close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

010. Юнус сураси

 Маккада тушган, 106 оятдан иборат

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан) 

1. Алиф, лам, ро. Булар ҳикматли Китоб оятларидир.

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг ҳикмат тўла китобидир, унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти тамомий ҳикматдир ва ақлларни лол қолдирувчидир. Қуръони мажид қиёматгача бутун инсониятга ҳидоят маёғи бўлиб қолади, бундан кейин бошқа ҳеч қандай китоб туширилмайди.

2. Одамларга ўзларидан бир кишини ваҳий билан юбориб: «Кишиларни огоҳлантиринг ва мўминларга Парвардигорлари ҳузурида чин имтиёзлар борлигининг башоратини беринг», деганимиз ажабланарли туюлдими? Кофирлар: «Албатта бу аниқ сеҳргардир», дейишди.

3. (Эй инсонлар), ҳақиқатан Парвардигорингиз осмонлару Ерни олти кунда яратган ва кейин Аршга ўрнашган Аллоҳдир. У ҳар иш тадбирини кўради, Унинг изнисиз бирор шафоатчи бўлмайди. Парвардигорингиз Аллоҳдир, Унгагина ибодат қилинглар! Ё насиҳатни олмайсизларми?

Аллоҳ таоло ҳар нарсага қодир зот бўлатуриб бир онда пайдо қиладиган нарсани олти кунда амалга оширган. Токи бандалари шошилмай, оҳиста иш қилишни Ундан таълим олсинлар. Бутун оламларни ёлғиз Унинг Ўзи идора қилади, барча ишлар тадбири фақат Унинг тасарруфидадир, Унинг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмайди. Шунинг учун бандалар бутун оламлар Парвардигори, Маъбуди барҳақ Аллоҳ таолога ибодат қилишсин.

4. Аллоҳнинг рост ваъдасига биноан ҳаммангиз Унга қайтасизлар. Бошда ҳам Ўзи яратган эди, энди иймон келтирган ва яхши амал қилганларни адолат билан ҳисоб-китоб қилиш учун қайтадан тирилтиради. Кофирларга куфрлари сабабидан ичгани қайноқ сув ва оғир азоблар бордир.

Аллоҳ таоло барча инсонларни Ўзи яратган, демак, қиёмат куни ҳамманинг Унинг ҳузурига қайтиши бор. Аллоҳнинг бу ваъдаси ҳаққи-ростдир, бандаларининг амаллари учун мукофот ёки жазо беришга фақат Унинг Ўзи ҳақлидир. Яхши амал қилган ва иймон келтирган инсонларни охират дунёсида улкан мукофотлар (Аллоҳ розилиги ва жаннат) кутаётган бўлса, кофирлар учун Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига куфр келтиришгани сабабидан ташналигини қондиришга қайноқ сув ва аламли азоблар тайёрлаб қўйилган.  

5. У Қуёшни чароғон, Ойни нурли қилган ҳамда йиллар сони ва вақт ҳисобини билишингиз учун манзилларини белгилаб қўйган Зотдир. Аллоҳ буларни ҳикмат билан яратган. У билувчи қавмларга оятларини баён этади.

Ояти каримада Қуёшнинг шуъласи «зиё» деб, ойнинг шуъласи эса«нур» деб баён қилинган. Муфассирлар айтишича, «зиё» жуда кучли, чароғон нурга нисбатан қўлланади, баъзилар талқинича, қай нарсанинг шуъласи зотий (яъни, аввалда яратилганидай) бўлса, «зиё» дейилади, ниманинг шуъласи бошқа нарсадан олинган бўлса, «нур» дейилади. Қуёш ўзи нур сочади, Ой эса Қуёш шуъласидан нур олади. Инсонлар йил, ой ва кунлар ҳисобини Қуёш ва Ойнинг ҳаракатига қараб аниқлашади. Бу жисмларнинг ҳаракати нафақат дунёвий ишларда, балки диний ишларда ҳам қўл келади: бандалар намозларини адо этишда, рўза тутишда, бошқа ибодатларни бажаришда ҳам бу ҳисобдан фойдаланишади.

6. Кеча ва кундуз алмашиб туришида ҳамда Аллоҳ осмонлару Ерда яратиб қўйган нарсаларда албатта тақводорлар учун ибрат бордир.

7. Аммо Бизга рўпара келишдан умид қилмайдиган, дунё ҳаётига рози бўлиб хотиржамликка берилганлар ҳамда оятларимиздан ғофиллар ҳам бор.

8. Ана ўшаларнинг жойи қилмишлари туфайли дўзахдадир.

Шундай инсонлар борки, ажал етиб бир куни вафот этишларини ва Парвардигорларига рўбарў бўлишларини мутлақо эсга келтиришмайди. Улар дунё ҳаётига ва унинг айшу ишратларига батамом берилиб кетишган. Улар фоний дунё матоҳларига шунчалик алданиб, хотиржам бўлиб қолишганки, атрофларидаги Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикматига далолат қилувчи жуда кўп аломатларни кўришмайди, улардан ибрат олишмайди. Ана шундай ғофил ва бехабар кимсалар агар тезда ҳидоят йўлига юз буришмаса, уларнинг борар жойи дўзахдир.

9. Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларни эса Парвардигор иймонлари сабабли ҳидоят этади ва уларга остларидан анҳорлар оқиб турувчи неъматларга тўла жаннат бор.

10. У жойдаги дуолари: «Эй Аллоҳим, Сен покдирсан!», саломлашишлари: «Ассалом!», охирги дуолари эса: «Оламлар Парвардигори Аллоҳга мақтовларимиз бўлсин!»дир.    

11. Агар одамлар яхшилик тез келишини исташгани каби Аллоҳ ёмонликни ҳам тезлатганида эди, ажаллари етган бўларди. Лекин Бизга рўпара бўлишни кутмайдиганларни адашиб юришлари учун туғёнларида қолдирамиз.

Ҳақиқатан инсонлар дуолари тезроқ ижобат бўлиб, Аллоҳ таоло уларга яхшиликларни (ризқ, бойлик, хотиржамлик каби сўраган нарсаларини) тезда беришини исташади. Агар худди шунингдек Аллоҳ таоло ёмонликни ҳам тез келтирганида инсонлар турли бало, фалокат, касалликлар туфайли аллақачон ўлиб кетган бўлишарди. Аллоҳ таоло шунчалик марҳамат қилиб турганида ҳам охиратни ўйламайдиганларни адашиб-улоқиб юришлари учун туғёнларида қолдиради.

12. Инсонга бирор кулфат етса, Бизга ётиб ҳам, туриб ҳам, ўтириб ҳам илтижо қилиб қолади. Ундан кулфатини аритсак, гўё Биздан ҳеч нарса сўрамагандек кетаверади. Ҳаддан ошувчиларга қилган амаллари мана шундай яхши кўрсатилди.

Инсон зурриётининг ўзи соғ-омон ва ишлари юришиб турганида ҳеч нарса билан иши бўлмайди. Бордию Аллоҳ таоло тарафидан бирор кулфат, зарар етиб қолса, дарров Унга дуо-илтижолар қилишни бошлайди. Ётса ҳам, турса ҳам, юрса ҳам асосий машғулоти ана шу кулфат-балоларни тезроқ кетказишни Аллоҳ таолодан сўраб, ёлбориш бўлиб қолади. Парвардигор унинг дуоларини ижобат қилиб, фалокатини аритса, яна бепарво бўлиб, олдинги ношукрлигини бошлайди. Гўё Аллоҳ таолодан ҳеч нарса сўрамагандек, Уни батамом унутади. Қилаётган ишлари, топган бойликлари ўзига чиройли кўрсатиб қўйилгани учун фоний дунёда кечираётган ҳаёти, эришган ютуқларига маст бўлиб, ғафлат ботқоғига чуқурроқ ботиб кетаверади.

