға ва бўрттиришларга боришади. Қуръони карим эса бундай ёлғон-бўрттирмалардан холи, Аллоҳнинг ожиз қолдирувчи чин каломидир. Маккалик мушриклар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тиловат қилиб берган оятларга ишонмас, булар шоир ё фолбинлар сўзи, демак, Муҳаммаднинг ўзи ҳам шоир, фолбин бўлса керак, деб Қуръон ҳукмларини инкор қилишар эди. Бундайлар барча замон ва маконларда бўлган. Баъзи нарсаларга ишонса, баъзисига ишонмайди. Масалан, бундайлардан Еру осмонни ким яратган, деб сўрасанг, иккиланмай «Аллоҳ» дейди. Қуръонни ким туширган, десанг, ўйлаб ўтирмай «Муҳаммад (алайҳиссалом) ёзган», дейди. Исломда бир ҳақиқатга ишониб, иккинчисини рад этиш йўқ. Бундайлар асло мусулмон саналмайди.
42. Фолбин сўзи ҳам эмас, эътиборга олинмайдиган.
Қуръони карим ақлли одамлар эътиборга олмайдиган фолбин сўзлари ҳам эмас. Фолбинлар ғайбий, келажакда содир бўладиган ҳодисаларни айта олиш ва одамлар тақдирини ўзгартира олиш даъвосидаги алдамчи ва ёлғончилардир. Ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Одамлар Расулуллоҳдан фолбинлар ҳақида сўрашди. «Улар ҳақ эмаслар», дедилар у зот. Шунда: «Эй Аллоҳнинг элчиси, улар гоҳо шундай гапларни айтишадики, у тўғри бўлиб чиқади», дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу ҳақ калимани жин ўғринча билиб олади-да, уни дўсти бўлмиш фолбиннинг қулоғига етказади. Фолбинлар эса унга юзта ёлғонни аралаштириб юборишади», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим). Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳ анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ким башоратчи ёки фолбин олдига бориб айтаётган гапини тасдиқласа, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди», деганлар (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа). Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу): «Фолбин сеҳргардир, сеҳргар эса кофирдир», деганлар. Демак, Қуръони карим бундай сўзининг эътибори бўлмаган фолбинларга тегишли эмас.
43. Уни оламлар Парвардигори туширган.
44. Агар у Биз айтмаган сўзни тўқиганида;
45. албатта ўнг қўлидан тутардик;
46. кейин жонтомирини кесиб ташлардик.
47. Уни бирортангиз асраб қололмайсиз.
48. Қуръон ҳақиқатан тақволиларга насиҳатдир.
49. Уни ёлғонга чиқарганларингизни Биз албатта биламиз.
50. Ва у ҳақиқатан кофирларга надоматдир.
51. Шундай, ахир у шубҳасиз ҳақиқатдир!
52. Буюк Парвардигорингиз номини поклаб ёд этинг!