13. Ўзларига зулм қилиб, пайғамбарлари очиқ далилларни келтирганида ҳам ишонишмаганида сизлардан олдингиларни ҳалок қилганмиз. Гуноҳкор қавмларни мана шундай жазолаймиз.

Гуноҳкор қавмлар осийликлари учун тезда жазо, азобга гирифтор бўлишмагани ёки азоб келса-да, яна кўтарилиб кетганига мағрур бўлиб, қувонишмасин. Аллоҳ таоло баъзиларга азоб-жазони тез юборса, баъзиларга кечиктиради. Ҳар ҳолда банданинг бирор амали жазо ёки мукофотсиз қолмайди. Эй инсонлар, сизлардан олдин ҳам Аллоҳ таоло қанча-қанча халқ ва миллатларни зулмлари сабабидан ҳалок қилган. Ваҳоланки, пайғамбарлари уларга Парвардигорнинг илоҳий далилларини, очиқ мўъжизаларни келтирган эди. Лекин саркаш қавмлар буларга иймон келтиришмади. Аллоҳ гуноҳкорларга ана шундай жазоларни юборади. 

14. Сўнгра нималар қилишингизни кўриш учун улардан кейин сизларни Ерда ўринбосарлар қилдик.

15. Равшан оятларимиз тиловат қилиб берилганида Бизга учрашишни ўйламайдиганлар: «Бу Қуръон ўрнига бошқасини келтир ёки ўзгартир», дейишади. (Эй Муҳаммад): «Буни ўзимча ўзгартиролмайман, ваҳий қилинган оятларгагина эргашаман, Парвардигоримга осийлик қиладиган бўлсам, улуғ кун азобидан қўрқаман», денг.

Мушрик ва кофирлар Қуръони карим оятлари тиловат қилинганида эътибор билан тинглашарди. Аммо ширклари ва ботил ақидалари танқид қилинган оятлар келтирилганида: «Эй Муҳаммад, Қуръон ўрнига бошқа бирор китоб топ ёки ана шу жойларини ўзгартириб бер», дейишар эди. Уларнинг бу гапларига жавобан юқоридаги ояти карима туширилди (Насафий, Фахриддин Розий).

Замонанинг мушриклари ҳам (масалан, АҚШ сиёсатдонлари) ҳозирги пайтда Қуръони каримнинг жиҳод, аҳли китоблар, дорул-ҳарб каби маънолардаги ояти карималарини ўзгартишини ёки олиб ташлашни мусулмон уламоларидан талаб қилишаётгани ҳам Қуръони карим ҳукмлари қиёматгача боқий қолишига бир далолатдир.

16. «Аллоҳ хоҳлаганида уни тиловат қилмаган ва сизларни хабардор этмаган бўлар эдим. Ахир, бир умр ораларингизда яшадим-ку, нега тушунмайсизлар?!» денг.

Яъни, Пайғамбарга (алайҳиссалом): «Қирқ йил ораларингизда яшадим, ҳар бир ҳаракатим сизларга яхши маълум, бирор марта ёлғон сўзламаган киши Аллоҳ ҳақида қанақасига ёлғон сўзлайин, унинг оятларини ўзгартирайин, нега тушунмайсизлар, ахир Аллоҳ таолога ёлғон тўқувчилар ва Унинг оятларини ёлғонга чиқарувчилар оламда ҳаммадан зиёда золим эмасми?», деб мушрикларга айтиш буюрилди.

17. Аллоҳга ёлғон тўқиган ёки оятларини ёлғон деювчилардан ҳам золимроқ бормикин?! Гуноҳкорлар асло нажот топишмайди.

18. Ва улар Аллоҳ ўрнига ўзларига на зарар, на фойда келтирувчи нарсаларга сиғиниб: «Аллоҳ ҳузурида қўллайдиганларимиз шулардир», дейишади. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳга осмонлару Ердаги гўё У билмайдиган нарсаларни билдирмоқчимисизлар?» денг. У уларнинг ширкларидан пок ва олийдир.

Мушриклар шу даражага боришадики, Аллоҳга қуллик қилиш ўрнига ўзлари ясаб олган, аслида ҳеч қандай зарар ҳам, фойда ҳам беролмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинишади ва гуноҳларини тан олмай, «Аллоҳ ҳузурида булар бизга шафоатчи бўлади» деган даъвогача боришади. Бу қилмишлари билан гўё Аллоҳ таолонинг осмонлару Ердаги билмайдиган нарсаларига ўзларининг ақллари етганини исботламоқчи бўлишади. Ваҳоланки, бутун оламларнинг Парвардигори бундай мантиқсиз ва асоссиз даъволардан пок, олий Зотдир.   

19. Одамлар бир уммат эди, кейин бўлиниб кетишди. Агар Парвардигорингиздан Сўз ўтмаганида улар тортишган нарса ажрим қилинган бўлар эди.

Аллоҳ таоло ҳузурида дин ҳамиша битта бўлган, ҳақ ақидада ҳеч қандай ихтилоф, бўлиниш йўқдир. Ширк ҳамиша энг қаттиқ гуноҳ саналган. Одамлар орасидаги ихтилоф-тортишувлар шунинг учун йўқолмайдики, бу дунё амал дунёсидир, жазо олами энди келади. Инсонларга фақат жузъий ихтилоф берилгандир. Агар Аллоҳ таоло бундан бир нарсани ирода қилиб, олдиндан Каломи ила огоҳлантирмаганида эди, инсонлар орасидаги ихтилофларни бир лаҳзада бартараф этиб қўйган бўларди.

20. Улар: «Нега унга Парвардигоридан бирор мўъжиза туширилмади?» дейишади. Шунда: «Ғайб Аллоҳгагина хосдир, кутинглар, мен ҳам сизлар билан кутаман», денг.  

Аллоҳ таоло дин душманлари талаб этаётган мўъжизаларни бир лаҳзада кўрсатиб қўйишга қодир, бу Унга ҳеч қандай машаққат туғдирмайди. Аммо Аллоҳ таоло ғайб илмини ҳузурида яширин қилиб қўйган, булардан Ўзи ирода қилган миқдорда турли замонларда инсонларга билдириб, маълум қилиб туради. Мушриклар даъвоси яна шунинг учун бемаъники, улар атрофларида Аллоҳ таоло яратиб қўйган мўъжиза-далилларни кўришга, улардан ибратланишга ожиздирлар. Охирги туширилган қуроъни каримнинг ўзи асл мўъжизадир. Ундаги оятларнинг мўъжизаси мана ўн беш асрки, инсонларга аста-секин очилиб, маълум бўлмоқда. Шунинг учун Аллоҳ таоло Пайғамбари орқали мушрикларни шошмасликка, буюк мўъжизаларнинг кашф этилишини кутишга буюряпти.

21. Балодан кейин одамларни раҳматимиздан баҳраманд этсак, улар дарров оятларимизга макр қилишади. «Аллоҳ тадбирда ҳаммадан тездир», денг. Фаришталаримиз уларнинг макрларини албатта ёзиб боришади.

Ношукр инсонлар бошларига бир мусибат, бало келса, дарров Аллоҳни эслаб қолишади. Аллоҳ раҳмати ила улардан бу балолар аритса, яна олдинги ширкларига бориб, Унинг оятларини ёлғонга чиқаришни бошлашади. Бутун инсоният тарихи шундай кечган: Мусо алайҳиссалом замонида Фиръавн халқи ҳам шундай қилган эди, ҳозирда ҳам шундай қилишади. Улар билишмайдики, Аллоҳ таоло инсонларнинг ҳар бир сўзи, амали ва ҳаракатини фаришталарига ҳарфма-ҳарф ёздириб боради ҳамда қиёмат куни барчани ҳисоб-китобга тортади.

22. Сизларга қуруқлик ва сувда сайр қилиш имконини берган Удир. Кемада бўлганингизда майин шамол уни елдириб кетса, улар хурсанд бўлишади. Бордию бирдан пўртана бошланиб, тўлқинлар ҳар тарафдан ҳамла қилиб қолса, чўкишларини англаб Аллоҳга ихлос билан: «Агар бизларни қутқарсанг, шукр қилувчилардан бўламиз», дея илтижо қилишади.

23. У қутқарганида эса улар Ер юзида ноҳақ зулм қилишади. Эй инсонлар, бу зулмларингиз ўз зарарингизгадир. Дунё ҳаёти ўткинчи, кейин Бизга қайтишингиз бор ва Биз қилмишларингиз хабарини берамиз.  

Маккаи мукаррама фатҳ этилганидан кейин Ислом душмани Абу Жаҳлнинг ўғли Акрама Маккадан қочиб, денгиз сафарига жўнади. Бироз юришганидан кейин кемалари пўртанага учради. Кемачи ундагиларга: «Ҳаммаларинг ёлғиз Аллоҳга йиғлаб илтижо қилинглар, ботил маъбуд (бут)ларинг бунақа пайтда ҳеч нарсага ярамайди», деди. Шунда Акрама: «Бу Худо Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳаммани ибодатга чақираётган Худодир, модомики, Муҳаммаднинг илоҳи денгизда ҳам халоскор бўлгач, У қуруқликда ҳам нажот бергувчидир. Эй Парвардигор, агар бу мусибатдан қутулсам, Муҳаммад алайҳиссалом қўлларига ўзимни топширай, у зотга байъат қилай, у жанобнинг ахлоқлари шундайки, мени албатта кечирадилар», деди. Дарҳақиқат, шундай бўлди: у денгиз фалокатидан қутулиб, Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида Исломга кирди. Аммо нажот топганидан кейин яна гуноҳ қилувчиларнинг фақат ўзлари зарар кўришади. Улар вақтинча дунё ҳаётида яшаб юришса ҳам, барибир Оламлар Парвардигори ҳузурига қайтишади ва қилмишларига яраша муносиб жазони олишади.

24. Дунё ҳаётининг мисоли Биз осмондан туширадиган сувга ўхшайди: ундан Ерда ўсимликлар униб чиқади, улардан инсонлар ва ҳайвонлар фойдаланишади. Ер юзи ясаниб, чиройли бўлганида, ундагилар ўзларини хўжайин ҳис этишаётганида бирдан кечасими ё кундузими, Бизнинг амримиз келиб, Ерни кечагина ҳеч нарса ўсмаган шип-шийдам далага айлантириб қўяди. Биз тафаккур қилувчиларга оятларимизни шундай тушунтирамиз.

Аллоҳ таоло осмондан қор-ёмғир ёғдирсагина ва Қуёш нурлари билан қиздирсагина Ер юзида турли экинлар, мевали дарахтлар ғарқ етилиб пишиб, инсонлар ва чорва ҳайвонларига егулик озуқа бўлади. Бутун олам чаманга айланиб, боғу бўстонлар ҳосилга тўлган бир пайтда ногаҳон Аллоҳ таоло бирор офатни (жала, дўл, қурғоқчилик, ҳашарот кабилар) юборса, кечагина барқ уриб яшнаб турган дала-боғлар қуп-қуруқ, ҳосилсиз ерга айланади. Аллоҳ таоло дунё ҳаётини ҳам ана шундай ўткинчи бир нарсага ўхшатяпти. Фикрлайдиган инсонлар бундан ибрат олишсин, вафосиз дунё матоҳларига алданиб қолишмасин. 

25. Аллоҳ «тинчлик уйи»га чорлайди ва хоҳлаганини тўғри йўлга бошлайди.

Ояти каримадаги «доруссалом» (тинчлик уйи) сўзини муфассирлар турлича тафсир қилишган: баъзилари бундан мурод жаннат назарда тутилган дейишса, айримлари Салом Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири бўлгани боис, Аллоҳнинг жаннати, деган маъноси бор, дейишган. Тинчлик уйи шундайки, унда ғам, ранж, кулфат, қайғу, беморлик кабилар бўлмайди, иймонли инсонлар роҳат-фароғатда, айшу тарабда бўлишади. Аллоҳ таоло Ўзи истаган бандаларини тўғри йўлга, ҳидоят йўлига йўллаб қўяди.

26. Яхшилик қиладиганларга жаннат ва ундан ҳам зиёдаси берилади, уларнинг юзларини қайғу ҳам, ранж-кулфат ҳам босмайди. Жаннат эгалари шулардир ва унда мангу қолишади.

Бандалар солиҳ амаллар, яхшиликлар қилишса, уларга ҳам яхшилик қилинади: мангу роҳат-фароғатда яшаладиган жаннат билан мукофотланишади. Бундан ҳам зиёда яхшилик: Аллоҳ таолонинг розилигини топиб, Унинг дийдорига мушарраф бўлишади. Жаннатийларнинг юзлари ҳамиша нурлидир, уларда ғам, хорлик, кулфат асоратини мутлақо кўрмайсиз.

27. Ёмонлик қилувчиларга эса жазо шунга яраша бўлади: уларни хорлик ўраб олади, Аллоҳ жазосидан қутқариб қолувчи бўлмайди,  юзларини зулмат каби қоп-қора парда қоплайди. Ана шулар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади.

Ёмон амалларнинг жазоси эса шунга яраша ёмон бўлади. Ёмонлик қилувчиларнинг юзи тун зимистони каби қорайиб кетади, ўзлари расволик ва хорликда қолишади, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобидан қутқариб қолувчи топилмайди ва оғир қийноқлар тўла дўзахда абадий қолишади.

28. Ўшал куни Биз ҳаммани тўплаймиз ва мушрикларга: «Сизлар ҳам, шерик қилганларингиз ҳам жойингиздан қимирламанглар», деймиз. Кейин уларни ажратганимизда, шерик қилганлари айтади: «Бизга сиғинмаган эдингизлар;

29. сизлар билан ўртамизда Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ, ибодатларингиздан бехабар эдик».

30. Шунда ҳар бир инсон ўз қилмишларидан хабардор бўлади, ҳаммалари ҳақиқий Хожа Аллоҳга қайтади, ўйлаб топган нарсалари ғойиб бўлади.

Ҳақиқатан, мушриклар мантиғи тасаввурга сиғмайди: осмонлардан қор-ёмғирларни ёғдириб, гиёҳ ва экинларни ундирган, Ер юзидаги қимирлаган ҳар бир жонга ризқ берган, ўлик тухумдан тирик жўжани, тирик товуқдан ўлик тухумни чиқаришга қодир бўлган, инсонларга кўриш учун кўзларни, эшитиш учун қулоқни, дунё ҳаётида қийналмай яшаш учун ақл-идрокни ато этиб қўйган ягона, мутлоқ ҳукмдор Аллоҳ таолога қандайдир ўзлари ўйлаб топган, ҳеч нарсага ярамайдиган жонсиз бут-санамларни шерик қилиб, топиниб юришади. Қиёмат куни ҳамма Аллоҳ таоло ҳузурида тўпланганида мушриклар топиниб юрган бут-санамлар «Бизга сиғинмагансизлар, Аллоҳнинг Ўзи гувоҳки, бизлар ибодатларингиздан бехабар бўлганмиз», деб уларни ташлаб кўздан ғойиб бўлади. Шундай экан, азамат ва қудрат эгаси Буюк Аллоҳга ана шундай ожиз ва бевафо бутларни шерик қилиб юрибсизларми?

31. (Эй Муҳаммад): «Ким сизларга осмондан ва Ердан ризқ беради? Ким эшитиш ва кўришга эгалик қилади? Ким ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқаради? Ким бутун ишларни бошқаради?» денг. Улар: «Аллоҳдир!» дейишади. «Унда қўрқмайсизларми?» денг.

32. Ҳақиқий Парвардигорингиз Аллоҳдир! Ҳақиқатдан ўзгаси фақат адашишдир. Қаёққа оғиб кетяпсизлар?!

33. Улар иймон келтирмаслиги ҳақидаги Парвардигорингиз  Сўзи  тасдиқланди.

34. (Эй Муҳаммад): «Сизлар шерик қилаётганлар орасида олдин яратиб, кейин яна қайтара оладигани борми?» денг. «Аллоҳ яратади ва сўнгра қайтаради, унда нега юз ўгиряпсизлар?» денг.

Дарҳақиқат, мушриклар Аллоҳ таолога шерик қилаётган бут ва маъбудлар йўқ ердан бирор жонзотни яратишга ҳам, ўлганидан кейин эса яна тирилтириб, ҳаётга қайтаришга ҳам қодир эмас. Фақат ҳар нарсага қодир Парвардигоргина яратади, вафот эттиради ва яна қайта тирилтиради. Шуни билатуриб ҳам мушриклар нега Ҳақдан юз ўгиришларини тушуниш қийин. 

35. «Шерик қилаётганларингиз орасида Ҳаққа бошлайдигани борми?» деб сўранг. «Аллоҳгина Ҳақ йўлга бошлайди, эргашиш учун ҳидоятга бошловчи  ҳақлими ёки йўл тополмайдиган, ўзи етовга муҳтожлар ҳақлими? Сизларга нима бўлди, қандай қарорга келдингизлар?» денг.

36. Уларнинг кўплари гумонга эргашади, холос. Аслида ҳақиқат олдида гумон ҳеч нарсага ярамайди. Аллоҳ уларнинг қилмишларидан албатта хабардордир!

Мушриклар ҳақиқатни англай олишмагани учун «бизлар ҳақ йўлда бўлсак керак, чунки ота-боболаримиз ҳам олдин шу йўлда бўлишган, топинаётган бут-санамларимиз Аллоҳ ҳузурида жонимизга ора кирса керак», деган гумонларга таянишади. Гумонлар ҳеч қачон ҳақиқат ўрнини босолмайди, балки адаштиради. Аллоҳ таоло барчанинг қилаётган ишларидан, дилларидаги ниятларидан яхши хабардор, қиёмат куни шунга яраша мукофот ёки жазо беради.

37. Ушбу Қуръон Аллоҳдан ўзга тарафидан тўқилиши мумкин эмас, балки оламлар Парвардигоридан олдингиларини тасдиқловчи, ҳукмларни очиқ баён этувчи қилиб юборилган ҳақлигига ҳеч шубҳа йўқ Китобдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммадга (алайҳиссалом) туширилган Қуръони карим шундай бир мўъжиза китобки, ундаги илм, маърифат, ҳукм-қонунлар, Китобнинг фасоҳатию балоғатига очиқ кўз билан назар солинганда беихтиёр «Бу Китоб Аллоҳ таолодан бошқа томонидан туширилиши мумкин эмас, чунки ақлларни лол қолдирувчи бундайин Китобни иншо этиш инсон зотининг қўлидан келмайди, Аллоҳдан ўзгаси бунга қодир эмас», дейилади. Ҳақиқатан, Қуръон ҳақида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) билан тортишган Макканинг энг иқтидорли мушрик сўзамоллари ва шоирлари ҳам унинг биттагина кичик сурасига ўхшаш нарса келтиришга муваффақ бўла олишмаган. Ушбу Китоб ўзидан олдин туширилган барча илоҳий китобларни тасдиқлаш, улардаги ҳукм ва воқеаларни очиқ баён этиш ва изоҳлаш учун бутун оламлар Парвардигори томонидан юборилган. Унинг ҳақлигига асло шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас.

38. Балки ўзи тўқиган дейишар?! (Эй Муҳаммад): «Агар рост айтаётган бўлсангизлар, Аллоҳдан ташқари барча бутларингизни ёрдамга чорлаб бўлса-да, шунга ўхшаш битта сура келтиринглар-чи!» денг.

Кофир ва мушриклар, мана ўн беш асрдирки, «Қуръони каримни Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ўзи ёзиб, Аллоҳга нисбат беряпти», деган мантиқсиз бир иддаони қилиб келишяпти. Ваҳоланки, Сарвари олам ўқиш-ёзишни билмаганлар, ўзларига тушган ваҳийларни котибларга айтиб ёздирганлар. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз ҳабибига бундай дейишни буюряпти: «Мен ҳам сизларга ўхшаган оддий бир одамман, агар бу ишга қодир бўлганимда сизлар ҳам бемалол бунинг уддасидан чиққан бўлардинглар, дунёдаги барча сўз усталарини, қалам соҳибларини тўплаб, ҳаммаларингиз Қуръони каримнинг кичик бир сурасига ўхшаш нарса келтириб кўринглар-чи, агар рост гапираётган бўлсангизлар, буни уддалайсизлар, аммо бундай сураларнинг бир жумласини ҳам келтира олмайсизлар».

39. Аммо улар илмлари етмаган, моҳияти очилмаган нарсаларни ёлғонга чиқаришади. Улардан олдингилар ҳам шундай ёлғон санашган эди. Золимларнинг қисмати қандай тугаганини бир кўринг!

Яъни, эй Муҳаммад (алайҳиссалом), уларнинг Қуръон сурасига ўхшаш бирор нарса келтиришга ожизликларини қўятуринг, мушриклар ақллари ва билимлари етмаган, ҳали ҳақиқати очилиб-маълум бўлмаган нарсаларни ёлғонга чиқаришяпти. Булардан олдин ўтган ота-боболари ҳам ҳақиқатни мана шундай ёлғон санашган эди, уларнинг оқибати нима билан тугаганини энди бир кўринг.

40. Уларнинг орасида бунга ишонадиганлари ҳам, ишонмайдиганлари ҳам бор. Парвардигорингиз бузғунчиларни жуда яхши билади.

Аллоҳ таолонинг илоҳий илмига кўра Қуръони карим ҳукмларига иймон келтириб, унинг иноятидан баҳраманд бўлганлар ҳам, унга ишонмай, илоҳий насибадан маҳрум қоладиганлар ҳам бор. Бунинг ҳикмати Аллоҳ таолога яхши аёндир.

41. (Эй Муҳаммад), агар сизни ёлғончига чиқаришса: «Менинг амалим ўзимга, сизларники ўзингизга, сизлар менинг ишимга дахлдор эмассизлар, мен – сизларникига», денг.

42. Улар орасида сизга қулоқ соладиганлари ҳам бор. Аммо тушунишни истмайдиган карларни эшитадиган қила олармидингиз?!

43. Улар орасида сиз тарафга боқадиганлари ҳам бор. Аммо кўришни истамайдиган кўрларни йўлга сола олармидингиз?!

44. Ҳақиқатан Аллоҳ инсонларга бирор нарсада зулм қилмайди, аксинча улар ўзларига зулм қилишади.

 Чиндан ҳам қанчалаб инсонларнинг эшитишга қулоқлари, кўришга кўзлари бор, аммо ботиний кар ва кўр бўлишгани учун илоҳий неъматдан бебаҳра қолишган. Аллоҳ таоло асл фитратида инсонни итоаткор, оқил, фаросатли қилиб яратганига қарамай, қанча-қанча инсонлар нафс ва шайтон қутқусига учиб, чин саодатни бой беришади, ўзларига берилган катта имкониятларни ҳавойи нафс истакларига қурбон этиб, ўзларига зулм қилишади.

45. Аллоҳ уларни тўплаган кунда ерда худди куннинг бир соатича яшагандек, бир-бирларини энди кўраётгандек бўлишади. Аллоҳга учрашишни инкор қилганлар албатта зиён кўришди ва тўғри йўлда бўлишмади.

Қиёмат кунини ва ушбу кунда Аллоҳга рўпара бўлиб, ҳисобга тортилишини ёлғонга чиқариб инкор этган, ҳидоят йўлидан чекинган инсонлар дунё ҳаётида атиги бир соатча яшагандек, бир-бирлари билан энди танишаётгандек ҳолатда бўлишади. Ким ҳам энди танишган одамига ёрдам беришга қодир бўла оларди?

46. Агар уларга ваъда қилган азобларимиздан сизга (эй Муҳаммад) кўрсатсак ҳам, ё сизни олдинроқ вафот эттирсак ҳам, барибир уларнинг қайтиши Бизгадир. Кейин уларнинг қилмишларига Аллоҳ гувоҳдир.

Аллоҳ таоло суюмли Пайғамбарига хитоб қиляптики, тўғри йўлдан чекинган гумроҳларга ваъда қилган азоб-жазоларимиздан баъзисини кўрасиз, баъзисини эса сиз вафот этгандан кейин юборамиз. Сиз азобларимизни кўрсангиз ҳам, кўрмасангиз ҳам, барибир уларнинг Бизга қайтишлари аниқ. Биз уларнинг ҳар бир қилмишидан яхши хабардормиз.

47. Ҳар умматнинг пайғамбари бўлади, пайғамбарлари келгач, улар ўртасида адолат билан ҳукм юртилади, бирорталарига зулм қилинмайди.

Қиёмат куни ҳар бир уммат ҳисоб-китоб қилинаётганида уларнинг пайғамбарлари ҳозир бўлишади. Уларнинг гувоҳликлари олинганидан сўнггина умматлар ўртасида адолат билан ҳукм чиқарилади, бирор кишига ҳам зулм қилинмайди.

48. Улар: «Агар рост айтаётган бўлсангиз, ваъда қачон амалга ошади?» дейишади.

Мушриклар ва қиёматни инкор этувчилар Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) ва мусулмонларга: «Қиёматдаги азоблар билан қўрқитяпсиз, агар гапларингиз рост бўлса, бу азоблар қачон келади?» дейишар эди. Кофирларнинг бу саволларига қандай жавоб беришни Аллоҳ таолонинг Ўзи қуйидаги ояти орқали Пайғамбарига ўргатмоқда:

49. (Эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳ хоҳламаса, мен ўзимга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайман. Ҳар бир умматнинг ажали бор, ажаллари келган вақтда уни бирор соат кейинга ҳам, олдинга ҳам сура олишмайди», денг.

Аллоҳ таоло ваъда қилган жазо-азоб соатлари келгач, ҳар қанча доно ва тадбирли бўлишмасин, инсонлар азобдан қутулишга ҳаргиз чора топа олишмайди. Бу пайтда иймон келтиришгани ҳам фойда бермайди. Чунки ўзлари шуни хоҳлашган, азоб тезроқ келишини кутишган, охирзамон Пайғамбари ва мусулмонларни кинояли саволлар билан безор қилишган эди.

50. «Айтинглар-чи, Унинг азоби кечаси келадими ё кундузи? Унда бузғунчилар бунинг нимасига шошилишяпти?» денг.

51. Бу содир бўлганидан кейингина ишонасизларми? «Энди-я?! Ахир уни тезлаштиришни хоҳлаган эдинглар-ку?!»

52. Сўнгра золимларга: «Абадий азобни тортинглар,  кирдикорингизга яраша жазосини  оляпсизлар», дейилади.

53. Сиздан (эй Муҳаммад): «Жазо ҳақми?» деб сўрашади. «Ҳа, Парвардигорга қасам, у ҳақдир, ундан асло қочиб қутула олмайсизлар!» денг.

54. Зулм қилган ҳар бир жон ер юзидаги барча бойликни бериб бўлса ҳам қутулишни истайди. Улар азобни кўргач, ич-ичларидан пушаймон бўлишади. Ўрталарида адолат билан ҳукм юритилади, асло зулм қилинмайди.

Кофирлар мазах қилиб: «Эй Муҳаммад, ваъда қилинган азоб ростми, рост бўлса у қачон келади?» деб сизга савол беришади. Қасам билан бунинг ҳақлигини билдирингки, уларнинг парча-парча титилиб ва тупроқларга аралашиб кетган жасадларию аъзоларини тўплаб, тирилтириш ҳамда улардан ҳисоб сўраш, мушрик ва кофирларга қилмишларига яраша жазо сифатида дўзахга ташлаш Аллоҳ таолога ниҳоятда осон ишдир. Қиёмат куни бундай аҳволни кўрган золимлар Ер юзидаги бутун мол-бойлик ўзларида бўлсаю, шунинг барини бериб бўлса ҳам бу азобдан қутулишни истаб қолишади. Аммо энди кеч, уларнинг қон йиғлаб қилган афсус-надоматлари асло фойда бермайди. Барчаларига адолат билан ҳукм ўқилади, бирор жонга зулм қилинмайди.  

55. Огоҳ бўлинглар, осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир! Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир, лекин кўпчилик буни билмайди.

56. У тирилтиради ва ўлдиради, Унгагина қайтариласизлар.

Аллоҳ таоло бир томчи нутфа ҳолингизда сизга жон киритиб, дунёга келтиради. Сўнгра Яна жонингизни олиб, вафот эттиради. Қиёмат куни яна тирилтириб, амалларингизга кўра мукофот ёки жазо беради. Барча инсонлар албатта Унинг ҳузурига қайтариладилар.

57. Эй инсонлар, Парвардигорингиздан сизларга насиҳат, дилингиздагиларга шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди.

Яъни, Қуръони карим инсонларга мутлоқ ваъз-насиҳатдир, уларнинг ахлоқлари ва ҳаётларига зарарли ҳамма нарсадан қайтарувчи илоҳий кўрсатмадир. У инсонларнинг дилларидаги ширк, адоват, ёвузлик каби иллатларга шифодир. У барчага Аллоҳ таоло розилигини топиш йўлларини кўрсатади ва мазкур Китобга амал қилувчиларни илоҳий раҳматга эриштиради.

58. (Эй Муҳаммад): «Мўминлар Унинг фазли ва раҳматидан севинишсин, бу уларнинг барча ишларидан яхшидир!» денг.

Аллоҳ таолонинг фазли Ислом дини, раҳмати эса Қуръони каримдир. Мўмин-мусулмонлар бу икки илоҳий неъматдан ҳар қанча хушнуд бўлишса, қувонишса арзийди. Чунки булар инсонларнинг дунёда тўплаган ва эришган ҳамма нарсаларидан, барча яхши ишларидан аълодир.

59. «Айтинглар-чи, Аллоҳ сизларга берган ризқни нега ҳалол ва ҳаром қилиб олдинглар?» денг. «Аллоҳ сизларга рухсат бердими ё Аллоҳга бўҳтон қиляпсизларми?» денг.

Бир нарсани ҳалол ёки ҳармга чиқариш Аллоҳ таолонинг ҳаққидир. Унинг изнисиз берилган ризқни ҳалол ва ҳаром қилиш улкан бир зулмдир, илоҳий ҳукмни инкор этишдир, Аллоҳ таоло шаънига буюк бўҳтондир.

60. Аллоҳга бўҳтон қилаётганлар Қиёмат куни ҳақида қандай гумонга  боришади? Аллоҳ инсонларга ўта марҳаматлидир, аммо кўплар буни билишмайди.

Аллоҳ таоло Ўзининг буюк фазли ва марҳамати билан гуноҳкор бандаларга гуноҳдан қайтиб, тавба қилишлари учун узоқ муҳлат бериб қўйди, хатоларини кечирди. Лекин уларнинг кўпи бу илоҳий карам ва мағфиратни қабул қилмай, ҳаддан ошаверди, гуноҳ устига гуноҳ қилаверди. Охирги маҳалда афсус-надоматлар бефойда: уларга қилмишлари учун қаттиқ азоблар тайёрлаб қўйилган.

61. (Эй Муҳаммад), қандай машғулотда бўлманг, Қуръондан нима ўқиманг, (эй инсонлар), нима иш қилманглар, Биз бунга киришган пайтингизданоқ хабардормиз. На ерда, на осмонда зарра миқдорича, ҳатто ундан каттароқ ёки кичикроқ бирор нарса Парвардигорингиздан яширин эмас, бари очиқ-ойдин Китобда битиб қўйилган.

Ояти каримадаги «китаби мубин» (очиқ-ойдин Китоб)дан мурод, Лавҳул Маҳфуздир. Аҳли суннат вал жамоа ақидасига кўра Лавҳул Маҳфуз ва Қалам ҳақдир. «Таҳовий ақидаси» шарҳида: «Лаҳв ва Қаламга, унга чизилган жамики нарсага иймон келтирамиз», дейилган. Лавҳдан мурод, Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдирларини ёзган нарсадир. Қаламдан мурод, Аллоҳ таоло яратган ва у билан мазкур Лаҳвга қадарларни ёзган Қаламдир.

62. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг дўстларига хавф ҳам бўлмайди, ғам ҳам чекишмайди.

63. Улар иймонли ва тақволилардир.

64. Уларга дунё ва охират ҳаётида хушхабар бор. Аллоҳнинг ваъдаси ўзгармасдир. Бу ҳақиқатан олий саодатдир. 

Оламлар саййиди Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ҳар бир машғулотлари, дунёдаги барча инсонларнинг кайфиятлари, у зотга дўстларнинг муносабатларию душманларнинг кирдикорлари ҳамма нарса Парвардигорга яхши маълумдир. Ундан зарра мисолича ҳам нарса пинҳон қолмайди. Чунки бу нарсалар ҳали башар насли яратилмасидан туриб Лавҳул-Маҳфузга битиб қўйилган. Аллоҳнинг дўстларига Қиёмат куни ҳисоб-китоб пайтида ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, улар ғам-ташвиш ҳам чекишмайди. Чунки улар дунёдан иймон ва тақво билан ўтишган, Аллоҳ таоло уларга дунё ҳаётида ҳам, охират оламида ҳам олий мукофотлар ваъда қилган. У ваъдасини асло ўзгартирмайди. Мўминлар учун бундан ортиқ бахт-саодат бормикин?!

65. (Эй Муҳаммад), уларнинг гапи сизни хафа қилмасин, ҳақиқатда бутун қудрат Аллоҳникидир. У эшитувчи ва билувчидир.

Кофирларнинг «Пайғамбар эмассан», деган иддаолари сизни хафа қилмасин. Парвардигорингиз ҳамма нарсадан ва ҳар кимсадан қудратлидир. Аллоҳ таоло сизга ёрдам ва таскин бергани ҳолда, маломат ва инкор этувчиларни расво қилади. Чунки У ҳамманинг сўзларини эшитиб, нима қилмоқчилигини билиб турувчи қудратли Зотдир.

66. Огоҳ бўлинглар, осмонлару Ердаги жонзотлар Аллоҳникидир. Аллоҳдан ўзга шерикларга сиғинаётганлар нимага суянишяпти? Фақат гумонга суянишади ва фақат тахмин қилишади, холос!

Осмонлардаги ва Ердаги барча махлуқотлар, яъни инсонлар, фаришталар ва жинларни Аллоҳ таоло яратган бўлса-да, Аллоҳга шерик қилаётган бут-санамларига сиғиниб юрган мушрикларнинг қандай далиллари бўлиши мумкин? Улар фақат ўзларича гумонга бориб, тахминларга қул бўлиб адашиб юришибди. Аллоҳ таолонинг динигина ҳақдир, ёлғон мазҳаб ва ақидалар эргашишга, итоат қилишга лойиқ эмасдир.

67. Ором олишингиз учун кечани, кўришингиз учун кундузни яратган Аллоҳдир. Бунда уқадиган кишилар учун далил бордир.

Инсонларнинг ором олиши учун кечани, атрофни кўриб, тирикчилигини қилиш учун кундаузни яратиб қўйган ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир, бунда Унга ҳеч ким шерик бўлолмайди. Барча яхшиликлар ва ёмонликларни яратувчи ҳам фақат Аллоҳдир. Демак, мушрик ва мажусийларнинг ақидалари ёлғондир.

68. «Аллоҳнинг фарзанди бор», дейишади. У бундан пок ва беҳожатдир! Осмонлар ва Ердаги барча жонзот Уникидир! Бунга ҳеч қандай далилларинг йўқ-ку! Аллоҳ ҳақида билмай гапираверасизларми?  

69. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳга туҳмат қилувчилар асло нажот топишмайди», денг.

 Насронийлар Исо алайҳиссаломни Худонинг ўғли, деган ақидага боришади. Аллоҳ таоло бундай ишлардан покдир, Унинг бунга эҳтиёжи ҳам йўқ. Еру осмонлардаги ҳамма нарсани яратишга қодир Зот буюк Аллоҳнинг на фарзандга, на хотинга, на вазирга, на ходимга эҳтиёжи бўлмайди. Бундай нарсаларни Аллоҳ таолога нисбат бериб, Унга туҳмат қилувчилар ҳаргиз нажот топишмайди.

70. Дунё неъматларидан бироз фойдаланишадию, кейин Бизга қайтишлари бор. Ўшанда куфрлари учун уларга қаттиқ азоб тоттириб қўямиз.

71. (Эй Муҳаммад), уларга Нуҳ воқеасини айтиб беринг. У қавмига айтди: «Эй қавмим, агар орангизда туришим ва Аллоҳ оятларини эслатаётганим сизларга оғир келаётган бўлса, Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилдим. Маъбудларингиз билан бирлашиб, билганларингизни қилаверинглар. Мақсадларингизни яшириб ё вақтини кутиб ўтирмай, менга чора кўраверинглар;

Нуҳ алайҳиссалом қавмини 950 йил Аллоҳ тавҳидига чорлаб, бут-санамларга ишонмасликка чақирган эди. Аммо саркаш қавми шунда ҳам тўғри йўлга юришни истамади. Шунда Нуҳ алайҳиссалом уларга қарата: «Эй қавмим, агар ораларингда узоқ вақт турганим, Аллоҳнинг кўрсатмаларини тинмай эслатганим сизларга малол келаётган бўлса, унга Аллоҳ таолонинг Ўзигагина суяндим. Энди ўзларингиз сиғинаётган ўша маъбудларингиз, яъни бут-санамларингизни ҳам тўплаб, бир қарорга келинглар. Менга қўлламоқчи бўлаётган ҳукмларингини яшириб ҳам ўтирманглар, менга муҳлат ҳам берманглар. Натижа нима билан тугашини кутаверинглар.

72. Аммо нега юз ўгиряпсизлар, ахир сизлардан ҳақ сўрамадим-ку! Менинг мукофотим Аллоҳдандир. Унгагина бўйсунишга буюрилганман».

Нега мендан юз ўгириб кетяпсизлар? Ахир, даъватларим учун сизлардан ҳақ ҳам сўрамадим-ку! Ишларимнинг мукофотини мени сизларга юборган ёлғиз Парвардигоримдан кутаман.

73. Лекин уни ёлғончига чиқаришди. Шунда Биз уни ва у билан кемада бўлганларни қутқариб, ерда қолдирдик. Буйруқларимизни ёлғонга чиқарганларнинг барини ғарқ қилдик. Огоҳлантирилганларнинг қисмати нима бўлганини бир кўринг!

Нодон қавм шунча панду насиҳатларни эшитиб ҳам, ўнгланмади. Аксинча, Нуҳ алайҳиссаломни ёлғончига чиқариб, хўрлади. Шунда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Нуҳ алайҳиссалом ва у кишининг иймон келтирган жамоаларини паноҳида асраб қолиб, қолган мушриклар устига тўфон балосини юборди ва ҳаммаларини сувга ғарқ қилди. Ўрниларига иймон келтирувчи қавмлар келиб ўрнашишди.

74. Ундан кейин ҳам қавмларга пайғамбарларни юбордик. Улар очиқ-ойдин далиллар билан келишса-да, қавмлари олдин ёлғонга чиқарганларига ишона олишмади. Бузғунчиларнинг дилини ана шундай муҳрлаб қўямиз.

75. Шундан кейин Мусо билан Ҳорунни далилларимиз билан Фиръавн ҳамда аъёнларига юбордик. Шунда улар кибрга боришди ва гуноҳкор бўлишди.

76. Уларга Биздан ҳақ келганида: «Бу аниқ сеҳрдир», дейишди.

77. Мусо: «Сизларга ҳақ далил келса, шундай дейсизларми? Бу қандай сеҳр бўлсин, ахир сеҳргарлар нажот топишмайди», деди.

Гуноҳкор ва саркаш кимсалар ҳақиқатни танишда кўр бўлишади, пайғамбардек зотларни сеҳргар ва ёлғончига чиқаришади. Улар мўъжиза кўрсатишса ҳам, бу аниқ сеҳрнинг ўзгинаси, деб кўзларини «лўқ» қилиб туришаверади. Билмайдиларки, сеҳр ҳеч қачон ғалаба қозонмайди, мўъжиза эса ҳамиша зафар қучиб келган.

78. Улар: «Ота-боболаримиз тутган нарсадан бизларни қайтариш ва икковлон бу ерда хўжайинликни эгаллаш учун келдингми? Лекин сизларга ҳеч қачон ишонмаймиз», дейишди.

79. Фиръавн: «Энг кучли сеҳргарларни бошлаб келинглар», деди.

80. Улар келганида Мусо: «Нимангиз бўлса, кўрсатинглар!» деди.

81. Улар кўрсатишганида, Мусо: «Қилганларингиз сеҳр холос, Аллоҳ албатта уни йўққа чиқаради, чунки Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини асло ўнгламайди;

82. гарчи гуноҳкорлар ёқтирмаса-да, Аллоҳ Ўз ваъдасига биноан ҳақиқатни рўёбга чиқаради», деди.

83. Лекин Фиръавн ва унинг аъёнлари фитна қилишидан қўрқиб, Мусо қавмининг бир жамоасидан бошқа ҳеч ким унга ишонмади. Чунки Фиръавн мамлакатда катта ҳокимиятга эга бўлиб, ҳаддидан ошган эди.

Салтанат, шуҳрат ва бойлик Фиръавннинг бошини шунчалик айлантириб қўйган эдики, у ҳаддидан ошиб, Худолик даъвосини қилишгача бориб етди.

84. Мусо: «Қавмим, агар Аллоҳга иймон келтириб, итоатда бўлсангизлар, Унинг Ўзигагина суянинглар», деди.

85. Улар: «Аллоҳгагина суяндик, Парвардигоро, бизларни кофир қавмга алдантириб қўйма;

86. ва Ўз раҳматинг билан кофирлардан қутқар!» дейишди.

Фиръавн ва унинг одамлари катта ҳокимиятга, бойлик ва имкониятларга эга бўлгани учун Мусонинг қавми қўрқди ва озчиликни истисно қилганда Мусога ишонмади. Қавмдан Аллоҳга иймон келтирганлари эса Фиръавннинг фитнага солиши ва алдашидан паноҳ сўраб, Аллоҳга илтижо билан ёлборишди.

87. Биз Мусо ва инисига: «Мисрда қавмингизга уйлар қуринглар ва уларда қибла белгилаб, ибодат қилинглар ҳамда мўминларга хушхабар беринглар», деб ваҳий юбордик.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қавмига Мисрда уйлар қуриб, шу ерда бирмунча вақт яшаб қолишни, уйларда қибласини белгилаб, ибодатда бардавом бўлишни, Аллоҳга иймон келтирганларга улуғ мукофотлар ва жаннат хушхабарини беришни буюриб, ваҳий юборди.

88. Мусо: «Парвардигоро, Фиръавн ва унинг аъёнларига бу дунёда мартаба ва мол-дунё бергансан. Парвардигоро, улар шунинг учун бошқаларни Сенинг йўлингдан оздиришяпти. Парвардигоро, уларнинг бойлигини даф этиб, дилларини тошдай қилки, то қаттиқ азобларни тотмагунча иймонга келишмасин!», деди.

89. Шунда У: «Дуоларингиз қабул бўлди, энди қатъият кўрсатинглар ва нодонлар йўлидан юрманглар!» деди.

Ҳазрати Мусо алайҳиссалом узоқ муддат Фиръавн ва унинг халқини иймонга чорладилар, улуғ мўъжизаларни кўрсатдилар, таъсирли насиҳатлар қилдилар. Аммо итоатсиз ва осий қавм буларнинг ҳеч биридан таъсирланмай, инкор ва куфрда давом этаверди. Шунда ночор қолган Мусо алайҳиссалом Парвардигорларига уларни жазолашни сўраб дуо қилдилар, Ҳорун «омин» деб турди. Парвардигор уларнинг дуоларини қабул этиб, ҳаддидан ошган ва Бани Исроилга чексиз зулм ўтказган Фиръавн ва унинг лашкарлари таъқибидан қутқарди.

90. Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказдик. Фиръавн лашкарлари билан ҳаддан ошган ва зулм қилган ҳолда қувиб келиб ғарқ бўла бошлаганида: «Бани Исроил иймон келтирган Тангридан ўзга илоҳ йўқлигига мен ҳам ишондим ва Унга бўйсунувчиларданман», деди.

Мусо алайҳиссалом бошлиқ Бани Исроилни денгизни иккига ёриб ўтказиб юборди, улар ортидан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг аскарларини сувга ғарқ қилди. Фиръавн ўлими олдидан ягона Аллоҳга иймон келтирди, лекин Аллоҳнинг иродаси билан Жаброил алайҳиссалом унинг оғзига денгиз лойи билан урдилар ва у иймонсиз ҳалок бўлди.

91. «Эндими? Олдин итоатсизлик қилиб, бузғунчилардан бўлдинг-ку!» дейилди.

92. Сендан кейингиларга ибрат бўлиши учун бугун жасадингни қутқарамиз. Лекин кўпгина одамлар далилларимиздан ғофилдирлар.

93. Биз Бани Исроилни яхши юртга жойлаштирдик ва уларга қулайликларни бердик. Ўзларига илм келганидан кейин эса ихтилофга боришди. Улар тортишаётган нарсалар хусусида Парвардигорингиз қиёмат куни албатта ҳукм чиқаради.

Бани Исроил Фиръавн зулмидан қутқарилганидан кейин Аллоҳ таоло уларни Миср ва Шом ўлкаларига жойлаштирди, унумдор ерлар, покиза ноз-неъматлар, фароғатли ҳаёт ато этди. Маънавий озуқа олишлари учун эса Тавротни туширди. Аммо ўзлари илм аҳли бўлатуриб, яна турли масалалар бўйича баҳс-тортишувларни бошлаб юборишди, гуруҳларга бўлинишди. Энди уларнинг тортишувлари ҳақида Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳукм чиқаради. Яъни иймонли бандаларига нажот беради, итоатсиз ва кофирларни эса мангу азоб билан жазолайди.

 94. (Эй Муҳаммад), сизга туширган нарсамизга шубҳа қилаётган бўлсангиз, сиздан олдин Китобни ўқиганлардан сўранг. Ахир, Ҳақ Парвардигорингиздан келди, бас, шак қилувчилардан бўлманг.

95. Ёки Аллоҳнинг далилларини ёлғонга чиқарувчилардан бўлманг, ҳалокатга кетувчилардан бўлиб қоласиз.

Ушбу сўзлар Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) нисбатан айтилган бўлса-да, кўпчилик муфассирлар: Аллоҳ таоло бу оят орқали Фахри коинот воситаларида барча инсонларга хитоб этяпти, деб тафсир қилишади. Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом дилларида Қуръон ҳақида асло шак-шубҳа, тараддуд ё гумон бўлмаган.

96. Парвардигорингизнинг Сўзи вожиб бўлганлар ҳақиқатан ишонишмайди;

Бу ояти каримадан маълум бўладики, ким абадий дўзахийлар тоифасидан бўлса, Аллоҳ таолонинг Сўзи, яъни азоби уларга вожиб бўлади. Бундайлар оят-далиллар келиб, қиёматдаги қаттиқ азоблардан огоҳлантирилганига қарамай, Қуръони каримга ишонмайди (Аллоҳ асрасин!)

97. ҳатто уларга барча далиллар келиб, қаттиқ азобларни кўрмагунларича.

98. Нега Юнус қавмидан бошқа иймон келтирган ва иймони фойда берган бирор қишлоқ бўлмади? Иймон келтиришганида улардан дунёдаги расволик азобини кетказдик ва маълум муддатгача фойдалантириб қўйдик.

Бу ояти карима ҳақида ўтган уламолар икки хил фикр билдиришади: бир тоифалари айтишадики, Юнус алайҳиссалом қавми азобнинг аслини эмас, балки аломатларини кўргандаёқ иймон келтирди, иймоннинг бу хили шаръан мўътабар ва фойдалидир. Азобнинг ўзини кўриб келтирилган иймон «иймони яъсий» дейилади. Чунончи, Фиръавн олдин иймонсиз эди, азоб келганидан кейингина иймон келтирди. Бундай иймоннинг унча эътибори бўлмайди. Бу фикрни айтувчилар кўпчиликдир. Уламоларнинг бошқа бир тоифаси эса: Юнус алайҳиссломга эргашганларнинг иймонлари ҳам Фиръавнники каби асл азобни кўргач келтирилган эди, аммо Парвардигор Ўзининг фазли ва инояти билан уларнинг иймонларини қабул этди ҳамда келган азобни улардан бартараф этди, дейишади.

99. Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, ер юзидаги барча халқлар иймонга келган бўларди. Ё одамларни иймонли бўлишга мажбурламоқчимисиз?

100. Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир жон иймонли бўла олмайди. Ақлини ишлатмайдиганларни У куфр нопоклиги билан жазолайди.

101. (Эй Муҳаммад): «Осмонлару Ердаги нарсаларга назар солинглар», денг. Лекин иймон келтирмайдиганларга далиллар ҳам, насиҳатлар ҳам кор қилмайди.

Аллоҳ таоло Ўзининг Ҳабибига айтяптики, сизга бир кишини мажбурлаб иймонга киритиш қудрати берилмаган, агар Аллоҳ хоҳлаганида дунёда яшаб турган барча инсонларни бир лаҳзада иймонга киритиб қўйган бўларди. Лекин бундай қилиш Унинг илоҳий ҳикмати ва яратиш иродасига тўғри келмас эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзи истаган қавмларни иймон билан мушарраф этди. Бошқа бир қавмни эса куфр ва залолатда қолишлари учун қалбларини муҳрлаб, кўзларини кўр қилиб, Аллоҳнинг далилларини уқмайдиганлардан этиб қўйди. Осмонлар ва Ердаги Аллоҳ таолонинг мўъжизалари ва далилларига инсонлар ибрат назари билан қарашсин, озгина тафаккур қилганлар Аллоҳнинг ваҳдониятига иймон келтиришади. Бундан бош тортганлар эса куфр ва ширк нажосатига ботиб, залолатда қолаверади. Бундайларга Аллоҳнинг мўъжиза-далиллари ҳам, пайғамбарларнинг насиҳатлари ҳам фойда бермайди.

102. Улар ҳам олдингиларнинг куни келишини кутишяптими? «Кутаверинглар, мен ҳам сизларга қўшилиб кутаман», денг.

103. Ўшанда Биз пайғамбарларимизни ва мўминларни қутқарамиз. Шундай бўлиши ҳақ! Зеро, мўминларни қутқариш Бизнинг бурчимиздир.

Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарлари ва иймон келтирган бандаларини охиратдаги қаттиқ азоблардан ва дунё ҳаётида кофирларнинг зулмларидан албатта қутқариши ҳақ эканини билдирмоқда.

104. «Эй инсонлар, диним хусусида шубҳада бўлсанглар ҳам, барибир сизлар Аллоҳни қўйиб сиғинаётганларингга ибодат қилмайман, балки сизларнинг жонларингизни олувчи Аллоҳга сиғинаман. Менга иймонлилардан бўлиш буюрилган», денг.

Ҳақиқатан ибодатга, сиғинишга ҳақли зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Чунки у бутун махлуқотни, жумладан инсонларни яратган. Хоҳлаганига фойда, хоҳлаганига зарар бера оладиган ҳам, бандаларига жон бериб, жонларини оладиган ҳам ёлғиз Унинг Ўзидир. Бу ишларга Аллоҳдан бошқа ҳеч бир кимсанинг куч-қудрати етмайди.

105. Эй Пайғамбар, тўғри динга юз буринг ва мушриклардан бўлманг;

106. Аллоҳ қолиб, сизга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган нарсаларга сиғинманг! Шундай қилсангиз, золимлардан бўлиб қоласиз.

107. Бордию Аллоҳ сизга бирор зарар етказса, Ундан ўзга даф қилувчи йўқдир. Агар сизга бирор яхшиликни раво кўрса, Унинг фазлини тўсиб қолувчи йўқдир. У фазлини хоҳлаган бандасига беради, У кечирувчи, раҳмлидир!

108. «Эй инсонлар, Парвардигорингиздан сизларга ҳақиқат келди, ким тўғри йўлда бўлса, бундан фақат фойда топади, ким ҳидоятдан озса, бундан фақат зарар топади, мен сизларга пойлоқчи эмасман», денг.

Яъни, эй инсонлар, Парвардигорингиз ҳузуридан сизларга ҳақ дин, ҳақ Китоб ва ҳақ Пайғамбар келди. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги дини Исломни бутун инсониятга юборди. Энди ҳар бир инсон шуни яхши англаб, ўзининг фойда-зарарини аниқлаб олсин. Ким Аллоҳ таоло кўрсатган тўғри йўлда, ҳидоятда юрса, охиратда буюк саодатга ва абадий қолинадиган жаннат боғларига мушарраф бўлади. Ким тўғри йўлдан юз ўгириб, кофир ва мушриклардан бўлса, уни охират дунёсида афсус-надоматлар, қаттиқ жазолар кутиб турибди. Ҳар ким ўзи учун ўзи жавоб беради, Пайғамбар алайҳиссалом инсонларга тўғри йўлни кўрсатиш учун юборилганлар, уларнинг ҳар бир қилмишини пойлаб турадиган пойлоқчи эмаслар.

109. (Эй Муҳаммад), ўзингизга юборилган ваҳийга эргашинг ва Аллоҳ ҳукм қилгунча сабрли бўлинг. У энг яхши ҳукм қилувчидир.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase